им, нўрмамни бажарганимдан кейин мен билан ишингиз бўлмайди. Боламни эмизишга қайнонамнинг олдига бориб тураман.
– Эсинг жойидами, Зартепа қайда, Сталин колхози қайда? Пиёда бир кунлик йўл-ку!
– Майли узоқ бўлса ҳам. Мен мозоротдан ўрталаб юраман.
Бригадир қўл силтади.
– Билганингни қил!
Бир оздан сўнг Райҳонбиби боласини опичлаб олиб йўлга тушди. То қирдан эниб, қишлоқ йўлига етгунча, йиртиғи тикиб бўлмас даражага келган калиш оёғидан чиқиб кетавериб, қийнаб юборди. Бир оёғидаги калиш недир чўгирга илиниб қолди-да, батамом узилди. Энди бу пойафзални тикиб-ямаб бўлмаслигига кўзи етган аёл иккинчи оёғидагисини ҳам ечиб ташлади ва оёқяланг юриб кетди. Ҳар хил чўп-чўгир ва тикан аралаш қизиб ётган тупроқ товонини жазиллатди. Офтоб ўтиб кетмасин деб рўмолининг бир учини боланинг боши аралаш елкасига ёпиб қўйди. Шу юришда тўхтамай, қабристон оралаб қоронғу тушгунча келинлик уйига етиб олишни хаёл қилди. Бироқ, куннинг иссиғида азбаройи чанқаганидан “Оқ олтин” колхози томонга бурилди. Бу колхоз чеккасидаги ҳовузнинг номи “Ёдгор ҳовуз” бўлиб, ўтган-қайтган шу ҳовуздан сув ичар ва қазган аёлнинг ҳаққига дуо қиларди. Ҳовузга яқинлашар экан, Райҳонбибининг яна кўзлари ёшга тўлди..
...Ўшанда ҳали кичкина қизалоқ эди. Улар отаси, ўзи, Турдимурод ва акаси аравага ўтириб Хатирчига биринчи май байрамига бордилар. Қизил байроқчалар кўтариб, саф-саф бўлиб ўтаётган одамларни томоша қилдилар. Томоша тугагач отаси ҳар уччаласига ҳам қоп-қора ялтираб турган, ичи қип-қизил калишчалар олиб берди. Уйда қолган энасига рўмол сотиб олишди. Болалар қўлларида хўрозқандлар, шодлик-бахтиёрликда яна аравага ўтириб ортга қайтдилар. Қайтишда отаси аравани шу ҳовуз томон бурди. Арава устидан шолча олиб, ҳовуз бўйига тўшаб ўтирдилар.
–Ота, – деган эди ўшанда акаси, – нима учун бу ҳовузни “Ёдгор ҳовуз” дейишади?
Қадимда мана шу колхоз ўрнида катта бир қишлоқ бўлган экан. Бир
чол-у, кампирнинг кексайганда Худодан тилаб олган ягона қизи бор экан. Бу қиз улғайиб вояга етгач, жуда кўп йигитлар ошиқ бўлишибди. Қиз ота-онасини ташлаб, турмушга чиқиб кетишни истамабди. Чол-кампир эса, сени бахтли бўлганингни кўрайлик деб қизни ҳол-жонига қўйишмабди. Ниҳоят қиз ота-онасидан йироққа кетмаслик мақсадида қўшни йигитга турмушга чиқишга рози бўлибди. Тўй ҳам бўлиб ўтибди. Ёш келин-куёв бир неча йил бахтиёр яшашибди. Бироқ ҳадеганда фарзанд туғилавермабди. Йигитнинг рўзғордан кўнгли совибди. Бошқа аёлга уйланиш ҳаракатига тушибди.
– Мен онам кексайиб қолганларида дунёга келганман, эҳтимол бизнинг ҳам фарзандларимиз кейироқ туғилар, – дебди аёл.
Аммо эри унинг гапларига қулоқ солмабди..
Келинчак ота уйига қайтиб кетибди. Унга яна совчилар кела бошлабди. Бироқ аёл яна турмушга чиқишга рози бўлмабди. Аёлнинг кексайиб қолган ота -онаси кўп ўтмай вафот этишибди. Эри эса кетма-кет фарзанд кӯрибди. Бир куни уни эрининг янги хотини кўриб қолибди. Кўрибди-ю, кундошининг ҳусни-жамоли уни лол қилиб қўйибди. Аёл “мен қанча бола туғиб бермайин, барибир бу хотинини унутмаса керак”, деган хаёлдан ўртаниб кетибди ва бу бечора аёлни ҳақорат қилибди.
“Мен ўлиб кетсам қатор-қатор ўғилларим, қизларим қолади. Сен ўлсанг, сендан нима ёдгор бўлиб қолади, эй бахтсиз хотин”- дебди у.
Шундоқ ҳам юраги эзилган аёлга бу сўзлар оғир ботибди. У индамай уйига кириб кетибди ва йиғлаб-йиғлаб ухлаб қолибди. Шу кеча унинг тушига бир чол кирибди. “Қизим, хафа бӯлма, сендан ҳам ёдгорлик қолади. Қишлоқ четидаги бир туп қайрағоч ёнига бор. Қирқ қадам у томон, қирқ қадам бу томон ўлча. Ўртасидан ҳовуз қаз. Шундай ҳовуз бўладики, бир ҳовуч сувидан ичган одам қувват олади, фарзанд кўрмаган аёллар муродига етади. Улар сени доимо миннатдор бӯлиб эслашади”,-- дебди. Аёл уйғониб, тушидаги бобо айтганидек белкурак ва кетмон олиб қишлоқ чеккасига чиқибди. Тушидаги чол айтган жойни топиб, ҳовуз қазишга киришибди ва шу иш ҳаётининг мазмунига айланибди. Бироқ сочлари оқариб, белидан қувват кетганида ҳам ҳовуздан сув чиқа қолмабди. У кетмон кўтаришга ҳам ҳоли келмайдиган ёшга етганида сув чиқишидан умидини узиб, Яратганга:“Энди белимда қувват, билагимда куч йўқ. Мени ноумид қилма, Худойим, мени эл-у, юрт олдида уятга қӯйм