и. У Шодмонбекнинг рўпарасига келиб қўлидаги тўрт-беш туп пахта ниҳолини силкитди:
– Бу нима итвачча, бу нима? Сен зараркунанда нега ёввойи ўтни эмас, ғўзани чопасан? Давлатнинг неча кило пахтасига зарар етказганингни биласанми?
Бригадир ўзининг дағдағасидан ўзи рағбатланиб, Шодмонбек бегона ўт томирига кетмон ураётиб, бехосдан чопиб юборган ғўза туплари билан боланинг юз-кўзи демай савалай бошлади.
– Мана сенга зараркунанда, мана сенга халқ душмани!
Шодмонбек бошини қўллари билан тўсгани сайин бригадир баттар авжига минди.
– Қўйворинг, урманг акамни!
Ойбарчин бригадирнинг қўлига ёпишди. Барваста эркак бир силтаган эди, қизалоқ учиб кетиб, орқаси билан йиқилди. Райҳонбиби шошилиб боласини ҳалиги ўт-ўлан тўла этак устига ётқизди-да, эркакнинг қўлига ёпишди.
– Тўхта, Худодан топкур, тегма боламга!
У хирсдай эркакни жон- жаҳди билан итариб юборди. Шодмонбек эса ӯрнидан туриб, синглиси томон интилди. Келиб қўлидан тортиб турғизар экан, “Йиғлама, Ойбарчин, ҳали бизнинг кўчамизда ҳам байрам бўлади”-деди. Кафти, тирсаклари шилинган қиз туриб енгларини, этакларини қоқа бошлади. Чиқиб кетаётган бригадир Шодмонбекка қараб сўнгги гапини айтди:
–Ҳозир ҳам қилавер байрамингни!
Райҳонбиби ўт-ўлан устига ётқизган боласини қўлига олар экан, зӯравонни қарғади:
– Сен менинг боламни урдинг, сени Худо урсин!
Шу куни Шодмонбек кечаси билан ухламади. У отасининг кексайиб қолганини, энди бундай муштумзўрлардан болаларини ҳимоя қила олмаслигини, онаси эса бир мушпипар эканлигини тушунди.
– Ака, ухламаяпсизми?
Икки укасидан нарида ётган Ойбарчин бошини кўтариб сўради.
– Ҳа, ухламаяпман. Ухлолмаяпман.
– Бирор жойингизга оғрияптими?
– Оғрияпти. Бироқ жоним эмас, ака, – сўз тополмай қийналди, – дил... дилим оғрияпти.
– Ака, хафа бўлманг, ит ҳурар карвон ўтар...
– Фақат ҳуриб қўя қолмади-да, бу ит ёмон қопди. Энди мен дарсларни ӯзлаштиришга қаттиқ киришаман ва аттестат олишим билан ӯқишга кетаман. Битказиб, шаҳарда ишлашга қоламан.
Мактаб дала ишлари учун ёпилганлиги туфайли Шодмонбек мустақил билим олишга астойдил киришди. Баъзан фалончининг ўғли Тошкентда ўқирмиш, фалончининг ҳам қизи ўша ёқда ўқиётганмиш, деган гап тарқалар, бироқ бу бахтиёр одамларни ҳеч ким кўрмас эди. Райҳонбиби китобга берилган ўғлига ҳам, қизига ҳам қараб қувонар, болаларининг порлоқ келажаги айнан улар “ёпишиб” қолган шу китобларда эканлигини тушунарди.
Ниҳоят, битирувчи синфларнинг давлат имтиҳонлари топшириш пайти етиб келди. Шодмонбекнинг физика, химия, математикалардан олаётган ҳар бир аъло баҳоси уйда байрам бўлиб кетар, рӯзғор аҳли навбатдаги имтиҳонни ҳаяжон билан кутарди. Шодмонбек барча фанлардан имтиҳонларни аълога топшириб бўлди.
Фақат физкультура дарси қолди. Давлат имтиҳони узоққа югуриш бўйича бўларкан. Шодмонбек шундан ҳам “беш” баҳо олса, олтин медални қӯлга киритади…
Шодмонбек физкультурадан бўладиган имтиҳонгача қолган уч кун ичида ўнгидаям, тушидаям “олтин медаль”ни кӯрди. Мактаб спорт майдончаси нисбатан кичиклиги туфайли имтиҳон қўшни Олтинсой савхозидаги мактабда ўтказиладиган бўлди. Имтиҳон топширувчилар эрталаб соат еттида мактабда йиғилдилар. Сўнг битирувчи синф ўқувчиларини жисмоний тарбия ўқитувчиси қўшни совхоз мактабига бошлаб кетди. То имтиҳон майдончасига етиб келгунча беш-олти километр юрган ўқувчилар ҳориб қолдилар. Учта битирувчи синф ўқувчилари имтиҳон топшириб, то Шодмонбек билан бирга югурадиган болаларга навбат келгунча, қуёш тиккага келди.
– Энди сенларнинг галларинг. Қани старт чизиғига!
Олти нафар ўқувчи старт чизиғига келиб, бир тиззасини ерга қўйиб, икки қўлига таяниб туришди.
– Внимание! Старт!
Болалар ярим кўтарилишди.
– Бегом марш!
Олти йигит қушдай учиб кетди. Белгиланган масофа ўрталарида Шодмонбек бошқалардан бир қадам олдинга ўтиб олди ва жон жаҳди билан кўзи ҳеч нарсани кўрмай югура кетди. У маррага қолганлардан бирор уч-тўрт қадамча илгари етиб келди. Чизиқдан анча ўтиб кетиб, тўхтади. “Уҳ” деди-ю, ерга ўтирди. У бўғриқиб нафас олар, юраги дук-дук урар, хаёлида бир фикр айланарди:
– Энди олтин медаль меники!!!
Бир пасдан сўнг майдонча бошида турган жисмоний тарбия ўқитувчиси Сувонов ҳам етиб келиб, баҳоларн