! Сизни шунчалар соғиндимки!.. Бағрингизга бошимни қўйиб, ҳеч нарсани ўйламасдан эркаланиб ётгим келяпти…
Майли, аяжоним, хонамиздаги чироқни ўчиришмоқчи. Кейинроқ яна мактубимни давом эттираман. Ўғлингиз О… »
* * *
«Аяжоним! Учрашувга келасиз, деб кутган эдим, аммо келмабсиз. Акамни ҳам соғинган эдим, маза қилиб суҳбатлашдик бир кеча. Бироқ, барибир, сизни кўргим келяпти. Бериб юборган нарсаларингизни роса ҳидладим, барибир, унга қўлларингиз теккан-ку, тўғрими, аяжон?! Мендан хавотир олибсиз, «Шериклари қанақа одамлар экан?» деб сўрабсиз.
Бу панжара ортида яхши-ёмон, тўғри-эгри кўп экан, худди ҳаётдагидек. Ташқаридагилардан фарқи, бу ердагиларнинг айблари аниқ, ҳукмлари ўқилган. Кимдир қилган айбига иқрор, тинмай афсус-надомат чекади. Кимлардир эса «Туҳматга қолдим, мен қилмагандим бу ишни», деб нолийди. Яна қайсидир бири гуноҳидан завқланади! Тўғриси, шунақа тоифаларга рўбару келмасликка ҳаракат қиламан. Чунки уларга икки дунё бир қадам экан, аяжон!
Камерамизда ёши энг кичиги менман. Шу ёшимда бу қоронғи зулматда ўтирганимга тинмай ачинишади. «Ёшлигингни барбод қилибсан! Онангга қулоқ солишинг керак эди», дейишади. «Энди озодликка чиққанингда яқинларингга қулоқ сол, улардан ажралма», дейишади. Усиз ҳам тезроқ эсон-омон бу ердан қутулиб чиқсам, фақат сизнинг айтганларингизга риоя қиламан, аяжон!
Ёшим кичик бўлгани билан аччиқ-чучукни кўриб, ақлан анча улғайиб қолдим, аяжон! Шу ерда ҳам йўлдан урмоқчи бўлганлар топилади. Аммо ўз фикримда тураман, қилаётган ишлари хато эканини айтиб, четга чиқаман. Бу сўзларни ёзаяпману, сизни ваҳимага солаётганга ўхшаяпман. Асло, хавотир олманг, бу ердагиларнинг ҳаммаси ҳам ёмон эмас. Аксарияти тезроқ муддатлари тугаб озодликка чиқишни истаб, Аллоҳдан тинмай сабр тилаб ўтиришади.
Мен ҳам яхши нарсаларни орзу қиламан, аяжон! Аввало, чиқибоқ ҳаётимга туширган доғни ювмоқчиман. Ишга кириб, ишлайман. Ўша кундан бошлаб сизни уринтирмайман, фақат намоз ўқиб, менинг ишларимга барака тилаб ўтирасиз. Ҳатто уй ишларини ҳам ўзим қиламан. Чунки ўзимнинг ва албатта, сизнинг орзуларингизни армонга айлантирдим, энди уни қайтадан орзуларга айлантиришим шарт!..
Ҳаёт тўхтамайди-ку, аяжон, тўғрими? Мана, мен қамоқхонадаман, сиз уйда. Аммо ҳаёт давом этяпти. Бир куламиз, бир йиғлаймиз. Бир-биримизни соғинамиз, лекин чидаймиз. Кунларни санаймиз, ойларни ҳисоблаймиз. Эртадан умид қилиб яшаймиз. Демак, умид яхши нарса экан-да, аяжон! Бу ердагиларнинг деярли ҳаммаси эртасидан умид қилиб, яхши ниятларни хаёл қилиб яшаяпти. Уларнинг матонатига, сабрига қойил қоламан. Лекин мени бир нарса қийнайди, аяжон! Агар вақти-соати келиб, озодликка чиқсам ўртоқларим, таниш-билишлар мени олдингидек қабул қилармикин ёки ҳазар қилиб, кўксимдан итаришармикин?..
Бир ҳамхонамиз иккинчи марта қамалган. Биринчи марта бахтсиз ҳодиса туфайли қўшнисига тан жароҳати етказиб қамалган экан. Оз муддат ўтириб озодликка чиққач, аввалги дўсту ёрлари яхши қабул қилишмабди. Ишхонасида ҳам «Штат қисқарган», деб ишга олишмабди. Азбаройи сиқилганидан ичкиликка берилиб, кейин эса… аламини бошқалардан олишни ўрганибди ва яна жиноят содир этибди.
— Энг ёмони одамлар сени айирса, алам қиларкан, — дейди ана шу ҳамхонамиз. — Уйимдагилар ҳам ишонмай қўйишган. Хотиним ҳатто арзимаган тақинчоқларини ҳам мендан беркитадиган бўлиб қолди. Бу мени баттар эзарди…
Унинг дардини тинглар эканман, мен ҳам унинг кўйига тушиб қоладигандай туюлади. Шунда ўзимни ўзим юпатаман: «Ахир менинг меҳрибон, бағрикенг аяжоним бор-ку.
Аяжоним! Мен адашдим, мен ҳаётимга қора доғ туширдим. Энди минг афсус-надомат чекмай, барибир, ортга қайтиб бўлмайди. Аммо энди яхши одам бўлишга ваъда бераман.
Аслида, инсон ёлғиз қолишдан, яна-ки, одамларга кераксиз бўлишдан қўрқиши кераклигини шу ерда ич-ичимдан ҳис қиляпман. Кечалари уйқум қочади. Ёлғизликдан бошимни деворларга юриб, дод солгим келади. Яна ўйлайман, «Наҳотки мен яхши одамлар сафидан ўчдим, энди бир умр уларга керак бўлмасам». Бу ўйлар мени еб адо қилади. аяжон…
Бу ерда ҳамма ўзи учун ўзи курашади. Тартиб-қоидага қанчалик бўйсунсангиз, қилган ишларингизга афсусланиб, хатоларни тузатишга уринсангиз,