💥«ОҒЗИНГДАН БУЗИЛГИН» (Ҳикоя)
Гр:🔥Ҳикоя ва қиссалар 🔥
Ёруғ дунёда ёлғизлик нелигини мендан сўранг. Институтни битирган йилларим бу алам шундай ўтганки, ҳалигача юрагим сирқирайди...
Мактабни тамомлаб, ўқишга чоғландим. Онам дуо қилдилар, отам поездгача кузатиб, оқ фотиҳа бердилар. Лекин беш йил ўтгач, лоақал бирорталари кутиб олишгани йўқ. Армонли дунё: уч қиздан кейин топган ёлғиз ўғиллари эдим, ақалли иккита нонимни кўришмади.
Опаларим – бировнинг хасми, ўз ғами ўзига етгунча. Дадамдан қолган лойсувоқ томлар тешилган, ойналар синган, Санталат хола билан ўртамиздаги девор қулаган... Дипломимни қўлтиқлаб, ана шу абгору ночор ҳовлига кириб келдим. У замонларда муҳандис кам эди, дарров ишга чақиришди...
Ярим тун. Чўчиб уйғондим: бир тавақали қийшайган эшикни кимдир гуп-гуп тепади, бадмаст бир овоз устма-уст зуғум қилади:
Раззақовна, оч тезроқ, оч дейман, ҳе онангни...
Қарасам қўшни кампирни мендан уч-тўрт ёш катта ўғли, оёғида ўрнамайди.
Сенми? – ёмон сўкинди у. – Раззақовна қани? Нега...
Эшигингиз у ёқда, ака, бу меники-ю, – дедим базўр ўзимни босиб.
Ие, ҳали “сеники-меники” деб тилинг чиқиб қолдими? Ўртада девор бўлмаса, беш йилдан бери пойлоқчилик қилсам...
Хайриятки, шунинг устига Санталат холам чиқиб, унинг қўлтиғига кирди:
Кел, ўғлим, дамингни ола қол. Қўй-қўй, Исмоилжон ўзи ишидан чарчаб келган.
Молчать, Раззақовна! – у таҳдидли дўриллади. – Мен ишламайман-да, шуни таъна қилдингми? Ҳе онангни...
Вой оғзингдан бузилгин...
Санталат холамнинг фамилияси Раззоқова эканини ўша кеча билдим. Унинг тили чучук бўлиб, “р”ни айтолмасди, “л” деворарди. Ҳамма тиллога тенг оладиган кампир ҳеч ким эътибор бермайдиган ўз нуқсонидан ҳижолат чекарди. “Р”сиз сўз топишга уринарди, “редиска”ни “қизилча”, “қарға”ни “ҳакка” деганини, яна бир нималарни эслайман...
Ўша кеча кўз юмганим йўқ. Онага-я?! Онага ҳам шундай дейдими? Ўз ойимни эслаб йиғладим, етимлик ёмон дард қилди.
Аслида туриш-турмушимга маймунлар йиғлайдиган. Чордевор ичида ғариб девонадай ёлғиз яшайман. Кеч кирмаса, ҳувиллаган вайронани кўрмасам дейман. Барибир кун ботади, иш тугайди, ҳамма ҳар ёққа тарқайди, дуч келган емакхонада қорнимни тўйғазаман-да, ночор-ноилож ғурбатнишинимга бўйнимдан боғлагандай қайтаман. Бу кулбада нон ёпилмайди, қозон осилмайди, дастурхон ёзилмайди. Яхши ҳамки, китобларим бор, ҳар куни бир даста газета оп келаман. Кейин ойим раҳматлидан қолган увадаларга бурканаман. Тонг отади, йўл-йўлакай нонушта қилиб, ишхонамга чопаман...
Ҳафталар ўтди.
Бир куни мундай қарасам, супада дастурхон ёзиғлиқ, иккита буғдой нон, бир бош узум, сочиққа ўралган чойнак, ёнида қўш пиёла. Кўзимдан ёшим чиқиб кетди. Бу – Санталат холамнинг иши эди.
Кела қолгин-чи, болам, ёнимга кел, – деди кампир ва ноннинг бирини ушатиб, чой узатди: – ҳали бошингда иш кўп, айланай, манави девол-тошни тузатишинг келак, қўшнимнинг ўчган чилоғини ёқишинг келак, уйланишинг келак. Сен нима қилиб юлибсан? Уззукун кўчада овқатланишингга пул етказиб бўладими, ўғлим?..
Тўсатдан ҳайқириқ эшитилди:
Раззақовна, қайдасан?
Санталат холам менга қараб синиқ жилмайди.
Мана, ҳозил.
Ҳайқириқ пўписага айланди:
Ўз боланг бу ёқда турганда, етти ёт аллакимга намунча пахта қўйдинг? Ҳе онангни...
Вой оғзингдан бузилгин...
Шу топда Санталат холамнинг андишасини қилмасам, шартта ёқасидан бўғиб, тумшуғига туширгим бор...
Маошим катта, ой сайин мукофот, хуллас, пулим етарли. Ҳовли-жойнинг шикаст-рехтига уннадим. Санталат холам бош бўлди, опаларим ишга тушди, оз кунда рўзғор ҳам эпақага келди. Алламаҳалда гоҳо оч-наҳор қайтсам, сочиққа ўралган коса жонимга оро киради.
Телевизор олганман, ҳар замонда икков она-боладай “дилбузал”га термуламиз. Ўшанда Санталат холамнинг ўғли уйқуни ураётган бўлса – нур устига аъло нур. Худо кўрсатмасин, кўчадан келиб қолса, телетомоша барбод бўлиб, унинг текин томошаси бошланади:
Ҳе сендақа онани...
Унинг исми Ғанижон, аммо Дагар демаса ҳеч ким танимайди. Дарвоқе, Дагарвой кунни кўчада кеч қилиб, уйга “онангни”дан бўлак “масаллиқ” оп кирмаса, Санталат холам шўрлик бир сиқимгина пенсия олса, унинг шу юпун тирикчилигига мен ҳам шерик бўлсам...
Сочиқ ёпилган коса эсимни киритди, умримда ил