✒️Ношукур қайнона.
Якшанба куни... Тоҳир ака саҳар уйғониб бозорга йўл олди. Бир айланиб келсин. Бу хотиннинг ғиди-ғидисидан жуда безор бўлиб кетди ўзи ҳам...
Секингина кийиниб оёқ учида ташқарига чиқаётган эди "эҳ, палакат!" қайси бири бакалашкани уйнинг ўртасига қўйибди.
--Ҳа, яна қаёққа?,--деди хотини ўшқириб.
"Эрталабдан бошлайди-я!",--деди Тоҳирбой ичида ўйланиб, ҳозир гапирса, яна баттар шанғиллайди... Яқин кунларда ўғлини уйлантиришади. Хотини қанақа қайнона бўлади, буни тасаввурига ҳеч сиғдиролмайди...
Шуларни ўйлаб Тоҳир бозорга келиб қолганини ҳам сезмай қолди. Аввал мол бозорни айланди. Ўҳўўў, нархлар жуда ҳам кўтарилиб кетибди. Ундан кейин қушлар бозорини айланди. Булбулларнинг шўх сайроғи юрагидаги ғуборларни ювиб кетгандек бўлди. Парранда бозорини айланаётиб," Кел, уйга битта товуқ олиб борай "деб ўйлади. Аслида уйларида товуқлар кўп, яхши-да, ҳарна рўзғорга ёрдам. Тухумларини болалар ҳар эрталаб қовуриб ейишади.
Бир семизгина товуқни савдолашиб сотиб олди.
Уйга қайтгач, товуқни катакка қўйиб юборди, уларга дон берди.
--Ҳа, яна товуқ кўтариб келдингизми?,--деди хотини Тоҳирни узоқдан кўриб.
--Ношукурсан, хотин! Ношукурсан! Товуқ--етти хазинанинг бири! Тонг саҳардан шанғиллаганча, шу товуқларга дон берсанг бўлмайдими?
--Э, шу товуқларингиздан безор бўлдим! Шулар ўлмади, ман қутулмадим...
Хотини яна нималардир деганча молхонага кириб кетди. Афтидан сигирни соғмоқчими... Бир вақт молхонадан челакнинг тарақлагани ва хотинининг" "Э, санам ўлмадинг, ман қутулмадим",--деган овози келди. Хотинининг тўнғиллаган овози сигирга ҳам ёқмади, шекилли...
Орадан кунлар ўтди. Тоҳирбой ўғлини уйлантирди. Тўй ажойиб ўтди. Ўғли Қодиржон " яхши кўрган қизимни оламан "охири қанча курашлардан кейин, ўзининг севгани Ҳилолага уйланди. Албатта, бу кураш онаси билан эди-да! Отаси-ку, умуман қаршилик қилгани йўқ! Ҳилола яхши оилада тарбия кўрган, одобли қиз, лекин Қодиржоннинг онасига негадир ёқмади.
Кунлар шу зайлда ўтаверди. Тоҳирбой товуқларидан хабар олди, дон-сув берди. Товуқлар ҳали ҳам сўнгги марта олиб келган дўмбоққина, семизроқ товуқни қабул қилишмас, ҳар замонда уни чўқилаб қўйишарди." Эҳ, шу товуқни ҳеч қабул қилишмади-да, бечора анча озибди",--деб ўйлади Тоҳирбой.
--Шуниям куйдирдиз-а, келин. Бирон бир ишни бажариб билмайсиз. Онангиз сизга нимани ўргатган ўзи, фақат ўқиганмисиз нима-да!--деб хотини атайлабдан ҳаммага эшиттириб, бақириб гапирарди.
--Кечиринг, ойижон, бирданига бўлди, узр, ойижон!--келинчакнинг қалтираган овози эшитилди.
--Ўв, хотин, пастроқ гапир, қўшнилар эшитишади,--деди Тоҳирбой
--Э, сиз аралашманг, бошида айтгандим, шуни келин қилмайлик деб! "Ўқиганман" деб гердайиб юради.
--Келинимиз унақа эмас, хотин! Билмаганини ўргат, айбини яшир, кейинги сафар такрорламайди. Ўзинг қанақа келин бўлгансан! Раҳматли онам бир умр қозон-товоғини санга топширмади.
--Ман сизга аралашманг дедим. Бошидан қаттиқ олишим керак. Ўзидан кетади бу келин дегани.
--Хотин, сан келинга меҳр берсанггина, у ҳам сенга меҳр беради-да. Санга гапириш бефойда, билганингни қил,--деди-да, Тоҳирбой даласига чиқиб кетди. Ҳар куни шу аҳвол, уйида бир яйраб ўтиролмайди. Хотинининг уриш-жанжалидан қочиб, пахта даласига боради. Ошна-оғайнилари билан дарахт соясида суҳбатлашади, кўнглининг чигилини ёзади...
Оилада эркак бош бўлмаганидан кейин аҳвол шу-да. Оилани эркак бошқариши керак. Аёл ҳукмронлик қилган уйда, ҳар куни жанжал бўлади.
Жамиятда аёл хоҳ ҳоким бўлсин, хоҳ раҳбар бўлсин, уйига келганида вазирдай эрининг ёнида турсин. Эри қабул қилган қарорларни ҳурмат қилсин!
Аслида, Ҳилола ёмон келин эмас. Тарбияли, зиёли оила фарзанди. Иккита университетни ўқиб тугатди. Мактабда намунали ўқитувчилардан ҳисобланади. Лекин 10 та университетни битирса ҳам қайнонасининг олдида бир тийинлик қадри йуқ... Ҳилола уйига кириб йиғлади, ўксиб-ўксиб йиғлади, чуқур-чуқур йиғлади... Сўнг юзларини ювиб, яна ҳеч нарса бўлмагандай, ишларини қилиб юраверди. Қайнонасининг даккиларидан на кечаси уйқусида ҳаловат бор, на кундузи...