Онанг ҳам кексайиб қолган, укаларингнинг уйига сиғмайсан барибир”, - деди. Ўйланиб қолдим. Эртасига қизим билан маслаҳатлашдиму, яна Тошкентга қараб кетдим. “Бир бошимга бир иш, бирор бошпана топилар”,- дедим. Талабалар яшайдиган ётоқхонада менбоп иш бор экан, ётиб-туришга хонаям беришди. Шу яқин-атрофдаги аёллар билан танишиб иноқлашдик. Улардан бири менга бўш пайтларимда “ипподром”дан ул-бул олиб келиб сотиб юрсам, анча-мунча пул ишлаб олишим мумкинлигини айтди. Бозор-ўчар ишимга ҳалақит бермасди, ҳарҳолда пулим кўпайса, бир хонали уй сотиб оламан, деб ўйладим. Шундай кунларнинг бирида... Шу ердаги бошлиқлардан бири мен ҳақимда эшитиб қолиб, ўртага одам қўйди. “Менга тегса, уй-жойини ўзим қилиб бераман”, - дебди. Маълум бўлишича, у одамнинг хотини, болалари бор, менга эса яширинча уйланиб олмоқчи экан! Қаршилик кўрсатдим. Ўшанда ўзимга душман орттириб олаётганимни сезмаган эканман. Мени турткилаб, ишимдан хато топадиганлар кўпайди, ҳаммасида ўша одамнинг қўли бор экан. Ахир пулдор, амалдор одам нимани хоҳласа шуни амалга оширар экан-да. Ноилож бошқа жойдан иш ахтаришга тўғри келди. Орттирган бир-иккита таниш-билишларим ёрдам беришиб, маоши кам бўлса-да, тинчгина иш топдим. Лекин бу ерда ҳам...
Хуллас, кейинги уч йил ичида беш маротаба иш жойимни ва бошпанамни ўзгартирдим, сабаби битта - ён-атрофимдаги баъзи бир эркаклар бева эканимни билиб қолишиб, дарров мени эгри йўлларга тортмоқчи бўлишарди. Ёлғиз аёлнинг айби нима ахир? Мен эримга қаттиқ кўнгил қуйгандим. Бундан кейин эркак зотига муҳаббат қўя олмаслигимни биламан. Қачондир эрим ёнимга қайтади, деган умидим ҳам йўқ эмас. Наҳот, тинчгина яшашимга имкон булмаса?! Энди нима қилсам экан?...
-Жуда қийналиб кетганимдан, эримни қайтишини кутиб юрибман,- яқинда танишиб олган Назира исмли аёлга дилимни очдим.- Қаерга борсам атрофимда эркаклар ўралашади, менга йўл кўрсатинг, нима қилай?
Назира опа жилмайиб деди:
-Жуда чиройлисиз, истарангиз иссиқ, сўзларингиз ҳам ёқимлигина. Бирортасининг айтганига кўнинг, мазза қилиб яшайсиз!
-Мен... Мен эримдан бошқани яхши кўролмайман. Ҳалиям эримни қайтишини кутиб юрибман,- дедим.
- Сиз ғалати экансиз-ку, синглим. Ҳозир замон бошқача. Ҳамма ўзини ўйлаб яшаяпти. Шу ҳуснингиз билан ҳозир аҳволингизни ўунглаб олмасангиз, кейин кеч бўлади. Туғишганларингиз ҳам ўз кунига. Орқангизда бирор одамингиз бўлмаса, жуда қийналиб қоласиз. Яхши кўриш деганлари бекор гап, сиз эртанги тақдирингизни ўйланг!
Бу аёлнинг гаплари менга қаттиқ таъсир қилди. Тавба, замонга нима қилибди? Эгри кўчаларга юраверинг, ҳозир замон шунақа, демоқчи бўлдими у? Наҳот... Ахир ўз ор- номусини қадрлайдиган, ўзини ҳурмат қиладиган аёллар илгариям бор эди, ҳозир ҳам бор. Атрофингда бир нечта номуссиз, ҳаёсиз аёллар бўлса бордир, уларга осонгина эргашиб кетиш керакми? Асло! Гоҳида онамнинг ёнига қайтиб борсаммикан, деб ўйлайман. Йўқ, онам яна ўша эски гапини такрорлайверади: - “Ўзингга ўзинг қилдинг, битта –яримтага текканингда, ҳозиргидай бахтсиз бўлиб юрмасдинг, аввалдан синамаган кишингга дарров рози бўлиб кетавермаганингда ўзим билиб- суриштириб, сўнг узатардим”... Хуллас бу гаплар аллақачон жонимга теккан. У ёқда укаларим менга гинали қарашади. Келинларимизга ҳар битта гапим малол келгандек бўлаверади. Қизим, куёвим... Иккиси тинч яшашса бўлди, бахтсизлигимни уларга сездирмасам дейман, шаҳарда эса...Қаерга борсам,- “Ёлғиз аёл экан”, -деб дарров қармоқ ташлашади. Бунинг устига гоҳ оч , гоҳ тўқ бўлиб яшашдан кўнглим қолди. Тобора ҳаётдан кўнглим совиятгандек!
Хуллас, икки йўл орасида қолдим, гўё...
Йўлини йўқотган девонага ўхшайман. Кўнглим эса ҳамон ўша эримда. У ўтган йиллар ичида бирор мартаям мен ҳақимда ўйламагандир, мен эса ҳар куни бир марта унинг исмини такрорлайман, бир пайтлар менга ёзган хатини қайта-қайта ўқийман, олислардан туриб унга яхшилик соғинаман. Англаган ҳақиқатим шу бўлдики, бировга қаттиқ меҳр қўйсанг, бировни қаттиқ яхши кўрсанг, бора-бора ўзингга қийин бўларкан. Муҳаббатнинг қадрини ҳаммаям англаб етавермаскан. Мен севдим, аммо севилмадим.......