Ижара нархи — фақат китоб дўконларининг муаммоси эмас!
Апрелда китоб дўконлари ижара сабаб шаҳар марказидан секин-аста сиқиб чиқарилаётгани ҳақида
ёзгандим. Кутганимдан кўра кўпроқ жавоб келди. Қизиғи, ёзганларнинг сезиларли қисми китоб дўкони эгалари эмас эди: тикувчилик ателье, кичик болалар тўгараги, оёқ кийим тузатиш, ҳар хил устахона. Ҳаммасида битта гап такрорланади — "савдо бор-у, ижарага етмайди".
Демак, муаммо соҳада эмас, арифметикада.
Ижара нархи сизнинг жамиятга фойдангизни ўлчамайди. У фақат битта нарсани ўлчайди: шу квадрат метрдан бир ойда максимал қанча пул ишлаб чиқариш мумкинлигини. Ижарага берувчи китоб дўкони маърифат тарқатаётганини ёки уста шу бурчакда ўттиз йил ўтирганини ҳисобга олмайди. Ҳисобга олиши шарт ҳам эмас. У кўпроқ тўлайдиганга беради. Бу ноинсофлик эмас, шунчаки бозор.
Шунинг учун кўчада доим бир хил бизнеслар ғолиб чиқади: квадрат метрдан юқори маржа чиқара оладиганлар. Аптека, кафе ва фаст фудлар, гўзалик салони, гаджет ва аксессуар нуқталари, тўлов ва банк хизматлари. Уларнинг чеки катта ёки айланмаси тез, ёки иккаласи бирга.
Ютқазадиганлар рўйхати ҳам худди шунақа аниқ: устахоналар (соат, пойабзал, тикувчилик, техника таъмири), кичик озиқ-овқат дўконлари, канцелярия, китоб, болалар тўгараклари, мутолаа ва учрашув жойлари, ветеринария. Уларнинг ҳаммаси битта нарса билан "касал": мижоз кўп вақт ушлайди, чек кичик, айланма секин. Яъни м2 га самараси паст. Улар ёмон бизнес эмас, шунчаки марказдаги ижара нархида рақобатлаша олмайдиган бизнес.
Натижа шаҳар қиёфасида кўринади. Ўн йил олдин кўчаларнинг ўз характери бор эди. Ҳозир Юнусободми, Чиланзорми, марказми — биринчи қаватлар деярли бир хил: кофе, аптека, салон, банк, бутик, ўқув маркази. Бу фақат бизни муаммо эмас, Лондондан Парижгача бир хил жараён кетмоқда, уни "high street homogenization", яъни бош кўчаларнинг бир хиллашуви деб аташади.
Иккинчи томондан, ижарага берувчи ҳам ноинсоф эмас. У ўз мулкини альтернатив даромадига қарайди. Пулини турар жойга қўйса ёки бошқа ижарачига берса қанча олади — ҳисоб шундан кетади. Апрелда ҳам ёзгандим, ижара берувчини қонун билан китоб дўконига арзонроқ беришга мажбурлаб бўлмайди. Мажбурласангиз, у оддийгина китоб дўконига бермай қўяди.
Учинчи томон бор, у ҳақида камроқ гапирилади: янги қурилаётган бинолар. Биноларда савдо майдонлари асосан катта ижарачига мослаб чизилади. Аслида шаҳарни хилма-хил қиладиган бизнесларнинг кўпи 20–40 м2 да яшайди. Бунақа кичик форматли жой эса деярли қурилмайди.
Хўш, бозорни бузмасдан нима қилиш мумкин?
Биринчи, муниципал мулк (давлат бинолари). Шаҳарда давлат ва ҳокимият тасарруфидаги нотурар жойлар кам эмас. Уларни энг кўп пул берганга эмас, шаҳарга керакли, лекин бозорда рақобатлаша олмайдиган фаолият турларига аниқ шартлар билан, узоқ муддатга, пасайтирилган нархда бериш мумкин. Бу дунёда синалган амалиёт ва бозорга аралашишдан кўра, давлатнинг ўз мулкини қандай ишлатишини танлашидир.
Иккинчи, аралаш фойдаланиш талаби. Йирик савдо марказларида китоб дўкони мажбурий бўлиши ҳақидаги қарор шу йўналишдаги биринчи қадам. Лекин фақат мажбурлаш билан узоққа бориб бўлмайди, чунки ижарага берувчи бир жойда йўқотган пулини иккинчи жойдан қоплайди. Лойиҳалаштириш босқичида кичик форматли жойлар улушини кўзда тутиш барқарорроқ ечим.
Учинчи, прогноз қилса бўладиган шартнома. Кўп ҳолатда бизнесни ижаранинг ўзи эмас, унинг ҳар йили кутилмаганда 30–40 фоизга ошиши ўлдиради. Узоқ муддатли шартнома ва ошиш чегараси аниқ ёзилган амалиёт ижарага берувчига ҳам барқарор мижоз беради.
Асахийда бу арифметикани ҳар ой кўриб турамиз. Айтганимдек, китоб дўконларимиз алоҳида олганда рентабел эмас, улар умумий экотизимнинг бир қисми сифатида ишлайди ва биз шу учун уларни кўпайтирмоқдамиз. Лекин, битта дўкони бор устанинг бунақа экотизими йўқ. Унинг фақат ўша дўкони бор.
Хулоса қиладиган бўлсам, кўчада нима кўраётган бўлсак, у бизнинг маданиятимиз эмас, квадрат метр арифметикасининг натижаси. Ва бу арифметикани ўзгартирадиган иккита нарса бор: биринчиси, кичик бизнес учун жой борлиги ҳақида ўйлаб қурилган шаҳар. Иккинчиси, талаб. Кўчангизда қолишини хоҳлаган дўкондан, устадан, кичик кофехонадан харид қилинг. Бўлмаса, унинг ўрнида нима очилишини бозор ўзи ҳал қилади ва бунда биздан сўраб ҳам ўтирмайди.
#biznes #mulohaza