ch
Feedback
Hikoyalar (G&M)

Hikoyalar (G&M)

前往频道在 Telegram

Eng zo'r, sara, tarbiyaviy, saviyali va sevimli @Hikoyalar shu yerda 📜📚📖 @Hikoyalar kanaliga qo'shilish uchun 👇 https://t.me/joinchat/AAAAADuknkYHGVbghYjS1A 👆 ni bosing va OK. Bizni aslo tark etmang! Yaxshilari albatta bo'ladi. Biz izlanishdamiz!

显示更多
6 600
订阅者
-824 小时
-257 天
-7130 天
帖子存档
Мен Танзила билан аҳду паймон қилолмаган бўл­сам-да, лекин унинг ўша сўнгги сўзлари таъсирида ичу-ташим ёришиб турарди. Давроннинг ҳам кўзлари порлайди. – Зўр қизлар экан, – дейди орзуманд бош чайқаб, – ҳали Танзиладан ҳаммасининг адресини олиб, хат ёзаман. Айниқса, анови Гули дегани менга ёқиб қолди. Мен ўгирилиб ортга қарадим. Шағал тўкилган йўл­дан кўтарилган қуюқ чанг-тўзонгина изимиздан эргашиб келарди. Бу чанг-тўзон, бу гард-ғубор, яқин йиллар ичида ҳаётимни буткул қоплаб олишини мен ҳали билмасдим. «Ёшлик» журнали, 2015 йил, 1-сон.

Қуёш уфқ томон қиялаб қолган эди. Чор-атроф уч-қуйруқсиз далалар, экин пайкаллари. Ҳаммаёқдан қандайдир пишиқчилик иси анқийди. Йўллар, кўча-кўйлар кимсасиз, жим-жит. Ҳойнаҳой, барча пахта йиғим-терими билан андармон бўлса керак. Сертупроқ йўл бўйлаб тағин ярим соатлар чамаси юриб, Танзилалар пахта тераётган пайкал бошига етдик. Зардобтус, кўз илғамас ерларгача чўзилиб кетган пайкалда оқарган, қизарган, қорайган шарпалар тўзиб юрарди. Биздан анча нарида тушликкача терилган пахта юкланган трактор тиркамаси, бир неча енгил машина баланд қайрағоч шох-шаббалари аро ғира-шира кўзга ташланади. Бизнинг “Жигули”га кўзи тушган теримчилар қий­қиришган кўйи қўл силташди. Баъзилари этакларини елкага ташлаб шу томонга юра бошлади. – Вой-бўй, ҳаммаси қизлар экан, – деди Даврон пайкалга синчиклаб кўз ташлаб. – Чувуллашини қара-я. Мен ариқ лабидаги тош-тупроқ устига сакраб чиқдиму қўлимни карнай қилиб қичқирдим. – Танзила-а-а! Танзила керак бизга! Беш-олти теримчи бирваракайига биз томон чоп­қиллаб кела бошлади. – Нима бало, ҳаммаси Танзилами буларнинг, – деб пўнғиллади Даврон. Узун-кенг кийимлар кийиб, бошларини оппоқ сурп рўмол билан ўраб олган қизлар чув-чувлашган кў­йи ёнимизга етиб келишди. Келишдию, бошларидаги рўмолларини ечиб, ҳиринг-ҳиринг кулишиб, бир-бирларини сирли турткилашиб ариқ лабида туриб қолишди. Улар орасидан ажралиб чиққан Танзилани аранг танидик. Юзлари қорайиб, лаблари пўст ташлаб, қомати қандайдир тўлишиб қолибди. У қиёфаси қан­дайлигини яхши билса керак, уялиб, қимтиниб ёнимизга келди. – Ассалом… – Э-ҳе-е, – деди Даврон қиз билан қўл бериб кўришаркан, – кинолардаги хизматкор қизларга ўхшаб қолибсан-ку. Мен унга норизо кўз ташлаб қўйдим. Чунки Танзила шу аҳволда ҳам мен учун ҳамма қизлардан гўзал ва латофатли эди. – Сизлар ҳам жуда очилиб кетибсизлар, – деди ариқ лабидаги шўх қизлардан бири, кепка қўндириб олган тақир бошларимизга ишора қилиб. Ҳаммалари қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборишди. Танзила ҳам қаварган лабларини қўли билан яшириб жилмайди. – Қалайсан, Танзила? – деб мен ҳам у билан сў­рашган бўлдим, – чарчамаяпсанми? Мана, сен билан хайрлашгани келдик. – Армияга кетяпсизларми? – деб сўради қиз бошларимизга зимдан кўз ташлаб қўйиб. – Ҳа, шанба куни жўнаймиз. Шу пайт ўша трактор тиркамаси турган тарафдан икки милиционер резина таёқларини кўз-кўз қилиб биз томон юрди. Мен бу ерда, бу ҳолатда кўнгил сирларимни Тан­зилага айта олмаслигимни, у билан аҳду паймон қи­ла олмаслигимни ичимда сезиб, юрагим бирдан ғаш­ланиб қолди. – Агар… агар рози бўлсанг, хат ёзишамиз, – дедим аранг. – Вой, албатта ёзишамиз, – деди Танзила кулимсираб, – уйларингиздан адресингизни оламан. Аллақачон ариқдан ҳатлаб ўтиб теримчилар тў­пи­га ўзини урган Даврон неларнидир гапириб қиз­ларни кул­дирарди. – Эй, боллар, қани, жўнанглар бу ердан, – шу орада етиб келган милиционерлардан бири биз билан сўрашишни ҳам эп билмай, бирдан пўписага ўтди. – Армияга кетяпмиз, сингиллар билан хайрлашгани келдик, – деди Даврон ҳам қўрс бир оҳангда. Мен унинг одатдагидек жазаваси тутиб, қўриқчилар билан ёқалашиб кетишидан қўрқиб турардим. – Бундай баҳоналар кетмайди, салкам бир соатдан бери турибсизлар, қани, жўнанглар. Мен шоша-пиша машина юкхонасини очдиму, Тан­зилага келтирган егуликларимизни тутқаздим. – Арзимас нарсалар, е-еб бизни эслаб юрасан. – Бекор овора бўпсизлар-да, овқат кўп бизда, – деди Танзила андак эркаланган оҳангда. – Хатларингни кутаман, интизор кутаман, Танзила. – Албатта, ёзаман. Ўзингизни эҳтиёт қилинг. Қиз шивирлабгина айтган, қандайдир меҳр, айрича бир ғамхўрлик ва алланелар аралашиб кетган сўнгги сўзлар юрагимнинг туб-тубигача узоқ кутилган малҳамдай сингиб борди. Бутун вужудимда ҳарорат, ҳаловат ҳис этдим. – Қани, қизлар, ҳамма далага, етар, шунча вақт гап сотганларинг, – деди милиция ходими Даврондан узоқлашишни истамаётган қизларга қарата. Даврон қўриқчилар томон бир ўқрайиб қўйди-ю, барака топгур, бу гал ортиқча гап-сўз қилмай, ариқдан яна ҳатлаб ўтди. Ҳартугул, пойтахтдаги уч суткалик таълим-тарбия беҳуда кетмаганга ўхшарди. Биз қуюқ-суюқ хайрлашиб, машинага ўтирдик. – Хай-ир! Оқ йўл! – гувиллашиб қолишди қизлар.

Ўша йили “Кенгсой бургутлари”дан икки бола вилоят марказидаги институтга, тағин бири Самарқанддаги университетга илашибди. Танзила…менинг Танзилам, билмадим, аввалдан режалаштирганми, ё туйқус шу қарорга келганми, ишқилиб, вилоят марказидаги педагог кадрлар тайёрловчи техникумга кирибди. Кимларнинг астойдил ачинган, афсусланган, кимларнингдир истеҳзоли, кинояли нигоҳлари остида қишлоққа кириб келарканмиз, ён-атрофдан эшитган хабарларимиз ана шулар бўлди. Биз уч кун уй-уйимиздан чиқмай ётдик. Сў­ра­ган­ларга мандат танловидан ўтолмадик, ҳатто ўша ердаги имтиҳон олган домлалар ҳам бизнинг омадимиз юришмаганидан куйиниб қолишди, деб қўя қолдик. Бир ҳафтача қишлоқ бўйлаб изғиб юрдик. Ўқишга кирган дўстларни табрикладик, курашлар, кўпкарилар ҳақида гаплашдик, хуллас, ўзимизни овутган бўлдик. Шу орада Танзилани учратдим. Вилоят марказидан келаётган экан. Шаҳарча фасондаги соч турмак­лари, сарғиш кўйлаги ўзига хўб ярашиб турарди. Юз- кўзида мамнуният, табассум кезиниб юрарди. Ҳаяжон, хижолат, қувонч бутун вужудимда қо­ри­шиб кетган эди. – Табриклайман, ўқишга кирибсан, – дедим салом-аликдан сўнг. – Биз эса чаппа бўп йиқилдик. Танзила афсус билан бош чайқаб, астойдил ҳам­дардлик билдирди. – Ҳуқуқшуносликка кириш қийин-да. Қаттиқ тайёрланиш керак бўлади. – Армияга опкетмаса келгуси йил яна кўрамиз. Сизлар-чи, ўқишни бошлаб олдиларингми? – Э, ўлсин, – деб чимрилди Танзила, – ҳам­ма­мизни пахтага ҳайдаяпти. Душанба куни техникум ёпилиб, Ганжирга ётолоққа опкетишади. Икки кунга уйга рухсат беришди. Яхшилаб овқатланиб келинглар де­йишди. Биз кулишдик. Кулган пайт Танзиланинг кўзлари алланечук хумор-хумор сузилиб кетарди. Мен унга маҳлиё тикилиб қолдим. – Танзила, сени кўргани бораман. Қиз уялиб кўзларини опқочди. – Чўлу биёбонда адашиб кетмайсизми? – Йўқ, дунёнинг нариги чеккасига бўлсаям адашмай сени топиб бораман. – Қаранг, – деб кулимсиради Танзила, – яна қий­налиб қолманг. У уйлари томон тез-тез юриб кетди. Мен ҳаяжон­дан юрагим гурс-гурс урган кўйи изидан бир зум қараб қолдим. Бу қадар дадил ва қатъий гаплашганимга ўзим ҳам ҳайрон эдим. Ҳартугул, икки ойлик Тошкент сафари бесамар кетмаганга ўхшайди. Қишлоқдаги тенг-тўшларимиз қатори Даврон ик­кимизга ҳам ҳарбий хизматга чақириқ қоғози келди. Кўп ўтмай туман ҳарбий комиссариатида сочларимизни тап-тақир қириб жўнатишди. Бир-биримизга қа­раб мириқиб кулишдик. Қишлоққа қайтгач, гоҳ у, гоҳ бу кетарманникида хайрлашув зиёфатлари бошланиб кетди. Вақт тез ўтиб борарди. Менинг эсу ҳушим Танзилада эди. У билан туппа-тузук сочим бор пайтлар хайр-хўшлашиб олмаганимга афсусландим. Аммо… нима бўлган тақдирда ҳам уни кўришим, севишимни айтишим, ваъдасини олишим шарт. Танзилалар пахта териб юрган ўша маскан Кенгсойдан икки юз чақирим узоқликда бўлиб, менга ўхшаган пиёдаларга, айниқса, йиғим-терим қизиган, қатновлар камайган пайти у ёққа бориб келиш мушкулдан-мушкул эди. Чора излаб, бошим қотиб, каловланиб юрган кезларим Даврондан таклиф чиқиб қолди. – Юр, эртага Танзилани кўриб келамиз. Отамдан “Жигули”ни бир кунга сўраб оламан. Кўнглим хижил тортганча рози бўлдим. Нега ундан туйқус бундай таклиф чиқиб қолгани ичимга ғулғула соларди. Елиб бораётган машина деразаларидан нам­хуш шабада эмас, яна шубҳа-гумонлар ёпирилиб кира бошлади. – Ўша совхозда холам яшайди, – деди “Жигули”ни чапдастлик билан бошқариб бораётган Даврон, – боргин, холанг билан хайрлашиб келгин, деб онам бир ҳафтадан бери гаранг қилиб юрибди. Охири, кўндим. Қайси кун Улдон чечани кўриб қолгандим, Танзила ҳам шу ёқда теримдалигини айтиб қолди. Яхши бўлди, биратўла уни ҳам кўриб қайтамиз, хурсанд бўлади. Мен қувончдан қийқириб юбордим. – Э, калла, дарров шундай демайсанми? Мен ҳам холангни яхши кўраман, дуосини олиб қайтаман. Даврон ҳам мамнун илжайиб бош ирғаб қўйди. Биз қоқ туш пайти кўзланган манзилга етдик. Давроннинг холаси билан дийдорлашдик. Меҳрибон ва ғамхўр холажон бизни товуқ гўшти солинган димлама билан меҳмон қилди. Сўнг йўл узоқлигини баҳона қилиб, хола ва унинг болалари, неваралари билан хайрлашдик.

Кунларим таҳликада ўтарди, муқаррар бир балога йўлиқишимиздан хавотирда эдим. Ниҳоят, ўша кутилган кун ҳам етиб келди. “Салом” деган чойхонада тушлик қилиб, шўх-шаън ўйноқлаб яна ҳужрамизга қайтиб келардик. Биздан беш-олти қадам олдинда, сочлари чиройли турмакланган, оқ-пушти ранг, енг-этаклари калта кўйлаги қадди-қоматини сириб турган қиз бел-биқинларини қимирлатиб хаёлчан кетиб борарди. Унга кўзи тушдию Давроннинг кўзлари чақнаб, оғзининг таноби қочди. – Эй, ҳаддингдан ошма, – дедим унинг қўлидан тортиб, – тинчгина юр, мазанг қочиб қолмасин тағин. – Шу охирги марта, – деди Даврон атрофга бир аланглаб олиб, сўнг югуриб бориб ҳалиги қизнинг ёно­ғидан ўпиб олди. Чўчиб кетган қиз қўллари билан юзларини тўсиб орқага тисарилди. Сўнг нафрат тўла кўзларини Давронга қадади. – Бу нима қилганинг, жинни?! Сумкам билан бир уриб башарангни бўяб қўяман ҳозир. Даврон ташланган қиз эмас, биздан беш-олти ёш катта жувон экан! Дўстим хижолатомуз ишшайиб қўлини кўксига қўйди. – Кечирасиз, сизни бировга ўхшатибман. – Қанақа бировга?! – деб баттар жазавага минди аёл. – Кўзинг кўрми? Ўзинг тенгига ҳазил қилсанг ўласанми? – Сизни Танзила деб ўйлабман. – Танзила?! Ким у Танзила-Панзиланг? Мен севгилим, моҳитабонимнинг номи тилга олинганини эшитиб тошдай қотдим. Бошимга кимдир гурзи билан ургандай кўз олдим тиниб кетди. – Шошма-шошма, – деди ҳалиги аёл бармоғини Даврон томон нуқиб, – сенлар Дуся холаникида ту­ра­сан­лар-а! Санлани танийман. Ана, энди мендан кў­ра­санла, қишлоқила. Санлани кўзларингни каттароқ очиб қўяман. Ўшанда Танзилангни яхшигина таниб оласан. Жувон шахдам қадамлар билан олға юриб кетди. “Даврон нега Танзилани тилга олди? – шу савол хаёлимни тинимсиз тирноқларди. – Нима, улар… ўпи­шиб юришганми?” Мен тўлин ойим, қуёшим бўлган қизни Давроннинг қучоғида тасаввур қиларканман, ғазаб ва аламдан қўл­ларим мушт бўлиб тугиларди. Аёл кетгач, бош қашлаган кўйи ёнимга қайтган дўс­тим, асабий ҳурпайиб туришимни ўзича тушуниб хижолатомуз минғиллади. – Э, узр, жўра, шундай бўп қолди-да. Энағар, катта аёл экан. Қиз бўлганида осон қутулардик. – Эй, – дедим ғазабимни аранг босиб, – нега… нега сен Танзилани тилга олдинг? Нима ҳаққинг бор, ифлос ишларингга покиза қизларимизни тиқиштириб?! – Нима, Танзила демай, Жарқиной дейинми? Ба­ҳонам сал ишончли чиқишини ўйладим-да. “Танзила”! Қара, ҳақиқий шаҳарча исм. Дўстимнинг гаплари жўяли туюлди. Мен яна шаштимдан тушдим. У ўшанда қоқ қаншарига тушади­ган муштдан қутулиб қолдию, аммо ҳалиги опадан қу­тулолмади. У аллақандай амалдорнинг хотини экан! Кечга яқин икки нафар милиционер бизни маҳкамага олиб кетди. Бир-икки соат у эшикдан бу эшикка судрак­лашгач, Давронни олиб қолиб, мени қўйиб юборишди. Тун ярмида ижара уйимни аранг топиб олдим. Эртаси куни биринчи имтиҳонга киришим керак эди! Аммо мен саҳар туриб университетга эмас, яна маҳкамага югурдим. Давронни уч суткага қамашган экан. Уч кун гоҳ туш пайти, гоҳ оқшом дўстимга овқат ташидим. – Эй, – деб сўраб қолди у маҳкамада илк кўришган чоғимиз, – имтиҳонга кириб чиқдингми, неча баҳо олдинг? Мен кулдим. – Эсингда йўқми, тентак. Икковимизнинг томири­миз бир-ку, сен бу ерда бўлсанг, мен қандай қилиб им­тиҳонга бораман? Даврон бир зум менга мамнун-миннатдор тикилиб пичирлади: – Чин дўстимсан… Кетар чоғим Давронга қараб, ўнг қўлимни баланд кўтардим. У ҳам шундай қилди. Сўнг паст, лекин шавқли-завқли бир овозда баб-баравар такрорладик. – Қуёш ҳали ботмаган! Орадан бир ҳафтача ўтиб биз университетга бордик. Қабул ҳайъати бизнинг ҳеч бир баҳонамизга ишонмай ҳужжатларимизни қўлимизга тутқазди. Авваллари қишлоқни қўмсаб, қадрдон қишлоққа қанчалар ошиққан бўлсам, патталар қўлга теккач, шунчалик кетгим келмай қолди. – Кел-е, сентябргача шу ерларда томоша қилиб юрамиз, – деб қолди кутилмаган кўнгилсизликдан ҳа­нуз хижолат чекиб юрган Даврон, – менда пул бор, икковимизга етади. Роппа-роса бир ой шаҳарда кезиб юрдик. Қишлоққа қайтиш онлари яқинлашган сайин бир-биримизга маъ­юс, саволчан қараймиз. Қанчалик ўзимизни бепарво, шодон тутсак-да, ичимизни афсус, алам ва уят кемириб борарди. Биз Абсал полвонни унутган эдик.

Афтидан, кимнингдир илтимосига кўра чиқишган шекилли, бизларни назар-писанд қилмай, тузук-қуруқ гаплашмай, қандайдир ўрис кампирнинг тор, исқирт ҳовлисидаги каталакдай ҳужрага жойлаштириб, эртаси куни, талаб ва истакларимизга кўра, университетнинг ҳуқуқшунослик факультетига ҳужжат топширишимизга кўмаклашишди. – Бу ёғини энди секин ўзларинг кўраверларинг, – деди улардан бири бизларни яна ижарахонамизга тиқиб қўяркан, – бизлани вақтимиз йўқ сенлар билан эртаю кеч юришга, агар бирор проблема бўлса, кеча ёзиб берган рақамларга қўнғироқ қилларинг, ана, кампирнинг уйида телефон бор. У ғўдайганича кўчага чиқиб кетди. Даврон унинг изидан ғижиниб, тажанглашиб қараб қоларкан, бош чай­қади. – Қайси гўрдан чиққан боди бу?! Яна бир оғиз ор­тиқча гапирганида тумшуғига айлантириб солардим. Қўрс раҳнамодан қутулганимиздан енгил тортдик. Мен вилоят марказида поездга чиққандаёқ қиш­лоқни, уйимни, айниқса, Танзиламни соғина бошлагандим, барча нарсадан воз кечиб, ортга қайтгим келарди. Даврон эса бир ҳафта ичида қип-қизил шаҳарликка айланди-қолди. Уст-бош, юриш-туриш, пойтахтча шевада бемалол гапиришлар, ҳамма-ҳаммаси мени анг­райтиб ташлади. Дўстим бу ерда текканга тегиниб, тегмаганга кесак отар, кўча-кўйда уруш-жанжал излаб, болаларни атай туртиб ўтар, мени юрак ҳовучлатиб, минг бир саросимага солар эди. Билмадим, ё ҳақиқий зўрлар йўлиқмади, ё дўстимнинг юз-кўзидаги шижоат чиндан ҳам чўчитармиди, ишқилиб, туртилган-сурилган болалар ҳам Давронга ботиниб бирор сўз демай, ортидан ажабланиб, таажжубланиб қараб қўйишарди, холос. Булар майли-ку-я, калта, юбқа кийган шаҳарлик қизлар Давроннинг яна бир иқтидорини очиб юборгандай бўлди. У ён-веридан ўтиб-қайтаётган, ўзининг таъбири билан айтганда, ҳурлиқоларга ютоқиб қарар, баъзиларининг бел-билагига қўл тегизар, айримларини чўлпиллатиб ўпиб олар, эвазига қарғиш, ҳақорат эшитса-да, пинак бузмай, илжайиб, кўз қисиб кетаверарди. Мен дўстимнинг бундай қилиқларидан уялиб, қўрқиб беихтиёр дуч келган томонга қочиб қолардим.

– Ҳа, майли, сен айтганча бўла қолсин. Лекин ҳар биримиз табриклаб юрмай, бутун синфимиз номидан битта духи, бир дона откритка берамиз, шу етарли. Эсам… буларнинг қай бирига совға етказамиз. Ўша куни дўстим қанчалар чимирилиб, қанчалар ғижинса, менинг шунчалар чеҳрам очилиб, куйлаб юборгим келиб қолди. “Демак, ораларида ҳеч гап йўқ, – деб ўйлардим тўлқинланиб. – Авзойини қара бунинг, агар севишган бўлганида, бошқача қараб, бошқача гапирарди”. Мен яна бахтиёр ошиққа айландим-қолдим. Ўша кунлар Танзила баҳорий либосларда баҳордай барқ уриб, ҳамишагидан гўзал, ҳамишагидан жозибали бўлиб кетган эди. Гоҳо ўша узун йўлакнинг, ўша нимқоронғу бурчагига беихтиёр борганимни ўзим ҳам сезмай қоламан. Тасаввуримда Танзила тағин чопиб келиб қучоғимга йиқиладию, мен уни шартта ўпиб, қулоғига севги изҳор қиламан. Аммо бу ширин, энтиктирувчи бир хаёл эди, хаёл! Мен Танзилага севги изҳор қилишга бошқа журъат этолмадим. Уни чўчитиб юборишдан, мактабда, кўча-кўйда учрашиб туришдан ҳам маҳрум бўлиб қолишдан қўрқдим. Шундай жонсарак, беқарор кунлар кетидан кунлар шитоб билан ўтиб кетди. Ҳаш-паш дегунча мактабни ҳам тугатдик. Назаримда, мен учун ҳаёт тугагандай бўлди. Қўлимдаги етуклик аттестати эмас, гўё айрилиқ сафарига берилган чипта эди. Ҳамма шодумон, қийқириб ўйнаётган ўша битирув оқшомида мен бир чеккага ўтириб ўз яқин келажагимни тасаввур қилишга уринардим. Эрта-индин Даврон иккимиз бирор институтга илиниш илинжида пойтахтни кўзлаб жўнаймиз. Ўқишга киролмасак, армияга чақиришади. Ҳар иккиси ҳам мени Танзиладан узоқлаштиради. Мен эса… уни кўрмасам, сўзларини, кулгуларини эшитиб турмасам… дунё кў­зимга қоронғу бўлиб қолади. Шундай эзгин, дилгир ўйлар исканжасида турган пайтим, даврани бермай, ўйнаб ётган Даврон илжайиб, мастона чайқалиб ёнимга келди. У ширакайф одамдай сузилаётган бўлса-да, биламан, дўстим ҳам худди мен каби шароб ичмайди. Ўша бизникида ўтириб, катталарга тақлидан, туғилган кунимни нишонлаб бир-бир қултум вино нўш этган оқшомимиз иккимиз ичмасликка, чекмасликка, фақат спорт билан шуғулланишга, дунёга довруғ қозонган полвонлар бўлиб етишишга аҳду паймон қилганмиз. Биз сўзимизда турдик. Синфдошларимизнинг деярли ҳаммаси гоҳ ошкора, гоҳ яширин чекишар, туғилган кун базмларида, тўй-ҳашамларда бемалол шароб шишаларига қўл чўзишар, Даврон эса дўст-ёронлар ёлвориб-ялинишганда ҳам ичишдан қатъий бош тортар эди. Ҳатто битириш оқшомида баъзи бир хушомадгўй муаллимларнинг таклифини ҳам рад этди. – Ҳа, дўстим, – деди Даврон ёнимга ўтириб елкамга қўл ташларкан, – ўйнамайсан, кулмайсан, тинч­ликми? – Мактабдан айрилиш ёқмаяпти. – Ўзи дарсларга аранг судралиб келардинг-ку, энди мактабдан кетгинг келмай қолдими? Йўқ, сенинг бошқа дардинг бор-ов… – Дўстлардан айрилгим келмаяпти, – дедим ўзим­ча хатоимни тўғирлаб. – Бир дўстинг мен бўлсам, сендан ҳеч қачон айрилмайман, – деди Даврон елкамдан қаттиқроқ қу­чиб, – яқинда бирга Тошкентга кетамиз, бирга ўқиш­га ҳуж­­жат топширамиз, насиб этса, бирга ўқиймиз. Иккимизнинг томиримиз туташ, жўра, ҳеч буёғидан қайғурма, қош-қобоғингни очиб, синфдошларга қў­шил­гин. Ҳадемай ҳаммамиз тўзиб қоламиз. Рост, кўп ўтмай тўзиб қолдик. “Кенгсой бур­гут­лари”нинг баъзилари институтларда ўқиш ниятида турли шаҳарлар сари юзланди, айримлари, ортиқча тихирликсиз, кетмонларини елкага ташлаб одатдагидек дала-даштга сингиб кетди. Биз Абсал полвонни унутган эдик. Даврон иккимиз зилдай-зилдай чемоданларимиз­ни кўтариб Тошкентга равона бўлдик. Қувондиқ қай­сарнинг ўзи бизларни поездга чиқариб, кузатиб қўйди. У ўзининг одатдаги гумбурлаган товушида бутун вокзални бошига кўтариб, гоҳ насиҳат қилиб қолар, гоҳ кўрсатма-уқтирма бериб жонимизни ҳалқумга келтирар эди. – Довдираманглар, болажонлар, довдираманг­лар. Тайинлаб қўйиппан, сизларни кутиб олиб, жойлаш­ти­риб қўйишади. Қувондиқ ака чин айтган экан. Бизларни пойтахт вокзалида олифта, димоғдор, аллақандай институтда ўқийдиган икки йигит қарши олди.

Бу гал алам-изтиробдан товушим кескинроқ чиқ­ди, шекилли, Танзила худди нимадир кутгандай, худди ненидир илҳақ излагандай илкис бурилди. Бурилдию жовдираган кўзларига кўзим тушиб буткул довдирадим. Хаёлимда чархланиб, тилимнинг учида турган сўзлар тупугимга қўшилиб ютилиб кетди. – Этигинг мунча чиройли, – дедим базўр, – қачон олдинг, ҳеч кўрмаган эканман. Туйқус қизнинг юз-кўзлари яшнаб кетгандай бўл­ди. – Буни Даврон акам санаторийдан опкелган экан… Танзиланинг бошқа гапларини деярли эшитмадим. Бошим ғувиллаб, қулоқларим шанғиллаб, кўз олдим тиниб кетди. Қаҳратоннинг қаҳри энди менга етиб келгандай, ичу ташим музлай бошлади. Ҳолим забун, тилим танглайимга ёпишган эди. Ортиқ сўз демай бош эгган кўйи кетиб бораётган қиз изидан карахт қараб қолдим. Қизғиш этикнинг баланд пошналари қорга қўшиб севгимни, умиду ишончимни топтаб, тўзғитиб борарди. “Даврон акам деди-я?! Эркаланиб, суюб айтди-я?! Ҳаммаси ҳал бўлган, аллақачон ҳал бўлган! Мен тентак, мен нотавон нималарни орзу қилиб юрибман-а. Аввали, ўрганчикка тиккан яктагини менга, меҳр билан тиккан зартўнини Давронга берган бу қиз. Йўқ, Танзилани бошқа севмайман, ишқида ортиқ куймайман.Бундай арзанда, тантиқ қизларга Давронлар керак. Мен кимман ахир?! Онам айтгандай, кўрпамга қараб оёқ узатганим маъқул. Ўзимга муносибини топаман. Бошқа чорам йўқ”. Теграмда қор учқунлари, хаёлимда шундай тиғли ўйлар чарх урарди. Кўчада қолган дайди итдай довдир-довдир кета бошладим. Қаён бораётганимни ўзим ҳам билмасдим, билганим шулки, қайларгадир бош олиб, йўқолиб кетгим келар, қадамларим гоҳ сокин, гоҳ тезлашарди. Чор-атрофим оппоқ кўйлак-иштон кийган чолдай қалтираб ётибди. Қип-яланғоч дов-дарахтлар кўкка илтижо билан чўзилган қадоқ қўлларга ўхшайди. Ён-веримдан аёвсиз урилаётган қор учқунлари, бамисли каррак парчаларидай юз-кўзимни тимдалаб, куйдириб борарди. Билмадим, қайларга келиб қолдим, қарасам, теварагим жим-жит, кимсасиз, қаршимда қор кўрпасига бурканган пайкаллар. Мен… ҳориб-чарчаб қалин қор устига тиз чўкдим, сўнг… юзтубан йиқилган кўйи баралла йиғлаб юбордим. Йиғладим… йиғладим… шу алфозда қанча ётганим менга қоронғу, бир пайт кимдир, нимадир, бошимни, елкаларимни эркалаб силагандай, меҳрибонларча овутгандай бўлди. Илкис қад ростладим. Қарасам, баҳор! Чарақлаб, ярақлаб яна кўклам келибди. Қадрдон қуёш яна ҳамишагидек парвона! Ҳа, ҳа, ўша қишни алам-изтироб, кўз ёшларга қоришиб ўтказдим. Бутун борлиқ қору музга, мен эса алдамчи дунё, алдамчи дўст, алдамчи қизларга аталган ғазаб ва нафратимга буркандим. Танзиладан буткул юз ўгирдим, уни кўриб кўрмасликка, билиб билмасликка ҳаракат қилдим. Аммо қиз беомон исёнимдан бехабар шекилли, ҳамишагидек уйимизга кириб-чи­қиб юрар, дуч келган чоғлар одатдагидек қисиниб-қимтиниб саломлашар, худди тоғасидан ширинлик умидвор қизалоқдай, мен томон баъзан ҳуркибгина, жовдирабгина кўз ташлаб қўярди. Ҳатто янги йил, эркаклар байрами сифатида ҳарбийлар куни билан қутлаб “откритка” тақдим этди. Табрикномани олдиму панага ўтиб, уларни нафрат билан йиртиб ташладим.Биламан, у битта менга эмас, бутун синфдошларимга ёзиб чиққан, бу қизнинг ана шу саховати мени хўб куйдирарди. Аммо… баҳор келдию, қор-музларга қўшилиб ға­забу нафратим ҳам эриб битди. Юрагимда баҳор бойчечаги каби яна севги кўкариб чиқди. Қир-адирларда барқ урган дашт гул-чечаклари худди кураш яктагига тикилган чироздай яна ўй-хаёлларимни ўғирлади, яна умид, ишонч ифорлари димоғимни қитиқлаб қочди. Ҳарнечук ҳаммаси хотин-қизлар байрами арафасида бошланди. Биз болалар синфдош қизларга совға-салом ҳозирлашга киришгандик. – Эй, жўралар, – деб қолди кимдир, – пастки синф­ларда ўқийдиган қизларни ҳам табриклаймизми? Масалан, анови Танзилани. У ҳар байрамда бизларга откритка беради-ку. Даврон чимирилаб, ғижиниб қўл силтади. – Э, уми… ўзиям эринмаган қиз экан. Ёзгани ёзган, бу байрамда индамай қўя қолайлик, иккинчи табрикламайдиган бўлади. – Э, ундай қилмайлик, – деб тумсайди синфдош, – хафа бўлишади. Бу ёғи… мана, мактабни битиряпмиз, эсдалик бўп қолади-да. Даврон бош қашлаб оғринган кўйи бироз ўйланиб турди.

Хуллас, ўша кеч мен туғилмадим, қайта тирилдим. Дўстимнинг йўқлаб келгани, самимий суҳбати, албатта, қимматбаҳо совғаси шубҳаларимни, андуҳларимни тумандай тарқатиб юборди. Мен спорт билан яна ҳам жиддий шуғуллана бошладим. Ўқишим, билимим ҳаминқадар, порлоқ келажагим фақат кураш давраларида, деб ўзимча хулоса ясадим. Қолаверса, Танзиланинг кўз ўнгида полвон сифатида танилиб, шон-шуҳратга белангим, унинг қал­бини, ҳеч қурса, шу йўл билан забт этгим келарди. Ажаб, севги ҳам қон босимига ўхшар экан. Хуруж қилган пайтлари дарду изтиробдан ўзингни қўярга жой тополмайсан, маромида бўлган маҳаллар, ширин-ширин хаёллар оғушида ҳузурланиб юрасан. Ўша йилнинг кузи ва қишида тўй-томошалар мўл бўлди. Кураш давралари вулқондай гувиллаб, қизиб турди. Даврон иккимиз ўзимизга яраша иззат-обрў, шон-шуҳрат топдик. Ўша мавсум полвонликка кўп берилиб кетдимми ё тантиқ туйғуларим буйруғига бўй­сундимми, ҳар қалай, Танзилага зор-интизор интилишларимдан тийилдим, ҳатто баъзи пайтлар, қар­шимда учраб қолган кезлар ўзимни мажбурлаб йўлимни чап солдим, у томонга қайрилиб қарамадим. Бир куни кечки пайт қўшни қишлоқдаги тўйга тараддуд кўриб турган чоғим дарвозамиз оҳиста та­қиллади. Янгам оғил тарафда мол-ҳол билан овора эди. Онам ҳам ҳовлида кўринмади. Ноилож, ўзим бориб темир эшикни очдим. Дарвоза ёнида қандайдир саросималаниб Танзила турарди. – Вуй, кечирасиз…– деди у уялиб, – мен… Райҳон че­варга шогирд тушгандим. Ўрганишга манавини тикдим. Қизни кўргандаёқ ҳаяжондан тилим, ақлим лол бўлиб қолган эди. Танзила анчадан бери узатиб турган тугунчани кейин кўрдим. Кўрдим-у, шоша-пиша қўлга олдим. – Раҳмат… нима бу ўзи? – Очиб кўрганда биласиз, – деди Танзила худди ёв қувгандай изига қайтиб кетар экан. Мен гангиб бир тугунчага, бир чопқиллаб кетаётган қизга қараб бироз туриб қолдим. Ўшанда Танзила менга атаб қалин, пишиқ матодан полвонлик яктаги тиккан экан! Унинг ҳар қати, ҳар чокидан маҳбубамнинг ҳаёдан лов-лов ёнган юзлари, ҳуркак, хумор кўзлари кўриниб, пинҳона пичирлашлари эшитилиб турар, ўртанган юрагимни таскинга, ёруғ умидларга тўлдириб сирли муждалар берарди. Яна тинчим, оромим йўқолди. Ниҳоят, Танзилага кўнгил ёришга, севги изҳор этишга аҳд қилдим. Ўша йили чўл қиши қорли, бўронли келди. Ҳамма­ёқ бахтиёр келинчакдай оқликка бурканган. Кўча-кўйда, мактаб теварагида узундан-узоқ давом этувчи саҳро жазирамасидан безиллаб қолган болалар қийқириб, оғиз-бурунларидан ҳовур пуркаб қорбўрон ўйнашади, шишадай ялтиллаган музликларда сирпанишади. Мен кўчамиз муюлишида катта қайроғоч ёнида қандайдир қатъият, ишонч билан, Танзилани кутиб ту­рардим. Ҳозироқ ун­га севгимни айтаман, сен менга кераксан дейман, кечқурун учрашувга чақираман, деб ўзимча шайлангандим. Ана у! Эгнида унча-мунча чўллик қизларнинг тушига ҳам кирмайдиган мўйна ёқали пальто, бошида оппоқ тивит рўмол, оёғида… оёғида қат-қат қўнжи нақ тиззасига етадиган қизғиш этик! Очиғи бундай этикни менинг ҳам биринчи кўриб туришим эди. Қизнинг оёғига беихтиёр анграйиб қолдим. Танзила тўғримга келиб, қадамларини секинлаштириб енгил бош ирғади. – Ассалом… – Бугун неча соат ўқидиларинг? – дабдурустдан берган саволим шу бўлди. – Беш соат. – Биз тўрт соат ўқидик, – деб илжайдим худди кўп иши тиндиргандай, – адабиёт муаллими кўпкарига кетган экан, шуйтиб эрта қайтдик. Қиз жаврашларимни ерга тикилган кўйи эшитган бўлди-да, индамай кета бошлади. – Танзила! У тўхтади. Қор қўнган киприкларини пирпиратиб мен томон ҳуркибгина кўз ташлади. – Анови… анови… – мен энг зарур, ўта зарур сўзни айтишга чоғландиму… аммо оғзимдан бошқа гап чиқди, – яктак учун сенга раҳмат, қўлинг гул экан. – Шу орада мақтаниб қўйишга ҳам улгурдим. – Сен берган яктакни кийиб бир тўйда учта полвонни териб ташладим. Танзила енгил кулди, гўё кулгусини яширмоқчидай, ўнг қўлини лабларига тегизиб қўйди. – Уни ўрганчикка тиккандим. Сизга ёққан бўлса хурсандман. Кучингизга куч қўшилсин, ака. Қиз ерга тикилган кўйи яна кета бошлади. – Танзила!

Мен қизғин бош ирғадим. Рост, довюрак, шижоатли Даврондан ҳар бало кутса бўлади. Унинг ўз-ўзига ишончи ҳам, имкони ҳам баланд эди.

Мен саросималаниб қолдим. Балки ўлган кунимдир, балки кўмгани келгандирсан, дедим ичимда ғижиниб. Негадир дўстимнинг ҳар бир қувноқ гапи, кулгулари тобора асабларимни эговлаб борарди. Шу орада меҳмонхонага жонсарак онам кирди. Даврон билан яна қайта ҳол-аҳвол сўраша кетди. Ҳеч чеҳрам очилмаётганини сездими, дўстим бироз бўшашиб қолди. – Қарасам, бугун Норсоат дўстимнинг туғилган куни экан, би-ир табриклаб келайми деб чиққандим, – деди у худди ўзини оқлаётгандай. – Ўлай сенга болам, – деди онам хижолатланиб, – биз бунга одатланмаганмиз-да, шуйтиб ҳамишагидек ўтириб эдик. Йўқлаб келганинг учун, қуллуқ, болам. Худой сени иззат қилсин. Даврон боя қўлтиқлаб келган тугунни ечишга уннади. – Эна, – деди у негадир менга қарамай, – Норсоатга арзимас бир совғам бор эди. Санаторийдан опкелгандим. Туғилган куни бераман деб сақлаб юргандим. Дўстим чаққонгина тугун ичидаги тугунни ҳам ечиб, ичидан… ичидан худди ўзиникидақа костюм-шим чи­қарди! – Ийй… овора бўпсан, болам, – деди онам баттар хижолатланиб. – Норсоат билан худди эгиздай бир хил кийиниб юрамиз деган ниятда олгандим. Эна, илтимос, шугинани дўстим ҳозироқ кийиб ёнимга ўтирсин. Мен беўхшов илжайганча ўрнимдан турдим. Қаҳ­­рим, нафратим, ноумидлигим, барча-барчаси, қай­ноқ сув сепилган қордай эриб борарди. Онамнинг, дўс­тимнинг бетиним қистовига гўё аранг кўнган бўлиб уй­га ўтдиму совғани кийиб чиқдим. – Вой, болам! – деди онам кўзлари ёшланиб, – кўз тегмасин сизларга. Кулранг, қимматбаҳо костюм-шим чиндан ҳам мен­­га ярашиб турар, фақатгина тиканаксоч бош хуш ман­зарани бироз бузиб турар эди. Ажаб, ҳамма муаммо кулранг костюм-шимда экан, шекилли, неча-неча кунлардан бери қаршимда қоядай юксалиб мени Танзиладан, келажакка бўлган умид-ишончдан тўсиб турган Даврон яна ўзим билан бўйинса, шўх-шоввоз дўстга айланди-қолди. Онам ал­қагандан-алқаб, дуолар кетидан дуолар қилиб, чиқиб кетгач, шу орада тузуккина тузалган дастурхон ёнида иккимиз зиёфатга ўтирдик. Акам ҳам Даврон билан кўришгали бирров кириб, ими-жимида бир шиша вино ташлаб кетган эди. Ундан ҳам ўзимизча катталарга тақлидан қадаҳ сўзлари айтиб оз-моз нўш этдик. Димоғимиз чоғ, вақтимиз хуш эди. Қизғин суҳбатимиз гоҳ кураш, полвонлар ҳақида, гоҳ… қизлар тўғрисида борарди. – Эй, дўстим, қизлар тоза бадимга уриб кетди, – деди ичкиликдан ёноқлари бироз қизарган Даврон, – мактаб бошланганидан бери бешовидан севги хати олдим. Мана, биттаси ҳали ҳам ёнимда юрибди. – Даврон костюми чўнтагидан қат-қат букланган варақни чиқарди. – Эшит, ўқиб бераман, сен ҳам кўникавер. Негадир унинг бу нияти менга ёқмади. Ярим тунда хонтахтага мук тушиб, минг бир хижолату умид билан қоғоз қоралаётган қиз кўз ўнгимда жонландию, озорлардан, овозалардан ҳимоя қилгим келиб кетди. – Даврон, қўй, керакмас. Эшитгим келмаяпти. – Нега? – У сенга ёзилган. Ўзинг ўқи, ёқмаса, йиртиб ташла. Бу иккингизнинг ўртангизда қолиши керак. Даврон бир зум юзимга ўйчан тикилиб, сўнг илжайди. – Баъзан қойил қоламан сенга. Худди олимлардай гапириб юборасан. Манови айтганларинг менга ёқди. Чин, ҳеч ўйлаб кўрмабман, овоза бўп кетса… синфдош шарманда бўп қолади. Аҳмоқона қилиқларим кўп-да. Шу пайт негадир поччамнинг даласида далли-девона юрган пайтим чала қолган жумбоқни ечганим эсимга тушиб қолди. – Эй, Даврон, – дедим ҳовлиқиб, – эсингдами, пол­­­вон уч нарсанинг қули бўлиши керак деганди устозимиз. Сен икковини топгандинг, бирови ҳеч каллангга келмаганди. Абсал полвон ҳам айтмай куйдирганди. – Ҳа, эсимда. Роса бўларимиз бўлган. – Ўша учинчи нарсани топдим. – Топдинг? Нима экан? – Севги. Полвон ор-номуснинг, севгининг қули бўлиши керак экан. Ўзим ўйлаб топдим. – Бундай нарсани ўйлаб топиб бўлмайди, калла – деб кинояли кулди Даврон, – китобни излаш керак. Ёз бўйи кўп асар ўқиб ташлабсанми деган хаёлга борибман. Мен ҳам бўш келишни истамадим. – Бу севги, аниқ севги. – Бўпти, сен айтганча бўла қолсин. Лекин мен гапингга қўшилмайман. Мана, масалан, мен ҳам пол­­вонликка талабгорман, лекин севгига ҳеч қачон қул бўлмайман! Керак бўлса, севгини қул қиламан! Ҳар қандай қизни севдира оламан, хоҳлаганим меники бў­лади. Ишонасанми шунга?

Ўша мавсум сентябрнинг илк куни қишлоғимизда, тўғрироғи, мактабимизда ҳинд кино юлдузи Раж Ка­пур, йўқ, йўқ, машҳур фаранг артисти Ален Делон пайдо бўлди! Ҳа, ҳа, ўша ёз аллақандай машҳур санаторийда дам олиб қайтган Даврон дўстим ўша довруғи достон юлдузлардан сира-сира фарқ қилмас эди. Ораста, силлиқ таралган сочлари, оқариб, тўлишган юзлари, тик қоматига ярашиб тушган яп-янги, кулранг костюм-шими, чап қўлига тақиб олган аллақандай узук ҳар кимни суқланиб қарашга мажбур қиларди. – Ия, қамалиб чиқдингми? – деди у мени илк кўр­гандаёқ ҳангу манг бўлиб. Дўстим билиб-билмай яхши бир баҳона топиб берган эди. – Ҳа, – деб бош ирғадим, – опамларнинг қишлоғи­да иккитасининг суробини тўғирлаб қўйгандим, бир ойга тиқиб қўйишди. Поччам аралашиб аранг қутқариб олди. Даврон ҳам, уни қуршаб турган “Кенгсой бургутлари” ҳам гапларимга чиппа-чин ишонишди. Ил­­жайиб-тиржайиб мени бош-адоқ кузатиб турган­ларнинг юз-кўзида иззат-ихлос пайдо бўлди. Ам­мо бу ёлғонимдан барибир ичим илимади. Ахир, дўппослашиб, қамалиб чиқиб шу аҳволга тушдим деб қизларга, айниқса, Танзилага айтиб, тушунтириб юролмайман-ку! Яхшиям Даврон ҳамманинг диққат-қизиқишида эди. Синфдошлар у билан андармон бўлиб менга, тақир калламу шалвираган кийимларимга кўп ҳам эътибор беришмади. Умумий планда қисиниб-қимтиниб юравердим. Ўша йили ғалати воқеа бўлди. Илгари мактаб очилмасданоқ ўқувчиларни пахта йиғим-теримига ҳай­дайдиган маъмурият бу гал мактабимизни тинч қўйди. Бутун мамлакат бўйича каттаконлар шундай буйруқ берганини кейин билдик. Ўзгаришдан ҳамма хурсанд эди. Кунлар шу тахлит ўтиб борарди. Илгарилари ҳам Даврон ҳақида сирли пичирлашиб юрган қизларнинг сабр косалари тўлиб-тошиб, унга севги хатлари ёғ­дира бошлашди. Мен Танзиладан хавотирда эдим. Даврон бир куни уни мактаб ҳовлисида, катта танаффус пайти намойишкорона ёнига чақириб, қизга ялтироқ қоп­ла­мали қути узатди. – Эсингдами, бир маҳаллар шаҳарга борсам сенга албатта совға олиб келаман деб айтгандим, мана, ваъдамни бажардим. Танзила бироз уялиб, андак нозланиб, бироқ ял-ял яшнаб, дугоналар қийқириғи остида совғани олди-да, ичкарига югуриб кетди. Ўзимни қўярга жой тополмасдим. Ўша мавсум, ўша сентябр юрагимда илк бор ҳа­сад шарпаси пайдо бўлди. Мен кимман-у, Даврон ким, деган саволнинг, сўроқ белгисининг илмоқли учи кўксимга қадалди. Тунлари безовта тўлғониб иккимиз­ни қиёслаб чиқаман. Даврон бой-бадавлат, иззат-обрўли хонадон фарзанди, егани ҳам, емагани ҳам олдида, истаса, санаторийда дам олади, истаса осмондаги юлдузни юлқиб олиши мумкин. Устига устак, келишган, полвон, пўрим йигит. Мен-чи, етим ўсган бир бечора. Бировлар машҳур гўшаларда, маишат оғушида юрган пайт, чўлнинг ит топмас бир бурчагига бориб, уч-тўрт сўм илинжида ёз бўйи косовдай қорайиб ер чопаман, экин суғораман, ён-атрофда биров таниб, биров танимайди. Мен тунларни кунларга, кунларни тунларга улаб шу тахлит таққослашга берилар эканман, Даврон мендан хийла узоқлашиб, улкан қояга айланиб бораётганини, ўзим эса кичрайгандан кичрайиб, митти ҳашоратга дўниб қолаётганимни пайқайман. Таққослашга берил­ганим сайин Танзила мендан олислаб, Давронга яқин­лашиб бораверарди. Назаримда, уларнинг даражаси бир-бирига тенгдек туюларди. Мен ҳам дўстимдан, ҳам севгилимдан муқаррар айрилиқни бўйнимга олиб, тушкунликка туша бошладим. Дарду дунём қоронғу, хаёлларим паришон эди. Шундай бефайз, беҳаловат кунларнинг бирида кечки пайт дарвозамиздан отасидай гумбурлаган овоз бериб, қандайдир ялтироқ тугунчани қўлтиқлаб Даврон кириб келди. Эгнида ўша қимматбаҳо кулранг костюм-шим, оёғида учи ингичка туфли, ҳамишагидек ораста, ҳамишагидек кўркам. – Меҳмонни кутиб олмайсанми, дўстим! – деди у тантанали товушда. Унинг шодон қиёфасидан негадир энсам қотди. Зўраки илжайиб, истамайгина кўришдим. Ичкаридан онам отилиб чиқди. Одатдагидек Давронни қучиб, алқаб, манглайидан ўпиб қўярга жой тополмай қолди. Бу орада янгам меҳмонхонани ҳозирлашга улгурди. Онам ошхона томон шошилди. – Бугун туғилган кунинг, – деди Даврон хонтахта ёнига ястаниб ўтираркан, – ўзинг бехабар-ов…

Ўша ёз чўлу дашт жазирама қуёшдан эмас, менинг кўксимда ловуллаб турган ишқ-севги оловидан лов-лов ёнди. Узоқ-яқинда жимир-жимир кўринаётган сароблар, телбавор эсаётган гармсел менинг оҳимдан, менинг изтиробларимдан кўтарилар эди. Негадир гоҳ ҳўнграб-ҳўнграб йиғлагим, гоҳ қаҳ-қаҳ уриб кулгим, баъзан баралла маъюс ва ҳазин қўшиқлар айтгим келарди. Поччамнинг “Весна” деб номланадиган магнитофони ҳамиша ёнимда: энг машҳур ҳофизларнинг ишқ-севги, вафо-садоқат, ёр изтироблари васф этилган қўшиқларини берилиб тинглайман, ўз юрагим суратини кўргандай бўламан. Соғинч, соғинч ва яна соғинч мени беомон ўртарди. Поччамга тегишли экин далаларида, лойқа сувли канал бўйларида мажнунваш кезинардим. Ич-ичимни бир дард, бир оғриқ кундан-кунга кемириб борарди. Бу дард, бу оғриққа на Танзила териб юрган гиёҳлар, на Даврон дўстим дам олаётган жойлардаги шифобахш сувлар малҳам бўларди. Шундай дилгир, зерикарли кунларнинг бирида ногоҳ сибизға чалгим, сибизға садоларини тинглагим келаётганини пайқаб қолдим! Кўз ўнгимда Абсал полвон жонланди. Жонландию устоз айтган сўзлар хаёлимда чақмоқдай чақиб ўтди. “Полвон қули бўлиши керак бўлган учинчи нарса бир кун ўзи сизларни топиб олади. Куйдиради, кулдиради”. Мен экин даласи биқинидаги чайлада маҳзун ўтирарканман, хаёлимга туйқус келган фикрдан яшнаб кетдим: “Демак, полвонни қул қила оладиган, Даврон ҳам чираниб эслай олмаган нарса – муҳаббат!” Мен ўз кашфиётимни ҳозироқ дўстимга айтмоқчи бўлгандай атрофимга алангладим. Аммо… айни пайтда Даврон тоғу боғларга бурканган гўшада дам оларди. Теварагим олов пуркаётган офтоб остида ҳансираб, лоҳасланиб ётарди. – Укажон, сенинг бир касалинг бор-ов ичингда, – деди бир куни опам мени тузукроқ боқолмаётганидан афсусланиб. – Бунинг дарди маълум, – деб айёрона илжайди поччам, – боврини ерга бериб, фақат “Муножот”ни эши­­тишидан ҳам билмаяпсанми, менга жуда таниш аҳвол. Неларнидир ғира-шира англаган опам аччиғ­лан­ганнамо чимирилди. – Қўйинг-е, Норсоатга ундай нарсаларга ҳали эрта. – Айни пайти-да, – деб бўш келмади поччам. Мен чопиқ кутиб қолганини баҳона қилиб, қизара-бўзара ўрнимдан турдим. Биз Абсал полвондан узоқлашган эдик. Ўша ёз икки ойлик мардикорчилик касридан, ичикиш, орзиқиш, интизорлик оқибатидан куйиб қоп-қора косовга айландим. Устига-устак, қишлоққа қайтишимдан сал аввал, қўярда-қўймай сочларимни орасталаб қўйиш ниятида қўлига қайчи олган ширакайф поччам тепа сочимнинг тубидан тиғ солиб юборди. Оқибатда, хумдай каллани буткул қиртишлаб ташламоқдан бошқа чора қолмади. Ҳоли забунимга боқиб, ўкириб йиғлагим келарди. Ахир бу аҳволда Танзила нари турсин, ҳатто мулла Мирзага ҳам кўриниб бўлмайди. Афт-ангор – қоп-қора, калла етимқирдай тап-тақир, поччам қилмишига жарима тариқасида олиб берган ола-чипор костюм-шим, эгнимда худди полиз қўриқчисига ўралган жандадай шалвираб турибди. Қишлоққа амал-тақал етиб келдиму ўзимни ичкарига урдим. Бу ёғи мактаб очилишига атиги ўн кунча вақт қолган. Демак, шу фурсат ичида соядан чиқмай бироз оқаришим, андак бўлса ҳам сочни ўстиришим керак. Онда-сонда бирор баҳона билан уйимизга Танзила кириб келади. Уни ҳаяжону қувончга қоришиб эшик тирқишидан ё дераза ортидан яширинча кузатаман. Танзила! Чинакам тоғ чечагидай очилиб кетибди! Тўлишган, тип-тиниқ юзлари, дуррача қирраларидан кў­пириб турган сочлари, сарғиш-қизғиш либоси сириб турган қомати мени оҳанрабодай ўзига тортарди. У гоҳ онам, гоҳ янгам билан гаплашиб тураркан, худди ниманидир, ненидир излаётгандай, атрофига киши билмас кўз югуртириб қўярди. У мени қидиряпти, мени, деган ўйдан бошим кўкка етгудек бўлади, аммо… минг афсуски, қизга кўриниш беришга, саломлашишга мавжуд талофатлар монеълик қиларди.

Танзила, менинг Танзилам йўқ! Даврон ҳам тез орада отаси билан аллақандай санаторийга кетишга чоғланиб юрибди.

Бошимга тўқмоқ теккандай бўлди: “Демак, Танзила энг аввал Давронга узатган экан-да?! Бу нимадан дарак? Ё… йўқ, йўқ, бўлиши мумкин эмас!” – Ҳа, нега гарангсиб қолдинг, – деди дўстим афт-ан­­горимга ажабланиб қараркан, – қўрқма, қизған­май­ман, энг машҳур шеърий тўпламлардан бераман сенга. Бироздан сўнг тўрхалта тўла китобларни олиб қайтарканман, бошқа бир ўйдан ичим илиб қолди: “Ахир… ахир Танзиланинг дафтарини қандай рад этиш мумкин?! Демак… дўстимдан хавотирланмасам ҳам бўлади…” Ўша тун китоб титиб, шеърлар ўқиб, ўзимга ёқ­қанларини “Хотира”га кўчириб чиқдим. Менинг далли-девоналарча шуғулланиб ётганимни кўриб онагинам, болам, дарсларга берилиб кетди, кўз тегмасин, деган ўйда бўлса керак, мамнун бир қиёфада олдимга гоҳ чой, гоҳ қанд-қурс келтириб қўяди. Мен… мен эса уни деярли кўрмайман. Бутун хонани, хаёлотимни Танзиланинг гўзал, жозибали сурати эгаллаб олган. Мен кичкинагина хонтахтам устига мук тушиб эмас, гўёки, Танзиланинг оёқлари остида эгилиб-букилиб ихлосу икром билан дафтар қоралайман. Лабларим шеърий сатрларни эмас, гўё юрагимдан қайнаб-тошаётган севги изҳорларини баён этади. Ниҳоят, тонгга яқин иш битди. Эртаси куни катта танаффус пайти Танзилани бир амаллаб ёлғиз учратдим-да, гўё ёвуз девни ўлдириб, унинг кокилини васл умидида маликага келтирган ботирдай, қизнинг омонатини қўлига тутқаздим. Танзила уялганнамо “раҳ­мат” дедию, синфхона томон чопқиллаб кетди. Бир гал тарих фани бўйича туман олимпиадасига қатнашиб, берилган саволларга уч соатча жавоб ёзиб топширган эдим. Сўнг гўё ҳаёт-мамотим шунга боғлиқдай ҳаяжон-ҳадик оғушида натижасини роппа-роса ўн беш кун кутдим. Ўша куни ҳам Танзилага “Хотира”сини қайтарар эканман, ўзимни худди ўша жиддий бир имтиҳон топширган, келажаги, тириклиги ҳал бўлаётган ўқувчидек ҳис этдим. Назаримда, Танзила ёзганларимни ўқиб, оҳу ноламни англаб, севгимга иқрор бўлиб, сочлари тўзғин, уст-боши юпун, яланг бош ҳолда, паришон бир тарзда қаршимга чиқиши, кўзларидан аччиқ-аччиқ ёш оқиб, бошини оҳиста кўксимга қўйиши шарт эди. Йўқ, йўқ, ундай эмас, назаримда Танзила битикларимга кўз ташлаб, қалбимни англаб, мактабдан қайтар чоғи мени зимдан кутиб туриши, тунда қочиб кетаман, қувлайсизми, дея пичирлаши, сўнг келишилгандек, ой балқиб турган кечада, у тутзор бўйлаб лайливаш-лайливаш югуриб кетиши, мени уни тутиб олиб даст кўтарган чоғ, кўксимга оҳиста бош қўйиши зарур эди. Аммо… аммо ўйлаганларим саҳро сароби бўлиб чиқди. Танзилада ҳеч бир ўзгариш сезилмади. У ҳамишагидек гулгун яшнаб, гоҳ дугоналари билан пичирлашиб, гоҳ қаҳ-қаҳ отиб кулиб ўз-ўзича, парвойи палак юрарди. Шундай бешафқат, бепарволиклар аро ўқув мавсуми ҳам битди. Сершовқин мактаб яна ҳувиллаб қолди. Менинг назаримда бутун дунё ҳувиллаб қолгандай бўлди. Чунки мен Танзилани, гўзал Танзиламни тез-тез кўриш, унинг жингил-жингил сочларини, қийиқ, қай­рилма қошларини, дуркун, келишган қоматини, пана-панадан томоша қилиш имконидан айрилдим. Устига-устак, таътил бошлангач, ҳаммамиз тўзидик. Мулла Мирза Танзилани олиб тоғлар бағрига, аллақандай қариндошиникига кетди. Янгамнинг айтишича, тоғда улар бир ойча юриб, ўша пайтлар табиблик талабида юрган қариянинг амалий фаолияти учун ҳар хил гиёҳлар йиғишар экан. Эҳ, бу фитнакор режадан ав­валроқ хабардор бўлганимда, бирор баҳона билан уларга қўшилиб олишим мумкин эди. Ҳартугул, мулла бова мени яхши кўради, ҳар учратган маҳали, Норсоатбой, сизда сўпилик сиёғи бор, вақт топсангиз, сизга “Ҳафтияк”дан сабоқ бераман, кейинги пайтлар, эскича биладиган одам қолмаяпти, тўй-маъракаларни ўт­казибгина юрасиз, деб илтифот кўрсатарди. Майли, ҳар қандай балоларга тайёрман, ишқилиб, Танзиламнинг ёнида юрсам, йирик-йирик кўзларига тўйиб-тўйиб боқсам, бас. Бироқ тирикчилик таёғи худди кўк ранг йўл белгиси каби мени бошқа ёққа бошқариб турарди. Таътилимиз бошланган кунлар онам чўлнинг қайси бир посёлкасида истиқомат қиладиган опамникига меҳмон бўлиб бориб келган эди. Норсоат ҳам кап-катта йигит бўп қолди, ёзда бекор юрмасин, келиб, менинг дала ишларимга қарашса, уч-тўрт сўм ҳақ бераман, келгуси ўқув мавсумига уст-бошини бутлаб олади, дебди поччам. Мен ноилож рози бўлдим. Ахир, бу ерда нима ҳам қиламан.

Ўша кун, ўша лаҳзадан бошлаб Танзила менга тутқич бермай қўйди. Мактабда, кўча-кўйда уни зору интизор излардим. Танзила доимо дугоналари даврасида юрар, мени кўриб кўрмасликка олар, ногоҳ дуч келиб қолган чоғ, енгил бир саломлашиб, ортиқча оғиз очишга имкон бермай, олдимдан чаққонгина узоқ­­лашар эди. Бир куни сингилчамни, акамнинг қиз­часини Танзила опасини чақириб чиқишни тайинлаб уста Абилникига юрак ютиб киргизиб юбордим. Шом қоронғулиги қуйилиб келаётган пайт эди. Орадан бир соатча вақт ўтди. На қизалоқдан, на Танзиладан дарак бўлди. Тоқатим тугаб, эндигина уй томон бурилганимда чўнтак тўла конфет билан сингилжон чиқиб келиб, Танзила опаси чиқолмаслигини, иши жуда кўплигини тантанавор эълон қилди. Ели чиққан пуфакдай бў­ша­шиб қолдим. Дарду дунём қоронғу бўлди. Биз Абсал полвондан узоқлашган эдик. Ишқ-муҳаббат мени беомон куйдирарди. На уйга сиғардим, на кўчага! Дардимни Давронга айтишга бир-икки оғиз жуфтлаган пайтларим ҳам бўлди. Аммо кулгуга қолишдан чўчиб унга ҳам лом-мим демадим. Шу тахлит беқарор, беҳаловат кунлар ўтиб борарди. Ўша ўқув мавсуми охирлаб қолган кезлар, тугаб бораётган баҳор яна қайта гуркираб, чор-атрофни ранг-баранг чечакларга, турфа ифорларга буркаб юборгандай бўл­ди! Танзила, менинг тутқич бермас Танзилам бирозгина шаштидан тушди! Мени кўрган маҳал аввалгидек ҳур­киб қочмас, ҳол-аҳвол сўрашар, узуқ-юлуқ, довдир-довдир гапларимни тоқат билан тинглар, ўзи ҳам неларнидир сўраган бўлар, гоҳо, дабдурустдан уйимизга келиб, онамнинг, янгамнинг у-бу ишларига қарашар, кўнглимни қувончу ҳаяжонга тўлдирар эди. Қиздаги бундай кутилмаган ўзгаришлар сир-асрорини баъзан ўзимча, тўғрироғи, худбинларча тушуниб бадхоҳлик билан илжаярдим. Ўша пайтлар қизлар ўртасида “Хотира” деган дафтар тутиш кенг анъанага айланган бўлиб, уни ўзлари истаган синфдошига, таниш-билишларига тутқазар, дафтар қўлига текканлар унга ўз тилакларини, шеър ё бирор матал битиб эгасига қайтарар эди. Ажойиб кунларнинг бирида Танзила ийманибгина ана шундай “Хотира” дафтарини узатди, эсдалик ёзиб берсангиз деди. Мен олам-олам қувончу ҳаяжонга кўмилиб, қиз қўлидан дафтар эмас, мулла Мирза таъбири билан айтганда, фаришта илкидан номаи аъмолини олгандай бўлдим. Дунё кўзимга чароғон кўринарди. “Хотира”га синфдошларидан бошқа “бегона”лар ҳали “меҳмон” бўлмаган экан! Демак, Танзила биринчилардан бўлиб менинг ёзиб беришимни истабди! Бундай ашёвий далиллар мен учун ёруғ ва фараҳли муждалар берарди. Еру кўкда беқанот учиб юрардим. Танзила тағин такаллуф этган ўша куни тун бўйи дафтарни силаб, ўпиб, ҳидлаб чиқдим. Назаримда, ундан севги ва бахтнинг хушбўйлари анқиётгандек, кимлардир, қачонлардир саҳифаларига ёзган тилаклар, ниятлар аслида аллақачон иккимизнинг манглайимизга битилгандек туюлар эди. Аммо тез орада жиддий муаммога йўлиқдим: дафтарга нима деб ёзишни билмай бошим қотди. Билганларимнинг, ўйлаганларимнинг барчаси оддий ва жўн туюларди. Эртаси куни бир баҳона билан мактабга бормай “Хотира”га ҳеч кимникига ўхшамаган, юрагим ҳарорати, севгим, муҳаббатим сезилиб турадиган сўзлардан териб-териб тилак ёзиш билан овора бўлдим. Минг тиришиб уринишимга қарамай, кечгача менга ажратилган саҳифаларнинг аранг ярмисини тўл­­ғаздим. Адабиёт муаллими қўярда-қўймай ёдлат­ган дарсликлардагидан бошқа бирорта ҳам шеър билмаслигим хўп панд берди. Кечки пайт велосипедга ўтирдиму Давронларникига жўнадим. Биламан, дўстимнинг уйида шеърлар, ғазаллар битилган семиз-семиз китоблар жуда кўп. Давроннинг ўзи ҳам қан­часини ёддан билади, байрам-тантаналарда айтиб юради. Ҳовлиқиб келганимни кўриб дўстим ажабланди. – Ҳа, нима қилиб юрибсан? – Зўр шеърлар ёзилган китобларингдан бериб тур, керак бўп қолди. – Ҳа, шундайми, – деди Даврон ҳафсаласи пир бўлиб, афтидан, у бирор бир жанжалли масалани ҳал қилишга иштиёқманд турарди. – Анови “Хотира” дафтарга ёзмоқчимисан? Негадир уялиб кетдим. – Ҳа… Биттаси илтимос қилганди. Каллага ҳеч нарса келмаяпти. – Танзила бўлса керак-а, – деди Даврон узундан-узоқ эснаб, – қайси куни менга бермоқчи эди, олмадим дафтарини, ҳозирча ишим кўп, кейин ёзиб бераман дедим. Тумтайиб кетиб қолди. Тўғриси, қизларнинг шу “Хотира”си ҳам роса жонга тегди.

Мен… мен бетоқат, беқарор, беҳаловат ошиқ эдим. Мактаб қучоғидагина гўзал ва оқила Танзилани кўриб, қувноқ кулгуларию ширин сўзларини эшитиб худди лабига обиҳаёт томизилган оғир бемордай жонланиб, қалбим, ўй-хаёлларим, туйғуларим таскин топарди. Севгининг бундай ўт-оташига қачон йўлиқдим ўзи?! Ахир Танзилани қишлоғимизда эндигина пайдо бўлган дамларидан бери биламан-ку?! Йўллардаги қувлашишлар, тутзордаги учрашувлар, гоҳо бирга мол ҳайдаб, гоҳо бирга мактабга келишлар, беғубор, беозор ҳазил-ҳузуллар, содда-жўн суҳбатлар, ҳамма-ҳаммаси эсимда-ку?! Балки… балки қия очиқ дарвоза ёнида ҳуркиб, жовдираб турган қизчанинг маъюс кўзларини илк кўрганимдаёқ юрагимнинг туб-тубига севги чўғ ташлагандир? Ўйинқароқ болалик, полвон бўлиш орзуси ортидан югуриб-елиб балки буни пайқамагандирман? Шўх-шаън қийқириқлар, курашдаги кетма-кет ютуқлар завқ-шавқи ўша лағча чўғни кўмиб кетгандир? Улғайиб, бўйнимиз, билагимиз йўғонлашиб нозик қад, гулгун юз қизлар қизиқишларимизни қи­тиқлай бошлаган чоғлар кўз қирим билан ўша қўшни қизни зимдан излаб қолишларим недан дарак эди? Бўйига бўй қўшилган сайин ўзини мендан олиб қоча бошлаган, ора-чора дуч келган пайт салом-аликдан нари ўтмай, қимтинибгина узоқлашадиган Танзиланинг ортидан энтикиб, ҳаяжонланиб қараб қо­лишларим недан хабар берарди? Бу юрагимнинг туб-тубида кўмилиб қолган, ўша лағча чўғ тобора яшнаб, ёнишга, куйдиришга шайланаётганидан муждалар эмасмиди? Ниҳоят, у ловуллаб аланга олди! Ниҳоят, у мени роҳатбахш ишқ гулханига ташлади! Бу ҳол тўққизинчи синфда ўқиётган чоғларим, борлиқ баҳор бўёғига бўяниб, ўз ясан-тусанига ўзи маҳлиё бўлиб турган кунларнинг бирида содир бўлди. Мактаб бўйича шанбалик ўтказаётган эдик. Қай бир синф дов-дарахтларни бутоқлашга, қай бир синф кўча-кўйни тозалашга, баъзилари синфхоналарни таъмирлашга сафарбар этилганди. Устачиликка андак уқувим бўлгани учун мени физика ўқитувчимиз чақириб, директор хонасидаги бўғинлари бўшашиб қолган столни тузатиб беришимни илтимос қилди. Раҳбарнинг кабинети узун йўлакнинг охирида, ним қоронғу бурчакда эди. Тайинланган ишни бир пасда тиндириб, директорнинг курсисига ўтириб хонани томоша қила бошладим. Орқа деворда, ихчамгина жавон тепасида калта соқол доҳий сурати, бурчакда эски бир телевизор, мен тузатган стол устида бир тахлам газета-журналлар. Негадир ичкарига очиладиган қўштабақа эшик тепасига дарз кетган. Хонадан зах ва бўёқ иси анқийди. Бир пайт ташқарида тапир-тупир қадам товушлари, қизларнинг шўх-шаън кулгулари эшитилди. Афтидан, улар бир-бирини қувлашиб келаётганга ўхшарди. Сергакландим. Қадам товушлари директор хонаси то­мон яқин келиб қолди. Ҳойнаҳой, қизлардан бири узун йўлакнинг ним қоронғу бурчагига яшириниш илинжида эди. Сабрим чидамай йўлакка қарамоқчи бўлиб шашт билан эшикни тортиб очдим. Очган заҳотимоқ эшикка эндигина суянган бир қиз мувозанатини йўқотиб ичкарига, очиқроғи, тўппа-тўғри менинг кўксимга йиқилди. – Ву-уй! Қучоғимдаги жингилтоб сочлари тўзғин, қийиқ қош­­лари қоп-қора, лўппи юз, ақиқ лабли бу сулув Танзила эди! У узун-узун киприкларини пирпиратиб, юз-кўзимга бир лаҳза ҳайрону лол тикилдию бир талпиниб қад ростлади. Қад ростладию шиддат билан ташқарига отилди. Мен карахт қотиб қолган эдим. Бутун вужудимга ҳали менга нотаниш ёқимли бир титроқ инди. Алланечук ифорлардан кўзим мастона тиниб, бошим енгил айланар эди. Ўша кун директор хонасидан қачон, қандай чиққанимни, қачон, қай тарзда шанбалик якунланганини билмайман. Билганим шулки, ҳуркак нигоҳлар, қўрқув ва уятдан бир оқариб, бир қизарган гулгун чеҳра кўз ўнгимдан сира кетмай қолди. Йўлаклардан, мактаб теварагидан, тўп-тўп қизлар орасидан киши билмас Танзилани излайман. Аммо уни учрата олмадим.

Отиб тош менга тондинг-ку, Бўлар энди, бўлар энди. Оғир кунларга солдинг-ку, Бўлар энди, бўлар энди. Мен Давронни кўздан қочирмаслик учун югургиладим. Ҳаво хийла совуқ, қор иси келарди. Еру кўк қоп-қора, тўрт қадам наридаги шарпани ҳам илғаб олиш қийин. Мен дўстимнинг шамоллаб қолишидан қўрқардим. Аммо ҳамишагидек жазава пайти унга яқин бориш хавфли эканлигини билардим. Даврон кимнингдир дарвозаси ёнига тўкиб қў­йилган ғўзапоя уюмига бориб ўзини ташлади. Ташладию ғужанак тортиб тек қотди. Мен бироз нарида икки-уч дақиқа уни кузатиб турдим. Тўйхона тарафдан яллачининг хонишлари, кураш майдони ёқдан томошабинларнинг қийқириғу ғала-ғовури баралла эшитилиб турарди. Ҳойнаҳой, совқотди, шекилли, андак вақтдан сўнг Даврон ётган жойидан туриб, букчайганча ўтирди. – Ма, курткангни кийиб ол, – дедим ёнига бориб. Дўстим мен узатган кийимларни терс бир ҳаракат билан эгнига олди. – Шарманда бўлдим, – деб ғўлдиради у ботинкага оёқ суқаркан, – бир қўлдан қолдирмади-я?! Мен дўстимни авайлаброқ овутишга уриндим. – Онг кеттинг-да. – Ҳақиқий самбочи экан. Қандай усул қўллаганини ҳам билолмай қолдим… одам нонни катта тишласаям, катта гапирмаслиги керак экан. Ўзимизча мақтаниб юрибмиз-а. – Хафа бўлма, Даврон, курашда доим зўр келиб бўлмайди, чидаш керак. – Мен отамдан хафаман. – Нега? – Ўшанда бизни қандайдир сибизғачига топширмай, шаҳарга оборганида, ҳозир зўр самбочилар бўп кетардик, ҳар хил мусобақаларда қатнашиб машҳур бўлардик. – Ношукурлик қилма, – дедим Даврондан астойдил ранжиб, – ўзинг кўтармалик қилиб йиқилдинг, бунга устозни айблама, у кишидан кўп нарса ўргандик-ку. Шу пайт уч-тўрт шарпанинг қадам товушлари бизга яқин келиб қолди. Улар “Кенгсой бургутлари” экан. – Э, бу ерда ўтирибсизларми, – деди Шайхали ҳал­лослаб, – изламаган жойимиз қолмади. – Ҳамма устимдан кулиб ётган бўлса керак у ёқда, – деб пўнғиллади Даврон. – Нега куларкан, – деб энтикди Ғиёс, мард полвон экан деб мақтаб ётишибди. Дўстим билаги билан манглайини қашлади. Одатда, мамнун бўлса, нимадандир кўнгли тўлса шундай қилиқ қиларди. – Енгилганини тан олиш марднинг иши, – деб қўй­дим яна бир карра унга далда бўлиб. Даврон ирғиб ўрнидан турди. Биз ҳам шуни кутиб тургандик. – Қуёш ҳали ботмаган! Жўшқин, тиғдай кескир ҳайқириғимиз тунд булутлар бағрини бурдалаб ўтиб, маржон-маржон юлдузларга тегиб акс-садо бергандай бўлди. Ишончу умидга, орзую иштиёққа лиммо-лим ана шу ҳайқириқ мавжларида солланиб кунлар, ойлар, йиллар ўтди. Завқли-шавқли кунларнинг бирида, ниҳоят, ўрта мактабни битириб, етуклик аттестатини қўлга олдик. Беғубор болалик, учқур хаёлот, сертупроқ йўлларнинг чанг-тўзонига қоришиб ортда қолиб кетди. Чанг-тўзонлар булути аро шижоатга, курашга, бирдамликка ундовчи баланд кўтарилган ўша қўлларгина, ўша жанговар, жарангдор ҳайқириқгина изимиздан қолмай эргашиб келар эди. – Қуёш ҳали ботмаган! Мактабимиз директори мустақил ҳаётга қадам қўйганлигимиз билан бизларни қутлаган, қувноқ қий­қириқлар, беозор ҳазил-ҳузуллар, сирли суҳбатлар авж олган ўша битирув кечаси ҳам шонли-шукуҳли шиоримиз шу тахлит яна бир карра жаранглади. Унга ўғилу қиз, ўқитувчию ўқувчи, барча-барча баб-баравар жўр бўлди. Ҳаммаси, одатдагидек, шаҳзодалардек ясанган, бир гапириб ўн кулаётган, ҳар бир хатти-ҳаракати ўзига ярашиб турган, ҳаммадан кўркам, ҳаммадан ўк­там Давроннинг биргина ишораси билан худди келишиб қўйилгандек бир лаҳзада содир бўлдию, ҳай­қириқ шиддатидан еру кўк ларзага келди. Менинг эса дилим хуфтон, кўнглим вайрон эди. Етуклик ҳужжатини эмас, шафқатсиз ҳукм нусхасини қўлига олган маҳбусдек карахт турардим. Ахир бугун биз буткул тарк этишга чоғланаётган, негадир буни тантанали нишонлаётган мана шу мактаб, унинг тош-бетон ичу таши, синфхоналари, ҳовлиси, ҳамма-ҳаммаси менга ғоят азиз ва муқаддас эди. Чечак офтоб нурига интилгандек, мен ҳам мактаб бағри сари талпинардим, топинардим. Гўё бу ерга ўқиш-ўрганиш учун эмас, яшаш-яшнаш учун келардим. Чунки… чунки томиримда қон ўрнига ишқ-муҳаббат олови оқарди.

Шаҳарлик рақиб курашчидан кўра сартарошга кўп­роқ ўхшарди: ораста сочлари сип-силлиқ, ранг-рў­йи оппоқ. Аммо… баковул полвонларни эл-халққа таништириб, солимни айтиб, рақиблар бир-бирига ҳамла бошлагандан бу ёғига атиги икки ё уч дақиқа ўтди. Чалпак бўлиб тушган Давронни рақиби кўкрагидан босиб турарди! Бу қандай содир бўлди, ҳатто илғаёлмай қолдим. – Ҳало-о-ол! – ҳайқириб юборди давра. Бироқ Эргаш мироб мартабали меҳмонлар қа­то­рида тоғдай тебраниб ўтирган Қувондиқ қайсарга бир қараб қўйди-да, кескин бош чайқади. – Йўқ, бу ғирром! Қайта бошдан курашинглар, полвонжонлар! Давра норизо гувиллаб қўйди. Ҳусан полвон ра­қибини қўйиб юборар экан, бир баковулга, бир тарафдорлари ёққа ажабсиниб тикилди. – Қани, давра совуб қолмасин, полвонжонлар, олишинглар! – деб ҳеч нима кўрмагандай у ён-бу ён юринди Эргаш мироб. – Эй! Бу ўрнидан ирғиб турган Давроннинг қичқириғи эди. – Эй! – деди у баковулнинг елкасига туртиб, – нима деяпсиз ўзи? Қандай ғирром, ҳалол ташлади-ку?! Даврон шундай дедию шиддат билан даврадан чиқиб кетди. Мен унинг одатдагидек жазаваси тутганини тушундиму, болалар ушлаб турган Давроннинг қалин камзулини, ботинкасини олиб орқасидан югурдим. Ана у! Устидаги яктакни ечиб дуч келган ёққа улоқтирдию қоронғулик қаърига ўзини урди. Тўйхона тарафдан яллачининг баланд хонишлари жарангларди.

– Даврон, – деб қичқирди болалардан бири, – биз зўр стадион қурдик, юр, сенга кўрсатамиз. – Қани, юринглар! Болалар дувва йўлнинг нариги тарафига ўтиб олишди. – Мен ҳозир етиб оламан, бораверинглар, – дедим улар орасидан секин сирғалиб чиқарканман. – Яхши, сен Танзилани уйига олиб бориб қўй, – деди Даврон қандайдир буйруқ оҳангида, – кечқурун қиш­лоқ оралаймиз. Бугун уйқу йўқ. Шу пайтгача чайлада мириқиб дам олганимиз етар. Мен Танзиланинг ёнига келдим. – Ассалому алайкум, ака, яхши келдингизми? – деди у қизариб-бўзариб. – Ўзинг қалайсан? – Яхши. Ҳозир каникул. Уй ишларига қарашиб юрибман, – Танзила гапирардию, соғинч, қувонч лим­мо-лим нигоҳларини ҳар ён олиб қочарди. – Мана, сигирларни ҳайдаб келаяпман. – Қани улар? – Уйга етиб қолгандир. – Эсли сигирлар экан. Танзила қиқирлаб кулиб юборди. Биз гаплашиб қишлоқ томонга юрдик. – Чин полвон бўп кетибсиз, – деди Танзила менга меҳр билан кўз ташлаб. Унинг сўзларидан, қарашларидан яйрардим. Биз Абсал полвондан узоқлашган эдик. Танзила ўша ёз бешинчи синфни тамомлаган, чиройига чирой, бўйига бўй қўшилиб қолган эди. Уста Абил уни еру кўкка ишонмай парваришлар, топган- тутганини унга атар, ҳар гал шаҳарга борганида, қизи учун атай нимадир олиб келар эди. Енги, этаги калта, шаҳарча фасондаги кийимларига, тилла-кумуш тақинчоқларига, шалоладек ёйилган соч турмакларига қишлоқ қизлари ҳавасу ҳасад билан қарашарди. Мулла Мирза неварасининг шаҳарча ясан-тусанини, ўз таъбири билан айтганда, шайтоний нағмаларини кўрганда одатдагидек калимаи шаҳодатни тилга олиб, қўлини юзига пардалар қилиб панага қочар, аммо Танзила бобосини учратган жойида меҳр билан бўйнига осилиб ялаб-юлқаб ташлар, ноқобил, ноақл фарзандларидан рўшнолик кўрмаган қария мумдек эриб кўзларига ёш олар, неварасини алқаб эркалар, гоҳо уни қўмсаб, соғиниб ўғлиникига излаб борар эди. Мен Абсал полвон ҳадя этган сибизғани яшириб қўйишни қайта-қайта тайинлаб онамга топширдим ва уни қайтиб ҳеч қачон сўрамадим. Биз Абсал полвондан узоқлашган эдик. Ҳолбуки, ўша йиллар шу устознинг таълими шарофатидан тенг-тўшларимиз орасида полвон бўлиб танилдик. Ку­раш давраларида номларимиз алоҳида эътибор билан тилга олинадиган бўлди. Айниқса Давроннинг шашти баланд эди. Бу орада унинг зўравонлик, жангарилик томири ҳам қабарди. Теваракдаги шаҳару қишлоқларда ўзича адолат тиклаб, ўзича кенгсойлик­лар ор-номусини ҳимоя қилиб юрарди. Ҳатто кимнидир калласини ёргани учун, кимнидир калтаклаб қўлини синдиргани учун вилоят марказида икки-уч марта милицияга ҳам иши тушди. Аммо отасининг кўмагида ҳаммасидан оп-осон қутилиб чиқди. Ўз совуғидан ўзи жунжикиб қиш эндигина кириб келаётган кунларнинг бирида қишлоғимизда катта тўй, катта кураш томошаси бўлди. Унга узоғу яқиндан номдор, унвондор полвонлар ташриф буюришди. Ша­ҳардан машҳур бир самбо бўйича спорт устаси икки нафар, бизлар тенги шогирдини эргаштириб келгани ҳақида эшитдик. – Биттасига сен, биттасига мен чиқаман, – деб тан­танавор эълон қилди Даврон, тўйхона теварагида жанжал талаб изғиб юрган пайтимиз, – энағар ша­ҳар­ликларга би-ир кўрсатиб қўяйлик. Иккинчи бу ёқ­ларга оёқ босмайдиган бўлишади. Биз ризолик, ҳамфикрлик, ҳамнафаслик аломати сифатида одатдагидек қўлларимизни мушт қилиб баланд кўтардик. – Қуёш ҳали ботмаган! Аммо ўша кеч илк бор қуёшимиз ботгандай бўлди. Кураш давраси гувуллаб турарди. Гоҳ ғала-ғовур, гоҳ қийқириқлар осмонга ўрлайди. Қўшни қишлоқлик, тўй эгасига қандайдир қариндош бўлган, ўзининг қат­тиқ­қўллиги, адолатпарварлиги билан ном қозонган Эргаш мироб бош баковул эди. У ўзининг жез жарангидай қаттиқ ва тиниқ товуши билан гоҳ даврани тинч­лантирар, гоҳ майдонга чиққан полвонларни таништириб, совринни эълон қилар, ора-чора ҳазил-ҳузул, қочирим гаплар билан томошаталабларни кулдирар эди. Биз қишлоғимизнинг атоқли полвонлари тўпида пайт пойлаб ўтирардик. – Даврон, чиқ! – деб қолди бир пайт бизга бош-қош бўлиб турган Каримбой муаллим, – анови ша­ҳар­ликларнинг бири давра айланаяпти, жуссаси ҳам кўп катта эмасакан, тезроқ чиқ. “Шаҳарлик Ҳусан полвонга талабгор борми? – дея учинчи бор эълон қилаётган баковул Давронга кўзи тушиб, мамнун бош ирғади.

– Асрама, тез-тез чалиб тур. Сизларга қўшни қишлоқда Сафармурод деган оти йўғу номи бор чавандоз яшайди, танийсанми? – Танийман, кўп кўрганман у кишини. Шунқор Ҳо­бил деган шоир у ҳақида “Жазирама” номли асар ёзган экан, адабиёт муаллими айтган эди. – Ана, кўп нарсани биларкансан, шу одам сибизға чалишга уста. Икки-уч кун қатнасанг, бип-бинойи ўр­ганиб оласан. – Сиз айтгандай бўлади, устоз. Бизникига меҳмон бўлиб боринг. – Хўп, иним, хўп. Ҳа, айтганча… Эндигина қайрилиб кетаётган жойимда устозим яна тўхтатди. – Аввал ҳам айтгандим-ов… майли, яна такрор­лайман. Кураш пайти атрофингга кўп аланглама, дав­ранинг салобати босади, суст тортиб қоласан, кучинг қочади. Икки кўзинг фақат рақибда бўлсин, ту­шун­динг-а. – Тушундим. Мен Абсал полвон берган сибизғани худди устозга тақлидан кўкрак чўнтагимга авайлабгина солиб қўй­дим. Очиғи, қишлоғимизни кўп соғиниб кетгандик. Ўн беш кунча аввал Қувондиқ қайсарнинг югурдакларидан бири гўшт-ёғ, қовун-тарвуз, асалу ёнғоқдан иборат бир дунё ош-овқат келтириб бергандан бери у ёқдан ҳеч хату хабар олмадик. Тезроқ машинага ўтириб жў­наб кетишни сабрсизлик билан кутардик. Мана, ниҳоят биз ўтирган машина оҳиста қўз­ғалди. Бизни Абсал полвон бола-чақалари билан тол­­зор биқинида кузатиб қолди. Мен аҳён-аҳён маши­нанинг орқа ойнасидан изимизга қараб қўярдим. Қўл­ларини белига тираб, ҳали-ҳануз биз томон тикилиб, баланд чинордай қад кериб турган устоз тобора кичрайиб борар эди. Беихтиёр чўл қўйнига кўчиб келган кунларимиз ёдимга тушди. Ўшанда ҳам қадрдон қишлоғимдан кўнгил узолмай машинанинг орқа ойнасидан бот-бот термулганман. Термулганим сайин улкан тоғлар митти-митти тепаликларга айланиб қолганини кўриб йиғ­лаб юборганман. Мана, бу гал ҳам устознинг тобора узоқлашиб, тобора кичрайиб бо­раётганини илғаб негадир кўнглим бузилди. Даврон эса бир гапириб, ўн куларди. – Эй, жўра, – деб қолди у бир пайт, – менинг бургутларим нима қилишяпти экан-а… Мен индамай елка қисиб қўйдим. Орадан роппа-роса икки соат ўтиб маълум бўлдики, “Кенгсой бургутлари” қишлоққа кираверишда, тутзор бўйида бизни кутиб туришган экан. Афтидан, улар бизни тантанавор қарши олишмоқчига ўхшарди. Бир пайт танаси йўғон тут панасида ғира-шира кўриниб турган қизга кўзим тушиб қолди. У Танзила эди! Негадир юрагим гурс-гурс уриб кетди. – Ия, ана, – деб қолди бир пайт Даврон, – Танзила ҳам мени кутиб олгани чиқибди! Кел, шу ерда тушиб қоламиз. Давроннинг талабига биноан машина тўхтади. – Нарсаларимизни уйга бериб қўйинг, биз бир пасдан кейин борамиз, – деди дўстим ҳайдовчига. Биз худди узоқ сафардан қайтган сайёҳлардек, йўқ, йўқ, қаттол ёвни тор-мор этиб, юрт остонасидан ғолибона оёқ оширган ботирлардек болалар томон мағ­рур-масрур юрдик. – Қуёш ҳали ботмаган! Болаларнинг туйқус қийқириғи ҳатто аста-секин уфққа оғиб бораётган қуёшни ҳам чўчитиб юборгандай туюлди. Биз ҳам қўл сермаб уларга жўр бўлдик. Бир зумда далаю дашт қувноқ кулгулар, беозор ҳазил-ҳузуллар билан тўлиб-тошди. Мен болалар билан кўришиб, галма-гал ҳол-аҳ­вол сўрашаётган бўлсам-да, аммо фикру зикрим сал нарида ҳали-ҳануз чала-ярим яшириниб турган, боя болаларнинг қийқириғига қўл силкитиб ўзича жўр бўл­ган Танзилада эди! Ички бир иштиёқ мени у томонга тортқилар, юрагимда ажиб бир ҳислар кезинарди. Ам­мо Даврон мени яна ортда қолдирди. – Болалар, мен ҳозир, – деди у атрофини ғала-ғовур билан ўраб турган дўстлари даврасини ёриб қиз томонга юраркан, – Танзила, салом, қалайсан? Танзила бир дона тут япроғини қўлида ғижимлаган кўйи уялинқираб панадан чиқди. – Ассалому алайкум, акажонлар, яхши етиб келдиларингизми? – Э, сўрама, Танзила, – деди Даврон олифталарча қўл силтаб, – роса бопландик, тинкамиз қуриди. Эссиз, шаҳарга бормадик-да, сенга зўр совға олиб келган бўлардим. – Менга ҳеч нарса керакмас, – деди қиз баттар уялиб. – Кутиб олишга чиққан қизга албатта совға бериш керак, нима, киноларда кўрмаганмисан? – Мен… мен кутиб олишга чиқмадим. Сигирларни ҳайдаб келаётгандим… сизларни кўриб тўхтадим. Қизнинг гапларига чиппа-чин ишонган Давроннинг ҳафсаласи пир бўлди. – Сени қара-ю, – деди у болалар томон юраркан, – мени кутгани чиққансан деб қувониб ўтирибман.