аганингга ким ишонади? Сенинг айбинг йўқ-ку,ӯғрилар кўпчилик бўлган. Кўпчиликка кучинг етмаган. Шуни тоғам албатта тушунади... Райҳонбиби бир зум қамчи остида оғриқдан азоб чекаётган укасини тасаввур қилиб хӯрлиги келди, аммо осмон ӣироқ ер қаттиқ эди, овози титраб, сӯзида давом этди:
Урса ҳам, ўлдириб қўймас. Мен тоғажон, урманг деб ялинаман. Юр, тоғамнинг олдига ҳозир борамиз!
Эшакни оғил томонга етаклаб ўтаётган кичик уканинг изтироб, алам, ачиниш ва шафқатга тўла кўзлари бир-бирини суяб, сўрида ўқувчиларнинг дафтарларини варақлаб ўтирган тоға томон кетаётган ҳоли забун жигарларига боқарди. Шу тобда ёруғ жаҳонда бу уч етимдан ночорроқ кимса йўқ эди. Қадам товушларини эшитган тоға бошини кўтариб, жиянларига бир пас қараб тургач, кўзидан кўзойнагини олиб, китоблар устига қўйди. Райҳонбиби овози титраб салом берди. Муаллим Турдимуродга қаради-да, недир фалокатни фаҳмлаган хавотирли овозда:
– Сенга нима бўлди, Турдибой, – деди.
– Тоғажон, – деб гап бошлади Райҳонбиби ялинчоқ овозда.
– Сен жим тур!
– Тоға, молларни сотиб, пулини белбоққа тугиб, чопоннинг остидан белимга боғлаб олган эдим. Жалойир қишлоғининг қабристони ёнидан ўтаётганимда тўртта ўғри эшакдан йиқитиб олиб урди. Маҳкам белбоққа ёпишиб олган эдим, бошимга тепишганда қўлларим бўшашиб кетди. Пулни... пулни...
Турдимурод яна йиғлаб юборди. Тоғанинг узоқ сукути жиянларни тошдек қотирди. Муаллим ўрнидан вазмин қўзғолиб, сўридан тушди ва Турдимурод томон қадам қўйди. Райҳонбиби жон ҳолатда муаллимга ёпишди:
– Тоғажон, урманг, ўлиб қолади!!!
Унинг сўзларидан муаллимнинг кўзларига дувв этиб ёш қуйилди. Тоға жиянини бағрига босди:
– Болам, болагинам, сени бозорга ёлғиз жўнатган ўзим, айбдорман. Сенга қўл кўтарсам Ойсулувнинг руҳи чирқилламайдими? Пул бош-у, кўзингдан садақа. Синглимнинг, отангнинг, кимки бу кунларга етмаган бўлса, шуларнинг руҳи-покларига бағишладим. Боринглар, янгаларинг овқат пиширган, еб олинглар.
Райҳонбиби бирдан муаллимнинг пойига тиз чўкиб, чопонининг барига юзини босди:
– Раҳмат, тоғажон...
– Саида, овқатни эртароқ сузинглар. Мен болаларни томошага олиб бораман.
Саидабону эрига ҳайрон бўлиб қаради. Унинг нигоҳида кеча қоронғусида нимани томоша қилишади, деган савол зоҳир эди. Муаллим ҳайрон бўлиб турган хотинига тушунтирди:
– Колхоз клубига кино томоша келади. Болагиналар меҳнатдан бошқа нарсани билишмайди. Ҳарна, томошага бориб, кўнгиллари очилсин.
– Ҳа... Саидабону индамай ўчоқ бошига кетди.
Кинотомоша ҳали нима эканлигини аниқ билишмаса-да, дастурхон атрофидаги катта-кичик ҳамма шошилиб овқатланди.
– Тоға, кино томошада нималар бўлади? – деб сўради Бердимурод.
– Деворга осилган оқ сурпда қизиқ воқеаларни кўрсатади. Борганда кўрасизлар.
Колхоз клубининг орқасидаги деворга тўртбурчак оқ мато осилган, қишлоқ аҳли шолча, тўн, баъзилар кичикроқ кўрпача кўтариб шу томонга оқиб келарди. Майдончанинг деворга яқин қисми аллақачон банд қилинган, етиб келганлардан кимдир чопонини юмалоқлаб устига, бошқалар кўрпачаларни яйдоқ ерга тўшаб ўтира бошладилар. Ҳаммадан орқароқда соч қўйган, йигирма беш ёшлардаги зиёлинамо йигит иккита айланали қурилмага узун тасма ўралган ғилдиракка ўхшаш нарсани ўрнатиб, у ёқ-бу ёққа бураб-бураб текшириб кўргач:
– Бўлди, энди ҳамма жим бўлсин. Кинони бошлаймиз, – деди.
– Э, болам шошмай тур, биз ҳам ўтириб олайлик сўнг бошлайсан, - деди йигирма беш чоғли аҳли рўзғори билан етиб келган муаллим.
Муаллим ёши каттароқ ўсмир йигитларни олиб олдинроққа, ёнига қўлтиқтаёқлари суялган бир-иккита собиқ жангчилар қаторига бориб ўтирди. Болалар ва қизлар жамоанинг охирги қаторига жойлашдилар.
– Бўлди. Энди кинони қўяман. Нима бўлаётганини айтиб, тушунтириб тураман.
Ӣигит қурилмадаги бир нуқтани босди. Оқ матога тушган ёруғдан одамлар пайдо бўлиб ҳаракатлана бошладилар. Халойиқ бир гуриллади.
– Вой булар бу ёққа чиқиб кетмайдими?
– Йўғ-э, булар бир расмдай бўлса керак-да!
– Жим! Жим ўтиринглар!
Яна йигитнинг овози янгради.
– Диққат! Бу жанг майдони. Ҳозир уруш қандай бўлганини ўз кўзларинг билан кўрасизлар!
Экранда саф-саф бўлиб тиш-тирноғигача қуролланган фашистлар пайдо бўлди.
Ерга ётиб олган қизил аскарлар уларга қарата милтиқлардан