Кутганимдай, бор машмаша Фирдавс Арофатга уйланишга қарор қилган кундан бошланди…
— Сайёра, Султонхон опа одам жўнатибди, — деб қолди бир куни янгам супадаги ёстиққа ёнбошлаб, ўтган воқеаларни эслаб ётганимда.
Сакраб ўрнимдан туриб кетдим.
— Қани?! — дедим эсанкираб.
— Уларникига бораркансиз…
— Нимага?
— Меҳмондорчиликка-да, нимага бўларди? Ахир тўйбоши ўзингиз-ку!
Оқшом тушиб, йўлга отлангунимча минг хаёлга бордим.
Ўшанда Фирдавс онасига: «Совчи юборинг», деганида, Султонхон опа сапчиган экан. «Нима, келиб-келиб шу қизга ишқинг тушдими?! Уйида бир этак бола, ейиш-ичишининг тайини йўқ! Қудам деб, нимасига одам етаклаб бораман уларнинг?!» дея рози бўлмабди. Фирдавс у-бу деб кўрибди, аммо онасига бас кела олмабди. Сўнг онасига мени рўпара қилди.
— Беш йилдан буён уйимда яшайди, ақлли, фаросатли қиз, — дедим гапни узоқдан бошлаб. — Муҳими, ўғлингизни деса, жонини беради. Аёл киши эрини севса, албатта, бахтли қилади. «Йигит моли ерда», деган гап бор. Ҳозирги замонда бир йигитнинг топган-тутгани билан икки-учта оила тўкис яшаяпти. Ўғлингизга Аллоҳ беряпти, қудаларингиз ҳам яхши бўлиб қолишар, — дедим.
Султонхон опа ўйланиб қолди. Уйга келгач, Арофатдан эшитган гапларни эсласам, ҳали-ҳануз кўзимга ёш келади.
— Сайёра опа, биламан, сиз Фирдавснинг ойиси билан учрашиб келдингиз. У бизнинг турмушимизга рози бўлмаса ҳам, «Энди Арофат қизимга қийин бўлади», деб ўйламанг. Мен… Мен севдим, кўнглим ёруғ туйғуларга тўлди. Ҳозир баҳорни, одамларни, ҳамма-ҳаммани яхши кўраман. Агар Фирдавснинг ойиси рози бўлмаса ҳам, мен ўзимни ғариб, забун ҳисобламайман. Энди яшашга кучим етади, — деди.
Ниҳоят, тўй ҳам бўлди. Ҳамма расм-русумларнинг бошида туриб, шаҳарга қайтганимдан буён бу хонадонга қадам босмагандим. Мана, орадан шунча сувлар оқиб ўтгач, уларникига яна боряпман…
Эшикни Фирдавсга ўхшаб кетадиган бўйчангина бола очди. Гулзорлари яшнаб турган кенггина ҳовли экан. Дарвозадан киришинг билан райҳон иси гуркирайди.
— Қани, қудажон, бормисиз? Тўйни ўтказдингиз-у қочдингиз… Шунақаям бўладими? Келмасангиз, энди болаларни олиб, ўзим йўлга чиқай деб тургандим, — дея қарши олди мени Султонхон опа.
Унинг суюнгани шундоқ юз-кўзидан сезилиб турарди.
— Ҳа, энди, «қуда бўлиб эшигим тагида ётиб олди», деган гапдан кўра, соғиниб кўришган яхши-да, — дедим мен ҳам унга қучоқ очиб.
Ҳазил-ҳузул билан сўрашдик. Арофат кўринди. Бағримга босиб кўришар эканман, негадир йиғлагим келди.
— Келин эмас, тилла берган экансиз, шунақа фидожон, зийрак, сергак. Худойимга шукр, дейман, қудаларим ҳам ер олиб, бағрига шамол тегиб қолди.
Султон опа ҳар гапида келинини алқар, «Қизим йўқ, деб ўксимайман», дер, мен эса Фирдавсни кутардим. «У нима деркан? Унинг кўнгли қандай экан?» деган хаёллар миямда чарх урарди. Суюқ-қуюқ таомлар тортилгач, Фирдавс кўринди. Кўришиш учун менга эгилиб, елкасини тутди.
— Ишқилиб, ноқис калласида ҳар хил хаёллар кўтариб юрадиган опангиздан хафа эмасмисиз? — дедим Фирдавсга сирли оҳангда.
— Ўша куни бошқа йўлдан юрганимда, Сурайё опам мени эмас, ўртоқларим Мирзаними, Зиёдними учратиб қолганида нима бўларди, дейман. Арофатни уларга рўпара қилармиди, дейман. Шу ўйлашимнинг ўзидаёқ рашким келади, — деди Фирдавс.
Бу гапларга Султонхон опа тушунмади. У гоҳ ўғлига, гоҳ менга ҳайрон бўлиб қаради.
— Қанақа Зиёд, қайси Мирзо? — деди сўнг ичи қизиб.
— Ҳа, бир гап эсимга тушиб кетди-да, — деди Фирдавс.
Сўнг ҳовли адоғига қараб:
— Аро, яширганларингни ҳам олиб чиқ, бир байрам қилайлик, бугун бошқачароқ кун, — дея қичқирди.
Унинг овозида бахтнинг жаранги бор эди…
Муаллиф?