Жонатан Ҳаидтни ва Жон Твенгени ўқиб чиқдим. Иккаласини ҳам ўқишга тавсия этаман, зўр китоблар.
Лекин, муаллифларнинг бир фикрига қўшилмайман. Улар янги авлодда “Генератион Z”да ҳаловат йўқолиши, стресснинг асосини смартфонларда, улар орқали кўриладиган ижтимоий тармоқларда деб таҳлил қилишмоқда. Мана шу жойига ман скептикман.
Тушуниб олишингиз учун, иккала муаллиф ҳам Z авлодни (1995-2013 йиллар туғилганлар) энг депрессив, бахтсиз, психологик муаммога эга авлод сифатида тасвирлашади ва бунинг сабаби смартфонлар ва ижтимоий тармоқларда эканлигини тадқиқотлар билан асослашади.
Китобларни ўқиш жараёнида манда савол пайдо бўлди: Агар смартфонлар ёки ижтимоий тармоқ бўлмаса, ҳозирги муаммолар бўлмасдими? Йўқ, бўлмасди деб жавоб бериш осон. Лекин, аслида манимча бу муаммолар барибир бўлар эди. Шунчаки смартфонлар буни тезлаштириб берди. Катализатор бўлди.
Ман асосий муаммо маъно инқирозида деб биламан. Смартфон ва ижтимоий тармоқ шунчаки восита. Олдинги авлод ҳаётда маънони миллат, ғоя, дин, оила, маҳалла, касб, хуллас ўзидан каттароқ нарсага хизмат қилишда деб кўрган. Олтмишинчи йиллардан бошлаб аста-секинлик билан “ўзини яратиш”, “ўзини топиш”, “ўзи бўлиш” (Индивидуализм) модага чиқди. Совет иттифоқи таркибида бўлганимиз учун бу жараёнлар бизга бироз кечроқ етиб келди. Бу ўзини яратиш ғояси таққослаш, тасдиқланишга эҳтиёж ва мукаммаллик босимини кучайтиради. Ижтимоий тармоқлар унинг эффектини ошириб берди холос.
Глобал миқёсда, кўп ёшлар ҳаётда мақсадини йўқотган, келажакка ишонмайди, ўзини каттароқ нарсанинг бир қисми деб ҳисобламайди. Унинг устига улар доимий ўзини қидириши, таққослаши, ижтимоий тармоқлар орқали тасдиқ (лике ёки обуна) қидириши, шахс бўлиш босими остида яшашга мажбур. Бу авлодга замонавий ижтимоий жараёнлар муаммолар учун сан масъулсан демасдан, “сан қурбонсан” деган фикрни шакллантирди. Сан “ўзинг бўлишингга” жамият ёки оила халақит қилди. Аёллар ҳуқуқлари билан муаммолар жиддий бўлган мамлакатларда бу нафақат ёшларга, аксинча ижтимоий тармоқни фаол кузатадиган, психологларни эшитадиган аёлларга ҳам жиддий таъсир қилди. Натижада уларнинг бир қисми оддий маиший вазифаларни бажарганда ҳам ўзида қурбонни ҳис қилади.
Шу учун ҳам янги авлодда депрессия, стресс ёки клиник касалликлар натижа деб ўйлайман, сабаб эмас. Сабаблари маданий ижтимоий жараёнларга боғлиқ, смартфон ва тармоқ жараённи тезлаштирди холос.
Одамни “сан қурбонсан” деб тарбиялаш уни кучсизлантиради, қурбон психологиясини шакллантиради. Аксинча, унга яшашдан маъно бериш, ҳаётда масъулият бериш уни кучли қилади, каттароқ нарсаларга ундайди. (Жордан Б. Петерсон бу борада ҳақ!)
Олдин одам оиланинг, миллатнинг, ғоянинг, маҳалланинг, жамоанинг бир қисми эди. Энди бўлса ўзингни ўзинг ярат. Санда нимадир ўхшамаяптими, сан бўлишингга имкон бермаган жамият, атрофдагилар, оила (?), эр айбдор. Сан қурбонсан! Бир кўришда бу эркинлик бўлиб туйилади. Лекин, чексиз эркинлик чексиз масъулиятни ҳам олиб келади. Катта масъулият одамда ташвишни оширади.
Асосий муаммо ёлғизлик, индивидуализм ва маъно йўқлигида.
Манимча янги авлодда ҳаётда маъно берадиган, ўзига миссия топишга имкон берадиган янги ижтимоий жараён керак. Манимча, смартфон ёки ижтимоий тармоқни тақиқлаш ечим эмас. Аксинча, реал ҳаётга кўпроқ урғу берган яхши, ўшалар асосида одам ҳаётдан маъно топиши осонроқ бўлар. Булар дўстлар билан учрашувлар, спорт, жамоа бўлиш, ҳақиқий мулоқот ёки масъулият бўлиши мумкин.
Ишонаверинг, эртага смартфонлар бутунлай йўқолиб кетса ҳам муаммо ечилиб қолмайди. Ман муаммо аслида маъно инқирозида, индивидуализмнинг кучайиши, умумий қадриятларнинг заифлашуви ва келажакка ишончнинг пасайиши, ўзлигини топиш ортидан келадиган ёлғизликда деб биламан.
Ҳаётидан, яшашидан маъно топган, ёлғиз бўлмаган, ўзини ғоя ёки жамоатнинг бир қисми деб билган одам смартфон ва ижтимоий тармоқлар даврида ҳам, ундан кейинги даврда ҳам бахтли ва мувозанатли ҳаётга эга бўлаверади.
Ман ҳолатни шунақа кўраман.