Албатта, қабул қиламиз, қилдирамиз. Гап шу: қизингиз туғруқхонадан чиқишига болага керакли анжомлар, сарполар, тоғораларни бекаму кўст қилиб олиб келинг. Мени
яна уялтирсангиз қизингизнинг ўқиганига ҳам, пазандалигига ҳам, иккита туққанига ҳам, керак бўлса ўғлимни гапига қараб ҳам ўтирмайман. Ё ўзингиз уни туғруқхонадан олиб чиқинг, ё қизингизга “жавоб” бераман, у сизни шифохонадан олиб чиқади…
Алоқа узилди. Собирахон хўнг-хўнг йиғлади. Шифокорни чақириб уйга жавоб беришини, шифохонада қололмаслигини, муолажаларни уйда давом эттиражагини айтди-ю, яна йиғидан ўзини тия олмади.
Раҳбархон “баттар бўл!” дея йўл бошига чиқиб олди ва машина тўхтатиб, Сирғалидаги туғруқхона томон йўл олди. Айтиладиган гапларини рўйхат қилиб, санчиқли сўзларини миясидан ўтказиб олди. Негаки, келини шу пайтгача гап қайтарган, кўзига тик боққан эмас. “Ёмонсан” деса ўзини ёмон билган, “бефаросат” деса индамай кетаверган. Шунинг учун гапларнинг яна ҳам қаттиғини тахт қилиб олди.
Хона эшиги очилди. Ичкарида фариштадек оппоқ йўргакда қизалоқ пишиллаб ухлар, онаси тузук-қуруқ овқат емагани учун очлик аччиғига чидолмай туғруқхонадан бериладиган бўтқани базўр, иштаҳаси келмай **** турган эди. Эшикни шиддат билан очилиши уни тикка қилиб юборди:
– Сен роҳат олиб овқат еявер, ҳижолат бўлма!
– Ассалому алайкум, ойижон, яхши …
-Саломингни онанг тўлдиролмаган сандиғингга солиб қўй! Мени ойижон деб эритолмайсан.
Тинчликми, ойижон? Уйдагилар саломатми, адажон…
Адажон дема, тилинг узулгур. “Адажон”, “ойижон”, “Исмоил укажон” деб ҳаммани авраб олдинг. Ўғлимку, сенинг хизматкорингга айланиб бўлди. Бошига чиқиб, бошлиқлик қилишга ким сенга ҳуқуқ берди?
Гапларингизни тушунмаяпман… Ирода дабдурустдан бунақа оҳанг, бунақа кесатиқлар сиёқини тушунмай довдиради.
Иккиюзламачи, сохтакор! Онанг ўтган сафар бешик қилишда кимлигини кўрсатиб қўйди. Энди бу сафар орқасини беркитиш учун ўғлимни ишга солибсанда?!
Ўғлингизга нима қилдим? – кўзларига ёш олди.
Иброҳимга синглингни тўйидан анча тортилиб қолдик. Укангни шартнома пулига ёрдамлаш, орттирганинг бўлса, дадангга бер десам… -Раҳбархон юзини ёпиб “йиғлай” бошлади, – мени укамдан, синглимдан бошқа қиладиган ишим йўқми, қизимни туғруқхонадан дабдабали қилиб олиб чиқаман. Қайнонамга чўп ҳам олдирмайман. Хотинимни шу сафар ортиқча гапга қолдирмайман, деяпти. Мен кимман ўзи, ўғил туғиб, гапим малол, ўзим ортиқча бўлдимми? Кун чиқса-хотингга! Сизни дабдабалик қилиб олиб чиқсину-у, укаси мусофирчиликда шарманда бўлиб юрсинми, ўқишдан хайдалсинми??? Онангиз қиз туғиб, уни аччиға чидолмас экан, бешик қилишни эплолмас экан, нима қиларди қиз туғиб, ундан кўра…
Бўлди, етади… Ирода “дод” деб юборди. Шовқиндан тинчгина ухлаб ётган қизалоқ безовталаниб, “биғиллай” бошлади.
Менга қара, ўтган сафар ўғил туғдинг деб, индамадим. Чилла сақласин деб кўп ишларни қизимга қилдирдим. Қўлингни совуқ сувга урдирмадим. Энди бунақаси кетмайди. Онанг бешикни жой-жойига қўяди, айтганимдай қилади. Сен эса, чиққан кунинг бешикни эртасигаёқ ҳамма ишни қўлингга оласан. Соат 5 да ҳаммаёқ супурилган, сувлар сепилаган бўлсин. Нонушта 6 га тахт турсин. Кирни машинада ювишни тушингда кўрасан энди. Ўғлим топганини ташмалаб олдингга тўкадиган кунлар ўтди. Борини ейсан, йўқ бўлса тирсагингни тишлайсан. Қизим келганда етти букилиб, кетгунча хизматида турасан. Болангни ўзим қарайман. Эмизишга бераман, қолган пайт мени тарбиямни олади. Зиқна, бефаросат, калтафаҳм бўлмаслиги керак набирам. Онангникига ҳар икки ойда борасан. Рухсат бермасам, бормай қўяверасан. Агар шартларимга кўнсанг, эшигим очиқ. Ёқмаса, онангни дарвозасини кўрсатиб юбораман. Сирғалига Қўйлиқ унча узоқ эмас!!!
“Меҳрибон буви” ўз мақсадига етди. Бир ўқ билан икки нишонни урди. Айтиладиган гаплар қолиб кетмади. Ўзича енгил торгандай, боплаб зарба бергандай бўлди. нафси ором олди. Бориб бироз дам олишини режалаштириб борар эди. Қўл телефони жиринглади, қизи экан: