Аёли ҳам индамагани билан дарди ичида.
Келинойиси ҳафта сайин:
— Бир-икки кунингизни «Йўқ» деб келсангиз, Дониёрга совчиликка юрардик. Сизнинг ўрнингиз бошқа, «шаҳарлик амма», деган отингиз, салобатингиз бор, — дея қўнғироқ қиляпти.
Нигора:
— Болалар таътилга чиқсин, бирйўла борамиз, — деб баҳона қилаётган бўлса-да, бир кўзи эрида.
Доим ҳар нарсанинг иложини топган Расулжон бу гал ҳам нимадир ўйлаб топиб, борди-келди юкини енгиллаштириб юборадигандек. Лекин Расулжон бу сафар чора топишга ожизлик қилаётганмиди, жим эди.
— Дадаси, Адолат ая қўнғироқ қилди…
Расулжон одатдагидек Нигорага сир бой бермаслик, «бор-кел»дан гап очишга имкон яратмаслик учун қовоғини солди.
— Нима гап? Саломатлик эканми?
— Ҳа, сизда иши бор, шекилли. «Расулжонга қўнғироқ қилиб туша олмаяпман, келса, мен билан бир гаплашсин», дедилар.
Расулжоннинг юраги «шув» этди. Адолат опаям пул сўраса-я? Ахир ўғли ўлиб, набираси билан ёлғиз қолди-да.
Адолат аяни Расулжон «Иккинчи онам», деган. Чунки талабалигида шу бева аёлнинг уйида ижарада турган эди. «Ўғил бола фақат эр кишига хос ишларни қилиши керак», деган тарбия билан улғайган Расулжон тухум қовуришниям эплай олмасди. Шунинг учун ҳам ётоқдан жой тегмаганига унча хафа бўлмади. Институтга яқин жойдан ижарага уй топди. Адолат ая чиндан ҳам Расулжонга оналик қилди. Расулжон бир ойда бир марта уйига бориб, қути-қути озиқ-овқат кўтариб келса-да, таом пишириш бобида нўноқлигидан баъзан хижолат бўлар, Адолат ая:
— Болам, ҳеч тортинманг. Икки одамга етган бир коса овқат уч одамга ҳам етади. Саркаш ўғлимни яхши-яхши гапларингиз билан жиловлаб турасиз, — дерди.
У пайтда аянинг ўғли Жонибек ҳали ўсмир бола эди. Улар бир пайтлар Кавказ тарафлардан сургун қилиниб, энди ўтроқлашиб қолган маҳаллада яшашар, анча маҳаллийлашиб қолганига қарамай, бу маҳалла болаларининг қони қайноқроқ эди. Кунда-кунора уриш-жанжал чиқар, Жонибек ҳам уларга қўшилиб, бир иш орттирмасин, дея Адолат аянинг жони ҳалак эди. Расулжон Жонибекни яхши гап билан, акаларча меҳр билан ўз қанотида ушлаб турар, шу боис Адолат ая:
— Ётоқ беришса ҳам кетманг, Расулжон, укангиз бебош бўлиб кетади, — дея ялинарди.
Расулжон-ку Адолат ая учун ҳам, Жонибек учун ҳам қўлидан келган яхшилигини қилди, лекин, барибир, Жонибек бебош чиқди: тўйсиз, никоҳсиз уйланди. Адолат ая:«Зинонинг касофати ёмон бўлади», — дея келинига кўйлак-лозим кийдириб, домлага никоҳ ўқиттирди, расмий никоҳдан ҳам ўтказди. Лекин ўғлига бўлажак хатарни онанинг юраги, барибир, сезар эканми… Икки йилча бўлиб қолди, Жонибек ўзи тенги йигитларнинг пичоқбозлиги ичига тушиб, қазо қилди. Йигитлар ҳали-ҳануз «Унда айб йўқ, у ажратмоқчи бўлган эди», дейишади.
Лекин энди бу гаплардан нима наф? Навқирон йигит ер остига кетганидек, келин ҳам юртига жўнади. Аммо инсофи бор экан, Темурни қайнонасига қолдириб кетди. Бугун ўша ғамгузар она Расулжонни чорлабди. Борди-ю қийналиб қолиб, пул сўраётган бўлса, нима қилади?
— Нигора, — деди Расулжон ердан бош кўтармай.
— Лаббай, дадаси?
— Агар Адолат ая қийналиб қолиб, ёрдам сўраса, тақинчоқларингни сотамиз. Йўқ, демайсан.
— Шу қулоқ-бўйиндаги нарсалар одамдан азиз бўптими? Бор-йўғи тош-ку!
— Бўғилманг, дадаси. Сиз нима десангиз шу! Мен бир нарса дедимми?
Адолат ая Расулжонни узоқ бағрига босиб турди. Елкаларига бошини қўйиб, тўлиқиб-тўлиқиб йиғлади. Расулжон индамади: аяни ўз ҳолига қўйиб берди. Бунақа пайтда ҳар қандай тасалли ожиз эди.
Ўтиришгач, Расулжон тиловат қилди. Ая чой дамлаб келди.
— Таътилга чиқса, Темурни уйга олиб кетаман. Болалар билан ўйнаб келади, — деди Расулжон.
— Майли, борса, бирор ҳафтага борар. Усиз бу ҳовли мени ютиб юборади, болам. Яхшиям, Худо менинг раҳмимни еб, шугинани қолдирибди. Шу ейди деб таом пишираман, кияди, деб ҳаракат қиламан…
Ая яна кўз ёшларини енгига артди.
— Ҳа, Худойим меҳрибон… Ая, қийналиб қолмадингизми?
Расулжон бойлиги ошиб-тошиб ётгандек гапирди.