Муҳаббати дардга айланган ошиқ
Бу мактубни ёзиш ёки ёзмаслик ҳақида узоқ ўйладим ва охири ёзишга қарор қилдим. Ахир кўпчиликнинг дуосида гап кўп, дейди доно халқимиз. Шу мақсадда бу хатни сизларга юборяпман. Гарчи мени алдаган ва муҳаббатимни рад этган бўлса-да, шу инсонга дуоларимиз ёрдам берса…
Барглари кузнинг қуёшидан қип-қизил тусга кирган каштан дарахти тагида новчагина йигит билан боши хиёл эгилган бир қиз турибди.
Уятдан қимтинибгина турган Зебонинг юраги алланечук нохуш ҳодиса бўлишини олдиндан пайқагандек безовта уриб турарди.
— Бу охирги учрашувимиз, менга бошқа қўнғироқ қилма, ишхонамга ҳам излаб борма. Мен билан бахтли бўлолмайсан. Тузалмас дардга чалиниб қолдим… Ўзим билан бирга сени ҳам соғлом ҳаётдан мосуво қилишни истамайман, — деди қулт этиб ютинган Ойбек.
— Бу нима деганингиз, Ойбек ака?! Кўнглингизни қолдирадиган ҳеч бир иш қилмагандим-ку. Нима дард эканки, менинг ҳам соғлигимга раҳна соладиган… Ҳозирда давоси топилмаган касалликнинг ўзи қолмаяпти. Шифокорларнинг зўрига кўринсангиз, ҳаммаси яхши бўлиб кетар… — гапининг давомини ичига ютди қиз бечора.
— Бу дарднинг давоси бўлганда, сен билан хайрлашмаган бўлардим. Ҳали дунёнинг ҳеч қайси шифокори бу касалликка шифо топган эмас. Қанча умрим қолганини ҳам билмайман, ўн йил, балки, беш йил… Қийнама мени, бошқа ҳеч нарса дема!..
Зебонинг томоғига нимадир тиқилгандек бўлди. У келажагини фақат Ойбек билан тасаввур қиларди. Йигитларнинг энг хушрўйи ҳам, энг ақллиси ҳам у бўлса керак, деб ўйларди. Йигитнинг совуқ хабари Зебонинг орзуларини қора қузғунга итқитгандек бўлди.
— Йўқ, бунақа бўлиши мумкин эмас. Ойбек ака, инсон ҳаётга бир марта келади. Мен ҳаётимни сизга бағишлашга онт ичганман. Қаерда бўлсангиз, нима дард билан оғрисангиз ҳам сиз билан бирга бўлишни истайман. Мени аро йўлда қолдирманг. Зорланиб гапираётган қизнинг гапларини эшитишни ҳам истамаган Ойбек терс бурилиб, тез-тез юриб кетди. Шиддат билан одамлаб бораётган йигит ич-ичидан тўлқинланиб кетди ва ўзига-ўзи деди:
— Ойбек бўлиш ҳамма йигитга ҳам эмас, манаман деган қизни бир қарашда маҳлиё қиламан, деб қанчаси билан баҳс бойлашганман. Ҳали ҳеч қачон енгилмаганман! Сенинг ҳам рўйхатимга тушиб қолганингдан афсусдаман, Зебо. Яхши қизсан-у, лекин соддасан-да… Уйланиш учун сендан ҳам яхшироқ қизни топаман ҳали.
Мунгли кўзлари билан ишонганини кузатиб қолган қиз эса энди ундан яхшироқ инсонни учрата олмасам керак, деб ўйларди.
Алам билан қолган қиз армонларини тўкиб-солиш учун анҳор бўйига келди. Офтоб тушиб турган кунгайда ўтириб, қўлига кундалигини олди. Фарахбахш хотиралар битилган йўл-йўл дафтарнинг варақларини юлиб, бирма-бир сувга оқиза бошлади. Гўёки ичидаги дарди ҳам қоғозларга қўшилиб, сувга ғарқ бўладигандек…
Кейинроқ ҳар куни Ойбек билан учрашадиган жойида соатлаб ўтирадиган одат чиқарди. Дамба-дам телефонига қараб қўярди, мабодо қўнғироқ қилиб, эшитмай қолган бўлмай деб. Афсуски, у на қўнғироқ қилди, на каштан тагига келди. Кунлар ойларни, ойлар йилларни қувлашдан, Зебо эса Ойбекни кутишдан эринмади. Остонани бузиб юбораёзган совчиларнинг ҳеч бирига розилик бермаётган қиз муҳаббати қалб қаърига кўмилди.
Кунларнинг бирида автобус бекатида қунишибгина турган жиккак бир йигит Зебодан соат сўради. Гап отганлигини ҳам, чиндан соат сўраганини ҳам англамаган қиз ҳалиги йигитдан бироз нарига бориб турди.
— Чўчиманг, Зебохон, мени танимадингиз, шекилли, — деди бекатдаги йигит.
— Танимадим… Лекин сиз мени қаердан танийсиз?
— Сизни Ойбек билан кўрганман. Мен унинг дўсти Миркомилман. Эсласангиз, анҳорда бирга музқаймоқхўрлик қилгандик…
— Ҳа, энди танидим.
Зебо ундан Ойбек ҳақида сўрагиси келди, лекин ўзини тийди, номусини яна топтагиси келмади. Бошидаги тивит рўмолини қаттиқ танғиб боғлар экан, ўзини худди ҳеч нарса бўлмагандек тутишга уринди. Бармоқларини тинмай қисирлатиб турган Миркомил тасодифан гап бошлаб қолди:
Давоми 10 :30 да