Оқибатни унутган аёл:
«Бева синглингиз уйимдан кетсин»
— Ака, жон ака, бир иложини қилинг. Бу пиёниста эрим умримни хазон қилди, болаларимнинг пешонасига “ўғрининг боласи” деган тамғани қўйди.
Барча нарсаларимизни тортиб олишди. Бутунлай кўчада қолдик. Қарз сўраб, бир нечта дўстлариникига борсам, бари ўзини олиб қочди.
Тўғри-да, эрим қамоқда, мен аёл киши бўлиб икки болам билан беш миллионни қандай қайтараман?
Нилуфарнинг олдида мунғайиб ўтирган болаларини бағримга босдим.
— Майли, бир иложини топаман. Ўзингни қийнайверма, болаларни ҳам қўрқитиб қўйибсан. Қани, Дониёр, Элёр, туринглар, акаларинг билан ўйнанглар.
Комил оғир хўрсинди-да, беш миллион пул топиш йўлларини ўйлай бошлади.
— Саида…
— Комил аёлини чақирдию, қандай гап бошлашни билмай, каловланиб қолди.
— Ҳа, нима дейсиз, тинчликми?
— Нилуфарнинг аҳволини кўряпсан. Терговчилар тунов куни ишхонамга келиб, 30 кун ичида қарз миқдори қопланиши лозимлигини айтишди. Шунга ҳовлини сотиб, бошқа уч хоналик уй олсакми, деяётгандим. Кейинчалик яна ишлаб, бундан ҳам яхши ҳовли-жойлар қиламиз. Ахир биттаю битта синглим.
— Комил ака, ўйлаб гапиряпсизми? Эри урганида ҳафталаб қоларди. Тишимни тишимга қўйиб чидардим, “Ҳа, майли, кетади-ку барибир”, деб. Бир ойдан буён бизникида. Болалари бир-биридан тарбиясиз. Анави каттаси Насибани турткилагани-турткилаган. Бечора қизим ўз уйида бева аммасининг ўғлидан калтак ейиши қолувди. Энди уй-жойни ҳам бўшатиб беришим керакми? Бекорларнинг бештасини айтибсиз!
Уй сотилмайди!
Болаларингизнинг ризқини қирқманг. Иссиқ уйимизни совутманг.
— Нималар деяпсан, Саида? Ахир у менинг синглим! Сен тарбиясиз дея атаётган норасидалар эса жиянларим! Бизникидан бошқа қаерга борсин?
Ўйлаб гапиряпсанми? Икки опамнинг шароитини ўзинг яхши биласан-ку. Қайнонаси бир кунга ҳам дод дейди. Ахир ака бўлиб синглимга кўмаклашмасам, Аллоҳнинг олдида қандай жавоб бераман?
— Яхши. Сизга ўз аёлингиз, фарзандларингиздан кўра, ўша синглингиз ва жиянларингиз афзал экан-да! Биз кетамиз! Истасангиз, уйни сотинг, пулини пиёниста куёвингизнинг қарзлари учун тўланг!
— Саида, қаерга кетасан? Мени ҳам тушунсанг-чи. Онам ҳам Худонинг зорини қиляпти-ку.
— Онамникига! Етар шунча сабр қилганим.
Саида болаларини олди-да, барча нарсаларини йиғиштириб, онасиникига кетди. Қайнонаси, эри, қайнсинглиси қанча тўхтатишга ҳаракат қилмасин, ўз фикрида қатъий туриб олди. Ота уйига келгач, келинининг олдида ўзини хотиржам тутишга ҳаракат қилдию, барибир, уддалай олмади.
Онасига дарду ҳасратини тўкиб солди.
Отаси аввалига бу воқеалардан хабар топгач, куёвидан ранжиса-да, қизига буни сездирмади. Ярим тунда чол-кампир айвон сўрисида ўтиришар экан, ичкаридан Саиданинг болаларини жеркиб-жеркиб ухлатаётгани эшитилди. “Ўчир овозингни, қани тез, ухла. Сенинг хархашанг етмай турувди. Йўқ даданг, ҳеч қанақа уй ҳам йўқ. Кўзингни юм, ухланглар”.
Нозим ака оғир хўрсинди-да, аёлига юзланди:
— Эр йигит дегани шундай бўлиши керак. Сингилга кўмаклашиш, уни ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳимоялаш аканинг вазифаси. Комилжон тўғри иш қилибди. Қизинг оғирроқ бўлиши керак эди. Саидага айт, эртагаёқ қайтиб бориб, кечирим сўрасин. Иссиқ ўрни совимасдан. Эртага икки норасидани етим қилмоқчими? Бундай келишмовчиликлар ҳар бир оилада бўлиб туради.
— Мен ҳам айтдим, дадаси. Нима қилай тушунмаса?
“Мен каталакдай уйда турмайман. Тўрт болани қандай эплайман, қайнсинглим бир ой ҳам ўтирмасдан ишга тушаман деб туриб олади”, деяпти.
Майли, ҳайдаманг, тура турсин. Келин билан яхши чиқишади.
Комил уйни сотиб, куёвининг қарзларини тўлади. Уч хонали уй сотиб олди. Синглисини ишга, жиянларини кўп қаватли уй яқинидаги болалар боғчасига жойлаштирди. Хотини ва болаларини кўргани ҳар ҳафта қайнотасиникига қатнади.
Аммо қайсар Саида қайтишни хоҳламади.
Уларнинг орасига Саиданинг ота-онаси ҳам, Комилнинг аяси ҳам тушди.
Комил тақдирга тан бериб, эндиликда қайнотасиникига фақатгина фарзандлари учун келадиган бўлди.
Орадан вақт ўтгани сари Саида ота уйига бегоналигини ҳис этиб борар, келинининг таънали кесатиқлари жон-жонидан ўтиб кетарди......