Қамбар ака,танишинглар.Бу менинг яқин дугонам Гулноза, ―деди бироз ҳаяжонланиб дугонам.―Тўйда ёнимизда ўтиради, насиб бўлса.
― Жуда яхши,танишганимдан хурсандман.Менинг исмим Қамбариддин. Ўрта бўйли, оқ -сариқдан келган, қиррабурун, 24-25 ёшлардаги йигит менга диққат билан қаради. ―Мана сизларга таклифномаларни олиб келдим.У велосипед бандига осилган елимхалтадан таклифномаларни олиб,менга тутқазди.
Таклифномалар бежирим зар ёзувлар билан гулдор қилиб ишланган, жуда чиройли эди.Яхшироқ томоша қилиш мақсадида қўлимга энди биттасини олган эдим ҳамки,Гулсум “Ие,амаким келяптилар!”―деганча ўзини бирдан қоронғиликка урди.
Гап нимадалигини англагунимча, рўпарамиздан қаймоқ рангли “Москвич” машинасида дадам ўтиб кетаётган эдилар.Дадам симёғоч тагида мени қандайдир йигит билан турганимни кўрганликлари аниқ эди.Буни биз томонга қарамай, машинани жуда тез ҳайдаб ўтиб кетганликларидан билдим.Кайфиятим жудаям тушиб кетди.
”Нимагаям чиқдим?Куёв билан танишмай мен ўлай.Энди буни дадамга қандай тушунтираман? Дадам ўлдирадилар мени.”―Хаёлимдан ўтган ваҳимали ўй-хаёллардан баттар қўрқиб кетдим.Шу пайт кўп қаватли уйлар томонидан чиқиб келаётган Гулсумга кўзим тушди.
Дугонам вазиятни англаган шекилли, тараддудланиб бизга яқинлашди.
―Нимага бундай қилдинг? ―дедим аччиқланиб.―Энди буни дадамга қандай тушунтирамиз?
―Билмасам...Даданг келаётганларини кўриб,уялиб қочиб кетдим-да, ―деди Гулсум.
―Энди нима бўлади? Дадам нотаниш йигит билан кечқурун гаплашиб ўтирганимни кўриб қолдилар...Нима деб ўйладилар экан-а?
―Мени кечир,дугонажон.Ҳозир аввал бизникига бориб онамдан сизларникига ётиб қолиш учун рухсат сўраймиз.Кейин сизларникига борамиз.Дадангга ўзим тушунтираман.
―Ишонармиканлар?―дедим юрагимга тушган ғулғуладан баттар алағда бўлиб.
-Албатта ишонадилар,―шу пайтгача жим турган Қамбариддин аканинг сўзларидан кейин бироз дадилландим. ―Керак бўлса мен ҳам бораман сизлар билан.
Бўлажак поччамиз билан хайрлашиб,унинг беминнат хизматидан воз кечдик-у, Гулсумларникига кириб чиқдик-да,орадан ўн дақиқа ўтар-ўтмас ҳовлимизга кириб бордик.
Дарвозамиз ёнида негадир дадамнинг машиналари кўринмасди.
Супадаги катта кроватда ўтирган онам мени кўришлари билан койишни бошладилар.
― Қаерларда юрибсан? Кўчанинг бошида ким билан гаплашиб тургандинг? Даданг “Қизингнинг қаерда юрганини биласанми? Ҳали келай, икковинг билан ҳам гаплашадиган гапим бор” ―деб уришиб кетдилар.Ишхоналаридан Салим ака қизини чиқараётган экан.Тўйга кетдилар.Ҳали келиб гаплашарканлар,сен билан.
Дадам раҳматли роса қаттиққўл одам эдилар.Ўша куни дадамни кутиб ухлаб қолибмиз.Ҳамкасбларининг тўйи бўлгани учун улар корхона жамоаси билан тўйни охиригача ўтиришибди.
Эрталаб иккимиз минг ҳадик билан нонуштага чиқдик.Чой дамлаб, ширчойли косаларни катта хонамизга олиб кирдим.Дадамнинг қовоқларидан қор ёғарди.Кеча аслида нима бўлганлигини онамга икковлашиб тушунтирган бўлсак-да,Гулсум ва мен дадамнинг авзолари бежолигидан чўчиб турардик. Шу сабаб икковимиз бараварига салом бердик.
―Валейкум салом.Ҳа,ким эди у?Симёғочни тагида уялмасдан гаплашиб ўтирибсан.Кўрганлар нима дейди? ―зардали оҳангда гап бошладилар дадам. ―Ё бирор синфдошингми?
― Амаки,у ҳалиги...ҳалиги... ―дея гап бошламоқчи бўлган дугонамнинг сўзи бўғзида қолди.
― Мен сендан сўраётганим йўқ! Сен бу ерга дугонангнинг тарафини олишга келдингми? ―ўшқириб бердилар дадам Гулсумга. –Ўзи сендай тарафкаш етмай турганди...
―Йўқ,мен аслида нима бўлганлигини айтмоқчийдим.У йигит Гулнозни эмас,менинг йигитим. ―деди Гулсум помидордай қизариб. ―Яқинда тўйимиз бўлади. Яъни,куёвбола у.
―Ия,сени йигитинг бўлса бу нима қилиб у билан гаплашиб юрибди?Дадамнинг юзларидаги ғазаб таажжуб билан алмашди. –Ё,тавбангдан кетай.
―Амаки,у тўй учун тайёрланган таклифномаларни олиб келганди.Гулноза қўлига олиб томоша қилиб турган пайтда сизнинг келаётганингизни кўриб, уялганимдан қочиб кетдим. Ҳатто нима сабабдан югуриб кетганимни айтмабман ҳам.”Амаким келяптилар” деганимни булар тушунишмай, симёғоч остида қолиб кетишди...