Фаросат туркумидан.
Авваллари қайноталарнинг салобати бўларди, келинлар узоқдан кўриниш бериб қўяр эдилар. Қайнота келиннинг юзига тик боқиб гапирмас, келин ҳам ўз ўрнида одоб билан муносабатда бўлар эди. Ва яна бир нарса... Авваллари қайноталар оғриниб, бемор бўлиб қолса, қайнонанинг ўзи парвариш қилар эди. Келинлар эса фақатгина: Додажон, тузук бўлиб қолдингизми?, дейиш билан чекланардилар. Чунки бундай ишларда қайноналар ҳам ўта фаросатли бўлган кўринадилар. Келинни бўлар-бўлмасга қайнотанинг хизматига шай қилавермаганлар. Бораверинг, сиз ишингизга қаранг, деб қайнотанинг атрофида кўп ҳам ўралашишга имкон бермаганлар. Ўртада масофани асосан қайноналар ушлаб турганлар. Демак, ҳозирги қайноналардан закий бўлишган, кўринади... Энди агар қайнота ҳам, қайнона ҳам қариб қолган бўлсалар, уларни парвариш қилиш келинлар зиммасига тушган бўлса, келинлар уларни оёқ-қўлларига дори суриб, овқатларини ичириб, парвариш қилишда ғаразсиз хизмат қилганлар. Ният дуо олиш бўлган. Вақтлар ўтди... Кўп нарсалар ўзгариб кетди. Қайноталарда салобат қолмади, ҳисоб... Келинларда эса ҳаммасида ҳам эмас, алҳамдулиллаҳ ор қолмади. Бемалол қайнота-келин ҳиринглаб ўтирса, бирга сериал кўрса, бирга ўтириб писта чақса... Қайнота билан валақлаб ўтириш учун келин бироз безбет, юзсиз бўлиши керак, чамамда... Қандай қилиб келин боласини қайнотасининг қўлига бериб: Додажон, бугун сизлар билан ётсин. Кечаси билан ухлатмаяпти, дейиши мумкин?
Қандай қилиб: Додажон, бола оёғи билан келиб қолди. Роса туғишда қийналдим. Сутим келмаяпти, дейиши мумкин? Қандай қилиб: Додажон, келинг мени хонамда ётиб дам олинг! Салқингина, деб ётоғига ётқизиб қўйиши мумкин?
Қандай қилиб: Додажон, бугун мени сузишим бор эди. Сиз олиб бориб келоласизми, дейиш мумкин? Қандай қилиб, кечаси соат 23:00-да қайнотага телеграмдан хат ёзиб: Додажон, менга пул керак эди, эртага бера оласизми, дейиш мумкин? Ҳа, беради... Бермай қаёққа ҳам борарди. Худди хотини каби ялаб-юлқаб, айланиб-ўргилиб турганингиздан кейин берадида... Олиб юргандирсизки, беришини билиб сўраяпсиз... Қандай қилиб: Олинг додажон... Бақувват-бақувват енг... Сиз ҳали ёшсиз, куч бўлади, дейиш мумкин?
Қандай қилиб: Додажон, дардим бошланди, белим оғрияпти. Шифохонага ўзингиз олиб борасизми?, дейиш мумкин?
Қандай қилиб: Додажон, кўйлагим ярашибдими? Қанақа турди?, деб кўрсатиш мумкин. Қандай турганини қайнонангиздан сўраб билинг! Қандай қилиб: Додажон, келинг чарчаб келгандирсиз, деб уни ётқизиб қўйиб, уқалаб, куйиш мумкин.? Нега шундай ишларингизни қайнонага қилмайсиз? Нега қайнотага ялтоқланасиз? Келган хатларда кўп қайноналар келинларидан шикоят қилганлар. Ҳамма хатни қисқартириб, битта қилдим...
Қайноналар келин туширгач ўзларидан кампир ясаб оладилар. Бу мени кузатганларимдан... Яъни, эрларини хизматини ўзлари қилмай, келинга қилдирадилар. Баъзи қалбида марази бор, ифлос келинлар бундай шароитдан зўр фойдаланиб қоладилар. Алал оқибат келин: Гаҳ, деса қайнота учиб, келиннинг қўлига қўнадиган бўлади. Шунинг учун айниқса, ҳозирги фитнали замонда оила вакилларининг ҳаммалари закий бўлишлари керак. Бундай ишлар ёмон оқибатларга олиб келади. Чунки қайнота келиннинг ҳатто қўлини, ёмон ниятда, ҳирс билан ушласа ҳам, келин билан куёвнинг ўртасига автомат тарзда талоқ тушади. Шарт эмас, орқасидан келиб, белидан ушлаши... Тушунтиролдимми? Келин билан ўғилнинг ўртасига талоқ тушади. Билмаган эр-хотинлар зино билан яшаб юраверадилар. Туғиладиган фарзандлар ҳам никоҳда туғилмайдилар. Шунинг учун келинлар қаттиқ эҳтиёт бўлинглар. Гап қайноталарда эмас! Гап сизларда қолган! Суюқ ғунажин кўзини сузмаса, қари буқа ипини узмайди! Йиғлаб овоз жўнатган қайноналарга ачиндим. Қаттироқ ёзаётган бўлсам, узр. Ўзингизни бироз тийиб олинг, ҳаддингизни билинг! ЭРИМ БИЛАН ЎРТАМИЗГА ТАЛОҚ ТУШМАСИН! ФАРЗАНДЛАРИМ НИКОҲСИЗ ВАЛАДИЗИНО ТУҒИЛМАСИН, десангиз ўзингизни йиғиштириб олинг. Зинодан зино туғилади... Зино етти пуштингизни бузади. Бир ўзингиз сулолангизни булғаганингиз қолмасин!
Зулфия Махмудова.