«Астарчининг боласи»
Элёр дарсдан эртароқ чиқди. Аниқроғи, кейинги дарсга киргиси келмади. Синфдоши Бекзод билан ораларидан гап қочди. Ўзи шундоғам зўрға чидаб юрган эди. Бекзоднинг:
— Астарчининг боласи, астарчи, астарчи!
— деган таънаси суяк-суягигача етиб борди. Мактабда бир дақиқаям қолгиси келмади.
Аслида, онасининг астарчи экани унгаям ёқмайди. Уйида бундан бошқаям ёқмайдиган нарсалар жуда кўп. Туриш-турмушлари, етишмовчиликлар… Битта кўйлакни уч йиллаб кийиши. Жағи очилган ботинкасини этикдўзга қайта-қайта кўтариб боравериши… Ўн еттига кирган бўлса-да, йигитлардек пўрим кийина олмаслиги, икки йил аввал олинган костюмининг енги калта бўлиб қолганида ҳам кийишга мажбурлиги…
Онаси бошқаларнинг онасига ўхшамайди. Ҳар куни тонг саҳарда туради. Саҳармардонда ўчоққа ўтин ёқиб, овқат пиширади. Ўтиннинг чарс-чурс синган товуши одамни ухлашга қўяди, дейсизми. Элёр калласини кўрпага буркаб, тишини-тишига босиб, чидайди. Ниҳоят, онасининг қадам товушлари, эрталабки шипир-шипири тинади.
«Худога шукр, намоз ўқишни бошлади», деган ўйда уни эрталабки ширин уйқу босади. Лекин бироздан кейин онасининг овози эшитилади:
— Элёр, овқатни пишириб қўйдим. Чой қайнатиб, термосга дамладим. Мактабга нонуштасиз кетманглар, болам. Даданг уйғонса, совуқ сувга ювиниб юрмасин, катта термосга қайнаган сув қуйиб қўйдим. Совуқ сув билан чопиштириб бергин. Ўзинглар ҳам илиққина сувда ювининглар, хўпми?
— Хўп, — дейди у эринчоқлик билан.
Онаси бошига оғир тугунини жойлаштириб, йўлга отланади. Дарвоза ғийқиллаб очилиб, қарсиллаб ёпилади. «Шу ишни қилмаса нима экан?!
— деб ўйлайди Элёр дилгир аҳволда.
— Бошқаларнинг онасига ўхшаб тикувчилик қилсин, бор, ана фаррошлик қилсин, бир кунимиз ўтади-ку, барибир».
Мана, беш йилдирки, шу аҳвол, онаси ҳар куни саҳармардонда тугунини кўтариб кўчага чиқиб кетади. Уйма-уй, кўчама-кўча юриб астарлик сотади. Бир ойда бир-икки марта Тошкентга, «Ипподром» бозорига бориб тўп-тўп мато олиб келади. Олиб келган матолари тугагунча қишлоқма-қишлоқ юраверади. Баҳорни баҳор, ёзни ёз демайди. Қишнинг қаҳратонидаям ташламайди бу ишини. Бир маҳалладан иккинчи маҳаллага пиёда кетаверади. «Лўлиларга ўхшаб кетдингиз, — дейди Элёр баъзида жаҳли чиқиб. — Қачонгача сандироқлаб юрасиз?»
«Лўли одаммасми, болам?.. Ҳалол луқма билан боқяпман сизларни, — дейди онаси кулимсираб. — Насиб этса, ўқишларни битириб, катта бўлганингизда уканг икковинг шундай баракали кишилар бўласизки, ўшанда қўлимни совуқ сувга урмай ўтираман! Сизлар мени боқасизлар…»
Онаси бир кунга мўлжаллаган астарлигини сотиб бўлмагунча қайтмайди. Шунинг учун эрталаб овқат пишириб кетади. Баъзида савдоси ўнгидан келса, уйга эртароқ келиб, кечқурунга мантими, хонимми, ишқилиб, тансиқ таом тайёрлайди. Кир ювади, нон ёпади.
Баъзида совуқдан қўллари ёрилиб кетади. Ёзнинг жазирамасида юз-қўллари офтобда куйиб, қораяди, озғинлиги учунми, шундай пайтда иккита жавдираган кўзи ва оппоқ тишлари кўзга яққол ташланиб, одамнинг кўзига жуда хунук кўринади. Энг ёмони, кўчада одамлар уни «Лобар астарчининг боласи», деганида юрак-бағри ўртаниб кетади.
Баъзан болалиги эсига тушади. Ўшанда дадаси Россияга бориб ишлаб келарди. Кейин дадаси ишлагани бормай қўйди. Онаси эса шу иш билан шуғулланиб юриб, «астарчи», деган ном орттирди. Дадаси аввалига ичкиликка муккасидан кетди. Кейин ҳеч кимга гапирмай бир бурчакка тикилиб ўтираверадиган одат чиқарди. Мана, беш йилдирки, шу аҳвол. Озиб-тўзиб кетган. Бировга қўшилмайди. Уйдан чиқмайди. Онаси пул йиғиб, уни Тошкентга олиб кетади, шифохонага ташлаб келади. Бир ой, 15 кун дадаси ўша ёқда даволанади. «Дадам нима касал ўзи?» деган саволига Элёр онасидан тузук-қуруқ жавоб ҳам ололмаган шу пайтгача.
Тунов куни мактабдан қайтганида онаси тикув машинкани шиқирлатиб ўтирган экан, «Нима қиляпсиз?» деб сўраган эди, «Энди замон ўзгарди. Одамлар тайёр кўрпа сотиб олишга ўтишди. «Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ», деган машойихлар. Астарликларим унча ўтмаяпти. Шунга энди мен ҳам тайёр кўрпа тикиб сотаман-да», деди. Шундан бери кечасиям тинчлик йўқ.
Давоми 9:00 да