MARUZALAR KANALI
رفتن به کانال در Telegram
МАДИНА ИСЛОМ УНИВЕРСИТЕТИ БИТИРУВЧИЛАРИ: АБДУЛЛАТИФ ҚОРИ [ @Azzuz] ВА ЖАЛОЛИДДИН ДОМЛАНИНГ МАЪРУЗАЛАРИ КАНАЛИ. @zabardastulamolar @QalbNuriAbuHanifah @islomnuri @islomovozi @ilmtalabalari @qalam_biz
نمایش بیشتر1 809
مشترکین
اطلاعاتی وجود ندارد24 ساعت
-27 روز
-3230 روز
آرشیو پست ها
1 809
Ушбу дуони Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам кўп қилар эканлар. Бу дуо кенг қамровли ва маънолари улкан дуоларидан бири бўлиб, дунё ва охиратнинг энг муҳим яхшиликларини ўз ичига олади. Унинг маъноли таржимаси:
«Эй Роббим!
Менга ёрдам бер, менга қарши ҳеч кимга ёрдам берма.
Мени ғолиб қил, менга қарши ҳеч кимни ғолиб қилма.
Менинг фойдамга тадбир қил, менинг зараримга тадбир қилма.
Мени ҳидоят қил ва ҳидоят йўлини мен учун осон қил.
Менга зулм қилганларга қарши менга нусрат ато эт.
Эй Роббим!
Мени Сенга кўп шукр қилувчи,
Сени доимо зикр қилувчи,
Сендан ҳаққоний қўрқувчи қил.
Сенга итоатли, ҳузурингда камтар ва бўйсунувчи қил.
Доимо Сенга илтижо қилувчи ва Сен томон қайтувчи қил.
Эй Роббим!
Тавбамни қабул қил.
Гуноҳларимни ювиб ташла.
Дуоларимни ижобат эт.
Қалбимни ҳидоят қил.
Тилимни ҳақ ва тўғри сўзга муваффақ қил.
Далилимни мустаҳкам қил.
Қалбимни ҳидоят қил, дилимдан кек, адоват ва ғашликни суғуриб ташла».
Бу дуода нималар бор?
Бир қарашда содда кўринади, лекин ҳар бир жумласи инсон ҳаётининг бир бўлагини қамраб олади.
Аввало, ёрдам ва ғалаба сўралади. Инсон ўз кучи билан ҳеч нарсага эриша олмаслигини, ҳар бир муваффақият фақат Аллоҳдан эканини тан олади.
Кейин, атрофдаги ёмонлик ва ҳийладан сақланиш сўралади. Душман тузаётган макр ўзига қайтиб, инсоннинг фойдасига айлантирилишини сўраш бор бу ерда.
Сўнг, қалбнинг ички ҳолати учун дуо қилинади. Шукр қилувчи, зикр қилувчи, Аллоҳдан қўрқувчи, итоатли, камтар ва доимо Аллоҳга қайтувчи бўлиш сўралади. Бу — инсоннинг қалби қандай бўлиши кераклигининг ўзи бир тавсифидир.
Ниҳоят, гуноҳлардан покланиш сўралади. Тавба қабул бўлиши, гуноҳларнинг изи ҳам қолмаслиги, тил тўғри сўзга йўлланиши, ҳақ йўлида турганда далил мустаҳкам бўлиши ва қалбдаги кек-адоват суғуриб ташланиши сўралади.
Шунинг учун уламолар бу дуони энг жомеъ набавий дуолардан бири деб атаганлар. У инсоннинг ташқи ҳаётини ҳам, ички дунёсини ҳам, тилини ҳам, қалбини ҳам ислоҳ қилади. Кунлик дуоларингиз орасида буни ҳам ўрганиб олсангиз, жуда катта яхшиликка эга бўласиз.
1 809
Синов — қалбнинг қуввати
Ҳар бир инсоннинг бу дунёда ўз синови, ўз машаққати бор. Ҳар кимнинг синови унинг ҳолига, даражасига қараб бўлади.
Аммо шуни билиш керак, Аллоҳ йўлида синовга дучор бўлиш дунёвий ишлар туфайли синовга учрашдан кўра анча шарафли ва яхшидир.
Ахир бу дунёда синовсиз инсон йўқ. Баъзилар «мўмин мусибатга учрабди» дейишади. Лекин кофир ҳам мусибатга учрайди, бидъатчи ҳам мусибатга учрайди. Ҳар бир инсоннинг ўз дарди, ўз ташвиши бор.
Фарқ шунда, баъзилар Аллоҳ учун синалади, бошқалар эса дунё учун синалади. Бу иккисининг ўртасида осмон билан ер орасидек фарқ бор. Чунки Аллоҳ йўлидаги синов инсон учун шарафдир, мартабадир.
Агар бир киши динига маҳкам ёпишгани, ўз ҳақ йўлида собит тургани учун синовга учраса, бу унинг учун юксак мақом ва улкан фазилатдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
«Инсон динининг мустаҳкамлигига қараб синалади. Агар унинг дини мустаҳкам бўлса, синови ҳам кучаяди. Ниҳоят, у ер юзида гуноҳсиз ҳолда юрадиган бўлади».
Синовнинг яна бир ҳикмати шундаки, у қалбни бақувват қилади. Шу боис Аллоҳ таоло Ўзининг севган бандаларига айнан шу йўлдаги синовларни насиб этади.
Қалбларнинг энг заифи, роҳат-фароғат ичида яшайдиган қалбдир. Қалб фақат бўронлар, машаққатлар ва синовлар ичида тирилади, куч олади.
Шунинг учун ҳаётда бир қизиқ ҳолатни кўп кузатасиз, диндор оилада катта бўлган фарзанд баъзан отасидек динга маҳкам бўлмай қолади. Ота суннатга қаттиқ амал қилади, унга ошиқ бўлади. Лекин фарзанд, шу муҳитда улғайган бўлса-да, кўпинча ота-онасидек илтизомни намоён қила олмайди.
Аксинча, динга қаршилик бўлган муҳитда ўсган, ҳақ йўлда туриш учун курашган фарзанд эса кўпинча динга анча қаттиқроқ ёпишади.
Сабаби оддий, қалбнинг соғломлиги ва қуввати қаршилик кўрсатиш орқали шаклланади. Инсон ўз нафсига, ҳавойи хоҳишларига ва атрофдаги ботил таъсирларга қанча кўп қарши курашса, қалби шунча кучли ва мустаҳкам бўлиб боради.
Аллоҳ таоло барчамизга бақувват қалб ато этсин.
1 809
«Албатта, ушбу Қуръон энг тўғри йўлга йўллайди».
(Исро сураси, 9-оят)
Тадаббур
Қуръон — Аллоҳ таолонинг каломи. Жаброил алайҳиссалом орқали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлган ва бизгача ҳар бир ҳарфи ўзгармасдан етиб келган ягона илоҳий китобдир.
Қуръон шунчаки китоб эмас. У инсониятга йўл кўрсатувчи раҳнамо, қалбларнинг дардига малҳам, ҳаётнинг барча муаммоларига ечимдир. Аллоҳ таоло уни нозил қилди, чунки инсон ўз Яратганининг йўл-йўриғисиз тўғри яшай олмайди.
Ўн тўрт аср ўтди. Империялар қулади, тиллар ўзгарди, китоблар унутилди. Қуръон эса ўзгармади. Чунки уни Аллоҳнинг Ўзи муҳофаза қилишни зиммасига олган.
Мана шундай буюк китоб қўлимизда экан, савол туғилади: биз у билан қандай муносабатдамиз?
Бугун уммат аҳволига назар ташласак, оғриқли бир манзара намоён бўлади. Тарқоқлик. Ўзаро ихтилофлар. Иродасизлик. Йўналишини йўқотган авлод ўзгаришни истайди, аммо қаердан бошлашни билмайди.
Нега бундай бўлди?
Қуръон ҳаётимизда қайси ўринда? У фикрларимизни шакллантирадиган, қарорларимизни бошқарадиган бош мезонми? Ёки фақат тиловат қилинадиган, савоби умид қилинадиган, аммо ақлимизни бошқармайдиган, хулқимизни тарбияламайдиган китобга айланиб қолдими?
Умматнинг муаммоси куч-қувват етишмаслигида эмас. Асл муаммо — Қуръондан узоқлашишдадир. Қуръондан узоқлашган қалб йўлини йўқотади, ақл ҳақ билан ботилни ажратишда адашади, жамият эса қудратини бой беради.
Тарих бунга гувоҳ. Бир вақтлар Қуръон билан юксалган уммат ер юзига адолат, илм ва раҳмат олиб чиққан эди. Ундан узоқлашгач эса заифлашди, пароканда бўлди, бошқаларнинг изидан эргашувчи ҳолга тушди.
Қуръон фитналар замонида ишонч манбаи, заифлик пайтида шижоат, мусибатлар остида сабот нуридир. У оддий инсонларни ўз ақидаси учун яшайдиган, синовлардан синмайдиган шахсларга айлантиради. Пароканда жамоаларни буюк умматга, мағлубиятларни ғалаба мактабига айлантиради.
Шунинг учун ислоҳот ҳам, уйғониш ҳам, иззат ҳам битта манбадан бошланади — Қуръон ва саҳиҳ Суннатга чин маънода қайтишдан. Бу икки муқаддас манба қалблардан жой олса, ихтилофлар ўрнини биродарлик эгаллайди, умматга аввалги иззат ва юксалиш сабаблари ҳам қайтади.
«Албатта, ушбу Қуръон энг тўғри йўлга йўллайди».
Нажот йўлини бошқа ердан эмас, аввало Қуръондан излайлик.
1 809
Дунё ва охират саодатини жамлаган дуо
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир киши сўради:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Роббимдан нимани ва қандай сўрашимни ўргатинг».
Шунда у зот дедилар:
اَللّٰهُمَّ اغْفِرْ لِي، وَارْحَمْنِي، وَعَافِنِي، وَارْزُقْنِي
«Эй Аллоҳим! Мени мағфират этгин, менга раҳм қилгин, менга офият бергин ва мени ризқлантиргин».
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бош бармоқдан ташқари тўрт бармоқларини бирлаштириб:
«Бу тўрт нарса сенинг дининг ва дунёнг учун барча яхшиликларни жамлайди», дедилар.
(Имом Муслим ривояти)
Кўринишда оддий, аслида улкан дуо. Нега айнан шу тўрт сўз?
Чунки инсоннинг бутун эҳтиёжи айнан шу тўрт нарсада жамланган.
Биринчиси: «اغفر لي» — «Мени мағфират этгин».
Ҳар бир инсон гуноҳ қилади. Гуноҳлар кечирилмас экан, қалб оғирлашади, ҳаёт зерикарли тус олади. Мағфират — Аллоҳнинг ўша юкни олиб ташлашидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дуони айнан мағфират билан бошладилар. Чунки тозаланмаган қалбга раҳмат ҳам, офият ҳам тўлиқ сиғмайди.
Иккинчиси: «وارحمني» — «Менга раҳм қилгин».
Мағфират гуноҳларни ўчиради, раҳмат эса ўшал бўш жойни яхшиликлар билан тўлдиради. Жаннатга фақат амал билан эмас, Аллоҳнинг раҳмати билан кирилади. Шунинг учун раҳматни сўраш — ҳаётнинг энг муҳим талабидир.
Учинчиси: «وعافني» — «Менга офият бергин».
Офият фақат тан соғлиғи эмас. У динда собитлик, қалб хотиржамлиги, оила тинчлиги, бало-офатлардан омонлик — буларнинг барчасидир. Шунинг учун уламолар: «Офиятдан ўтадиган неъмат йўқ», деганлар. Инсон - то уни йўқотмагунча, баъзан буни тушунмайди.
Тўртинчиси: «وارزقني» — «Мени ризқлантиргин».
Ризқ фақат пул эмас. Ҳалол касб, баракали мол, солиҳ фарзанд, фойдали илм, вақт баракаси, қалб қаноати — буларнинг барчаси Аллоҳнинг берадиган ризқидир. Эътибор беринг — ризқ дуода энг охирга қолдирилди. Чунки мағфират, раҳмат ва офият бўлса, ризқ ўзи баракали бўлади.
Биз учун бир ибрат
Кўпинча дуоларимизда моддий нарсаларни сўраймиз. Уй, машина, маош, бизнес... Буларнинг ўзи ёмон эмас. Лекин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга аввало нимани сўрашни ўргатдилар? Мағфиратни. Раҳматни. Офиятни. Чунки у зот биздан кўра кўпроқ биладилар — инсонга нима зарур эканини.
Бу дуони ҳар куни айтайлик. Намоздан кейин. Саждада. Тонгда ва кечда. Қўл очган ҳар лаҳзада. Тўрт сўз — аммо дин ва дунёнинг барча яхшиликлари шу тўрт сўзда.
اَللّٰهُمَّ اغْفِرْ لِي، وَارْحَمْنِي، وَعَافِنِي، وَارْزُقْنِي
1 809
Дунё ва охират саодатини жамлаган дуо
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир киши сўради:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Роббимдан нимани ва қандай сўрашимни ўргатинг».
Шунда у зот дедилар:
اَللّٰهُمَّ اغْفِرْ لِي، وَارْحَمْنِي، وَعَافِنِي، وَارْزُقْنِي
«Эй Аллоҳим! Мени мағфират этгин, менга раҳм қилгин, менга офият бергин ва мени ризқлантиргин».
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бош бармоқдан ташқари тўрт бармоқларини бирлаштириб:
«Бу тўрт нарса сенинг дининг ва дунёнг учун барча яхшиликларни жамлайди», дедилар.
(Имом Муслим ривояти)
Кўринишда оддий, аслида улкан дуо. Нега айнан шу тўрт сўз?
Чунки инсоннинг бутун эҳтиёжи айнан шу тўрт нарсада жамланган.
Биринчиси: «اغفر لي» — «Мени мағфират этгин».
Ҳар бир инсон гуноҳ қилади. Гуноҳлар кечирилмас экан, қалб оғирлашади, ҳаёт зерикарли тус олади. Мағфират — Аллоҳнинг ўша юкни олиб ташлашидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дуони айнан мағфират билан бошладилар. Чунки тозаланмаган қалбга раҳмат ҳам, офият ҳам тўлиқ сиғмайди.
Иккинчиси: «وارحمني» — «Менга раҳм қилгин».
Мағфират гуноҳларни ўчиради, раҳмат эса ўшал бўш жойни яхшиликлар билан тўлдиради. Жаннатга фақат амал билан эмас, Аллоҳнинг раҳмати билан кирилади. Шунинг учун раҳматни сўраш — ҳаётнинг энг муҳим талабидир.
Учинчиси: «وعافني» — «Менга офият бергин».
Офият фақат тан соғлиғи эмас. У динда собитлик, қалб хотиржамлиги, оила тинчлиги, бало-офатлардан омонлик — буларнинг барчасидир. Шунинг учун уламолар: «Офиятдан ўтадиган неъмат йўқ», деганлар. Инсон - то уни йўқотмагунча, баъзан буни тушунмайди.
Тўртинчиси: «وارزقني» — «Мени ризқлантиргин».
Ризқ фақат пул эмас. Ҳалол касб, баракали мол, солиҳ фарзанд, фойдали илм, вақт баракаси, қалб қаноати — буларнинг барчаси Аллоҳнинг берадиган ризқидир. Эътибор беринг — ризқ дуода энг охирга қолдирилди. Чунки мағфират, раҳмат ва офият бўлса, ризқ ўзи баракали бўлади.
Биз учун бир ибрат
Кўпинча дуоларимизда моддий нарсаларни сўраймиз. Уй, машина, маош, бизнес... Буларнинг ўзи ёмон эмас. Лекин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга аввало нимани сўрашни ўргатдилар? Мағфиратни. Раҳматни. Офиятни. Чунки у зот биздан кўра кўпроқ биладилар — инсонга нима зарур эканини.
Бу дуони ҳар куни айтайлик. Намоздан кейин. Саждада. Тонгда ва кечда. Қўл очган ҳар лаҳзада. Тўрт сўз — аммо дин ва дунёнинг барча яхшиликлари шу тўрт сўзда.
اَللّٰهُمَّ اغْفِرْ لِي، وَارْحَمْنِي، وَعَافِنِي، وَارْزُقْنِي
1 809
Агар Расулуллоҳ ﷺ бугун орамизда бўлганларида...
Бир лаҳза тасаввур қилинг...
Расулуллоҳ ﷺ бугун орамизда юрибдилар. Биз эса ҳаёт ташвишлари билан оворамиз. Кимдир қарз талаб қиляпти, кимдир ҳақини сўраяпти, кимдир эса қийналиб, «Менга озроқ енгиллик беринг, бироз муҳлат беринг», деб илтимос қиляпти.
Худди шундай бир воқеа Пайғамбаримиз ﷺ даврларида ҳам бўлган.
Онамиз Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: Расулуллоҳ ﷺ уйларида эканлар, эшик ташқарисида икки кишининг баланд овозда тортишаётганини эшитдилар. Маълум бўлдики, бири иккинчисига қарз берган, қарздор эса:
— Бироз енгиллик қилинг, менга муҳлат беринг, — деб илтимос қиларди.
Аммо қарз эгаси:
— Аллоҳга қасам, бундай қилмайман! — деб туриб олган эди.
Расулуллоҳ ﷺ бу овозларни эшитиб ташқарига чиқдилар ва:
«Аллоҳ яхши кўрадиган яхшиликни қилмасликка қасам ичган одам қани?» — дедилар.
Эътибор беринг!
У зот: «Қарзни кеч!» деб буюрмадилар.
«Муҳлат бериш сенга фарз», демадилар.
Фақат бир оғиз гап айтдилар.
Лекин саҳобаларнинг қалби қандай эди?
Ҳалиги киши дарҳол:
— Менман, ё Расулуллоҳ! Энди у қайси ишни яхши кўрса, мен ўшанга розиман, — деди.
Яъни:
— Агар қарзнинг бир қисмини кечишимни хоҳласа, кечаман. Агар муҳлат беришимни истаса, бераман. Нимани истаса, мен розиман, — деди.
Бу — муҳаббат эди.
Бу — иймон эди.
Бу — Расулуллоҳ ﷺга бўлган ҳурмат эди.
Яна бир воқеада Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу масжидда қарзини талаб қилиб турибди. Овозлар кўтарилди.
Расулуллоҳ ﷺ чиқдилар.
Каъбни чақирдилар.
Сўнг қўллари билан «ярмини кечгин» деган ишора қилдилар.
Холос...
Фақат ишора.
Каъб разияллоҳу анҳу:
— Бош устига, ё Расулуллоҳ! Ўшандай қилдим— деди.
Бир марта ҳам:
«Нега мен кечишим керак?» демади.
«Бу менинг ҳаққим эди», демади.
«Аввал у айбини тан олсин», демади.
Чунки у учун Расулуллоҳ ﷺнинг ишоралари ўз ҳаққидан ҳам азизроқ эди.
Азиз биродар!
Бу ерда тўхтаб, ўзимизга бир савол берайлик.
Нега саҳобалар шунчалик тез бўйсунардилар?
Чунки улар Пайғамбар ﷺни чин дилдан яхши кўрардилар.
Муҳаббат бор жойда баҳс бўлмайди.
Муҳаббат бор жойда «нега?» деган савол камаяди.
Муҳаббат бор жойда «эшитдим ва итоат қилдим», деган жавоб бўлади.
Бу каби воқеаларни эшитганимизда эса кўпчилигимиз:
«Қани энди Расулуллоҳ ﷺ замонларида яшаганимизда! Бир марта у зотни кўрганимизда! Бир марта менга қараб табассум қилганларида эди қарзни ҳаммасини кечиб юборардим» деймиз.
Лекин ростдан ҳам шундайми?
Ахир бугун ҳам Расулуллоҳ ﷺнинг овозлари ҳадислар орқали бизга етиб келмаяптими?
«Энг яхшиларингиз аҳлига яхши муносабатда бўлганларингиздир», деган ҳадисни эшитганимизда, уни худди бизга айтаётгандек қабул қиламизми?
«Мўмин киши можаро пайтида ҳам фожирлик йўлини тутмайди», деганларида, ўзимизни тиямизми?
«Раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди», деганларида, кечира оламизми?
Ана шу ерда муҳаббатнинг ҳақиқий имтиҳони бошланади.
У зотни яхши кўриш ҳар бир Буйруқлари, насиҳатлари ва қайтариқларида: «Лаббайка, ё Расулуллоҳ! Эшитдим ва итоат қилдим», деб қабул қилишдир.
Аллоҳ таоло қалбларимизни Расулуллоҳ ﷺ муҳаббати билан тўлдирсин.
У зотнинг суннатларига эргашишни биз учун ҳаёт тарзига айлантирсин.
Қиёмат куни байроқлари остида тирилтирсин, ҳавзларидан сув ичишни насиб этсин ва жаннатда у зот билан бирга бўлиш бахтини барчамизга ато этсин.
Омин.
1 809
Имом Ибн ал-Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади:
«Аллоҳ таоло бир бандасини яхши кўрса, уни Ўзи учун танлаб олади, муҳаббатига муносиб қилади ва ибодати учун хос бандаси қилиб қўяди. Шунда унинг қалби ва бутун ғами Аллоҳ билан банд бўлади, тили Аллоҳнинг зикри билан намланади, аъзолари эса Унинг тоати ва хизматида ҳаракат қилади».
(Ал-Фавоид, 98-бет)
Бу сўзларни ўқиркан, инсон қалби билан «Аллоҳ мени хам яхши кўрадимикин?» деб ўйлаб қолади.
Ибн ал-Қаййим раҳимаҳуллоҳ гапларида ўзига жавоб топгандай бўлади.
Қалбингиз Қуръонга интилаётган бўлса — бу аломат. Тилингиз зикрга мойил бўлса — бу аломат. Кўнглингиз гуноҳдан нохуш, яхшиликдан хурсанд бўлса — бу аломат. Вақтингизни беҳуда ўтказганингизда ич-ичингиздан бир ноқулайлик сезсангиз — бу ҳам аломат.
Аллоҳ сизни танлаяпти дегани — сизни кўплаб бандаларидан алоҳида кўриб, Ўзига яқинлаштиряпти дегани. Бундан улуғ шараф борми?
Аммо бу неъматни ўзингизда топсангиз, уни асрашингиз керак. Агар топмаётган бўлсангиз, хосил қилишга интилинг. Зеро, У зотни кўп зикр қилиш, ибодатни ихлос билан адо этиш, ҳар бир аъзони Аллоҳ рози бўладиган нарсада ишлатиш — ана шу танловга муносиб бўлишнинг йўли.
Шундай экан кўнглингиз тубидан шундай дуо қилинг:
«Эй Роббим, мени Ўзинг учун танланган, Сен яхши кўрадиган ва Сенга сидқидилдан ибодат қиладиган бандаларинг қаторига қўшгин».
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи севган ва Ўзи учун танлаган бандалари қаторига қўшсин. Омин.
1 809
ҚУРЪОН ОЯТЛАРИ ТАДАББУРИДАН
«Ўзаро қилган яхшиликларингизни унутманглар».
(Бақара сураси, 237-оят)
Аллоҳ таоло ушбу оятда талоқ ва ажралишга оид ҳукмларни баён қила туриб, кутилмаган, аммо ниҳоятда буюк бир ахлоқий қоидани эслатади:
وَلَا تَنْسَوُا الْفَضْلَ بَيْنَكُمْ
«Ўзаро қилган яхшиликларингизни унутманглар».
Ташқи жиҳатдан бу оят эр-хотиннинг ажралиши ҳақида. Лекин тадаббур қилсак, маъноси бундан анча кенг эканини кўрамиз. Қуръон бизга шундай тарбия берадики, муносабатларнинг тугаши — аввалги яхшиликларни инкор қилишга асло сабаб бўлмаслиги керак.
Бугун эса аксинча бўлиб қолди.
Дўстлик бузилса, хаёлга фақат ёмон кунлар келади. Шерикчилик тугаса, қилинган барча яхшиликлар худди ҳеч бўлмагандек унутилади. Ишхонадан кетилса, йиллар давомидаги содиқ хизмат қадрсизланади. Эр-хотин ажрашса, бир умрлик меҳр ва ғамхўрлик гўёки хотирадан ўчириб ташланади.
Бу Қуръон тарбияси эмас.
Мўмин инсоннинг адовати уни адолатдан чиқармайди. Келишмовчилик уни инсофсиз қилмайди. Ажралиш уни ношукр қилмайди. Чунки у яхши биладики, бир инсон билан муносабат тугаган бўлиши мумкин — аммо унинг сенга қилган ҳар бир яхшилиги Аллоҳнинг ҳузурида ўчмайди.
Шайтон эса айнан тескарисини хоҳлайди. У инсоннинг хотирасидан барча яхшиликларни аста-секин ўчиради ва фақат хатоларни катталаштиради. Натижада нафрат, ғийбат, туҳмат ва узилмас адоват пайдо бўлади.
Қуръон эса хотирамизни поклайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунга энг гўзал намуна эдилар. Бадр жангидан кейин мушрикларнинг асирлари қўлга олинганда, у зот шундай дедилар: «Агар Мутъим ибн Адий тирик бўлганида ва бу асирлар ҳақида бир оғиз гапирганида, мен уларнинг барчасини у зот ҳурмати озод қилган бўлардим».
Мутъим ибн Адий мушрик эди. Лекин у Тоиф сафаридан оғир синовлар билан қайтаётган Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламга паноҳ берган, у зотни ҳимоя қилган эди. Йиллар ўтди, жанглар бўлди, катта ғалаба қозонилди. Шунда ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша бир яхшиликни унутмадилар. Мушрикнинг яхшилиги ҳам эсдан чиқарилмади — сиз билан умр кечирган, сизга яхшилик қилган инсоннинг яхшилиги қандай унутилсин?
Ана шу Қуръон тарбияси. Ана шу Пайғамбар ахлоқи.
Бу оят мазмуни фақат оила борасида эмас. У дўстлик учун ҳам айтилган. Қариндошлик учун ҳам. Устоз ва шогирд учун ҳам. Ишчи ва иш берувчи учун ҳам. Ҳар қандай муносабат учун.
Бир лаҳза тўхтаб ўйлаб кўринг. Ҳаётингизда сиздан юз ўгирган, муносабати узилган, орангизда совуқлик тушиб қолган биров борми? Ўшанинг ҳам бир яхшилиги бўлган. Бир кун дардингизга шерик бўлган. Бир пайт сизга суянч бўлган. Аллоҳ таоло ана шу яхшиликни унутмасликни буюрмоқда.
Чунки яхшиликни эслаб қолиш — юксак ахлоқ белгиси.
Яхшиликни тан олиш — иймон белгиси.
Яхшиликка вафо қилиш эса солиҳ бандаларнинг сифати.
Аллоҳ таоло бизни Қуръон ахлоқи билан зийнатласин. Омин.
1 809
Қуръон оятлари тадаббуридан...
فَجَعَلْنَاهُنَّ أَبْكَارًا عُرُبًا أَتْرَابًا
Уларни эрларига суюмли, бир хил ёшдаги бокира қизлар қилдик.
(Воқеа сураси, 36-37-оятлар)
Тадаббур
Аллоҳ таоло жаннат аёлларини таърифлар экан, ақлни лол қолдирадиган бир сифатни биринчи ўринга қўяди — «عُرُبًا». Уламолар бу сўзни шундай изоҳлаганлар: эрини чин дилдан яхши кўрадиган, меҳрини очиқ изҳор қиладиган, унга яқин бўлишни истайдиган аёл.
Баъзи муфассирлар эса янада кучлироқ ифода билан: «эрига ошиқ аёл», деганлар. Яъни у ўзи ташаббус кўрсатади, ўзи яқинлашади, ўзи биринчи бўлади.
Эътибор беринг — жаннатнинг гўзалликлари ва нозу неъматлари ҳисобсиздир. Лекин Аллоҳ таоло жаннат аёлларининг биринчи сифати сифатида чиройни эмас, меҳрни зикр қилди. Бунда чуқур ҳикмат бор.
Эркак учун энг катта ҳузур — ўзини севилган ва қадрланган ҳис қилишдир. Сўрамасидан кўрсатилган эътибор, кутилмаган ширин сўз, самимий табассум — булар қалбга энг чуқур санчилади. Талаб қилинган меҳр худди сувсиз нондек бемаза — лекин ихтиёрий берилган меҳр тиниқ асалдек ширин. Ана шу фарқни ҳис қилган эр аёлига юрак-юракдан боғланади.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Сизларга жаннат аёллари ҳақида хабар берайми? Улар — эрларини яхши кўрадиган ва меҳрини изҳор қиладиган «الودود» аёллардир», деб марҳамат қилганлар.
У зот яна шундай деганлар: «Жазмкор эркакнинг ақлини аёлдан кўра кўпроқ ўғирлайдиган нарсани кўрмадим».
Яъни сиз — ширин сўз, безаниш, меҳр ва яқинлик билан — энг қатъиятли эрнинг ҳам қалбини эрита оласиз.
Бу ерда жуда муҳим бир нуқтага эътибор қаратиш лозим: оятда зикр қилингани бу дунё аёллари бўлади. Аллоҳ таоло уларни мана шундай сифатда қилиб қўяман, деди. Демак, Аллоҳ таоло аёл учун Ўзи танлайдиган сифат — меҳрни биринчи кўрсатишдир. Аллоҳнинг Ўзи бу сифатни мақташи, У зот ана шундай аёлни яхши кўришини ҳам англатади.
Бугунги аёллар учун сабоқ
Ҳозирда аёллардан кўп шикоят эшитилади: «Эрим менга меҳр кўрсатмайди, беэътибор», дейишади. Тўғри, эрлар эътиборни камроқ намоён қилиши мумкин. Лекин бир нарсани ўйлаб кўринг — эрингиз мана шу меҳрни, мана шу яқинликни сиздан кутади, фақат тили билан айтмайди. Кўп эрлар хотинининг ўзи биринчи бўлиб муомала қилишини, безанишини, ширин сўзлашини, хушбўй бўлишини орзу қилади — лекин сўрашни истамайди.
Безаниш, ширин муомала, эрга яқин бўлиш — булар бирдан бўлмайди. Буларнинг ўзига яраша тайёргарлиги бор. Хушбўй бўлинг. Чиройли сўзлар танланг. Эр ишдан қайтганда уни зарда эмас, очиқ юз ва табассум кутиб олсин. Мана шу оддий нарсалар — катта муҳаббатнинг бошланишидир.
Эр кун давомида дунёнинг машаққатларини кўтариб юради. Кўчада турли фитналар кўради, лекин Аллоҳдан қўрқиб кўзини тияди. Уйга кирганида эса уни бефарқлик эмас, илиқлик кутиб олса — у уйни жаннатнинг бир парчасидек ҳис қилади. Акс ҳолда уй унга оғирлик бўлиб қолади.
Баъзи тадқиқотлар шуни кўрсатадики, эр-хотин ўртасидаги яқинлик ва меҳр мустаҳкам бўлса, оилавий муаммоларнинг тўқсон фоизидан кўпроғи ўз-ўзидан барҳам топади. Эр севган аёлининг камчиликларини кўрмасликка олади, хатоларини кечиради, ҳатто уни хафа қилмаслик учун ўзи чекинади.
Меҳрни биринчи кўрсатган аёл — жаннат аёлларининг сифатига эга бўлар экан. Сиз эрингиз учун уйни жаннат лойиҳасига айлантиринг — Аллоҳнинг изни билан жаннатнинг ўзи ҳам сизники бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзи мақтаган ахлоқлар билан зийнатлансин. Омин.
