Мавжуда ҳукм ўқилгунга қадар ўзини анчайин яхши хис этаётган эди. Аммо "ўн олти йилга озодликдан маҳрум этилсин" деган расмий оҳангдаги овоз унинг юрак-юрагигача, тубигача игна санчиб олгандек бўлди, йигирма тўрт ёшлардаги Мавжуданинг уйдагилари судга келишга улгурмади, улар ҳаммасидан хабар топишганда, Мавжудани ва бошқа маҳкумларни ўз бағрига олган поезд пойтахт томон йўл олган эди.
Ҳаво анчайин совуқ, поезднинг панжарали ва фақат темирдан бўлган махсус камералари унданда совуқ эди. Мавжуда шу ерда кўрди, у бир ўзи ёлғиз эмас эди, у билан биргаликда яна ўнга яқин аёллар бор эди, уларнинг айримлари Мавжуда каби бу оламга биринчи тушишлари бўлса, айримлари Рисолат каби бу оламга анчайин мослашган аёллар эди. Махсус купенинг панжарали эшигидан нариги камерадаги эркаклар билан салом-алик қилиб, ҳазил-ҳузул қилиб кетаётган аёллар гўёки қамоқхонага эмас ўзлари истаб меҳмонга кетишаётгандек тасаввур уйғотади, ҳар ҳолда бурчакда қунишиб, уларни четдан кузатаётган Мавжуда шундай хаёлга борди. Қариб икки сутка йўл юрган поезд манзилига етди ва ҳаммани поезддан тушуришиб машиналарга ўтказишни бошлашди. Бу ҳолат Мавжуда учун ваҳимали туюлди, бу ердагилар "энди зековозга ўтказишади" дейишгандан кейин буниси нима экан деб ўйлаган Мавжуда тез орда "зековоз"ни кўрди, у ҳаммамиз биладиган Зил машинаси экан, фақат уни ҳам темирдан махсус ясалган камералари бор экан, ўша машиналарга келтирилган барча махбусларни ўтказишни бошлашди, биринчи навбатда аёллар ва вояга етмаганларни ўтказишаётганда Мавжуда қатор туриб олган қуролли аскарларни, айримларини ёнида турган баҳайбат итларни ҳам кўрди, аскарлар ўзини олдидан ўтган, ўтганда ҳам югуриб ўтаётган махбусларни туртиб-туртиб қўяр эди, шу ҳолатда тез фурсат билан барчани машиналарга жойлашди, машина камераси ўртасидан узунасига иккига бўлинган ҳолда ясалган экан, шунинг бир тарафига барча аёлларни бир тарафига эса вояга етмаганларни тиқишди, қолган машиналарнинг барчасига эса кўпчиликни ташкил этадиган эркакларни жойлаштиришди.
Бу ҳолатда ўтириш тугул, тик туриб кетишнинг ўзи амримаҳол эди, машиналар камми ёки атайин шундай қилишадими олти одам кетадиган жойга ҳозир ўн икки нафардай аёллар бир-бирларига ёпишиб, машинанинг чайқалиб-чайқалиб юришидан урилиб-сурилиб тик ҳолатда чамаси бир соатлардан кўпроқ йўл юришганида, машиналар тўхтади. "Турмага келдик ва ниҳоят, вау" деб қўйди шу ердаги аёллардан бири, Мавжуда билдики, ўша киноларда кўрган "тюрма" деб аталадиган даҳшатли жойга келишибди, унинг юраги орқага тортди, у аввал бошида ҳеч ҳам қўрқмаётган эди, энди эса уни тобора қўрқув қамраб олаётганидан ваҳимага туша бошлади. Машина силтаниб бўлса ҳам юргани яхши экан, мана йигирма дақиқадан буён тўхтаб туришибди, машина ичкарисида эса ҳаво етишмай қолди, кимдир ҳожат истар, кимдирни кўнгли беҳузур бўла бошлаган бир пайтда, шарақ-шуруқ қилиб машина эшиклари очилди. "Вой Худойим-ей", ўйлади Мавжуда, "бу темир эшикларнинг очилиши ҳам бунча ваҳимали, тағин ҳамма темир эшикларни овози бир хилга ўхшайди", деб қўйди у.
Бу ерда ҳам ҳаммани алоҳида қилиб ажратишди, аёллар, эркаклар, вояга етмаган махбуслар кутиш камераларига ёпилдилар, бу ер анча кенг экан, айланасига ўтириш учун ўриндиқлар бор, дераза каттагина бўлиб у ҳам панжарали аммо ундан совуқ ҳаво кириб турибди, бурчакда ҳожатхона жойлашган, у ярим метрлар баландликда қилиб темир тўсиқ билан тўсиб қўйилган, унинг тепасида жўмраклари занглаб кетган, бурагичи йўқ ёки атай суғуриб олинган водопроводдан худди ёш болакай "учириб" тургандек, жир-жир сув келиб тўғри унитазга тушиб турибди, ҳамма чанқаган эди, шу сувдан ичишиб чанқоқларини босган аёллар тизилиб ўтириб олишди, айримлари сигарет тутатишга ва айримлари нос отишга ҳам тушиб кетишди. Мавжуда умрида биринчи бор нос чекаётган аёлларни кўрди ва жирканиб қўйди, чунки бу манзара бирам хунук бўлиб нозик хилқатнинг нозиклигига салбий таъсир этувчи кўриниш эди. Ҳамма ўзаро суҳбатлашишга тушиб кетишди, Мавжуда четдан уларнинг гапларига қулоқ солар, мавзу фақат шу қамоқхона ҳақида эди. "тавба" деди ичида Мавжуда, "буларни бошқа дарди йўқми, кўпчилиги хурсанд кўринади қамалганидан", деб ажабланар эди