икчадан қарадим: хотиним!
— Тезроқ очинг, — деди у. Кейин эса мен очгунимча бўлмай, ўзи очди. — Очиқ экан-ку, мен жиринглатиб ётибман... Ассалому алайкум, дадаси. Ишга яхши бориб келдингизми?
Менинг тилим калимага келмасди. Хотинимга нима деб гап очишни билмасдим. Аслида айбим йўқ, ҳаммасини рўй-рост айтишим керак. Бироқ гап хотинимнинг ишонишида!
— Салом, хотинжон! Ўзинг яхши келдингми? Болалар қани?
— Э, уларингиз яна бир кун қоламиз дейишди. Бувисини соғинишибди.
— Биласанми, сенга...
— Сиз буларни ушланг, — хотиним шундай деб қўлидаги пакетларни менга тутқазди. — Маҳалла бошидаги дўконда арзон тухум сотишяпти экан. Мен тез бориб келай.
— Шошма, ҳозир...
— Катта бўлмасаям ҳар ҳолда арзон. Тез бориб келай.
— Йўқ, шошма. Сенга бир гапни айтишим керак.
— Нима дейсиз шу пайтда? Ярим соатда қайтаман, кейин айтаверасиз.
Бирдан каллам ишлаб кетди. Хотинимнинг дўконга кетгани яхши эмасми? Қайтиб келгунича анови жувонни ўзига келтириб уйдан чиқариб юбораман. Акс ҳолда хотинимнинг кўнглига ишончсизлик ораласа, бир умр ортимдан пойлаб юрадиган бўлади.
— Бора қол, — дедим шоша-пиша.
Аммо аксига олиб, хотиним эшикдан чиқар-чиқмас, ичкари хонадан “ҳой, қаердасиз?” деган товуш келди. Мен ўзимни хотиржам тутишга ҳаракат қилдим. Хотиним эса таққа тўхтаб, ортига ўгирилди.
— Кимдир гапирдими? — сўради у. — Аёл кишининг овозими?
Мен кулимсираб жавоб бердим:
— Ташқаридан эшитилди, хотин. Қўшнининг уйидан бўлса керак... Ёки кўчадан. Сен тезроқ бориб кела қол.
— Йўқ, ичкаридан эшитилди, — шундай деб, назаримда, хотиним ҳам кулгандек бўлди. — Ичкарида ким бор, дадаси?
— Бу нима деганинг? — дедим астойдил хафа бўлиб ва овозимни кўтариб. Овозимни кўтарганимнинг боиси, мабодо ичкаридан Дилбар яна чақириб қолса эшитилмасин деган мақсадда эди. — Бормайдиган бўлдингми? Унда эшит...
— Четроқ туринг, — дўконга тараддудланиб турган хотиним мени нари суриб, ичкари хонага йўл олди.
“Ҳаммаси тамом, — ўйладим мен, — қанақа қовоқкалла ҳамшира бўлди бу, озгина гапирмай турса олам гулистон эди!”
— Менга қара, сенга ҳозир тушунтираман, — шундай деб хотинимнинг орқасидан ичкарига кирдим-у, жим бўлдим. Ҳамшира қиздан дом-дарак йўқ, хонада фақат хотиним иккимиз эдик. Дилбар қаерда бўлиши мумкин? Майли, қаерда бўлсаям, хотиним кетганидан сўнг топилса бас. Ҳар ҳолда хонада буғланиб кетмагандир.
— Хўш, ким бор экан? — дедим хотинимга. — Гапир!
Хотиним атрофга аланглади:
— Менга бир гап бўлди, шекилли? Аммо аёл кишининг овозини аниқ эшитдим-ку!
— Агар сен аниқ эшитган бўлсанг, уйимизда арвоҳ бор, — дедим мен ҳазилга олиб.
Хотиним кулиб юборди:
— Э, ҳазилингиз бор бўлсин! Бўпти, мен кетдим. Сиз онамга бир телефон қилиб қўйсангиз бўлармиди, кеча нолиб гапираётгандилар.
— Албатта, мана, ҳозир, — шундай деб чўнтагимдан қўл телефонимни олиб, қайнонамнинг рақамини излай бошладим.
Икки ҳушим хотинимда! Тезроқ дўконга чиқиб кетса-ю, мен ҳамшира қизни топиб, уйдан ҳайдаб юборсам!
— Юринг, бирга бориб келамиз, — деди хотиним.
— Қўйсанг-чи, — уҳ тортдим мен. — Ҳозиргина ишдан келдим. Чарчаганман.
— Мен чарчамайманми?
— Сен ҳам борма, — мен шубҳага ўрин қолдирмаслик учунгина шундай дедим. Қолаверса, хотинимнинг феълини яхши биламан: борма деган жойга — аксинча боргиси келади. — Телевизор кўриб ўтирамиз.
— Йўқ, майли, бора қолай, яқин-ку!
— Ўзинг биласан.
— Э, эриняпман, бормайман.
Худди шу маҳалда диваннинг орқасидан Дилбар қаддини ростлади ва аччиқланиб деди:
— Оббо, қанақа хотинсиз, борсангиз боринг-да!
Унинг бу гапидан ғазабим қўзиб кетди, аммо айни пайтда мен ҳеч нима қила олмасдим. Тилим ҳам лол эди.
Хотиним дастлаб чўчиб тушди, сўнг ўзини босиб олиб, аввал Дилбарга, кейин эса менга қаради.
Хўш, мен нима қилишим керак? Гаров ўйнаб айтаман: ҳозир нимаики демайин, хотиним барибир ишонмайди. Ҳаммасига мана шу ҳамшира айбдор, озгина чидаганида Дилобар уйдан чиқиб кетган бўларди. Йўқ, мен ўзим калта ўйладим. Хотиним уйга кириб келганидаёқ бор гапни айтиб беришим керак эди. Энди барибир ишонмайди.
— Бу аёл оилавий поликлиникадан келибди, — дедим мен ниҳоят тилга кириб. — Исми Дилбар экан, ўзи айтди. Боя дафтарга ёзиб бўлгач, бирдан ҳуши