Барибир, фойдаси бўлмади. Шунда руҳшунос битта гап айтиб қолди уларга. Жамилада кузатилаётган қайсарлик, инжиқликлар шунчаки ҳомиладорликдан, кейин ўтиб кетадиган ҳолат экан.
Чиндан ҳам, ота-онаси ва Темур қизни бирпас тинч қўйишди. Сабр қилишди. Шунда офтоб чиқди уларнинг осмонида. Жамила яна Темурга розилик билдирди.
Тўй ихчамгина бўлди. Аслида, Темур орзу-умидлар билан, унга оқ кўйлак кийгизиб, катта тўй қилиб олиб кетмоқчи эди, Жамила рози бўлмади. Эл гап қилишидан қўрқди. Аслида, Темурнинг маломатга қолишини истамади.
Тўйдан сўнг Темур Жамилани ўз ҳолига қўйди. Кунларнинг бирида эса…
Ишдан қайтган Темур ичкарида бақир-чақирни эшитиб, сал қия очиқ эшикдан тўғри кириб келаверди. Иш аслаҳаларини айвондаги столга қўйиб, меҳмонхона томонга қулоқ тутди. Афтидан овоз эгаси қайнонаси эди. Дам-бадам Сабоҳатнинг ҳам овози чиқар, у она-болага уришмаслигини, Темур келса, бафуржа гаплашиб олишларини айтиб, тинмай ялинарди.
Темур ичкарига кирганида, хотини ҳам, қайнонаси ҳам унга кўзи тушиши билан жим бўлди. Ҳол-аҳвол сўради. Темур хотинининг рўпарасига, қайнонасининг ёнига ўтирди.
— Онам қани? — деб сўради Темур Сабоҳатдан.
— Холам дўхтирга кетганди, ҳозир келиб қолади, — Сабоҳат ҳам кўзини олиб қочди.
Темур яхшиси ўзларидан сўрай қолай деб, она-болага юзланди.
— Нима бўлди?
— Ҳеч нима, шунчаки, озгина тортишиб қолдик, — дея қайнонаси юзини терс бурди.
— Нима бўлди? — энди хотинига юзланди Темур.
— Ўзимиз, сал қизишиб кетдик…
— Қизишиб кетдинг?! — қошларини чимирди онаси, сўнг овозини баландлатиб, қўлини пахса қила кетди. — Қизишиб кетиб, яна нималар қилганингни ҳам айт, гапир, нега жимсан? Айт!
— Бўлди қилинг, она, уриш қилгани келганмисиз? — деди Жамила. Сўнг эрига қаради.
Темур унга шундай тикилиб ўтирардики, эрининг нигоҳига дош беришнинг имкони йўқдек эди. Дарров кўзларини олиб қочди.
— Жамила?!
Жамила Темурга қарамади. Яна икки марта чақирди уни Темур, барибир қарамади. Шунда қайнонасининг ўзи айтиб қолди. У гапни дастлаб Темурдан бошлади:
— Хотинингиз билан бемалол эр-хотинга ўхшаб яшайверинг, куёв бола!
Темур Сабоҳат узатаётган чойни қўлига олгач, қайнонаси нимани назарда тутаётганини англай олмай, унга тикилди.
— Нега анграясиз? Энди ҳаммаси ортда қолди, қизим ҳомиладор эмас!
Темур қайнонасидан кўзини узмас, аммо унинг нима деяётганини яхши англаётган ҳам эмасди. Жамила онасига бошқа гапирманг, деб илтимос қилганида, аксинча, онаси тутақиб кетди. Бақириб юборди, куёвига қараб, қизини кўрсатиб йиғлай бошлади:
— Бу аҳмоқ аллақандай таблеткалар ичиб юрган экан. У энди ҳомиладор эмас, ўғлим, у боласини ўлдирди. У ҳомиласини нобуд қилди. Нобуд қилди. Дўхтирлар унинг мажруҳ туғилишини айтишган экан, бу аҳмоқ Худога ишонмай, дўхтирларга ишониб қўя қолган, болам, қизим фарзандини ўлдирди…
Темур кар-соқов, шол бўлиб қолганди. Қайнонасининг хонадан йиғлаганча ўқдек отилиб чиққанини ҳам, уни юпатиш учун ортидан Сабоҳат кетганини ҳам сезмади. У фақат Жамила келиб қўлларидан тутганида ўзига келди. Хотинига ўгирилди. Темурнинг нигоҳидан бирор маънони уқиб олиш амримаҳол эди. Кўзлари ҳам бемаъно боқарди.
— Нега бундай қилдинг? — деб сўради Жамиладан.
— Темур ака!
— Биласанми нима? — деди Темур юзини бошқа томонга буриб. Сўнг эшитилар-эшитилмас шивирлади. — Болалигимда, икки кун қишнинг қаҳратонида кўчада қолиб кетганман.
Темур нега бундай деганини Жамила яхши тушунмади. Унинг гапини давом эттиришини истаб, оғзига маҳтал бўлди.
— Мен ота бўлолмайман, Жамила, чунки мен ўшанда…
Темур ортиқ гапиролмади. Кўзидан бир томчи ёш думалаб тушди. Аллақаердандир, радиоми ёки магнитафонданми нотаниш ҳофизнинг таниш дард ҳақидаги қўшиғи элас-элас қулоққа чалинарди:
Гоҳ савоб, гоҳ гуноҳ, тиним билмайди,
Одамлар гумроҳми, сабрсизми ё?
Айбларинг ювмоққа изн бермайди,
Бир томчи ёшчалик қадрсиз дунё!