1 миллион сўмлик ёрдам кимларга берилиши мумкин?
Ноябрда берилиши таклиф этилаётган 1 миллион сўмлик бир марталик ёрдам
фақат Ижтимоий реестрдаги оилалар билан чекланмайди. Президент фармони лойиҳасида реестрга кирмаган, аммо моддий кўмакка муҳтож оилаларни ҳам қамраб олиш назарда тутилган.
Лойиҳага кўра, ёрдам қуйидагиларга ажратилиши мумкин:
— Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга.
— Реестрда бўлмаган эҳтиёжманд оилаларга. Бунда «маҳалла еттилиги» хулосаси ва давлат идораларининг ахборот тизимларидан олинган маълумотлар асосида оиланинг белгиланган мезонларга мослиги текширилади.
Жумладан, ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромад минимал истеъмол харажатларининг 2 бараваридан ошмаслиги кўзда тутилган.
— Марказлашган иситиш тизимига уланган кўп қаватли уйлардаги эҳтиёжманд оилаларга. Улар учун даромад чегараси Қорақалпоғистон ва вилоятларда ҳар бир оила аъзосига минимал истеъмол харажатларининг 2 баравари, Тошкент шаҳрида эса 3 бараваригача белгиланиши таклиф этилмоқда. Бундай уйда яшашнинг ўзи ёрдам олиш учун етарли эмас — оиланинг даромади ва ижтимоий ҳолати ҳам баҳоланади.
— Махсус реестрдаги, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга. Шунингдек, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум болалар яшаётган оилаларга ҳам ёрдам бериш назарда тутилган.
Даромади белгиланган чегарадан ошса-чи?
Лойиҳада бундай айрим эҳтиёжманд оилаларни ҳам туман ёки шаҳардаги барқарор иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича штаб қарори билан рўйхатга киритиш имконияти кўзда тутилган.
Бундан ташқари,
электр ва табиий газ учун компенсация олиш имкониятини кенгайтириш таклиф қилинмоқда. Оила аъзоси бошига даромад чегараси минимал истеъмол харажатларининг 1,5 бараваридан 2 бараварига оширилиши, компенсация тўлаш муддати эса
2028 йил 1 апрелгача узайтирилиши мумкин.
Кўмир хариди харажатининг бир қисмини қоплашда ҳам даромад мезони минимал истеъмол харажатларининг 1 бараваридан 2 бараварига оширилиши таклиф этилган.
Ушбу ёрдамни тўлаш муддатини
2029 йил 1 январгача узайтириш назарда тутилмоқда.
Ҳужжат ҳозирча лойиҳа босқичида. Ёрдам олувчилар тоифалари ва шартлари якуний ҳужжатда ўзгариши мумкин.
Telegram| Instagram |
You Tube |
Facebook |
X