Табиблар, азайимхонлар қолмади, ким нима деса қилиб, кимнинг дарагини берса шу ерга эринмай борардим, лекин Худо бизга фарзанд ато этмади. Пешонам шунақа шўр экан, эримга бир неча бор ажрашишни таклиф этдим. Лекин у кўнмади. «Бола асраб оламиз», деган сўзлари мени даҳшатга солди. «Ота-онангиз нима дейди, қариндош-уруғлар -чи? Маломатга қолиб кетасиз», дедим. «Бир йўлини қилармиз». Йўлини қилдик: Тошкентда яшайдиган бир оғайнилари хотини бешта қиздан кейин яна қиз фарзанд кутаётганини эшитиб, хўжайнимга нолиб қолган. «Олдиришга кеч бўлибди, шундоғам бешта қизим бор, буниси ўғил бўладими, деб ўйлагандим, афсуски уям қиз экан», деган. «Илтимос, дўстим, мен тирноққа зорман, шу болани менга бер, истаганингни бераман, нима десанг қиламан», деганлар.
«Ҳомиладорлигим» ни эшитган яқинларимиз хурсанд бўлишди. Хуллас, мен гўёки ҳомиладордек қорнимга ёстиқ қўйиб юрдим, бола туғилиш фурсати келганда, биз бошқа ердан ижарага уй олиб, ўша ерга кўчиб кетдик. Мен «қизли» бўлдим. Қизалоғимиз уч ёшга тўлгач, яна бир ўғил фарзанд асраб олдик. Шу тариқа ҳаётимизга қувонч, кўнглимизга нур киргандек бўлди. Лекин, ўғлим улғаяётган бўлса-да, негадир ўрнидан туришга ҳаракат қилмас, мудом йиғлагани-йиғлаг ан эди. Шифокорга кўрсатсак, унинг туғма ногирон эканлигини, мияси жароҳатлангани боис, бир умрга фалаж бўлиб қолганини эшитиб, ҳушим бошимдан учди. Лекин энди уни қайтариб беролмасдим, унга боғланиб, меҳр бериб қўйгандик. Болага ғамхўрлик қилиб, уни турли шифокорларга кўрсатдик, даволашга ҳаракат қилдик. Кўп йиллик саъй-ҳаракатлари миз туфайли у ўрнидан турди, қийналиб бўлса-да юради, ғўлдираб бўлса-да гапирадиган бўлди. Лекин бундан бошқасини орзу ҳам қилолмасдик. Опаси мудом укасига ғамхўрлик қилиб, уни кўчада ўйнатар, ҳеч кимга хафа қилдириб қўймасди.
Қизимиз бўй етиб, уйимизга бирин-кетин совчилар кела бошлади. Ахир қачонгача уни олиб ўтирамиз, қизимнинг кўнглига ёққан йигитга узатдик. У кетаётиб, укаси билан қучоқлашиб, хайрлашди, ўғлимиз эса энг яқин одами, ҳимоячиси, тушуниб, доим қўллаб турадиган опаси кетаётганидан ўксиб-ўксиб йиғларди. Бу манзарани бефарқ кузатиб турган одам қолмади. Гарчи ўғлимга қараб, юрагим олов бўлиб ёнаётган бўлса-да, унга далда бераман, ҳали соғайиб кетишини, бу кунларни кўрмагандек бўлишини айтиб, уни овутаман. У эса маҳалладаги болалар мудом калака қилишларини, нега у бошқалар каби мактабга бормаслиги, ҳеч ким у билан ўйнашни истамаслигини сўраб, кўзларимга мўлтираб қараганида, ўзимни қўярга жой тополмайман, нигоҳларимни яшираман.
Бугун ўғлим 17 га кириб қолди. Бу аҳволда уни мактабга жўнатолмасдик, у ўзини бошқаролмайди, бировнинг ёрдамисиз кийимини кийиб, овқатини еёлмайди. Инсон бу дунёда мангу қололмайди, биздан кейин ўғлимнинг ҳоли нима кечар экан? Ким унга қарайди, парваришлайди? Опасининг ўз оиласи, болалари, ташвишлари бор, у ўзидан ортмайди. Охирги пайтлар дадаси иккаламиз фақат шу ҳақда ўйлаймиз, бу қийин вазиятдан чиқиш йўлларини қидирамиз. Лекин олдинда ҳеч қандай нажот кўрмаяпман. Шу туфайли уйқумда ҳаловат йўқ, сочларим оппоқ оқариб кетган, йиғлайвериб кўзларимда ёш қолмади.
Ишонсангиз, баъзида кечалари Аброр кўз олдимга келади, уни ҳамон севишимни, у юрагимнинг бир бўлаги бўлиб қолганини ҳис қиламан. Назаримда, ўшанда унинг кўзидан оққан ёшлар, бирга бўлишимиз учун курашишга ўзимда куч топа олмаганим, журъатсизлигим учун жазоландим. Бундан ортиғи бўлмайди, бу юк билан гўримда ҳам тинч ётолмасам керак.