Ўқинг...фақат йиғламанг!:
Ёлғизликнинг сўнгги туҳфаси.
Янги келган ёшгина Гули исмли қиз хона тўрида атрофдагиларни пайқамаётгандек бир қиёфада ўтирган аёлга қараб-қараб қўйди. Чунки хонада аёл билан Гулидан бошқа яна бешта қиз бўлиб, уларнинг ҳар бири битта компьютер олдида тақсимчалардаги ширинликлардан тотиниб, чой ҳўплашар, фақат ёшига номуносиб ҳолда тор шим ва кофта кийиб, кийимига ярашмаган алфозда шода-шода маржон таққан аёл — Сапура опанинг олди бўш эди. Хонадаги ҳеч кимдан ҳеч қандай садо чиқмаса ҳам, Гули ўзига аталган ширинликдан олиб, чой ичишга ўша аёлдан хижолат бўлди. Ўрнидан туриб Сапура опанинг ёнига борди-да, бошқаларнинг диққатини тортмайдиган пастроқ овозда:
— Опа, сизгаям қаҳва дамлаб берайми? — деб сўради.
Боядан бери қараган кўзга қўли ишда бўлса-да, нигоҳи, хаёли узоқ-узоқларда кезиб юргандек таассурот қолдирадиган Сапура опа Гулининг тавозе билан кўрсатган илтифотига кескин бош чайқади.
Гули ноқулай бир аҳволга тушди-да, жойига бориб, ишига уннади.
Кимдир томоқ қирди, кимдир «пиқ» этиб кулди.
— Нима, биров маймун ўйнатяптими? Ё беиш зерикиб қолдиларингми? — Сапура опанинг йўғон, гулдираган овози Гулини сескантиргандек бўлди.
«Бу аёлдан йироқроқ юрганим дуруст, шекилли. Ўзига яраша феъли борга ўхшаяпти», деб ўйлади Гули. Дарҳақиқат, Сапура опа чеккани ташқарига чиқиб кетганида, ҳамхоналар ўша аёлнинг Гулига ғалати кўринган феълини бирпасда достон қилиб таърифлаб беришди:
— Гулижон, сизни тушундик. Ёши улуғ деб Сапура опага илтифот кўрсатдингиз. Лекин у киши фақат ишхонамизда эмас, бутун дунёда ягона нусхадаги шахс. «Ҳар ким ўз юкини ўзи кўтариб яшаши керак. Ҳеч ким ўзидан ўзгага заррача оғирлигини туширмаслиги шарт», деган шиор билан яшайди. Биз уларнинг ҳаёт тарзига ўрганиб қолганмиз, сиз ҳам энди кўникасиз.
— Ахир опамиз саҳрода яшамайди-ку. Қанақа қилиб тумонат одам ичида ҳеч кимнинг оғирини олмай, ҳеч кимга оғирини солмай яшаш мумкин? — Гули ажабланиб сўради.
— Мумкин экан-да, — хонадаги аёллар гапни келган жойидан илиб кетишди. — Сапура опа турмуш ҳам қурмаган, фарзанд ҳам кўрмаган.
— Роса қизиқ экан-ку! Бундай феъл-атворли кишилар, аслида, шахс эмас, худбин дейилса керак…
— Жим-м… — Гулига гапини давом эттиришга қўймади бошқа бир ҳамхонаси.
— Яхшиси, сиз бу аёлни борича қабул қилинг. Ҳатто юраги ёмон бўлиб, ранги бўздек оқариб кетганида ҳам. Бекор дилингиз оғригани қолади.
Шу пайт Сапура опа эшикдан кириб келди-ю, ҳамма компьютер устига энгашди.
Бировни гапириш, бировнинг феъл-атворини муҳокама қилиш осон. Лекин уни умрнинг шу бекатига қандай йўллар, қайси сўқмоқлар олиб келди, бу ҳақда кўпинча фикр юритмаймиз. Ўзгаларнинг ўзи тараф чўзилган ёрдам қўлларини «Мен… Ўзим…», дея қайтариш, қўл орқага қайтмай, яна чўзилаверса, кескин силтаб ташлашдек қалтис одатлар билан бирга дунёга келмагандик-ку. Сапура опанинг ўзи ҳам бу сўқмоқлар, бу йўллар ҳақида деярли эслагиси келмайди. Баъзан-баъзан нима муносабат биландир эслаб қолса, ўй-кечинмасининг боши мактабга бориб тақалади.
Тўртинчи синфлар эди чамаси. Синф раҳбари ўз ўқувчиларини уч гуруҳга бўлди. Ҳар бир звенодаги ўқувчилар бир-бири учун жавоб беради. Агар кимдир ўқувчи одобига тўғри келмайдиган иш қилиб қўйса ё паст баҳога ўзлаштирса, ўша звено ҳеч қачон илғор бўла олмайди. Улар ғолибларга тақдим қилинадиган байроқчага эга чиқмайди. Шунданми иккала звенодаги (Сапураларинг звеноси ўртада эди) аълочилар пастроқ ўқийдиган синфдошлари учун жон куйдира бошлади. Ҳар куни уларнинг дарсларини текширишар, ёзма ишларини кўчиртиришарди. Дарсда жавоб бериш учун чиқса, варақларига саволлар жавобини ёзиб кўрсатишар, шивирлаб, «жонли шпаргалка»ларга айланишарди. Сапурага эса бу ёлғон ёқмас, жону дили билан звенодаги барча ўқувчи аълочи бўла олмаслигини исботлашга уринарди.
Синфдошлари Сапуранинг қайсарлиги боис байроқчага эга бўла олмагани, ҳадеб учинчи ўринни олаверишгани учун уни айблашар, ўқитувчисига:
— Сапурани бизнинг звенодан чиқариб юборинг, — дея нолишарди.
Ўқитувчиси Сапурани гоҳ биринчи, гоҳ учинчи звенога олди. Ахийри Сапурани яккалашди.
Давоми 14:30 да