3
Кечки пайт. Ҳовли кимсасиз.
Ота-ўғил – қўлида “дипломат” портфель, башанг кийинган Қалимбет, унинг ортидан кундалик энгил-бошда Орол бобо кириб келади.
Орол бобо (қўл силтаб). Қўй, Қалимбет, қариган чоғимда сарсон қилиб юрма одамни. Ўз уйим – ўлан тўшагим дебдилар…
Қалимбет (ўзини эшитмаганга солиб). Ҳамма жиҳози муҳайё! Меҳмонхонаю ошхоналарини кўрдингиз… Бир бошга яна нима керак, тўғрими? (“Дипломат”ини дастгоҳ устига ташлаб.) Кичикроқ бўлсаям ободгина ҳовли. Ёзларда каравотни қўйиб олиб…
Орол бобо. Кимники ўзи у?
Қалимбет. Сизники-да, ота, сизники! Сизга деб олинди.
Орол бобо (ҳанг-манг). Меники?! Сотиб олдингми? Кимдан, қанчага?
Қалимбет. Узумини енг-у, боғини сўраманг. Ҳукумат бобо қурган уни! Пули тўланса бас, қуриб бераверади. Қариган чоғингизда бир суюнтирайлик дедик-да сизни. Ўтиринг бундай, ўтиринг… (У меҳрибонлик билан кифтидан тутиб отасини ҳовли ўртасидаги буклама ўриндиққа ўтқизади, ўзи шунга ёндош қўлбола курсидан жой олади.) Юрасизми энди бу чўлу биёбонда! Эл-улус бизни айб қиляпти-ку, шундоқ ўғил-қизлари шаҳарларда даврон суриб юрибди-ю, оталари ҳув бир овлоқда қаровсиз қолиб кетган, деб…
Орол бобо (ҳасратомуз). Чўлу ёбон дейсан… Онанг мана шу ерда ётибди, бобо-момоларинг шу ерда… Уларни ташлаб мен қаёққа кетардим, ўғлим, ўйлаб гапиряпсанми? Онангнинг мозорини зиёрат қилмаган куним дунё кўзимга қоронғи… Бу ёқда қайиқларим, Орол…
Қалимбет. Эски ашула! Орол, Орол! Ўзингиз биласиз-ку, ота, у энди ҳеч қачон ўзанига қайтмайди, тўлмайди. Қайиқларингиз ҳам бировга кераксиз…
Орол бобо (шашт билан бош кўтариб, жўшиб). Нима?! Қайтмайди, тўлмайди… Сиз қаёқдан билибсиз, Худомисиз?! Ҳа, тўлмайди! Тўлдиролмайсан уни! Ҳеч биринг! Олиму уламонг ҳам, бошқанг ҳам! Чунки баринг фойдани кўзлайсан! Орол ғирром эмас, сенлар ғирром, ҳа! Худо сенларга инсоф берган куни у ўз-ўзидан сувга тўлади! Худойим тўлдиради уни, билиб қўй! (Оғир хўрсиниб.) Ўша кунни кўриб ўлсам армоним қолмасди…
Қалимбет. Майли, майли, отажон, қаттиқроқ кетибман, тавба қилдим. Лекин гапнинг бори ҳам шу-да, ахир. Одам эртасини ўйлаб иш тутгани яхши. Худо кўрсатмасин-у, эртага бир кун… Биз шарманда бўлиб қолмайлик дейман-да.
Орол бобо. Гап бу ёқда дегин? Шарманда бўлмайсан, қўрқма… (Бир зум ўйга толиб.) Мана, ўзинг бошладинг, ўғлим. Мабодо бир кун ажалим етиб, сув келганини кўрмай кетар бўлсам, айтиб қўяй, жасадимни қайиққа солиб, Оролга элтиб ташлайсан! Майли, балиқларга ем бўлай! Майли…
Қалимбет (сапчиб тушгудек). Ие-ие, ота, бу нима деганингиз?! Ахир, мусулмончилигимиз қаёқда қолади унда?
Орол бобо (бояги шаштидан тушмай, бирмунча мулойим, аммо қатъий йўсинда). Бир мусулмон бўлса менчалик бўлар, Қалимбет! Ўғлиммисан, мана шу айтганимни бажарасан, гап тамом! Васият бу, Худойим ҳам кечирар…
Қалимбет (ясама бир кўтаринкилик билан). Э, отабой, қўйинг ҳалитдан шу совуқ гапларни! Сиз ҳали кўп яшайсиз, кўп! Янги уйларда даврон қилиб, а!.. Қалай, маъқул келдими ўзи сизга?
Орол бобо (бўшашиброқ, совуққина). Яхши, яхши… Лекин… (Қўл силтаб.) Ҳай, ўзингдан гапир. Ишлар жиляптими ахир?
Қалимбет (жиддий тортиб). Ишларим ёмонмас, ота. Ёмонмас-у, шу кейинги вақтда унчалик яхшиям эмас. Орқага кетгандайроқ. Бир хизрсифат одам маслаҳат бериб қолди денг. Бориб отангизнинг кўнглини обдон овлаб, дуосини олиб келсангиз, бари юришиб кетади, дейди…
Орол бобо. Шундай дедими ўша хизрсифатинг? Бўпти, мана, дуоси биздан: илойим, ишларинг бирдан юришиб кетсин! (У юзига фотиҳа тортиб қўяди.) Шунга келдим де?
Қалимбет (норозиланиб). Бунақа дуо эмас-да, ота!
Орол бобо. Қанақасидан бўлсин, айт?.. Қулоғингга қуйиб олгин, бола: чинакам ғайрат билан, тоза кўнгил билан қилинган иш ҳеч қачон орқага кетмайди – дуоси ўзи билан бўлади унинг!
Бир дамлик сукут.