Қўчқор НОРҚОБИЛ
ОВҚАТИНГ ЕТМАЙ ҚОЛСИН...
Дўстим Бахтиёрга бағишлайман
ҳикоя
Қисм ошхонасида кечки овқатга хафсаласиз қўл урдик. Иштаҳага ит теккан. Сабаби, тонг саҳар жангга кетишимиз ҳақида буйруқ бор. Қаерга боришимиз номаълум; сир тутишмоқда. Бундай ими - жим тайёргарликдан сезиш мумкинки, Чорикор ё Панжшерга йўл олсак керак. У ёқлардан тирик қайтиш даргумон, ажалнинг уяси, Худо қарғаган жой. Дузахнинг дарвозаси очилгани шу...
Столимиз атрофида асосан ўзбеклар жам бўлганди. Емакдан сўнг ошпазимиз дуо қилди:
– Омийн! Қайтиб келганларингда овқатим етмай қолсин...
Айни тоб тепамизда сиёсий тарғиботчи зобит ҳозир бўлди. Аскарнинг гап - сўзи тугул хаёлидаги ўй билан ҳам қизиқувчи бу исковични жинимиз суймасди.
– Фолончиев! Ҳозир нима дединг? Қани таржима қил-чи?
Ошпаз жим. Бошқалар ҳам. Биламан, зобит тирноқ остидан кир топиб ундан бомба ё мина ясайди.
У кинояли илжайди:
– Сен дуо ўқидинг. Шуни менга таржима қилиб бер, тамом!
– Кейинги гал овқатимиз етмай қолсин, деяпти. Бунинг нимаси ёмон, – ижирғандим.
– Аҳмоқ! Совет армияси ҳар жиҳатдан қудратли. Бизда озиқ - овқат етарли. Сенларнинг миянг бузилган...
Асабим зир қақшади. Оғзимга келган гапни қайтармадим.
–Калтафаҳмсан!– дедим сенсираб.
Юзига тик боқдим. Жағини очса, қулоқ чаккасида чақмоқ чақдирадиган важоҳатимни кўриб эсанкиради. Тўғри-да, эртага урушга чиққандан кўра Гауптвахта, яъни, аскарқамоқда ётганим яхшироқдир, нари борса бир ҳафтадан сўнг қўйиворишади... Зобит нимадир деб ғулдиради-да, ошхонадан отилиб чиқиб кетди.
Зум ўтмай қисм қорувули бошлиғи ва иккита навбатчи аскар пайдо бўлди. Эртага жангга чиқишимиз шартлиги сабаб менга индашмади, ошпазни олиб кетишди.
... Жангдан қайтдик. Оёқларимиз зил - замбил ҳолда ошхонага кирдик. Иштаҳа йўқ... Ошпаз бир бурчакда эзғинди ҳолда бош эгиб ўтирибди. Бизнинг ёнимизга келмади. Сабаби, унинг овқати ортиб қолди, сабаби, аскарларнинг кўпчиллиги қирилиб кетганди...
Ҳалиги тарғиботчи зобит ошпазнинг ёнига борди. Юзига маҳзун тикилиб елкасига кафтини қўйди. Бизнинг столга ўгрилиб қаради. Қаддини ғоз тутди. Ўнг қўлини чеккасига тираб ҳурмат маъносида ҳарбийча салом берди. Нигоҳлари жиққа ёш. Шу тарзда биздан, айнан мендан узр сўради. Биз ҳам ўрнимиздан туриб, қўлларимизни бошимиз четига тираб ҳарбийча алик олдик.
Орадан бир ҳафта ўтиб, яна бизни саф майдонига тизишди. Тағин жанг... Қисм командири ҳарбий тайёргарлик борасида зобитлар ҳисоботини тинглагач, минглаб аскарларга юзланди:
– Ўғилларим, ҳаммамиз соғ - омон, ҳа, барчамиз тирик қайтишимиз керак! Қисмга тус - тугал келайлик! Донишманд ўзбек ошпазимиз айтгани каби, майли, жангдан қайтгач, сизларга овқат етмай қолишини истайман!
Вужудим жимирлаб кетди. Бўғзимга нимадир тиқилиб қолди. Взвод бошида турган тарғиботчи зобит менга қараб жилмайиб қўйди.
Кейинчалик қисмимизда “Майли, овқатимиз етмай қолсин!”, деган ибора энг яхши тилакка айланди.
– Омон қайтинглар, овқатимиз етмай қолсин!
– Тирик қайтинглар, овқатимиз етмаса ҳам майли!
– Биз қайтгач, овқатинг етмасин, ошпаз!
– Биз қайтамиз, овқатинг етмай қолади, Бахтиёр!
... Орадан анча йиллар ўтди, Бахтиёр...
Ҳайит байрамида қишлоққа боргач, альбом варақлаб, иккимизнинг ҳарбийда тушган сувратимизни кўрдим. Ўша воқеани эсладим, Бахтиёр!
Эсингдами, Бахтиёр?!
Эсингда-а?!
9.06. 2025 й