Иш ўз эгасининг қўлидан бошқасига ўтса, қиёматни кутаверинг...
Кимнидир ишга олиш, бир инсонга иш бериб, ҳалол ризқ топишига имкон бериш ниҳоятда савобли иш. Аммо кимни ишга ёллаш керак? Бунда қайси мезонларга амал қилинади? Уламолар бунга Қуръони Каримдаги бир оятни келтирадилар. Тарихни эсласак, Шуайб алайҳиссаломнинг қизлари отасига Мусони ижарага олинг, ишга олинг деган гаплари оят ўлароқ келган. Ана шу оятга – Қасос сурасининг 20-оятига эътиборингизни қаратмоқчиман. «Қизлардан бири отасига айтди: «Отажон, агар ишчи ёллайдиган бўлсангиз, энг яхши ишчи – кучли ва омонатдор ишчидир», дедилар. Ҳар доим кимнидир ишга олишда ёки ишдан олишда мана шу иккита омилга қараш керак экан. Одам кучли бўлиши керак, омонатдор бўлиши керак, ишончли бўлиши керак. Қачонки мана шу икки сифат жам бўлса, ўша одам ўз ишининг эгаси бўлади, соҳасининг мутахассиси бўлади. Кучли деганимиз ишининг устаси, соҳасининг пешқадами дегани, амин деганимиз эса омонатдорлик, яъни ўша ишни садоқат билан қилишидир. Бундай одам кучини, билимини ёмонликка ишлатмайди, ҳунарини, тирикчилигини ҳаром пул топишга сарфламайди. Мана шу икки сифат жам бўлиши керак. Акс ҳолда дунёвий муаммо келиб чиқади. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг машҳур дуолари бор эди: «Аллоҳим, заиф омонатдордан паноҳ тилайман, хиёнаткор кучлидан паноҳ тилайман» дер эдилар. Баъзан шундай бўлиб қоладики, бир одам омонатдор бўлади, лекин заиф бўлади, қўрқоқ бўлади, ёки аксинча, ботир бўлади, қўрқмайдиган бўлади, лекин хоин бўлади, хиёнаткор бўлади. Юқоридаги икки сифатнинг жам бўлиши – ҳам омонатдор, ҳам ўз ишининг устаси бўлиши жуда ҳам нодир нарса.
Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади: «Пайғамбар алайҳиссалом: «Бирортангиз бир иш қилса, Аллоҳ ўша ишни яхшилаб қилишингизни яхши кўради», деганлар. Бу нарса динимизда эҳсон даражаси дейилади. Ҳар бир ишни энг мукаммал ўринга қўйиб бажариш эҳсондир. Ҳадисларда эҳсон деб Роббингизни кўриб тургандек ибодат қилишингиз, агарчи сиз Роббингизни кўрмасангиз, Роббим мени кўриб турибди деб билишингиз экани айтилган. Ҳар бир ишда мана шу шиор бўлсагина унда камолот бўлади. Ҳар бир касб эгаси «Аллоҳ мени кўриб турибди, мен хиёнат қила олмайман, ишни ўз жойига қўйишим керак, қўлдан кетгунча бўлмаслиги керак» деб, садоқат билан, камолот билан ёндашиши керак.
Хўш, агар бундай бўлмаса-чи?
Пайғамбар алайҳиссалом: «Иш ўз эгасининг қўлидан бошқасига ўтса, қиёматни кутаверинг», деганлар. Мутахассис бўлмаган одам, «одам қилганини одам қилади» деб, ақли етмаган, қўлидан келмаган ишга уринаверса, бир соҳани билмайдиган, тушунмайдиган одамни шу соҳага раҳбар қилиб қўйилса, охири ёмон бўлар экан. Масалан, биров пиёз экди. Шу йили яхши сотди. Кейинги йили ҳамма пиёз экади, лекин ҳосил яхши бўлмайди. Кейинги йили эса пиёз яхши бўлмади деб, ҳеч ким пиёз экмайди. Бир одам четдан бир мол олиб келиб, савдо ташкил қилди. Унинг фойда қилаётганини кўриб, ҳамма ўзини шунга уради. Чунки ўзига берилган, ўзи яхши биладиган соҳадаги топганига қаноат ҳосил қила қолмайди. Кўпроқ пул топаман дейди, шу одам қилибди, мен қила олмайманми деб уринади-да, пулини ҳам, вақтини совуради, бировнинг тирикчилигини ҳам йўққа чиқаради.