иб сигир соғишга кетаётган хотинини тўхтатди:
– Онаси, болаларни уйғот! Ҳар куни оғир пахтани кӯтаравериб, ҳолдан тойиб қолишди. Сени болалар билан бирга Норбўтаникига обориб қўяман. Опанг билан гурунг қилиб, кўнглинг ёзилади. Болалар ҳам дам олишади.
– Сигир соғиш, уй юмушлари нима бўлади, отаси?
– Сигир-бузоққа ўзим қарайман. Қўлимдан келганча соғаман, қолганини бузоқ эмади. Сизларни обориб қўйиб, ўзим кечгача қайтиб келаман.
– Бўлмаса, мен болаларга нонушта тайёрлай...
– Йўқ, чой ичиб ўтирсак кеч бўлиб кетади. Эртароқ чиқиб кетмасак, битта яримтаси кўриб қолса, йўлдан қайтаришдан ҳам тоймайди.
Қўлидаги челакни ерга қўйиб, ичкарига йўл олаётган Райҳонбиби қайтганимиздан кейин барибир “пахта теришдан қочдинглар”, деб, шовқин солишади” деди.
– Менинг қўрқадиган жойим йўқ. Шовқин солиб келганини сўкиб-сўкиб ҳайдаб юбораман. Катта болаларим ўқиб одам бўлаяпти, кичикларини ҳам зеҳни ӯткир. Мактабни битирганини ўқишга жўнатавераман.
Райҳонбиби болаларнинг елкаларини силаб уйғота бошлади.
– Олимжон, Юсуфжон туринглар. Тур сенам, Ризожон, туринглар, тура қолинглар.
– Яна бирпас ётайлик эна, – Олимжон нарёғига ўгирилди.
– Олимжон, тур болам, далага чиқмайсизлар, меҳмонга кетаяпмиз.
Онанинг меҳмонга борамиз, дегани учала ўғилнинг қулоғига бирдан кирди. Учаласининг ҳам уйқуси бирдан қочиб, кўзлари ярқ этиб очилди.
– Қаерга борамиз, эна?
– Норбўта поччангникига!
Қуёш энди уфқдан кўринганда Фармонбек бола-чақаси билан автобус қатнайдиган катта йўл бўйида турарди…
* * *
Дарвоза олдида автобус тўхтаганини биринчи бўлиб Ширинбону сезди.
– Ўғилжон, қизим қара, назаримда меҳмон келяпти. Дарвозамиз олдида автобус тўхтади.
Ўғилой “ҳозир қарайман, онажон”, – деди-да, дарвоза томон кетди.
– Вой, она, отам келди, опам, укаларим ҳам келишибди!
Ширинбону меҳмонларга пешвоз чиқиш учун ўрнидан қўзғолгунча, Райҳонбиби билан Ўғилой бир-бирларини бағирларига босиб кўришдилар. Энди сўридан тушиб оёғига калиш илган Ширинбонуни кундоши келиб қучоқлади.
– Келинг, Райҳонбиби, хуш келибсизлар! Ие, мана менинг полвонларим ҳам келишибди-ку! Шулар айтганда катта энамни кўриб келайлик, деб. Бўлмаса сиз келармидингиз, Райҳонбиби?!
Ширинбону болаларни бир-бир бағрига босди.
– Ҳа, Бону, ўзингиз ҳам бир келай демайсиз. Мана ўғилларингиз билан сўроқлаб келдик, – деди Фармонбек катта хотинига қараб.
– Келинг, бегим тўрга чиқинг.
– Чиқинг, тоға, тўрга чиқиб ўтиринг, – Ширинбонунинг сўзларини Норбўта ҳам такрорлади.
Ҳамма дастурхон атрофига жамулжам ўтиргач, Райҳонбиби атрофга разм солди. Ӯзи келин бўлиб тушган иморат билан Ширинбону яшаган уйнинг ораси унинг хотирасида бир-биридан жуда узоқда жойлашган бўлиб жонланарди. Ҳозир эса, аксинча, жуда яқин туюлди. Фақат иморатларнинг усти шифер билан ёпилибди. Барглари анча тўкилиб қолган дарахтлар орасидан Норбўта кейинчалик қурган янги уй ҳам кўзга ташланиб турибди. Ҳаммадан қизиғи Райҳонбиби яшаган хонанинг деразаси ланг очиғ-у, ташқарига қаратиб каттакон телевизор қўйилган. Райҳонбиби бу антиқа буюмга термулиб қолди. Унинг ҳолатини Ширинбону сезди:
– Райҳонбиби кеч тушсин, свет ёнади. Кейин телевизорни қўямиз. Шундай қўшиқлар қўйишади-ки, эшитиб сел бўласиз. Ҳар хил кинолар қўйишади. Яқинда “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” деган кинони қўйишди. Катталар-ку, катталар, ёш болалар ҳам юм-юм йиғлашди.
– Урушни ҳам кўрсатадими? – ҳадиксирабгина сўради Райҳонбиби.
– Э, опажон, ҳар куни соат ўнда битта уруш ҳақида кино кўрсатади. Худди жанг майдонини ўз кўзингиз билан кўриб тургандай бўласиз, – деди Ўғилой.
Райҳонбиби эрига қаради:
– Отаси, биз ҳам телевизор олайлик.
– Э, қайси пулга оласан, пенсиям ун билан мойга зўрға етади, колхоз бир тийин бермаса. Катта болалардан сӯрасак уят бўлади, ўзларини эплаб ўқиб юришганига ҳам шукур қилишимиз керак, – деди Фармонбек унга жавобан.
– Барчингинам оз-моз жўнатиб турибди-ю, рўзғорга кириб кетаяпти-да, – деди мунг аралаш армон билан Райҳонбиби.
Ширинбону куёвига маъноли қаради. Норбўта тушунгандай бош ирғади. Кўп ўтмай Фармонбек ўрнидан қўзғолди.
– Бўпти, мен борай. Кеч тушиб қолди.
– Ўзингиз фотиҳа ўқинг, бегим.
Ширинбонунинг овозида недир маҳзунликми, мунгми бордай эди