ХОТИМА
Даладан тушлик қилишга қайтган Олимжон ҳовлида ҳеч ким йўқлигига ҳайрон бўлди.
– Зайнаб, ҳой Зайнаб...
Бироқ эсига хотинининг бугун уйга бориб, онамни бир кўриб келаман, дегани тушди.
– Эна, ҳов эна!
Яна ҳеч ким жавоб бермади. Олимжон ҳовлиқиб деразалардан бош суқиб, уй ичкариларига қаради, лекин онасини кӯрмади. Уни бирдан ваҳима босди. “Ишқилиб энамга бир гап бўлмадимикан?” Яна хаёлидан энасининг эрталаб “сал юрагим санчиб турибди” деган сўзлари ўтди. У югуриб боғнинг анжир, анорлар экилган қисмига кирди:
– Эна, қайдасиз, эна!
Олимжоннинг нигоҳи сабзавотлар экилган жойда, жўяк четида қийшайибгина ётган онасига тушди-ю, югуриб тепасига келди:
– Эна, сизга нима бўлди, эна?
Ӯғил онасини авайлаб кўтариб олди-да, келтириб сўрига ётқизгач, супа ёқасида турган офтобани олиб, онасининг юзига сув сепди:
– Эна, кўзингизни очинг, эна!
Райҳонбиби нурсиз кўзларини очди. Ўғлини кўриб қимирламоқчи бўлди, бироқ оғриқнинг зўридан инграб юборди.
– Эна, қимирламанг!
У ҳали совиб улгурмаган чойдан бир пиёла қуйиб, энасига тутди. Райҳонбиби бошини кўтаришга ҳаракат қилди, аммо кўтаролмади. Олимжон бир қўли билан онасининг бошини кўтариб иккинчи қўли билан чой ичирди.
– Эна, сиз қимирламай ётиб туринг. Мен ҳозир ғириллаб бориб, Ботир акани олиб келаман.
У дарвозахона олдида турган велосипедни бир сакраб минди-да, учириб кетди.
Бир хона ва бир даҳлиздан иборат қишлоқ тиббий ёрдам пунктида икки кексароқ аёл навбат кутиб ўтирарди. Ҳовлиқиб кириб келган Олимжонга улар хавотир билан қарашди.
– Ассалому алайкум!
– Кел, болам, ваалайкум ассалом.
– Хола, Ботир акани обкетаман, энамнинг юрагини мазаси йўқ эди, ишдан келсам жўякда беҳуш ётибди. Обкетмасам бўлмайди, энам ўлиб қолиши мумкин. Кекса аёллар қўрқиб кетишди.
– Обкет! Обкет, ишқилиб энангни Худо асрасин! Бизлар эртага келамиз.
Олимжон ўзини шифокорнинг хонасига урди.
– Ассалому алайкум Ботир ака!
У шифокор алик олишини кутмасдан давом этди:
– Ботир ака, юринг, ишдан келсам энам жўякда йиқилиб ётган экан, рангги оқариб кетган. Юринг, Ботир ака, энам ўлиб қолмасин!
У шундай деб йиғлаб юборди.
– Ҳозир, ҳозир, ваҳима қилма, борамиз.
Шифокор боласини бағрига босиб ўтирган аёлга рецептни тутқазар экан, “бир кунда уч маҳал ичирасиз, эртага эрталаб яна бир келинг”,- деди-да, Олимжонга қаради.
– Юр!
Шифокор дорилар солинган қутисини кўтариб, йигитнинг ортидан чиқди. Улар ташқарига чиққанда қабулхонада ўтирган аёллар кетиб бўлишган эди.
– Ботир ака, мен валасапитимда бораман, дарвоза очиқ, сиз кириб бораверинг, – деди Олимжон мотоциклига қараб кетаётган шифокорга. Шифокор мотоциклини педалини бир тепиб ўт олдирди-да, йигитга буюрди:
– Ўтир орқага. Валасапитингга ҳеч ким тегмайди. Кейин обкетасан.
– Йўқ, қичаб ҳайдайман, сизга етиб юраман.
Мотоциклда елиб кетган шифокор ортидан Олимжон ҳам изма-из кириб келди. Икковлашиб сўрига яқинлашдилар. Шифокор кўзларини очиб, сўри тепасидаги ишкомга қараб ётган Райҳонбибига яқинлашди. Момонинг билагига бармоқларини босиб, томир уришини санади.
– Момо, нима иш қилаётгандингиз, юрагингиз сал безовта ураяпти.
Райҳонбибининг жонсиз лаблари зўрға қимирлади:
– Молларни суғораётувдим...
– Момо, энди қимирламай ётиб турасиз. Мен олдингизда ўтираман. Олимжон бориб Хатирчидан керакли дориларни олиб келади. Лекин сиз қўрқманг, юрагингиз қувватга киргунча уч-тўрт кун қимирламай ётишингизга тўғри келади.
Шифокор чамадончасидан фонендоскоп чиқарди:
– Қани, момо, юрак уришингизга ҳам бир қулоқ солиб кўрай.
У беморнинг юрак уришини диққат билан текширгач, Олимжонга қаради:
– Юр мен сенга керакли дориларни ёзиб берай.
– Ботир ака, энамга нима қилибди? Юрагининг мазаси йўқроқ эди, оғирлашиб қолибдими?
– Энангга ҳеч нарса қилгани йўқ, оғир кўтарганига юраги зўриққан.
Икковлон дарвоза томон юрдилар. Бемор эшитмайдиган жойга етгач, шифокор Олимжонга қаради:
– Ука, онангнинг аҳволи оғир. Тез бориб Хатирчидан аввал опангга қўнғироқ қил. Келиб энангни авайлаб Тошкентга олиб кетсин. Сен мана бу ёзиб берганларимни топиб кел. Мен онангга қараб ўтираман.
Олимжон яна велосипедга ўтириб, қишлоқдан бирор икки километр наридаги катта йўл томон елиб кет