Ўқиганларимдан...
Боғингнинг қўрғони мустаҳкам экан...
Бир подшоҳ қасрнинг болохонасида ўтирган эди. Атрофга қараб туриб, ёнидаги ҳовлида юрган гўзал бир аёлни кўриб қолди. Қўшнилардан уни суриштирган эди, «Хизматкоринг Ферузнинг хотини», дейишди. Подшоҳ унга хуштор бўлиб қолди. Хизматкори Ферузни чақиртириб, «Мана бу мактубни олиб, фалон шаҳарга борасанда, кутиб турасан, жавобини олиб қайтасан», деди. Хизматкор мактубни олиб, уйига бориб, уни ёстиғининг тагига қуйдида, сафар тадоригини кўрди. Тонг отгач, айтилган шаҳарга қараб йўлга тушди. Подшох, Ферузнинг кетганини эшитган заҳоти унинг уйига қараб жўнади. Бориб, эшикни оҳиста тақиллатди. Аёл эшикни очиб, «Ҳазрати олийлари? Тушимми, ўнгимми?» деди. Подшоҳ: «Зиёрат қилиб келдим», деди. Аёл: «Бундай зиёратдан Аллоҳ сақласин, мен бунда ҳеч қандай яхшилик кўрмаяпман!» деди. Подшоҳ: «Шўринг қурсин, мен подшоҳман, эрингнинг хужайиниман. Мени танийсан деб ўйламаган эдим», деди. Аёл шундай деди: «Мен сизни танийман, ҳазрати олийлари. Лекин аввалгилардан қолган шундай гап бор:
Сувингизни қолдираман, унга тегинмас кимса,
Сувга келувчи кўплигидан бунга ишонмас кимса..
Сувни агар булғаса итлар,
Бундай сувдан сақланар шерлар,
Итингиз шерик бўлган сувдан ичиш учун келдингизми, шоҳим?»
Подшоҳ аёлнинг бу гапидан уялиб, чиқиб кетди, ҳатто бир пой кавушини у ерда унутиб қолдирганини ҳам сезмади. Хизматкор эса йўлда кетаётиб, бирдан подшоҳ берган мактубни излаб қолди. Эслаб кўрса, уйда, ёстиғининг тагида қолдириб келган экан. У шартта ортига қайтди. У келганда подшоҳ унинг уйидан эндигина чиқиб кетган эди. Ҳовлида подшоҳнинг кавушини кўриб, Ферузнинг ақли бошидан учаёзди. Подшоҳ уни нима мақсадда сафарга жўнатганини тушунди, аммо ҳеч кимга индамади. Мактубни олиб, подшоҳнинг буйруғини бажариб келди.
Қайтиб келгач, подшоҳ унга юз динор пул берди. Хизматкор пулни олиб, бозорга борди ва аёлларга маъқул келадиган нарсалардан олиб, чиройли совға тайёрлади. Хотинининг олдига келиб, унга салом берди ва: «Бориб, отангни зиёрат қилиб кел!» деди. Аёли: «Нимага?» деб сўради. У: «Подшоҳ менга кўп пул берди Уйингга бориб кел», деди. Аёл совға-саломлар билан отасининг уйига кириб борди. Ота-онаси қизининг келганидан, олиб келган совға-саломларидан жуда хурсанд бўлди. Аёл ота-онасиникида бир ой қолиб кетди. Эри ундан хабар ҳам олмади, эсламади ҳам. Бир куни аёлнинг акаси куёвининг олдига келди.
Унга: Ё хотинингдан ғазабланганингнинг сабабини айт, ё подшоҳнинг олдига бориб, ўрталарингда ҳукм чиқартир, деди.
Феруз унга: «Ҳукм истаётган бўлсангиз, чиқараверинг. Чунки менда унинг ҳеч қандай ҳаққи қолмаган», деди.
Аёлнинг оиласи ҳукм чиқартиришни талаб қилди. Феруз ҳам улар билан бирга қозининг олдига борди. Қозининг ёнида подшоҳ ҳам ўтирган экан.
Аёлнинг акаси қозига: Эй қозиларнинг қозиси, мен мана бу одамга бир боғни ижарага берган эдим. Боғнинг деворлари бутун, қудуғида сув тўла, мевали дарахтлари кўп эди. Бу одам боғнинг меваларини еди, деворларини бузди, қудуғини хароб қилди, деди.
Қози хизматкорга қараб," Бунга нима дейсан, Феруз? "-деди.
Феруз: Қози жаноблари, тўғри, мен ундан боғолган эдим. Лекин қандай олган бўлса, ундан ҳам яхшироқ ҳолатда эгасига топширдим, деди.
Қози аёлнинг акасига:" Боғ аввалги ҳолидагидек топширилдими?"- деди.
Аёлнинг акаси:" Ҳа, лекин мен нега қайтарилганини билмокчиман,"- деди.
Қози хизматкорга: Нима дейсан,-деди. Феруз: Мен боғни ёмон кўрганимдан топширмадим. Бир куни боққа келсам, у ерда шернинг оёқ изларини кўриб колдим. Шер мени ўлдиришидан қўрқиб, унга ҳурмат юзасидан боққа киришни ўзимга ҳаром қилдим, деди. Бу ажойиб сўзларни эшитиб ўгирган подшоҳ ўрнидан туриб, Эй хизматкор, боғингга бемалол боравер. Аллоҳга қасамки, шер боққа кирди, лекин у ерда ҳеч қандай из қолдирмади. Боғдаги бирорта баргни ҳидламади ҳам, бирорта мевани емади ҳам, ҳеч нарсага тегмади. У ерда бир лаҳза ҳам турмади. Аллоҳга қасамки, шер сенинг боғингдек боғ кўрмаган эди. Лекин боғини бунчалик қаттиқ қуриқлайдиган қўрғон ҳам кўрмаган эди», деди.
Феруз тўғри бориб, хотинини қайтариб олиб келди.
Моҳигул Назарова