а уриниб кўрсин.
– Гапирма шу олифтани!
– Ҳа, баракалла, ҳов бояги саволингга жавобни ўзинг айтдинг. Болаларга Сожи сатангнинг олифталиги ёқади. Шим кийиши ёқади. Калта юбка кийиши ёқади. Лаб бўяши ёқади. Хушбўй атир сепиб юриши ёқади. Кечқурун ёлғондан “чиқ” дейишсаям учрашувга чиқиши ёқади, билдинг? Сенда шуларнинг бирортаси борми? Йўқ!
– Ҳа, тўғри айтасан, сен сал тузуксан-у, менда чирой жонивордан ҳам йўқ-да. Қоматим ҳам сал бесўнақайроқ, шекилли?
Гули қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. Оғзини қўли билан ёпиб, у ёқ - бу ёққа аланглаб олди.
– Бекор айтибсан. Қоматинг ҳам жойида, ҳеч қанақа хунук ҳам эмассан. Тўғри, рангинг сал, ... са-ал қорароқ. Аммо бу негр дегани эмас.
Баравар кулишди. Гули давом этди:
– Чиройлисан, камтарлик қилма. Аммо сатангга ўхшаб, болаларга хушомад қилиб гапиришни билмайсан. Са-ал қўполроқ гапирасан. Зиёдулло шўрлик ўнинчида кўнглини очганда нима қилганинг эсингдами?
Зиёдулла воқеасини эслаб иккаласи ҳам кулишди. Бечора Зиёдулла Матлубага хат ёзиб, “Жавобини эртага кутаман”, деганди. Матлуба “Жавобини ҳозир берсам майлими?” деди-ю, секин сумкасини олиб, Зиёдулланинг бошига чунонам урди-ки, шўрлик “гуп” этиб полга ағанаб тушди.
Шу-шу на биров Матлубага гапиради, на Зиёдулла бировга хат ёзади.
3.
Орзиқиб кутилган янги йил кириб келди. Янги йил куни биринчи қор тушди. Ўзиям кечга бориб тизза бўйи бўлди. Матлуба яқин орада бунчалар севинмаган, бунчалар яйрамаган эди.
Энг қувончлиси кечқурун бўлди. Хайринисоларникида синфдошлари билан бирга янги йилни кутишди. “Ўн иккига қолмасдан ҳамма ўз уйида бўлсин!” деган синф раҳбарининг буйруғига кўра, ўн бир бўлмай тарқалишди.
– Гули, сени кузатиб қўйсам майлими?
Бу ўн биринчи “Б”даги Фаррух эди. Матлуба буни эшитди. Ўз қулоқлари билан эшитди. Шунақа севинди, шунақа севинди-ки, иккиланиб, бир нарса деёлмай турган Гулининг билагидан чимчиб, қулоғига шивирлади:
– “Балки муҳаббат деганлари шудир?”
Фаррух ва Гули уни уйларигача кузатиб қўйиб, ўзлари Гулиларнинг уйи тарафга йўл олишди.
Гули эрталаб етиб келди. У бир гапириб ўн кулар, гоҳ Фаррухни мақтаса, гоҳ соддалигидан куларди.
– Матлюб, у тупа-тузук шоир экан. Эрталабгача шеър ўқиб берди, ишонасанми? Ҳатто менинг исмимгаям ўн беш-йигирмата шеър ёзган экан, эшитсанг, қотиб қоласан. Бечора, икки йилдан бери менга шеър ёзар экан, билмабман-а?
– Табриклайман, Гули, табриклайман. Бахтли бўл, Фаррух яхши бола. Баҳолариям яхши.
– “Журналистикага кираман, шоир бўламан”, – дейди.
– Бўлади. Сендай қизни севибдими, бўлади. Диди чакки эмас экан. Нега икки йил “миқ” этмабди?
– Қўрқиб юрар экан, бечора. “Ўғил болага ўхшаган табиатинг бор, гапириб балога қолмай, дедим”, – дейди.
Қизлар роса гаплашишди. Кулишди. Кетар чоғи Гули дугонасини қучоқлаб, деди:
– Сениям севиб қолишади. Мана кўрасан!
– Йўқ, севишмайди, – хомуш тортди Матлуба. – Синф бўйича севилмаган энди битта мен қолдим.
– Ҳозир йиғлайман, – деди қайта ўтирган Гули. – Ёки ҳозир бориб, “Матлубага кимдир севги изҳор қилмагунча сенгаям жавоб”, дейман Фаррухга.
– Тентаквой, – унинг елкасига тушиб турган сочларини тўзғитиб ташлади Матлуба. – Унда қариқиз бўлиб қоласан. Бор, шоиринг уйларинг атрофида парвона бўлиб юргандир?
4.
Матлуба Бахтиёр ҳам унга бефарқ эмаслигини сезар, ҳеч бўлмаганда шуни хоҳларди. Аммо у ҳеч қачон бу мавзуда гапирмасди. Ҳеч қачон Матлуба билан очилиб гаплашмасди. Қолганлар билан ҳам апоқ-чапоқ бўлмаса-да, ҳеч бўлмаганда талашиб-тортишиб турар, аммо Матлуба билан ҳеч қачон тортишмасди ҳам. Бирор бола Матлуба билан тортишиб қолгудек бўлса, секин, аммо кескин қилиб, бир оғиз “Бас қил!” дерди. Шу билан ҳар қандай баҳс тугарди. Ҳеч ким билан иши бўлмай, жони-дили бўлган математикаси мисолларини ечиб ўтирадиган “одамови”дан синфдошлари ҳайиқишарди.
Аммо муҳаббат деганлари бу эмас-да!
Матлуба уни ўйлаб, тунларини тонгларга уларди. Нима қилсин? Бир сўз деб бўлмаса? Уям бир сўз демаса?
Гули Фаррухни “разведкага” юборди. Керакли “разведка” маълумотларини қўлга кирита олишмади. “Сен ҳам бита-яримтани севасанми?” “Севганинг ким?” “Синфингдаги қизларнинг қайси бири зўр?” каби ўнлаб қармоққа илиб ташланга