📝БИЗ БАРИБИР БАХТЛИ БЎЛАМИЗ!..
Ярим тун. Нафиса эрига ёзган хатини ёстиғи устига қўйди-ю, ҳеч ким сезиб қолмасин деб оёқяланг чиқиб кетди. У ҳаммасидан тўйган эди. Ваҳоланки, кечаги кунгача у «биз барибир бахтли бўламиз», дерди. Энди эса биргина чора — ҳаёт билан видолашиш деб ўйлмоқда эди. Шунда эри бошқа турмуш қуради, эҳтимол, фарзандли ҳам бўлар…
Қамишзордан ўтиб, сой томон юра бошлади. Юраги борган сари қаттиқ дукилларди.
— Гуноҳимни ўзинг кечир!..
У шундай деб сой четига яқинлашганда, чақалоқ овозидан жимиб қолди, «менга эшитилаяптими ёки...»
Овоз келган томон шошилди. Қўлларини қамишлар тилиб ташласа-да, буни сезмасди. Ниҳоят бола ётган ерга келди-ю, чақалоқни кўтариб олди.
— Бечора болагина-я, сени ким бу ерга ташлаб кетди?! Кимга ортиқча бўлиб қолдинг? Бугун ҳаётимдан умидимни узгандим, мени ҳаётга қайтардинг…
Йўргакни очиб кўрди, ўғил бола экан. Болани қучганча қишлоқдаги онасининг уйига борди. Ўғиллари шаҳарда ишлаб қолиб, каттагина ҳовлида ёлғиз яшайдиган она, қизини бу аҳволда кўриб ҳайратланди.
— Қизим, тинчликми? Қўлингдаги бола кимники?
Нафиса ҳеч бир сўз айтолмай йиғлаб юборди.
Майли, қизим, мавриди келса ўзинг тушунтирарсан. Ҳозир болага қарайлик. Кечқурун сут соғиб қўювдим…
Она шўрлик, сутни қайнаган сув билан аралаштириб қайната бошлади. Сўнг бир амаллаб сутни қошиқчада чақалоққа бериб, қорнини тўйдиришди. Гўдак ниҳоят ухлаб қолди.
— Болам, юрагимни сиқмай тўғрисини айт, болани қаердан олдинг?
Ойижон, гулдек боласини биров қамишзорга ташлаб кетган экан. Энди у менинг болам.
— Қамишзорда нима қилиб юргандинг?
Нафиса қайнонасининг маломатларию эрининг олдида виждони қийналаётганини, ҳаётдан тўйганини — ҳаммасини сўзлаб берди. Она ҳам йиғлади. Сал бўлмаса, қизи жонига қасд қилиши мумкин экан-а! Эҳ, Яратганнинг мўъжизасини! Бечора қизи етти йилдан буён тирноққа зор эди. Қаратмаган дўхтири, табиби қолмади. Қайнонаси эса ҳар гапининг бирида ўғлини онаси ўпмаган қизга уйлантиришини таъкидлашдан тоймайди. Куёви барака топсин, шунча йил хотинига сабр, бардош тилаб, ўзи ҳам сабр қилиб кутаётганди.
Навбатдаги қайнонасининг дашноми Нафисага оғир ботди.
— Сен ўғлимни иссиқ-совуқ қилиб олгансан. Бўлмаса, туғмас хотинни етти йилдан бери ушлаб турадими! Сен туфайли бечора болам зурриёдсиз ўтиб кетяпти. Ҳаҳ, шунча жавобини бер, бу туғмас хотинингни десам, кўнмайди. Жодуинг кучли экан.
Бу гаплар Нафисанинг жон-жонидан ўтиб кетди. Ахир эри унга севиб уйланган, жавобимни беринг деса, сендан бошқаси керакмас, дейди. Яхшиси, ҳаётидан бутунлай кетаман. Шундагина эри балки тақдирга тан бериб, бошқасига уйланар. Хат ёзди: “Комил ака, мени қидирманг. Сиз бу хатни ўқиётганингизда бу оламда бўлмайман. Ўлигимни сойдан топишади, мендан рози бўлинг. Қанча тиламайлик, биз бахтли бўладиганга ўхшамадик, Комил ака… Онангиз топган қизга уйланинг. Худо насиб қилиб, фарзандлар атрофингизда чуғурлашиб юради ҳали…”
Комил хатни бир нафасда ўқиди.
— Йўқ, йўқ, бўлиши мумкин эмас! Нафис… Нафиса, нима қилиб қўйдинг?!
У сой тамон югуриб кетди. Қамишга илиниб қолган хотинининг рўмолини олиб, юзига босиб йиғлади. Нафиса уни ташлаб кетиши мукин эмас. Комил анча вақт шу ерда ўтирди. Мактаб даврида Нафисанинг қандай чиройли қиз бўлганини, битирув оқшоми унга биринчи маротаба севги изҳор қилганини эслади.
— Ойи, куёвингиз қидириб келмасидан аввал кетайлик.
— Ахир қаерга ҳам борамиз, болам?
— Жиззахдаги холамникига кетамиз. Ҳовлилари жуда ҳам катта, бизга ҳам жой топилади. Мен ишга кираман. Кейин уй олиб, алоҳида чиқамиз.
Комил Нафисаларникига келганда, улар алақачон йўлга чиқишганди. Эшик тақиллатганини кўрган қўшни аёл чиқиб келди.
— Нафисахон онаси билан Жиззахга кетди. Сизга хат ҳам қолдириб кетувди, ҳозир.
Ҳайрият, тирик экан, енгил тин олди Комил. Хатни шошиб ўқиди-ю, ҳафсаласи пир бўлди.
“Комил ака, — деб ёзилганди хатда, — мен ҳаётингиздан бутунлай кетмоқчи эдим, лекин бахтли тасодиф ҳаётга қайтарди. Энди излаб овора бўлманг. Онангизнинг ҳам айтганларини қилинг. Бахтли бўлинг”.