Ўзбекистонда ўқитувчилар, мактаблар ва олий таълим учун қатор янги имтиёз ва тартиблар жорий этилади
Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида «Янги Ўзбекистон» университетида педагоглар билан
учрашиб,
таълим тизимидаги қатор янги чора-тадбирларни эълон қилди.
Асосий янгиликлар:
— Синфда
25 нафардан ортиқ ўқувчи бўлса, математика, физика, кимё ва биология фанлари икки гуруҳга бўлиб ўқитилади.
— Миллий сертификатга эга ушбу фанлар ўқитувчиларига
50 фоиз устама, ҳар бир туман ва шаҳардаги етакчи ўқитувчиларга эса
30 млн сўмдан мукофот берилади. Ҳар йили
1 минг ўқитувчи хорижда малака оширади.
— Камида
15 йиллик стажга эга педагогларнинг фарзандларига ОТМ контракти учун фоизсиз кредит ажратилади. Миллий ва халқаро сертификат олиш учун имтиҳон харажатлари тўлиқ қопланади.
— 2027 йилдан 4-синф ўқувчилари ўртасида олимпиадалар ўтказилади. Туман босқичи ғолиби
компьютер, уни тайёрлаган ўқитувчи эса босқичга қараб
10 млндан 100 млн сўмгача мукофот олади.
— Янги ўқув йилидан
100 та мактабнинг биттадан синфида математика, информатика ва табиий фанлар тўлиқ инглиз тилида ўқитилади. Лойиҳадаги педагогларга
100 фоиз устама тўланади.
— Ўқитувчиларнинг малака ошириш учун пойтахт ёки вилоят марказида
бир ойлик мажбурий курсда ўқиш талаби бекор қилинади. Ўрнига касбий ривожланиш ваучерлари берилиб, педагог курс ва ўқиш жойини ўзи танлайди.
— Мактабларда
«сифат индекси» жорий қилиниб, улар педагоглар салоҳияти ва ўқувчилар натижаларига қараб тоифаларга ажратилади. Илғор мактаб бошқа мактабни юқори тоифага олиб чиқса, унинг педагогларига
30 фоиз устама берилади.
— Ўқувчи юкламаси юқори 52 та туманда хусусий мактаб очиш учун
7 йиллик 10 фоизли кредит ва харажатларнинг 15 фоизигача, аммо кўпи билан
1,5 млрд сўм субсидия ажратилади. Бўш давлат бинолари хусусий мактабларга
10 йилга бепул ижарага берилади.
— Фарзанди хусусий мактабда ўқийдиган ота-оналар учун солиқ солинмайдиган даромад чегараси
3 млндан 6 млн сўмга оширилади.
—
2027 йил 1 январдан 2–3 ёшли фарзандини оилавий боғчага берган ишловчи оналарнинг
бадал пули бюджетдан қопланади. Келаси ўқув йилидан боғча тарбиячилари учун олий таълим муддати
4 йилдан 3 йилга қисқартирилади.
— Келаси йилдан халқаро касб сертификатига эга техникум усталарига
50 фоиз устама берилади. Хусусий техникумларнинг устувор соҳаларда таҳсил олаётган ўқувчиларининг
50 фоизига давлат гранти ажратилади.
— Давлат университетлари кузатув кенгашлари аъзоларининг
учдан икки қисми хусусий сектор ва хорижий ОТМ вакилларидан шакллантирилади.
— Президент олий таълимда дуал тизим бўйича қарор имзолади.
2027 йилдан 75 та ОТМда «корхона — олийгоҳ — мақсадли кадр» тизими ишлайди. Корхона буюртмаси асосида номзод
тестсиз, суҳбат орқали қабул қилиниши, ишга олинган талабага тўланган маошнинг
ярмини давлат қоплаши белгиланди. 2028 йилдан тизим барча ОТМларда жорий этилади.
— Дунёнинг
топ-300 университетлари филиалларини Ўзбекистонда очиш рағбатлантирилади. Бундай лойиҳаларда лаборатория, жиҳоз ва бренд учун харажатларнинг
50 фоизигача, кампус қуриш харажатларининг эса
30 фоизигача қисми қопланади.
Шунингдек,
Абдулла Авлоний номида алоҳида давлат мукофотини таъсис этиш таклиф қилинди. Унинг дастлабки соҳибларини келаси йил Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида тақдирлаш режалаштирилмоқда.