. қолдирмай сотиб, пулини менга бирор таксидан бериб юборсанг. Борай десам, ўғилчанинг олдида ўзим ётибман, Комила боргани билан умрида бозорга бориб нарса сотмаган аёл… Бунинг устига ҳозир минг сўм пулниям ҳисоблаб ишлатиб турибмиз. Икки юз минг йўл кирани эконом қилсак ҳам, ҳарна-да, нима дединг?..
Эргашнинг хаёлида ўртоғи узоқдан, жуда-жуда узоқдан гапираётгандек туюлди. Чиндан-да, ҳеч қачон бундай бировга музтар бўлмаган Хуршиднинг бўғзига нимадир тиқилиб келиб, «Ҳолинг қалай?» дегудек бўлса, йиғлаб юборадиган аҳволда эди.
— Бўлди, жўра, тушундим, — деди Эргашнинг ҳам кўнгли бўшаб, — мен ҳозир ҳамма ишимни йиғиштириб, Усмон аканими ёки Абдуғаниними, гаплашиб келаман…
— Шундай қил, дўст, шундай қил! Чунки бу ёғи энди фақат ўзимизга боғлиқ. Қачон кассага пулини тўлиб, тўлов қоғозини кўрсатсак, шундан кейин Сардорни операция қилишади, «Лекин ҳар бир кун ғанимат, тезроқ ҳаракат қилинглар, кейин биздан ўпка-гина қилиб юрманглар», деди қараётган дўхтири. Шунга ҳаддим сиғиб сенга айтдим… Фақат мана шу бозордан қолмасин, майлими, дўст? Нархини ҳам сал-пал талашиб-тортиш, ишқилиб, олти мингдан кам сотиб қўйма.
— Бўлди, жўра, мени биласан-ку! Ўзи шусиз ҳам бир оёғим бозорда, майиз бозордаям, нўхат бозордаям, мол бозордаям танишларим кўп! Керак бўлса, бозорга киргизмай ҳам бир-икки мошин молни сотиб юбораман! — пайтдан фойдаланиб би-ир мақтангиси келди Эргашнинг.
— Сенга ишондим, дўст! Бўлмаса шу гапимиз гап! Мен энамга айтиб қўяман, битта-яримта қўшнини чақириб келса, мошинга ортишиб юборади! Уйга боргандан кейин битта ширбоз сўйиб ҳақ бериш мендан! — деди анча кайфияти кўтарилиб қолган Хуршид хурсанд бўлиб.
— Ўғлинг тузалиб, ҳеч нима кўрмагандай бўлиб кетсин, жўра, битта ширбоз билан қутулмайсан, ҳўкиз сўйиб тўй қилиб берасан! — деди Эргаш ҳам.
— Келишдик, дўст, келишдик!
«Бу Хуршид мен билгандан анча пишиқ экан, — деди Эргаш ўзига-ўзи қўни-қўшнилар кўмагида машинага жойланган етмиш килолик каноп халталар ҳақида ўйларкан. — Бу ерда камида беш тонна нўхат бор. Агар олти мингдан кетганда ҳам ўттиз миллион пул бўлади. Салкам мундайроқ битта енгил машинанинг пули…» Унинг хаёлини ҳали нўхат бозорга етиб улгурмасидан йўлга югуриб чиққан кишининг саволи бўлди:
— Нима юк бор, ака? Ўзимиз яхшигина пул бериб олиб қоламиз!
— Нўхат… — деди Эргаш ёнидаги ҳайдовчи йигит Улуғбекка бир қараб.
— Ҳаммаси нўхатми? Қаерники? — деди ўрта ёшлардаги олибсотар эркак.
— Эй, худди фалон жойники десам, бутун Қўшработнинг ҳамма жойини биладигандек, қаерда қандай нўхат бўлишини биладигандек гапирасиз-а, — деди Эргаш ҳам гапни айлантириб.
— Энди, ака, Жумабозор очилганидан бери шу ерда тирикчилик қиламиз. Қаернинг нимаси яхши бўлишини биламиз-да, — деди олибсотар ҳам.
— Сизни яхши таниб турибман, Норбек нўхатфурушсиз, — деди Эргаш.
— Ассалому алайкум, ака, энди биз ҳам бекорга бу ерда турганимиз йўқ, тирикчилигимиз шунинг орқасидан… Бозорга кирсангиз юкингизга эга кўпайиб кетади, ҳозир, биласиз, ёш-ёш болалар ҳам кўтара майиз, нўхат олиб сотишга ўтиб кетган. Улар на кичикни билади, на каттани, на бозорнинг шартини. Ўшанга сўраяпман, юк қаерники, деб, агар савдомиз пишса, ўзим кўтарасига олиб қўявераман, — деди Норбек.
— Ҳали бозорга кирмаган бўлсак, нарх-навони билмасак, — дея иккиланди Эргаш нўхатфурушнинг астойдил харидор бўлаётганидан қувониб турса-да.
— Э-э, ака, шуям муаммо бўлдими, машинани бир чеккага қўйинг, кейин ичкарига кириб бозорнинг энг олди нўхатининг пулини сўраб кўринг. Мен сизга сиз айтган нархда пул бераман. Нима дедингиз? — деди Норбек Эргашнинг иккиланаётганини сезиб. У бундай ҳолатларда нима деб сотувчиларни кўндиришни, қай йўл билан уларнинг кўнгилига йўл топишни билади. Чунки эсини танигандан бери бозорда. Бир кўришда кимга нима деб гапиришни билади.
— Бўлди гап йўқ, ука, унда мен бозорга бирров кириб чиқиб, нарх-навони билиб келай… — Эргаш Норбекка шундай деди. Сўнг ҳайдовчига юзланди. — Мен ҳозир келаман.
Эргаш бозорда кўп қолмади, узоғи билан ўн-ўн беш дақиқада қайтиб келди-да, уни юк машина ёнида интиқлик билан кутиб турган Норбекка сўз қотди:
— Бу дейман, нархлар анча қимирлаб қопти-ку!
Давоми 9:00 да