қилаётганди. Бу авжланиб кетмасин, дейишдими, ёши катта бир хотин уларни койиб ташлади:
-Бўлди, э! Уят борми сенларда. Бу бечорада нима айб? Ўйлаб гапиряпсизларми ўзи?
-Ўйламай нима, -туйқус олов олди Мавлуда,-шу келдию онажонимиз кетди. Шу гўрсўхта келинчак пойқадами билан кетди онамиз шўрлик.
Баҳора жойида тошдек қотди. Қулоқлари алдамади. Қайнопалари айнан ўзини маломат қилишаётганини, айбсиз айбдорга чиқариб қўйишганини тушуниб етганди у. Шўрлик келинчакнинг кўзёшлари шувиллаб юзларидан оқди. У бадбўй, туҳмат тўлиб тошган сўзларни эшитишга ортиқ бардоши етмай келганига уч кун тўлган хонаси - гўшангаси томон югуриб кетди.
Ортидан яна шум овозлар келди.
-Қаёққа югуриб кетди бу шумқадам, олиб келинглар уни.
Шукур амаки хонадони.
Кўнгилга келган нотинчликдан ўз вақтида қутилмасанг, у иккинчисини эргаштириб келаркан. Қўрқувдан қўрқув туғлади, кўнгилсизлик кўнгилсизликни келтириб чиқаради.
Ҳалима ая кеча Аҳмадбой билан телефонда гапириб тинчини йўқотганди. Бу ҳақида эрига етказгач эса унинг ҳолини танглаштириб юборди. Яхшиям, зумда етиб келган "Тез ёрдам" чора кўрди. Кейин беморни олиб кетди. Ҳалима ая эргашди. Машинадаёқ ўғли Шарофга сим қоқиб, хабар берди.
Кеча кечга қадар қолиб кетишди она-бола. Шукур амакини шаҳар марказий шифохонасининг кардиология бўлимига олишди. Ташхис қўйишди: Инфарктнинг дастлабки босқичи эмиш. Вазият у қадар оғир эмас, дейишди-ю, аммо бепарво қаралса, бундан ҳам баттар бўлиши мумкин-да. Ҳалима ая мана шундан алағда. У Шарофжонни қолдириб, ўзи уйга қайтди. Даҳлизга кира солиб, соатга қаради: тўққиздан ўтаётганди. Худди унинг келишини кутиб тургандек бурчакдаги телефон тағин жирингласа-я. Ҳалима опа гўшакни кўтариб, "Алло" деган эди, яна ўша таниш овоз келди:
Ҳалима ая бу инсон билан ҳазиллашиш охир-оқибат яхшиликка олиб келмаслигини эшитган бўлса-да, айни дамдаги вазиятда устун бўлгани учун кескин гапириб юборди:
-Ҳазилни қилиб бўлдингиз. Дадаси ҳозир шаҳар марказий шифохонасида кардиология бўлимида ётибди. Инфаркт...-шундай дея гўшакни шарт қўйиб қўйди. Шу-шу, Аҳмадбой кечадан бери бошқа телефон қилмади.
Ҳалима ая қудасининг худойисига борганда, қизи Баҳорага рўпара келганда ҳам эридан оғиз очиб ўтирмади. Фақат "бугун эртароқ борсам бўлмайди, зарил ишларим бор" деб пича туриб кетди. У қизига отасидан гапириб дилини сиёҳ қилишни истамаганди. Бир-икки кун ўтсин, мана бу қора кунларнинг ҳовури тинсин, кейин айтаман. Ўшанда отаси ҳам яна-да соғайиб, қўрқулик ҳоли қолмайди деб ўйлаганди ўзича. У асрдан сўнг эрига енгилроқ таом тайёрлаб бориш ниятида, қозонга масаллиқларни сола бошлаган эди, овсини Сабоҳат янга келиб қолди.
Сабоҳат янга аслида Ҳалима аянинг овсини. Унинг эри бундан уч йил бурун автоҳалокатда ўлган эди. Бир қизи Туркияда, ўғли Россияда ризқ тергани кетишган, келини, неваралари билан тўрт девор уйда қолган. Ҳар замонда сиқилса, зерикса, овсини олдига келиб, чақ-чақлашиб, дарду ҳасратини ёзиб кетади. Мана ҳозир ҳам ҳасратлашиш учун келганди. У овсини билан салом-алик қилгач, ундан ўпка-гина қилган бўлди.
-Сизга тушунолмай қолдим, янга. Ё биз сизга бегонамизми, а? Муллакам балинсага тушиб қолганини нимага телефон қилиб етказмайсиз. Анави уйдаги компьютер ишламай қолди. Шуни Шарофжондан сўрай, тузата олармикан деб, сизни, муллакамнинг аҳволини сўрагандим, "дадам балинсада" демайдими? Ҳушим учибди. Ўзи нима гап бўлди янга.
Ҳалима ая сал дамдузроқ. Сабоҳат янганинг ичида гап турмаслигини била туриб ҳам ҳақиқатни айтишга тили бормади. Эрининг касалхонага Аҳмадбой сабаб тушиб қолганини айтиб ўтирмади. Фақат бирдан чап кўксини чангаллаб қолганини айтди.
-Нимадан сиқилди экан муллаакам, а?-кейин нимадир миясида ярқ этди чоғи, оғзига келганини валдирайверди,-шу Баҳорахонни ўйлаяптилар-да. Бечора ёш, қайнона кўрмай келин бўлди бояқиш. Бу ёқда куёв ҳам аза билан бўлиб юргандир. Энди қийин-да. Ота ўйлайди-да. Турмушда оғир бор, енгил бор. Сиз айтинг, ҳамма нарсани юракка яқин олавермасинлар. Ҳаёт шу-да? Гоҳ енгил, гоҳ мушкул.
-Шукр, Аниса ҳам, Акрамжон ҳам яхши, телефон қилиб туришибди. Кунда уч-тўрт маҳал. Бири ота, бири она, болаларини ўйлайди-да. Ишқилиб келгунларича ётиб нетиб кетиб қолмай