Сизга қўшилиб мен ҳам фарзандларимни алдадим:
Дадангиз узоқдан қайтдилар. Энди сизларни ташлаб кетмайдилар, дедим расм-русумлардан сўнг сиз билан бошлашиб уйимга кирар эканман. Ўшанда бизга эшик очган қизимнинг ҳайратли нигоҳидаги соғинч, ўғлимнинг “дадажон!” деган ҳайқириқ билан бағрингизга отилгани кўз олдимдан бир умр кетмайди. Аввалига болаларимга жуда меҳрибондек туюлдингиз. Биз бахтли эдик. Сизнику билмадим, аммо болаларим бу ҳолдан хурсанд, уларга қараб эса мен бахтли эдим. Шу ёшгача “дада” деган сўзни айтолмаган болаларим ҳар куни сизнинг йўлингизни пойлар, бизникига келадиган кунингиз улар учун чинакам байрамга айланарди. Аммо... Қўш хотинлиликка ўт тушсин экан. Ҳеч кимни ўз отасидан, ўз онасидан айирмасин экан. Бировнинг боласига оталик қилиш, кемтик кўнгилни бут қилиш сизга эмас экан. Болаларимни аввал ўзингизга ўргатиб, сўнгра меҳрга зор қилганингиз, изсиз йўқолганингиздан сўнг ўғлимнинг сизга ичикиб оғриб қолгани. Кўчада мошина сигнали чийилласа болаларим дераза томонга чопиб бориб ташқарига қарашади умид билан: “Дадам келдилар!”... Сиз ҳаётимда пайдо бўлдингизу яраланган қалбим “дард” деган сўзни унутишга чоғланганида, ярасини тирнаб қонталош қилдингиз-да, кетавердингиз.
... Кўзгуга боқаман. Ҳусним бировдан кам эмас. Ақл-заковатдан ҳам Худо қисмаган. Пулга муҳтож эмасман, Худога шукр, ризқимни, фарзандларимнинг ризқини етказиб турган Аллоҳим бор, бошимда бошпанам, оёғимда мошинам бор, ота-онам, жигарларим, ҳаммасидан муҳими ҳаётимнинг мазмуни фарзандларим бор. Аслида, бир одам, бир аёл бахтли бўлиши учун етарли ҳамма нарсам бор. Бироқ... бироқ аёл “ўнта ўғлим бўлмасин, чолим ўлмасин” дейдиган тоифа экан-да. Мен ҳам аёл бўлиб аёллик бахтини, муҳаббат таъмини туяй дебман. Афсус, тақдирим мени ўгай бахтга ҳам, ўгай меҳрга ҳам арзитмади. Йўлимда учраган, ҳаётимда пайдо бўлган инсон борки, айниқса, эркак зоти, дилимга озор бериб ўтади. Ҳар учраган нокасу номард юрагимга тош отиб ўтаверади. Қачонгача бағритошлар отган тошга нишон бўлар эканман-а...
Баъзан яқинларим даврасида “Менга эркакман деган эркак учрамаган” деб қўяман афсус билан. Ҳайронман, нега ундай экан? Шахсий ҳаётимда ҳам, иш юзасидан ҳам мард эркакка учрамадим. Сиз-ку майли, ўзингиз келиб иккита оилани оила қилишга, ўз фарзандларингиздан орттириб менинг болаларимга ҳам меҳр беришга ваъдалар бердингизу лафзингизни бажаришга қурб қилолмай қочдингиз, лекин қўл остимда ишлайдиган эркак ходимлардан ҳам вафо кўрмадим. Корхонамни очиб, тадбиркорлик фаолиятимни бошлаган кунларимда курсдошимни ишга таклиф қилиб, корхонада ўзи ишбошқарувчилик қилишини таклиф қилгандим. Негадир фирмага ишга қабул қилинган ходимлар икки ой ишламай, бўшаб кетаверишади. Сабабини қайдан излашни билмай сарсонман. Кейинчалик маълум бўлишича, мен ишониб иш бошқарувчиликни топшириб қўйган ходим ишга қабул қилинганларга “Бу ерда ишлаганингиз билан бирингиз икки бўлмайди, маошингизни ололмайсиз” деган гаплар билан бир ой ишлатиб, кейинги ойдан бўшатиб юборар экан.
Ана сиз ва сизнинг тоифадошларингизнинг ҳақиқий юзингиз. Аммо ўйламанг, мен яшаяпман ва бу ҳаётда яшашимдан мазмун бор. Мен қалби қаттиқларга меҳр отлиқ қурол билан қарши курашаман. Мен меҳр беравераман, чунки бермоқнинг бир куни олмоғи ҳам бор. Мен кўз ёшимни артиб яшашга куч топа оламан, гарчи юзимдаги томчини артишга арзигулик мард қўл бўлмаса-да, ахир, ҳаёт фақат ёмонларга меҳмонхона эмас-ку. Мен керакман, яхшиларга керакман, меҳрталабларга керакман. Шунинг учун ҳам “Меҳрни баҳам кўрамиз” деган шиор остида меҳрга зор меҳрибонларни жамлаганман...