💥 УМРНИНГ УЧ ФАСЛИ. 4- қисм.
Гр:🔥Ҳикоя ва қиссалар🔥
Бироздан сўнг шифокорнинг овози эшитилди.
– Сизни нима безовта қиляпти, синглим?
Кундошининг ўрнига Ширинбону жавоб берди:
– Бу синглимнинг бир ўғилчаси бор. Энди бўйида бўлмаяпти. Шифокор келиб ӯрнига ӯтирди:
– Қийин опа, жуда қийин. Синглингизнинг шамоллаши ўтиб кетган. Бачадон йўллари ёпилиб кетган. Шамоллашини-ку даволаймиз. Аммо бўйида бўлишига кўзим етмайди, – деди ручкани сиёҳга ботириб қитирлатиб нималарнидир ёзар экан. Унинг гаплари Ширинбонуга ёқмади.
– Нафасингизни иссиқ қилинг! Нега бўлмас экан?! Ҳали бу синглим насиб қилса, бешта ўғил туғади.
Ширинбону бармоғидан битта узук чиқариб дўхтир аёлнинг олдига сурди.
– Даволайсиз, гап тамом!
Аёллар ташқарига чиқдилар. Райҳонбибига шифокорнинг гаплари қатъий ҳукмдай туюлди. “Эй, Худо” деди ичида. “Яна бўйимда бўлмаса, тоғамнинг уйига қайси юз билан қайтиб бораман? Ӯзинг раҳм қил, Худойим!” Аммо у кўринишдан жуда сокин эди. Аёллар узоқ дўкон айландилар.
Райҳонбиби бу кеча ҳам эрини опамдан хабар олинг,- деб қистади. Фармонбек тўнини елкасига ташлаб, ҳовлини кесиб ўтиб, катта хотиннинг бўлмасига яқинлашди. Уни қадам товушлариданоқ сезган Ширинбону эшикни очди.
– Бону, бир-биримиздан жуда узоқлашиб кетганга ўхшаймиз.
– Бегим, бу гапларни қўйиб турайлик...
– Бону, нега бу гапларни қўйиб туришимиз керак?
– Бегим, мен кичик бибининг бўйида бўлмаётганидан хавотирдаман. Агар бир-икки йил ичида бўйида бўлмаса, тоғасининг уйига қайтиб кетадими? Бу аёл қайтиб борса, Нурмурод оға эл-юрт ичида қандай бош кўтариб юради? “Белингиздан қувват кетган экан, ёш хотин олиб нима қилардингиз”, деса, нима деган одам бӯламиз, бегим?!
Ширинбону жим қолди.
– Жуда ҳам ташвиш чекманг, Бону, Худо бериб қолар.
– Менинг сизга садоқатим, меҳрим ададсиз... Аввал кичик бибини даволатайлик. Ўзимизни қўя турайлик.
Бироқ орадан ярим йилдан кўпроқ вақт ўтса ҳам Райҳонбиби ҳомиладор бўлмади.
…Шифокор яна янги дори-дармонларни тайинлар экан Ширинбонуга қараб:
– Опа, синглингизни қўлимиздан келганча даволадик. Шамоллаши анча кетди. Аммо бачадоннинг йўллари ёпишиб кетган, у ёғига кучимиз етмайди, – деди ва бармоғидан Ширинбону берган узукни чиқариб узатди.
– Бунингизни олиб қўйинг, опа...
Ширинбону шифокор аёлнинг қўлини қайтарди:
– Даволай олмаган бўлсангиз, туғдириб оласиз. Тақиб юринг!
* * *
– Норбўта, от аравани ҳозирла!
– Хўп бўлади, бибижон.
Ширинбону кундошига юзланди:
– Райҳонбиби, косадаги қаймоқни охиригача еб қўйинг. Борадиган йўлимиз узоқ. Иссиқроқ кийиниб олинг, мен айтган момо тоғ этагида яшайди.
– Хўп, опажон.
Арава қишлоқдан чиқиб, қўй-қўзилар маърашиб, ёйилиб, ўтлаб юрган адирнинг илон изи йўлига тушиб олди. Аёллар қуёш тиккага келганда, олдида беш-олти аёл чордона қуриб ўтирганча, навбат кутаётган табиб момонинг ўтови олдида аравадан тушдилар. Ширинбону кундошининг қўлидан тутиб, навбатсиз кириб кетиш мақсадида ўтов эшиги томон юрди.
– Опа, шошманг, бироз навбат кутиб турайлик, буларни норизо қилиб кириб кетсак, қарғаб юришмасин, – деди Райҳонбиби.
Унинг қарғиш ҳақидаги сўзлари Ширинбонуни бирдан сергак торттирди.
– Майли, юринг...
Улар аравадан кӯрпача олиб, бир четга тӯшаб ўтирдилар.
Табиб момо буларни ўрнидан туриб қарши олди. Райҳонбибининг белларини, қорнини силаб кўргач, олдида турган ўт-ўланлардан бир неча тугунча тайёрлаб узатди:
– Аввал бунисини қайнатиб, бир кунда уч маҳал бир пиёладан ичасиз. Кейин бунисига ўтасиз…
Ширинбону ҳафта оралатиб, кундоши билан табибга қатнади... Қӯлига қора товуқ тутқазиб, кинначи кампирга қоқди-суқди ҳам қилдирди. Нафаси ўткир муллага дам солдирди. Аммо натижа бўлмади...
Кундошлар навбатдаги табиб муолажасидан қайтар эканлар, арава Ражаб қоранинг уйи ёнига яқинлашганда, оғзидаги сақични қарсиллатиб чайнаётган аёлнинг ўзи чиқиб қолди.
– Ҳа, Ойширин янга, қачон ваъда қилинган суннат тўйига чақирасиз?!
Ширинбону аёлга нафрат билан қаради:
– Худо хоҳласа яқинда. Ўзингга алоҳида қозон остираман. Мана шу меш қорнинг ёрилиб кетгунча ейсан!
Саидабону ўқувчиларнинг дафтарларини текшириб ўтирган эрининг ёнига чойнак-пиёла кўтариб кириб, хонтахта устига қўйгач, чиқиб кетаётган эди, муаллим хотинига гап