— Ўша Карим балога йўлиқмаса розимасман дебди. Ана, Лутфиниса опа гап топиб келди. Ундай болам йўқ деганмиш. Роса қарғаниб, сўзланганмиш!..
— Шунақами? — деди Карим муштларини тугиб. — Аниқ қарғабдими?
— Вой, Лутфиниса опага зарилми ёлғон гапириб? Ё энангизни билмайсизми?
— Ўлдираман уни! — хириллаб атрофга аланглаганча нимадир қидиришга тушди Карим. — Мана шу қўлларимминан бўғизлайман!
— Вой, бу нима деганингиз? — Хурсаной чопа келиб эрининг елкасидан тутди. — Энди бир камим қамоқхонага “пердачка” ташишмиди? Кўрган куним етмайдими? Ўлдирмайсиз! Қўлингизни қонга булғаганингизга арзимайди у хотин.
— Унда нима қилай? Индамай қарғиш эшитиб ўтираверайми?
— Уйига боринг-да, сигирининг биттасини индамай етаклаб чиқинг! Ҳақингиз бор сизниям! Анави қора мўнди эридан бўлган болалари ҳар куни сут-қатиқ ичади-ю, сиз ичмайсизми? Сиз ердан чиққан қўзиқоринмисиз? Боринг, ҳақингизни талаб қилинг, Карим ака!..
Хурсанойнинг бу гапидан сўнг Карим сал шаштидан тушган каби бўшашди.
— Тўғри айтасан, хотин, — деди у ерга чирт этиб тупуриб. — Ўлдириб барака топмайман барибир. Ҳа, сигирини етаклаб келаман. Қани, кўрай-чи, бу сафар ҳам мелисага чопармикан. Агар-чи, мелисага югурса, ишон, сенинг маслаҳатинггаям қулоқ солиб ўтирмайман. Ўлдираман ундай энани!..
— Тўғри айтдингиз, — деди Хурсаной жонланиб. — Агар шундай қилса, менам миқ этмайман. Билганингизни қилинг! Уйига ўт қўясизми, балога йўлиқтирасизми, ўзингиз биласиз. Боринг, Карим ака, вақт кетмасин! Сигирни, ўзингизнинг ҳақингизни ажратиб олинг! Қарғанганларига пушаймон есин у шум кампир!..
Жума бўлгани сабабми, ўгай отаси ҳовлида кўринмади. Карим киссавурлик одати зўр келиб жуда эҳтиёткорлик билан онаси яшайдиган ҳовлига кирди. Жўрахон опа ҳам негадир кўрина қолмади. Карим барибир ҳушёрликни қўлдан бермаслик илинжида айвонга ўтди-да, очиқ дераза орқали ичкари уйга ўғринча кўз ташлади. Хонада Жўрахон опа ҳовлига терс ўгирилганча жойнамоз устида ўтирар, Яратганга нола қиларди.
— Худойим, ўзинг гувоҳсан, — дерди у йиғи аралаш. — Тўнғичим Каримжонни ўзингдан тилаб-тилаб олгандим. Нима қилайки, тақдир экан, отасиминан ажрашдим. Аммо боламни атайин, ёмонлик кўрсин деб ташлаб кетмаганман, худойим! Бегона эркакнинг кўзига мўлтирамасин, кўнгли ўксимасин деган ниятда тоғасига қолдиргандим. Агар шу хатойим бўлса, мени жазолайвер! Боламни фалокатлардан, касофатлардан асрасанг бас! Неки бало бўлса, ўзимни кўндаланг қилавер!.. Уни, суюкли ўғлимни ҳеч қачон мелисага бермаганман. Ёмонларнинг бўлар-бўлмас ғийбатига учиб мендан юз ўгирди болам. Ахир, паҳлавондай ўғлимга ёмонликни раво кўрармидим? Яратган эгам, боламга инсоф бер, мартабасини улуғ қил, ишларига ривож бер! Болагинамни бир умр қўлини юпқа қилиб қўйма, худойим! Уям катта-катта ишларда ишласа, топгани баракали бўлса дейман! Агар шу фарзандимга яхшилик ато этмасанг, менинг жонимни ол, мени дўзахларга дўмбира қил! Жонимдан тўйиб кетдим, ахир! Фарзандимнинг бир марта эна дейишига зорман! Қайноқ меҳримни берсам, болам-болам қилсам дейман! Қўша-қўша неваралар кўрсам, Каримжоним яйраб-яшнаб юрса, киссаси пулга тўла бўлса, егани олдида, емагани ортида қолса дейман! Жон худойим, нолаларимни ўзинг ижобат қил! Мен… Гуноҳкор бандангни ўзинг кечир! Каримжонимнинг умрини узоқ қил!..
Бу нолалар ҳақиқатан дардли ва аянчли эди. Ҳатто умрида шафқат, диёнат нелигини билмай яшаган Карим киссавур ҳам онанинг фарёдини эшитиб донг қотди. Кайфи тарқаган каби ҳушёр тортди. Оёқ-қўллари ўзига бўйсунмай, на кетишни, на тураверишни билди. Юрагининг аллақаерида номаълум тафт пайдо бўлиб аъзойи баданини куйдираверди. Бу оловнинг жазаваси вужудини ўз исканжасига олди-ю, кўзларига ёш қўндирди. Тош қалбига илиқлик ато этди. Хаёлларини чалкаштириб, хўрсинишга, ҳаяжонланишга, тўлғонишга ундади.
«Мени… Алдашибди, — кўнглидан ўтказди Карим ўта сергаклик билан ортга тисланаркан. — Энамдан совитишмоқчи бўлишибди. Хотиним… Уям алдабди. Энам мени яхши кўраркан. Менга ёмонлик тиламаскан. Мени мелисага бермаганакан. Мен… Адашибман, аҳмоқлик, мунофиқлик қилибман. Ахир… Нега мараз одамларнинг, товуқмия хотинимнинг гапларига қулоқ тутдим?