– Бу йил пахта планини бажаролмадик. Колхозимиз давлатдан катта қарз бўлди, – деб гапини такрорлади уполномочи Райҳонбибига қараб.
– Шу қарзни ҳар бир рўзғорга юз сўмдан бўлиб ташладик. Тўламасак, давлат колхознинг катталарини обориб турмага тиқиб қўяди.
– Менга қара! – деди Фармонбек, колхозингнинг катталари қирда юрган сурув-сурув қўйларини сотиб тўласин! Болаларим икки ойдан буён гўштли овқат егани йўқ. Шу пулга қараб ўтирибмиз. Менинг пулимга тегма!
– Иложи йўқ, Фармон тоға. Яна бироз чидаб турасизлар. Буйруқ шунақа. Ёқмаса кўчиб кетинг, тоға, осон жойда ош борми?
Гапга бирдан Ойбарчин аралашди.
– Тоға, ёз бўйи ишладик, чопиқ қилдик, кейин пахта тердик. Қишда ҳам мана, кўсак чувиб, давлатга пахта топшираяпмиз. Майли, ойлик бермайсизлар. Нега шунча ишлаб ҳам яна қарз бўламиз?
Уполномочи Райҳонбибига қаради:
– Янга, бу қизга тарбия бермабсиз. Катталарнинг гапига аралашмасин!
У шундай деди-да, Ойбарчинга ҳам танбеҳ берди:
– Ҳе, уятсиз, бор кӯсагингни чуви.
– Бормайман! Кўсак ҳам чувимайман! Агар отамнинг нафақа пулини тортиб олсангиз, газетага шикоят ёзаман!
Келганлар хохолаб кулиб юбордилар.
– Билганингни қил, ўзбошимча, – уполномочи шундай деди-да, кейин Фармонбекка яқин келди.
– Қани тоға бир имзо қўйворинг.
– Имзо-пимзо қўймайман! Пулимни бер!
– Бўпти, пулингизни колхоз идорасига бориб, раиснинг қўлидан оласиз...
… Оиладаги бояги хурсандчилик тугаб, ҳамманинг дили хуфтон бўлди.
– Эна, газетага “қишлоғимизнинг катталари бешафқат, тошбағир одамлар. Колхозимиз давлатдан қарз бўлди деб отамнинг нафақа пулини тортиб олишди” деб ёзиб юбораман.
– Ёзиб овора бӯлма. Буларга Худо бас келмаса, бандасининг кучи етмайди...
Ойбарчин эрталаб энаси пиширган ширчойни ҳам ичгиси келмаӣ мактабга жўнади. Дарсда ҳам хаёл суриб ўтирган эди, директорнинг котибаси кириб келди.
– Муаллим, ўқувчингиз Фармоновани директор чақиряпти.
Ойбарчиннинг юраги шувв этиб кетди. “Ҳойнаҳой кечаги гапларини уполномочи келиб директорга айтган бўлса керак. Энди, директор ҳам роса койийди...”
Котиба директор кабинетининг эшигини очди-да, ўқувчи қизга ишора қилди:
– Кир!
Директор дафтарга нималарнидир ёзиб ўтирган жойида бошини кўтариб Ойбарчинга қаради.
– Ассалому алайкум, муаллим...
– Ваалайкум ассалом. Кел она қизим. Яхшимисан? Ота-онанг, укаларинг эсон-омонми?
– Яхшимиз, муаллим.
Ойбарчин шундай деди-да, кўзларига дувв этиб ёш келди.
– Ҳа қизим, нима гап, тинчликми?
– Кеча уполномочи почтачи билан келиб отамнинг икки ойлик пенсиясини “колхознинг қарзига тўлаймиз”,- деб бермай кетди. Мен уларга “сизларни газетага ёзаман”,-дедим. Шуни сизга айтган бўлишса, койийсиз деб ўйладим.
Директор бир зум ўйланиб қолди. Кейин ўрнидан туриб у ёқ-бу ёққа юрар экан, деди:
– Ёзма қизим. Сен яхши одамлар ҳақида ёз. Ортидан жанжал, нохушлик келадиган нарсаларни ёзма. Ҳали бу қийинчиликлар унутилиб кетади. Насиб қилса, сизлар коммунизмда яшайсизлар. Коммунизмда тўкин-сочинлик бўлади, ҳамма яхши кийинади, тўқ яшайди.
– Муаллим коммунизм бирдан, бир кунда бошланадими?
– Ҳарҳолда бир кунда бўлмаса ҳам, партия ва ҳукуматимиз режалаштирган пайтда жуда тез ўтилади.
– Муаллим, давлат “халқни коммунизмга бирдан ўтказамиз”,- деб қараб ўтирмасдан одамларнинг ҳаётини аста-секин яхшилаб, ӯтказиб борса бўлмайдими?
– Кел, қизим, бу гапларни қўяйлик. Мана булар, – у стол устига бир нечта қоғоз қўйди, – ёзган мақолаларингга газеталардан келган қалам ҳақлари. Жами эллик сўмдан ошиқроқ. Ҳозир бориб почтадан бу пулларни оламиз. Сўнг сумкангга яхшилаб бекитиб, уйингга борасан.
Ойбарчин почтада бир нечта қоғозга имзо қўйгач, ўзига узатилган пулларни санади. У ҳеч қачон бунча пулни қўлида тутиб кўрмаган эди. У ўзини бирдан пул ишлаб топа оладиган катта одам ҳис қилиб, кўнгли фахрга тўлди. Бироқ дилидан бошқа нарсалар ҳам кечди. У ўзини бошлаб келган директорга қаради:
– Муаллим, сиз бирга келмасангиз, менга бу пулларни беришмас эдими?
– Йўқ, беришарди. Мана энди келиб шу ердан ёзган нарсаларингнинг ҳақини олаверасан.
– Муаллим...
– Ҳа, она қизим.
– Ариқ қазиймиз, ягана, чопиқ қиламиз, пахта терамиз, кўсак чувиймиз, лекин давлат иш ҳақи бермайди. Лекин мана, озгина нарса ёзсам ҳа