🧗♂️💥Қўл телефонидан келган бало ёки Кечирилган хато. (ҳикоя)
Гр:🔥Ҳикоя ва қиссалар🔥
―Э,хайрият,сенга туша олдим-ей.Қўл телефонингни ўчириб қўйибсанми,Ситора? Минг марта қўнғироқ қилгандирман...
Телефонини ёқиши билан қўнғироқ қилган дугонаси Рўзигулнинг овози Ситорани ҳайрон қолдирди.Чунки унинг товушида қандайдир тушуниксиз хавотир ва ташвиш бордай эди.Шу сабабмикан, ўзининг ишдан чарчаб келганини ҳам бир зум унутди, гўё.
―Телефонимнинг қуввати тугаб қолганди. Ҳа, тинчликми, дугон? Йиғлаганмисан, дейман?―сўради у хавотирланиб.―Нима гап? Яхшимисан?
―Тинчликмас-да.Телефоннинг гапи эмас, уйингга ўтсаммикан, дегандим, хўрсиниб деди дугонаси.―Нозима ҳақида гаплашмоқчийдим сен билан.
―Нозима ҳақида дейсанми? Уйдаман, келавер. Бафуржа гаплашамиз.―Ситора шундай деб қўл телефонининг қизил тугмачасини босиб қўйди.
Ўрнидан туриб чой қўйиш учун ошхонага йўналаркан, Рўзигулнинг кутилмаган қўнғироғи ҳақида ўйлади.Синфдош дугонасининг уч нафар фарзанди бор. Унинг тўнғич қизи Нозима тиббиёт коллежини тугатмасданоқ Рўзигул уни узатди. Дугонасининг ягона ўғли Муроджон шу йили Тошкентдаги техника университетига ўқишга кирди. Кенжатойи Гуласал эса ҳали мактабда ўқияпти. Дугонаси эри Сафар ака билан бозорда кийим- кечак савдоси билан шуғулланади.Улар бир кўча нарида яшашади.
Қизини вақтли турмушга бергани учун Ситора дугонасидан анча пайтгача хафа бўлиб юрди. Чунки ёш қизнинг ҳали ҳаётга тайёр эмаслиги,уни бунча эрта турмушга беришнинг салбий томонлари кўплиги ҳақидаги гаплари дугонаси томонидан эътиборсиз қолганидан ранжиган эди.
Рўзигул эса “Қиз болани жойи чиққанда узатиб, қутилиш керак. Борган жойида тиниб-тинчиб кетса бўлди, институтда ўқиши шарт эмас. Қизим ўн олти ёшни тўлдирди. Қайнонаси ўзимиз ўқитиб оламиз, деяпти, ”―дея ўзини оқлаган эди.
Ситора педагогика университетини тугатиб, икки йил ишлаб турмушга чиққан, ҳаётидан мамнун эди. Турмуш ўртоғи Бахтиёр ҳам ўзи сингари олий маълумотли муҳандис, қиз-у ўғли бор,яқинда алоҳида ҳовлига кўчиб чиқишди.Бир аёл орзу қилиши мумкин бўлган ҳамма нарса унинг ҳаётида муҳайё. Шу сабабмикан, у доимо қизларнинг эрта турмуш қуришларига қарши бўлиб келган.Қизларнинг ўқиб, ақли тўлишиб, уй-рўзғор ишларини тўлиқ ўрганиб,турмушга чиқишларини истарди.
”Мана, Нозима фарзандли бўлгач,уларнинг оиласида қандайдир муаммолар бошланибди.Ишқилиб,тинчлик бўлсин-да,”―хаёлидан ўтказди у, чой дамларкан. Қизи ва ўғли дарсдан кейин қўшимча машғулотларга боришгани, эри ишдан кечроқ келиши сабаб,ҳали кўчадан қайтишмаган эди.
Бироздан кейин дарвоза қўнғироғи жиринглади.Ситора дарвозани очишга шошди.Ҳовлига кириб келган Рўзигулнинг аҳволи яхши эмас, йиғлаганлиги, кайфияти тушкунлиги сўлғин юзидан, қизарган кўзларидан билиниб турарди.
―Яхшимисан,Рўзигул?―дугонаси билан кўришиб,очиқ айвон сари бошларкан сўради Ситора.―Нима бўлди,ўзи? Қизинг қайнанаси билан келишмаяптими ёки эри билан бирор гап ўтибдими ораларидан?
―Эҳ,дугонажон гап кўп... ―хўрсиниб деди Рўзигул айвондаги стулга чўкаркан.―Қизим бир хато иш қилиб,оқибатидан қўрққани учун ўзини осмоқчи бўлибди.Ҳалиям қудам кўриб қолиб, қутқарибди..
― Нимага? ―даҳшатга тушиб сўради Ситора. Ҳаяжонланганидан қанд солинган ликопча унинг қўлидан тушиб кетай деди.
―Биласан,Нозимани ёшгина турмушга бердим.Қизим бечора “ўқишимни тугатай, кейин тўйни қиласиз”,―дея қанча ялиниб ёлворсаям қулоқ солмай,ўз билганимдан қолмадим. Худога шукур, у тўйдан кейин ўз турмушига кўникиб кетди. Қайнона-қайнотасининг ҳурматини жойига қўйди, шу хонадоннинг ўтидан кириб, кулидан чиқди. Қайнонаси бироз инжиқроқ, эри рашкчи бўлсаям бизга билдирмай яшаб кетишга ҳаракат қилди.
―Хўш,унда нима гап бўлибди?
― Бир мактабдошини бозорда учратиб қолиб, у билан телефонда гаплашиб турадиган бўлибди.Ўша йигитнинг исми Олим бўлиб,улар мактабда ўқиб юрган пайтларида бир- бирларини ёқтиришган экан...
Рўзигулнинг айтишича,бу йигит коллежни тугатгач, ҳарбий хизматга кетишидан олдин Нозимага совчи қўйган, аммо унинг қўлида аниқ касб-ҳунари йўқлиги, ота-онасининг оддий ишчилигини сабаб қилган Сафар ака ва Рўзигул Нозимани бошқа, ўзига тўқ хонад