қадам босиб келади-да, Рустамнинг рўпарасида тўхтайди:
Мени чақирганмидингиз? Мана, келдим...
Илтимос, тўхтатиб юборинг, тушиб қолай! – йигит тепасида янграган нозиккина товушдан чўчиб, ўгирилди. Тўсатдан... бўлиши мумкин эмас, у кўзларини ишқалаб, яна қаради. Автобусдан тушиб кетаётган қиз негадир ортига бир қараб қўйди. Бу – ўша! Йигит сакраб ўрнидан туриб, эшикка отилди:
Шошманг, ака, менам тушишим керак! – автобусни жойидан жилдирган ҳайдовчи норози тўнғиллаб, тўхтади:
Хаёлингни тўпласанг бўлмайдими, ука, қаерда тушишингни билмасмидинг?
Рустам унинг гапини эшитмадиям. У пастга ўзини шундай отдики, ҳатто мункиб, йиқилишига сал қолди. Қаддини тиклаб, атрофига шоша-пиша аланглади: қиз йўқ эди! Рустам тўрт томонга бир-бир қараб чиқди-да, ўнгдаги бурилишдан тор кўчага қараб югурди. Анча ичкарига киргач, тўхтади – қиз йўқ эди. Ё тавба, рўёмиди у? Йигит бўшашиб, изига қайтди...
4
Опқоч-а! Автобусда кўрганмиш, тушиб борса, йўқ эмиш! – Нодир уни яна калака қилишга тушди, - оғайни, қўйгин энди, кулгимни қистатмагин! Чинданам ўзи анавиларга, ҳалиги, нима эди, дарвешларга ўхшайсан-ей!
Кўрдим, деяпман-ку, Нодир, нега ишонмайсан? Дарвеш эмас, ғирт пандавақиман мен! Ёнгинамда экану билмабман...
Нодир дўстига ачиниб қаради:
- Рустам, кел, яхшиси, сени бирорта қиз билан таништириб қўяман! Гаплашасан, балки ёқиб қолса, ўша қизни эсингдан чиқариб юборарсан.
Рустам бошини чайқади:
Йўқ, оғайни, эсимдан чиқара олмайман! Деярли ҳар куни кечалари тушимга киради, кундузлари бўлса, кўз ўнгимдан нари кетмайди. Гўё ёнимга келиб, “Мени чақирдингми? Мана, келдим”, деяётгандай бўлаверади...
Тавба, нақ эртак қилиб юборасан-а!
5
Ёмғир майдалаб ёғиб турибди. Рустам йўл четида анчагина туриб қолди. Кўзларини нариги томондан узмайди. У яна соябонсиз, кийимлари ивиб кетган, лекин бу билан заррачаям иши йўқ. Анчагача шу алфозда кутгач, автобус тўхтатди. Ўтган сафар қиз тушиб қолган бекатга келди. Яна кўзлари олазарак бўлиб, қизни излай бошлади. Аммо фойдаси йўқ.
У ўша тор кўчанинг бошида нима қилишини билмай серрайиб тураркан, таксида кетаётган Нодир уни кўриб, машинани тўхтаттирди. Тушиб, дўстининг ёнига келди:
- Рустам! Нима қилиб турибсан? Ивиб кетибсан-ку!
Рустам ялт этиб унга қаради:
Ҳа, Нодир, сенмисан? – унинг овози бўғилиб чиқди.
Нодир уни қўлтиғидан тутиб, йўл бошлади:
Қани, кетдик, мен таксидаман, бу туришда шамоллаб қоласан, юр!
Йўқ-йўқ, шошма, яна бироз кутай! Ўтган сафар у шу ерда автобусдан тушганди. Балки келиб қолар ҳализамон...
Нодир уни баттарроқ судради:
- Юрсанг-чи, дарвеш! Мазанг қочаётганга ўхшаяпти, кел, бир мартагина айтганимга киргин, машинага ўтир, уйингга ташлаб ўтамиз, юрақол!
У дўстини бир амаллаб кўндирди-да, олиб кетди. Уйларига етгач, Рустам машинадан зўрға тушди. Иссиғи чиқиб, бутун вужуди мисдай қизиб борар, томоғи қақраб кетаётганди...
6
- Опажон, бу дейман, ўғлингиз шоирми, а? Кечаси билан шеър ўқиб чиқди-я! – палатага кириб келган Рустамнинг онасини ҳамшира шундай деб кутиб олди. Вазира опа қўлидаги нарсаларни қўйиб, ўғлидан ҳол-аҳвол сўради:
- Қалайсан, болам? Бизни ўзиям роса қўрқитдинг-да... – у кейин кулиб, ҳамширага ўгирилди, - шоир бўлмаса, шундоқ ёмғирда соябонсиз-панасиз юрармиди, опаси?
Рустам хижолатомуз жилмайди. Ўтган кунги воқеаларни у бугун аранг эслади: Нодир уни уйларига олиб келди, машинадан бирга тушишди, кейин нима бўлди, билмайди – кўзини очса, касалхонада ётибди: иссиғи қирққа кўтарилиб, ўзини билмай қолган экан. Ойиси ёнига ўтириб, пешонасини ушлаб кўрди:
- Рангинг анча яхши, мана, иссиғингам жойида, худога шукр! Минг марта айтаман, соябон олиб юр, жиллақурса, ёмғирли кунда иссиқроқ кийинсанг бўлади-ку! Мана, энди эсинг кирадиган бўлди.
Ҳамшира унинг гапларини кулиб, маъқуллади:
- Рост, опа, бу йигитга эсини киритадиган дориларни беряпмиз, хавотир олманг!
У осма томчи дорининг нинасини йигитнинг билагига улаб қўйди-да, хонадан чиқиб кетди. Бироздан сўнг кел