Konspektor
Open in Telegram
📝 Конспектор - бу саҳифа сиз азизлар учун диний, ҳаётий ва фалсафий фикрларни бир ерга жамлайди. Унда инсон руҳияти, ҳаёт маъноси, вақт ва муҳаббат каби чуқур мавзулар ёритиб борилади. 👥 Обуна бўлиб қўйишни унутманг! @konspektor #konspektor
Show more537
Subscribers
+124 hours
+37 days
+830 days
Posts Archive
537
Илтифот
Ҳукмдорлардан Баҳромгўр бир куни овга чиқди. Бир кийикни учратиб уни овламоқчи бўлганда, кийик қочиб кетди. Баҳромгўр унинг орқасидан қувлай-қувлай, ниҳоят бир қабила яшайдиган ерга етиб келди. У қабиланинг Қабийса исмли бир сардори бор эди. Кийик ташналикдан бетоқат бўлиб Қабийсанинг чодирига кириб келди, ҳоб тили билан ундан паноҳ истади. Қабийса унга сув берди, қорнини тўйдирди. Шу топда Баҳром чодир эшиги ёнига етиб келди. Қа-бийсага дўқ қилиб:
— Эй араб, менинг овим сенинг чодирингга кирди. Дарҳол уни чиқариб менга топшир!—деди.
— Эй суворий, яхши йигит, мендан паноҳ истаб чодиримга кирган жониворни сенинг қўлингга топширишим мурувватдан эмасдир,— деб жавоб берди Қабийса.
Баҳромгўр қаттиқ сўзлаб, унга ҳужум қилиб, кийикни чиқариб беришни талаб қилди. Қабийса унинг сиёсатидан қўрқмай, айтди:
— Эй йигит беҳуда сўзларни сўзлама, мендан паноҳ истаб чодиримга кирган бечора жониворни нечун сенинг қўлингга топширай? Қўлингдаги ўқ-ёй би-лан мени ўлдирсанг, ўшандагина кийикни олишинг мумкин бўлади. Агар мени ўлдирсанг қабилам аҳли сени тирик қўймайди. Кел, ўз жонингга раҳм қилиб, бу бечора жониворни қўлга олиб, ўлдириш савдосидан кеч. Агар ҳирсинг томири тинч турмаса, эшигим ёнида боғлиқ турган гўзал ва чопқир отимни эгар, жабдуғи билан сенга берай.— Баҳромгўр Қабийсанинг ҳамиятига таҳсину офарин қилди. Унинг отига илтифот қилмай ўз саройига қайтиб кетди. Эртаси куни Қабийсани ўз саройига чорлади, унга кўп илтифотлар қилиб, эъзозлади.
Байт:
Истагач бир қатра дарёдин паноҳ,
Айлади унга садафдан такягоҳ.
@konspektor
537
Чақимчилик жазоси
Абубакр ибн Абдуллоҳ шундай ҳикоя қилади:
Бир подшоҳнинг доно вазири бор эди. Ҳар куни подшоҳнинг ёнига кирганда: «Яхшилик қилганга яхшилик қил, бадкорга ўзининг бадкорлиги кифоя»,— деркан. Подшоҳ у вазирни ҳурмат қиларди. Аммо мулозимлардан бири у доно вазирни кўролмасди. Бир кун у ҳасадчи мулозим подшоҳга айтди:
— Вазирингиз доимо сизни ёмонлаб: «Подшоҳнинг оғзидан бадбўй, сассиқ ҳид келади, яқинига боришга асло тоқат қила олмайман»,— дейди.
Подшоҳ ҳасадчидан:
— Бу сўзингга далил кўрсата оласанми?—деб сўради.
Ҳасадчи: — Вазирни ҳузурингизга чақиринг, бурнини тутиб кирса, тўғри сўзлаганимни биласиз,— деди.
Нобакор мулозим подшоҳ ёнидан чиқиб, вазирнинг ёнига борди, уйига зиёфатга таклиф қилди. Вазир меҳмон бўлиб келгач, уни сассиқ саримсоқ қўшилган овқат билан зиёфат қилди. Вазир зиёфат тамом бўлгандан кейин ҳасадчининг уйидан чиқиб, тўппа-тўғри подшоҳнинг ёнига борди. Подшоҳ: «Яқинроқ кел!» дегач, вазир «тағин подшоҳ сассиқ саримсоқ ҳидидан беҳузур бўлмасин» деб бурнини тутиб подшоҳга яқинроқ борди. Подшоҳ буни кўргач, мулозимнинг сўзи тўғри эканига ишонди.
Подшоҳнинг бир одати бор эди: кимга илтифот ёки ғазаб қилса, хат ёзиб муҳрлаб: «Бу хатимни менинг саройим бошлиғи қўлига бер»-—деб хатни у кишига топширарди. Сарой бошлиғи хатни ўқиб подшоҳ нима буюрган бўлса, уни амалга оширарди.
Подшоҳ одати бўйича хат ёзиб, муҳрлаб вазирга берди, сарой бошлиғига топширишни буюрди. Вазир хатни олиб кетаркан, йўлда ҳасадчи мулозим учраб қолиб вазирдан:
— Бу нима хат?—деб сўраб қолди. Вазир: «Подшоҳ менга қимматбаҳо либос инъом қилди»,— деди.
Чиндан ҳам у шундай ўйлаганди. Мулозим вазирга ялиниб-ёлвориб:
— Иккимизнинг яхши танишлигимиз ҳурмати хатни менга беринг, либосни мен олай, бу эса сизнинг қилган зўр илтифотингиз бўлади, бу илтифотингизни ҳеч вақт унутмайман,— деди.
Вазирнинг раҳми келиб, хатни унга топширди.
Ҳасадчи севиниб, хатни олиб бориб сарой бошлиғига топширди. Сарой бошлиғи хатни ўқиб кўриб мулозимларига:
— Бу одамни ўлдиринглар, подшоҳ шундай буюрибди, подшоҳ амрини дарҳол бажо келтиринг!— деди.
Сарой бошлиғининг буйруғини эшитиб, ҳасадчи:
— Бу хат вазирга берилган хат эди, мен ундан тилаб олгандим!—деб дод-фарёд қила бошлади.
Сарой бошлиғи бу воқеани подшоҳга маълум қилди. Подшоҳ буни яхшилаб тафтиш қилгач, ҳасадчининг саримсоқ қўшган таом билан вазирни зиёфат қилгани, вазир эҳтиёт юзасидан бурнини тутгани подшоҳга маълум бўлди, вазирнинг гуноҳсиз эканини билиб, унинг мартабасини яна оширди.
Ҳасадчига эса қаттиқ жазо берди. Подшоҳ вазирига:
— Ҳар куни ёнимга кирганингизда биринчи сўзингиз «яхшилик қилганга яхшилик қил, бадкорга ўзининг бадкорлиги кифоя» дегучи эдингиз, ҳақ экансиз, ҳасадчининг бадкорлиги унинг ўз бошига етди,— деди.
@konspektor
537
Тўланмаган жарима
Секинлашишдан олдин спидометрга қаради. Тезлик 50 бўлган жойда 73 билан ҳайдаётганди. Ва шу тўрт ой ичида тўртинчи бор тўхтатилиши эди.
– Шунчалар ҳам омадисиз бўладими, одам? – дея машинасини четга олди.
“Ҳозир ёнимиздан катта тезликда бир машина ўтиб кетади”, деб ўйларди.
YPX ходими қўлида қалин бир дафтар билан машинадан тушди. Бу унинг қўшниси эди. Бу ҳол жаримадан ҳам баттар бўлди. Энг ёмони, қўшни бўлишига қарамай уни тўхтатгани эди; бунинг устига йўл қоидаси бузилган.
– Салом, – деди ходим. – Бир-биримизни бу аҳволда кўришганимиз ғалати
бўлди-да.
– Мени, аёлим ва болаларимни ёнига кетаётганимда тўхтатдинг.
– Ҳа, шундай.
YPX ходими эса парвойифалак эди.
– Охирги пайтларда уйга кеч қайтаётгандим. Болаларим мени анчадан буён
кўришмади. Яна, аёлим бу оқшом бирга овқатланишимизни сўраган эди. Нима демоқчилигимни тушунгандирсан?
– Ҳа, тушуняпман. Лекин йўл қоидаларини бузганингни ҳам биляпман, –
деди ходим.
“Эҳ, бундан қутила олмайман, шекилли”, деб ўйлади-да, бошқа усулга ўтди. Машинасидан тушиб:
– Мени қанча тезлик билан ушлаб олдинг? – деди.
– Етмиш. Илтимос, машинангга чиқ.
– Сени кўрганимда, 65 билан кетаётгандим…
– Илтимос, машинангизга киринг, – деди йўл хизмати ходими. Асабий
бўлиб, машинага ўтирди ва эшикни қаттиқ ёпди. YPX ходими, дафтарига нималарнидир ёзиб, машина ойнасидан унга бир қоғоз узатди-да, ўзи кетди. “Бу жазо эмас” деди ўзига-ўзи ва хурсанд бўлди ҳайдовчи. Жарима қоғозида шундай ёзилган эди:
“Азиз, дўстим. Менинг биттаю битта қизим бор эди. Олти ёшида тезлик билан келаётган машина остида қолиб ҳалок бўлди. Фалокатдан сўнг ҳайдовчи жазосиз қолмади, албатта. Уч ой қамалиб чиқди. Турмадан чиққач, яна оиласи бағрига қайтиб, болаларини қуча олгандир, эҳтимол. Аммо, мен…
Мен қизимни энди ҳеч қачон бағримга боса олмайман. Қизимни яна ҳидлаб, ўпишим учун, жаннатга боргунча кутишим керак. Жуда кўп маротаба у одамни кечиришга ҳаракат қилдим. Балки кечиргандирман, лекин ҳали ҳам қизимни соғиняпман. Илтимос, мени дуо қил ва йўлда диққатли бўл. Ҳозир, битта ўғлим қолган”.
Ҳайдовчи ўн беш дақиқача ўзига келолмади. Кейин машинани ёқиб, секин-секин уйига борди. Келибоқ, олдига югуриб чиққан болаларини меҳр билан бағрига босди ва юзларидан ўпди.
“Сирли, ибратли ва ҳаётий воқеалар” китобидан
@konspektor
537
Ҳасад
Айтишларича, Искандар Румий замонида бир жонивор пайдо бўлди, унга ким рўпара келса дарҳол ҳалок бўларди. Искандар донишмандлари бу балони даф қилиш учун ҳар қанча уринсалар ҳам, ҳеч нарса қила олмадилар.
Ниҳоят, бу балони даф қилиш чорасини Арасту ҳаким топди. Унинг буйруғи билан жуда ҳам катта ойна тайёрладилар, у ойна орқасида бир-икки кишининг бекиниб ўтириши мумкин эди. Ўша ойна сиғарлик жуда катта арава тайёрлаб, уни аравага кўтариб қўйдилар. Арасту ойна орқасида бекиниб ўтирди. Аравани у жонивор турадиган жойга яқинроқ ерга келтириб қўйдилар.
Жонивор одам исини олиб, арава томонига қараб кела бошлади. Аравага яқин келган эди, кўзи ойнага тушди, ойнада ўз суратини кўриб, дарров йиқилиб ўлди. Искандар бу ишдан жуда таажжубланиб Арастудан бунинг ҳикматини сўради. Арасту шундай баён қилди:
— Эй Искандар, бу жонивор ер остида неча йил ётган бадбўй буғлардан вужудга келганди, унинг кўзида заҳари қотил бор эди, кимга кўзи тушса, у киши дарров ўларди. Мен олдига ойна олиб бордим, унинг акси ойнада пайдо бўлди, назари унга тушди. У назар бу акс воситаси билан ўзига қайтди ва ўз назарининг асари ўзига уриб ҳалок бўлди,
Искандар Арастуга таҳсин ўқиди. Ҳасадининг ёмонлиги ўзига қайтади. Ўт куйдириш учун бирор нарса топмаса, ўзини ўзи куйдиради.
@konspektor
537
Жасур йигит
Илк баҳор. Тоғлардан эриган қор сувлари пастга шиддат билан оқиб тушарди. Наҳр кўпригининг ўртасида бўлган кичкина бир уй ичида кўприк қоровули ва унинг шаҳардан кўргани келган хотини, иккита боласи суҳбатлашиб ўтиришарди.
Шу пайт ҳар томондан:
— Қоровул, тезроқ бўл, ўзингни ва оилангни ҳалокатдан қутқаз!—деган товушлар эшитилди. Сел ва тўлқинлар кўприкдан ошиб, қоровул уйи ва атрофини емира бошлади, кўприк силкинарди. Қоровул дарров уйчасининг томига чиқиб олиб:
— Бизга ёрдам қилинг, ёрдам!— деб қичқирди. Бир қари чол:
— Уларнинг ҳалок бўлишларига озгина вақт қолди. Уйча ағанай деб турибди, нега қараб турибмиз? Бир жасур йигит борми ахир?—деб фарёд қилди. Бошқа қишлоқдан келган бир йигит қари чолнинг сўзларини эшитгач, отилиб ўртага чиқди.
Жасур йигит наҳр қирғоғидаги кичкина бир қайиқчага ўтириб, шиддат билан оқиб турган сувда кўп машаққатлар чекиб уйчанинг ёнига етиб келди. Аввал қоровулнинг икки боласини қайиқчага ўтқизиб машаққатлар билан уларни соҳилга соғ-саломат еткизди. Сўнгра яна кўп машаққат тортиб, бориб қоровул ва унинг хотинини олиб келди.
Ҳамма ҳаддан зиёд шодланиб, олижаноб, жасур йигитни олқишлаб миннатдорчилик изҳор қилдилар. Қари чол ва кампирлар кўзларидан шодлик ёшларини тўкдилар, жасур йигитга таҳсинлар ўқидилар.
Ўша ердаги мўътабар бир одам жасур йигитни мукофотламоқчи бўлиб:
— Раҳмат, олижаноб йигит, қилган одамгарчилигинг, яхши хизматинг учун, мана бу мукофотимни қабул қил,— деб унинг қўлига пул узатди.
Жасур йигит мукофотни қабул қилмай:
— Илтифотингизга раҳмат, мен мукофот олиш учун эмас, виждон амри билан, инсоний вазифамни адо этдим, буни пулга сотмайман. Менга берадиган шу пулларингизни қоровулга берсангиз, мен жуда ҳам ҳурсанд бўламан, чунки у рўзғордаги ҳамма нарсаларини бой берди, ёрдамга муҳтождир,—деб ҳамма билан хайрлашиб, ўз қишлоғига жўнади. Ҳамма у йигитга қойил қолди.
@konspektor
537
Тамакор савдогар
Саъдий, қишнинг ўртасида бир савдогарни учратди. Унинг юз эллик туя моли, қирқта қули ва хизматчилари бор эди. Савдогар бир кеча Саъдийни уйига таклиф қилди. У бутун кеча давомида у ёқ бу ёқдан гапириб турди:
–Фалон танишим Туркистондадир. Фалон молларим Ҳиндистондадир. Бу қоғоз фалон ернинг жасоратидир. Фалон нарсаган фалон кафилдир…
Куракда турмайдиган лофларнинг кети узилмади. Ҳавоси хуш бўлганлиги учун яқинда Искандарияга кетмоқчи эканлигини айтиб ортидан:
–Йўқ, йўқ… Ҳозир Оқ денгиз қўшилган, – дея бошқа лофларни қўшиб юборди. Гапининг ўртасида, савдогар:
–Саъдий! –деди. –Бир сафарим бор, ҳалигача ўйлайман, шу ишларимни ҳал қилсам, кейин бир четга бориб умримни қолган қисмини ўша ерда ўтказаман.
Саъдий сўради:
–Бу қандай сафар экан?
Савдогар:
–Барс олтингугуртини Чинга олиб боряпман. У ерда баҳоси жуда юқори деб эшитдим. Онадўли ипагини Ҳиндистонга, Ҳинд пўлатини Ҳалабга, Ҳалаб шишасини Яманга, Яман олчасини Барсга олиб келаман. Ундан сўнг бу хил юришларни йиғиштириб, бир дўконга ўтираман.
Савдогар бунга ўхшаш минг хил тижорий хаёлларидан лоф урдики, ортиқ гапиришга кучи қолмагач, Саъдийга қараб:
–Саъдий! – деди. – Сен ҳам кўрган-кечирганларингдан бирон нима десанг-чи…
Саъдий жавоб қилди:
–Сен чўлда тевасидан тушган бир карвон соҳибининг, “Бойнинг кўзини ё қаноат тўйдиради ёки мозор тупроғи!” – деганини эшитмаганмидинг?
Ҳикмат
Тамакорнинг кўзини тупроқ тўйдиради:
Шундай инсонлар борки, тўйганини билмайдилар;
Кўзлари очдир, шунга биноан мол-мулк оз кўринади уларга. Бу тамаъдан фақат ўлибгина қутуладилар.
@konspektor
537
Шафқат
Тарихда золимлиги билан ном чиқарган Ҳажжож қўлига асир бўлиб тушган бир қанча кишига қаттиқ жазо беришга буюрди. Асирлар орасидан бир киши Ҳажжожга:
— Эй амир, менга қаттиқ жазо берманг, сизга жуда яхши хизмат қилганман,— деди. Ҳажжож ундан қандай хизмат қилганини сўради. У киши:
— Бир душманингиз сизни ғийбат қилиб, золим деб таъриф-тавсиф қиларди, мен уни ман қилдим,— деди. Ҳажжож ундан: «Гувоҳинг борми?»— деб сўраган эди, у киши асирлар орасидан бир кишини гувоҳ этиб кўрсатди. Асир бу ишдан бехабар бўлса ҳам, у кишининг қутулишини кўзлаб:
— Тўғри айтади, мен у ерда ҳозир эдим, сизни ёмонлаб сўзлашдан уни манъ қилди,—деб ёлғондан гувоҳлик берди. Ҳажжож аччиғланиб унга айтди:
— У ерда сен ҳам бор экансан, душманимни ғийбат қилишдан манъ қилган мана шу кишининг сўзларига нима учун қўл қовуштириб жим ўтирдинг?
— Мен сизни энг ашаддий душманим деб биламан, шунинг учун манъ қилишни истамадим,— деб жавоб берди асир.
Иккинчи асир тўғри сўзлагани учун Ҳажжож ҳар икки тутқунни озод қилди.
Байт:
Қолмагай тўғрилар иши пинҳон,
Қилмагай тўғри сўз кишига зиён.
Олижаноб одамлар ёлғиз ўз жинсларигагина эмас, ҳатто ҳайвонларга ҳам шафқат ва марҳамат назари билан қарайдилар, уларга озор етказмайдилар
@konspektor
537
Икки пиёла сув
Қадим замонда бойлиги билан мақтанувчи ҳукмдор бўлган эди. У қаерга бормасин, хазинасидан бир қисм олиб, уни бошқаларга кўз-кўз қилар эди. Бир куни у энг ишонган олим дўстига шундай савол берди:
– Сен олимлар ичра машҳур ва доносан. Мен сенинг фикрингни билмоқчиман. Менинг ҳукмдорлигим ва давлатим ҳақида нима дея оласан?
Олим жавоб беришнинг йўлини топди ва ҳукмдорга шундай деди:
– Фараз қилайлик, сиз бепоён ва жазирама чўлнинг қоқ ўртасида турибсиз. Шу пайт томоғингиз қақраб, ниҳоятда чанқадингиз. Аммо яшаб қолиш учун ярим давлатингиз эвазига сизга бир пиёла сув узатилди. Сиз бунга рози бўлармидингиз?
– Албатта, рози бўлардим.
– Анча вақт ўтди. Чанқоқ кучайди. Қолган давлатингиз эвазига сизга яна бир пиёла сув таклиф қилинди. Сиз бунга ҳам рози бўлармидингиз?
Ҳукмдор бир оз ўйланди ва ноилож:
– Ўлмай қолиш учун мен давлатимнинг қолганини ҳам беришга мажбурман, –деди.
Шунда олим мийиғида кулиб:
– Демак, ғурурланишга ҳожат йўқ, ҳукмдор. Сиздаги бойликнинг баҳоси бор йўғи икки пиёла сув экан…, – деди.
“Сирли, ибратли ва ҳаётий воқеалар” китобидан.
@konspektor
537
Печенье ўғриси
Бир аёл аэропортда самолёт учишини кутарди. Аммо, ҳали эрта эди. Бекор ўтиришни ёқтирмаган аёл дўкондан битта китоб ва печенье сотиб олди. Бўш курсилардан бирига ўтириб, китобини ўқий бошлади. Китобни берилиб ўқир экан, ногоҳ ёнида ўтирган одам печеньесидан олишга журъат қилаётганини сезиб қолди. Аммо, биргина печенье учун назокатсизлик қилгиси келмади.
Дам-бадам у ҳам соатга қараб қўярди. Китоб ўқиб, биттадан печенье ўғирлаётган одамга кўз қирини ташлар экан, асабийлашмасликка уринарди. Печенье ўғриси, секин-секин печеньеларини олаётганида, унга эътибор бермасликка ва соат миллари юришини кузатиб, унинг чиққиллашини эшитишга ҳаракат қиларди. Ўзига ўзи: “Агар маданиятли бўлмаганимда, шу одамни кўзларини кўкартирардим”, – деб қўйди. Ҳар гал печенье оламан деганида, у ҳам қўлини узатарди. Охири пакетда битта печенье қолгач, “Қани энди нима қиласан?”, – деди ичида. Одам истеҳзоли кулимсираб, охирги печеньени олди ва иккига бўлиб, ярмини оғзига солди; ярмини эса аёлга узатди. Аёл иллат билан печеньени олар экан, “Бу қандай безбетлик! Бунчалар қўпол бўлмаса, бу одам. Бир оғиз раҳмат ҳам демади!” – деб гапириб кетди ўз-ўзига.
Аёл ҳеч қачон бундай асабийлашмасди. Самолётнинг учиш вақти етгач, чуқур тин олди. Юкларини олиб, эшик томон юрди. “Печенье ўғриси”га қайрилиб ҳам қарамади. Самолётга чиқди ва ўрнига жойлашди. “Печенье ўғриси”дан қутулганига шукр қилди. Бир ора, унинг адабини бермаганига афсусланди. “Жаноб, – дейиши керак эди у. – Шукр қилинг, сиздек назокатсиз эмасман. Акс ҳолда юзингизга шапалоқ туширган бўлардим. Аммо, сиз қилган иш расман ўғрилик саналади. Печенье ўғрилиги… Билдингизми?!”
Шуларни хаёл қилиб, қўлини сумкага узатди. Чала қолган китобини олиб ўқимоқчи бўлди. Аммо, не кўз билан кўрсинки, дўкондан сотиб олган бир пакет печеньеси унинг сумкасида турарди. Бир оғиз ҳам гапирмай, энг охирги печеньесини ҳам у билан баҳам кўрган одамдан бориб узр сўрашга энди кеч эди…
Қўпол ва журъатли “печенье ўғриси”нинг самолёти осмонга кўтарилди…
“Сирли, ибратли ва ҳаётий воқеалар” китобидан.
@konspektor
537
Оппоқ қоғоз ва қора доғ
Профессор дарсхонага кириб келиши биланоқ талабаларидан ажойиб бир тестга тайёргарлик кўришларини сўради. Талабалар бироз ташвишга тушган ҳолда тест бошланишини кутишар эди. Муаллим ҳар доимгидек тест қоғозини орқа ўгириб тарқатиб чиқди. Талабалар тест саволларини ўқиш мақсадида қоғозни ўгиришди. Қоғоз ўртасида битта қора нуқтадан бошқа ҳеч қандай топшириқ йўқ эди. Бундан ажабланган талабалар бир-бирларига ҳайрон қараб қолишди.
Профессор талабаларнинг юзида ажабланишни кўриши билан уларга: “Мен қоғозда нимани кўраётган бўлсангиз, шу ҳақда ёзишингизни сўрайман”, деди. Талабалар иккиланиш билан тушунарсиз шартни бажаришни бошладилар. Дарснинг охирига келиб, профессор барчадан қоғозларни йиғиб олиб, ҳар бир талабаниннг ёзган жавобини улар олдида овоз чиқариб ўқий бошлади. Талабаларнинг барчаси фақатгина қора нуқта ҳақида, унинг қоғознинг ўртасида жойлашгани ҳақида ёзган, ўз фикрини баён қилган эдилар.
Жавоблар ўқиб бўлингач, орага сукунат чўмди ва бироз ўтиб профессор талабаларга: “Мен бу жавобларга баҳо қўймоқчи эмасман. Сизларни мулоҳазага чорламоқчиман холос. Ҳеч ким ўз жавобида қоғознинг оқ қисми ҳақида ҳеч нарса ёзмапти. Барча диққат-эътиборни қора нуқтага қаратибди. Афсуски худди шу ҳолат бизнинг ҳаётимизда ҳам мавжуд. Биз ҳар доим инсонларнинг ёмон одатларига эътибор берамиз, худди қоғоздаги қора нуқта каби. Аслида қоғознинг оқ жойи қора нуқтага қараганда анча даражада кўп. Тириклик Худо тарафидан бир-биримизга ёрдам бериш, қайғуриш учун берилган совға. Ҳаётимиз хурсандчиликларга, яхшиликларга, яхши инсонларга тўладир. Тўғри, ўша қора нуқтага ҳам эътибор қаратишимиз, уни тўғрилашга ёрдам беришимиз керак. Лекин бу оқ жойларни унутмаган ҳолда бўлиши керак. Қора нуқта эса оқ жойларга нисбатан жуда ҳам кичкина, кўринмасдир”, деди.
@konspektor
537
«ГИРГИТТОН БУВИ»НИНГ ЯПОН НЕВАРАСИ
Ҳали мактабга қатнамасдим. Куз палласи томоғимга «тепки» келиб, бўйним шишиб кетди. Ойим «иримини қилиш» учун «Гиргиттон буви»никига олиб чиқди.
Дунёда «Гиргиттон буви»дан мулойим, ундан меҳрибон одам бўлмаса керак. Хамма билан «бувинг гиргиттон» деб айланиб-оргилиб коришади... Бувининг ховлисига кирсак, этакдаги девор тагида аллақанча ёнғоқ думалаб ётибди. Кечаси шамолда тўкилган бўлса керак. Югуриб бориб, тера бошладим. Бир маҳал айвон томондан «Гиргиттон буви»нинг овози келди: — Хай-хай, гиргиттон, тегма, тегма, ёнғоққа! — Шундай деб илдам келди-да, қўлимдаги ёнғоқларни олиб, пастак девор оша нарёққа улоқтира бошлади.
Сўнг хазон орасида ётган бошқа ёнғоқларни ҳам энкайиб терганча, девор ортига ташлади. Бувининг бундай «қизғанчиқ»лигига хайрон бўлиб туриб қолдим. Ниҳоят тўкилган ёнғоқлар қолмаганига ишонч хосил қилгач, қўлимдан йетаклади. «Юрақол, гиргиттон, сенга бошқа ёнғоқ бераман!» Шундай деб, пастак бостирмага олиб кирди-да, саватда уйилиб ётган ёнғоқлардан ховучлаб олиб, дўппимни тўлдириб берди...
Сўнг тушунтирди:
— Деворнинг нариёғида қўшнининг ҳам ёнғоғи бор. Сен терган ёнғоқ қўшнининг дарахтидан тўкилган бўлиши мумкин.
БИРОВНИНГ ХАҚҚИНИ ЎЗИДАН СЎРАМАСДАН ОЛСА, ГУНОҲ БЎЛАДИ ГИРГИТТОН!
Бу гапларни унутиб юборган эдим-ку, орадан кўп йиллар ўтиб тағин ёдимга тушди.
Япониядан бир гуруҳ мартабали меҳмонлар ташриф буюришди. Улар орасида Япония Парламенти раҳбарларидан бири ҳам бор эди. Шу кишига хамроҳ бўлиб Самарқандга бордик. Меҳмон икковимиз ва таржимон бир машинада кетаяпмиз. Самарқанд қишлоқ туманидан бораётиб, яшнаб ётган боғ олдидан ўтдик. Йўл чети кета-кетгунча шафтолизор. Зарғалдоқ шафтолилар ғарқ пишган. Хар бири кичикроқ чойнакдек келади. Меҳмон ниманидир завқланиб гапирди. Таржимон, меҳмон жаноблари бу боғ кимники эканини сораётганларини айтдим. Япония, Корея, Хитой сингари мамлакатларда шафтолига айрича ихлос қўйишларини эслаб, хайдовчидан машинани тўхтатишни сўрадим. Йўл четидаги ариқчадан хатлаб ўтиб, қўлимга сиққанча шафтоли узиб олдим. Буни қарангки, нарироқда темир қувурдан сув оқиб турган экан. Шафтолиларни чайиб, олиб келдим. Меҳмонга узатдим. Меҳмон одоб билан жилмайди, аммо қатъиян бош чайқади. Ўз тилида хаяжонланиб, бир нима деди.
— «Мумкинмас» деяптилар, — деди тилмоч таржима қилиб.
— Ташвишланманг, жаноб, — дедим тушунтириб. — Бояги сув ифлос эмас, водопровод кранининг суви. Бу туман тўлиқ водопроводлашган. Бемалол йеяверинг, мана, ўзим бошлаб бера қолай.
Меҳмон тағин бош чайқади. Таржимонга бир нималарни куюниб тушунтирди.
— Мумкин эмас! — деди таржимон меҳмоннинг гапини сўзма-сўз ағдариб. — Жаноб шафтолининг эгасига хақ тўламадилар. Шунча мевани сўроқсиз олиб чиқдилар. Мумкинмас.
Биз ўтиб бораётган жой менга бегона эмаслигини, бу йерга кўп келганимни, туманнинг ҳокими — мени яқин танишим эканини айтдим.
Барибир, гапларим ишончсиз чиқаётганга ўхшаётганини ўзим ҳам сезиб турардим...
... Кўз ўнгимда икки букланганча ёнғоқ териб, пастак девордан қўшниникига улоқтираётган «Гиргиттон буви» пайдо бўлиб қолгандек эди...
...Шунда дунёдаги бари инсоннинг ҳаммасини Худо яратганига, улар орасида феъл-атвори, инсоф-виждони бир-бирига жуда ўхшашлари оз эмаслигига яна бир карра имон келтирдим...
Ўткир Ҳошимовнинг "Дафтар ҳошиясидаги битиклар" китобидан.
@konspektor
537
Бир томчи овқат
Форс шоҳлари орасида биттаси жуда қудратли, лекин ўта ёвуз эди.
Бир куни шоҳнинг бош ошпази унга егулик олиб кирганида овқатнинг бир томчиси дастурхонга томибди. Шоҳ ошпазга қарабди. Ошпаз ўша заҳоти уни қатл жазоси кутаётганини сезибди.
Шунда у қўлидаги овқат тўла идишни бир йўла дастурхонга ағдарибди-да, жўнаб қолибди. Шоҳ уни ҳузурига чақиртириб, сўрабди.
— Нега бундай қилдинг? Мен кўрдим, сен овқатни дастурхонга атайлаб томдирганинг йўқ, бунда сенинг ёмон ниятинг бўлмаганди. Лекин кейин нима учун бор овқатни ағдариб кетдинг?
— Подшоҳ учун мен уялиб кетдим, — деб жавоб қилди ошпаз. — Чунки мени қатл этади деб ўйладим. Тасодифан томиб кетган бир томчи овқат учун шоҳим ўзининг кекса, содиқ ва тажрибали хизматкорининг қонини тўкади. Шу боисдан мен каттароқ гуноҳ қилишни лозим топдим. Шоҳга мени қатл эттириш учун чинакам баҳона бўлсин, дедим-да.
— Гуноҳингни тан олишинг сени қатл эттиришдан қутқаради, — раҳм қилди шоҳ, — лекин жазодан асраб қололмайди.
Шоҳ шундай деди-да, ошпазга юз дарра уришни, кейин эса лозим даражада мукофотлашни буюрди.
Иброҳим ал-Хусрийнинг “Адабиёт гуллари” китобидан
@konspektor
537
— Ҳозир сизлар билан бир тажриба ўтказамиз — деди устозимиз ва оқ қоғозга нималарнидир ёзди, — Нозима, яқинроқ кел. – Устоз у келгач столи устидаги ҳозиргина нималарнидир ёзган қоғозни олиб унга тутқазди. – Буни ичингда ўқи ва жойига қайтариб қўй. – Табиатан жуда содда бўлган Нозима, аниқ нима бўлаётганини билмаса-да, унга қандайдир қизиқ ўйиндай туюлдими, ҳар ҳолда юзида кулги сезилиб турарди.
— Ўқиб бўлган бўлсанг, энди бориб ўзингдан кейин турган Шерзоднинг қулоғига, фақат ўзи эшитадиган даражада паст овозда нима ҳақида ўқиганинг гапириб бер, — Бу сўзлардан сўнг бутун синфда паст кулги эшитилди. Ҳамма нима бўлишига қизиқиб қолганди. Мана Шерзод ҳам ўша қоғозда нима ёзилганини Нозимадан билиб олди.
— Энди, сен – Шерзод, эшитганингни ортингдаги синфдошинга етказ шу тартибда кет-кетликда барча турган ўқувчилар бир-бирларига эшитганларини етказишсин, охирги ўқувчи эса нима эшитгани овозини чиқариб бутун синфга айтади, — очиғи ичим қизиб, турганлар сафида бўлгим келди. Қизиқ, нима гап экан-а бу?
Уч-тўрт дақиқага қолмай ўзига хос эстафета тугади. Ҳозирча кўпчиликдан махфий қолаётган сўзларни ҳаммага Рустам деган синфдошим эълон қиладиган бўлди. Рустам синф тугул мактабда номи чиққан безори эди. У бироз тиржайиб турди-да:
— Шаҳноз билан Олим бугун мактабга келишмади. Кеча ҳам келишмаганди. Кеча уларни Панарамада ушаволишибди – дарс вақтида. Эртага эса иккаласини иши “линейка”да кўриларкан. – деди, У бу сўзларни айтар экан юзидаги ифода ўзгармаганди.
Синф бор овозда кулгига тўлди. Кимдир “ўўў, даҳшат-ку”, деса, кимдир “йўғ-е унақамасдир” деб қўйди. Устоз эса атайин жим турар бизнинг овозимиз пасайиши кутарди.
— Тинчланинг! — деди-ю, тўсатдан нигоҳини менга қаратиб, — Орифжон, доскага — деди.
Мен доскага чиқдим. Наргиза опа қўлимга ўша энг аввалида Нозима ўқиган қоғозни тутқазди.
— Овозингни баланд қилиб ўқи. Икки маротаба ўқи.
Мен ўқидим:
— Бугун дарсда йўқлар – Абдуллаева Шаҳноза ва Хўжаев Олимжон, — кўзимни устозимга қаратдим, у менга яна ўқи-ўқи дем имларди. — Бугун дарсда йўқлар – Абдуллаева Шаҳноза ва Хўжаев Олимжон.
Ҳа, қоғозда бошқа гап йўқ эди.
— Энди жойинга ўтир – деди бирор муҳим гапни гапирмоқчи бўлганда доим туриб оладиган жойи – ўзига яқин ойна олди бориб давом этди. – Қурилишда, бахтсиз воқка бўлгани рост. Аммо, ўша йиқилган уста тўртинчи эмас, иккинчи қаватдан йиқилди ва унга ҳеч қандай жисмоний зарар етмади. Ҳозир у соппа-соғ, сизлар учун қурилаётган футбол майдонида ишлашда давом этмоқда. – у бу гапларни дераза ойналари орқали кўчага тикилганича гапирди. Сўнг синфга юзланиб, — Сизлар ҳали ёшсизлар, кўп нарсани жиддий қабул қилмаслигингиз табиий. Балки, шундан бугун икки оғиз давомад битигини, ўз синфдошларингиз устидан қаттиқ туҳматга айлантирдингиз. Бироқ, оз қолди. Катта бўласизлар жамиятда ўз ўрнингизни топасизлар. Ана ўшанда ҳар бир эшитган гапингизни кўтариб юрманг. Жамият носоғлом бўлар экан, бу жамият ичида тарқаган хабарлар ҳам шунга яраша бирор даражада хаста бўлади. Қайтараман, зинҳор ва зинҳор эшитган гапингизни кўтариб юрманг, билиб-билмай уни бировга етказманг.
Мен бу гапларни илк эшитганимдан ҳам кўра, ҳозир эсласам кўпроқ таъсирланаман. Ким билсин муаллимим ҳам айнан ақл кўзларимиз очиладиган вақтларда тушуниб етишимизни мўлжал қилгандир. Тафаккур қилсам, замонамизда ахборот асри деб бонг урамиз-у, негадир шу ахборотнинг нақадар тўғри ёки нотўғри эканига эътибор бермаймиз. Қайси оммавий ахборот воситадан эшитган нарсамиз қулоққа ёқса, ўзимизга шуни манба, далил ва ҳужжат қилиб оламиз. Хабар ёки вақеаларни бизда бор бўлган энг ишончли мезонларда ўлчашни эса хаёлимизга ҳам келтирмаймиз.
Яқиндагина поёнига етиб мени армон ва умидлар ила қолдирган Рамазон кечалари, пойтахтимиздаги сакинатга бурканган масжидлардан бирида имом домла Ҳужурот сурасидаги оятларни ўқиб тадаббур қилишга чақирди:
— Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар.
Мен бу оятларни эшитар эканман ожиз ақлим билан яна бир бор тарих устозимнинг дарсини эсладим.
@konspektor
537
Ёлғоннинг туғилиши
“Энг ибратли ҳаётий ҳикоялар” танловига
Саккизинчи синф эдим. Ўша йиллар мактабимиз тўлиқ таъмирдан чиқиб, замонавий кўринишга келди. Биз уч ой давомида кўча чангитиб юрганимизда мактабда усталар меҳнат қилишди.
Ёзнинг сўнгги ойи маҳаллада ёмон хабар тарқалди: “мактаб қурилишида ишлаётган ишчилардан бири нарвондан (ҳавоза) йиқилиб тушиб ўлибди, уни ёнида турган шериги итариб юборибди”. То ўқув йили бошланиб, мактаб ўқувчилар билан тўлгунча бу воқеанинг янгидан-янги тафсилотлари очила бошлади. Ўликнинг таниб бўлмас алфозга келган юзи, ҳатто узилиб тушган боши ҳақида ҳам гапиришди.
Баъзилар “Қурилишда унча-мунча “строй материал” йўқолиб турар экан. Йиқилган ва уни йиқитган ишчи ана шу ишларнинг бошида тураркан. Охири улар ўртасида жанжал чиқибди-ю, бири иккинчисидан шундай қутилибди” деса, бошқалар “Аслида улар анчадан бери қидирувда бўлган хавфли жиноятчилар экан”, дейишди. Бунга ҳодисанинг эртасига ўша атрофда милиция “наряди”, исковуч итлари билан келганини “ҳужжат” қилишди.
Ўша ўқув йилининг аввалида ўқувчилар томонидан энг кўп муҳокама қилинган мавзу шу бўлди. Маҳалланинг катталари орасида тарқалиб, ўзига хос фильм воқеаларига ўхшаб улгурган ҳодиса энди ёш болаларнинг тилларида ҳам янги қирралар ва янги кўринишлар билан бойиб борди. Бир ҳафта ўтмай мудҳиш воқеа тарих синф хонасига дераза ромларни ўрнатилаётганда содир бўлган деган аниқлаштиришлар пайдо бўлди. Энди аксар ўқувчилар бу хонага кирганда қўрқиб ўтирадиган бўлди.
Бу ҳол албатта ўқитувчиларга ҳам аён эди. Тарих дарсларидан бирида устозимиз синф журналини очиб бирин кетин исм-фамилия санай кетди. Бу санаш одатдаги давомаддан фарқ қилар эди. Пала-партиш, журналнинг у ер, бу еридан исмлар айтилди.
— Ҳозир, кимнинг номини айтган бўлсам ўрнидан турсин, — деди устозимиз журнални ёпар экан.
Айтилганлар туришди. 10-12 бола. Аҳамият берсам, турганларнинг синфдаги жойлашуви бир парта оралаб бўлиб, улардан устозга энг яқин тургани Нозима эди.
@konspektor
537
Эркакнинг севгилисидан айб топгани
Бир шерюрак, душманлар додини берадиган эр киши бор эди, бир неча йил бир аёлга ошиқ бўлиб юрди. Ул аёлнинг бир кўзида тирноқ учидай кичкина оқ нуқтаси бор эди. Аёлга кўп марта диққат билан қараган бўлса ҳам бу оқликдан эркак бехабар эди. Ошиқ боши ишқ шавқи қиёмида ёр кўзининг айбини илғармиди?
Бир вақт эркакнинг аёлга нисбатан ишқи камайди, ошиқлик дардига дармон топилгандай, аёлга бўлган муҳаббатида нуқсон пайдо бўлди. Аёлга бошқача қўз билан қарайдиган бўлди шекилли, унинг кўзидаги оқ доғни илғаб қолди. У аёлга деди:
— Кўзингдаги оқ доғ қачон пайдо бўлди?
Аёл деди:
— Сенинг муҳаббатинг камайган кундан бери шунақа бўлди. Сенда ишқаро нуқсон пайдо бўлгач, менинг кўзимда ҳам шу сабаб нуқсон пайдо бўлди.
Кўнглингда васвасадан минг ғавғо бор. Аввал ўз айбингни кўр, эй кўнгил кўзи басир одам! Қачонгача бошқалардан айб қидирасан, ўз ёқангни ҳидлаб, ўз айбингни қидирсанг-чи. Ўз айбинг ўзингга аён бўлиб, оғирлигини сезсанг, бошқалар айбига парво қилмайдиган бўласан.
Фаридуддин Атторнинг «Мантиқут-тайр»идан.
@konspektor
537
Кискача сизларга " @Konspektor " канали тарихи айтиб бермокчиман.
Мен кизикарли хикояларни жуда катта кизикиш билан укирдим. Ва бир кун миямга шу хикояларни битта каналга жамласамчи?, деган фикр келди. Лекин шунчаки ëзиш эмас, овозли хабар оркали. Нега айнан овозли хабар оркали деб сурашингиз мумкин? Мен жуда хам овозимни устида ишлашни хохлардим, аммо буни хеч хам иложи булмаган. Шу тарика узим учун хикояларни ëзиб борадиган булдим. Вакт утиб карасам, обуначиларим купайиб колибти, хайрон булди, кегин билсам узим билмаган холда хавола куйган эканман. Шу билан кузатувчилар купайиб бураверди.
Энг кизиг'и шуки, бу канал хакида мени танишларимдан хеч ким билмайди. Демакки, бу каналда битта хам мени танишим йук. Мен аноним булиб колишни ва танишларим мени хоббийим хакида билишларини хохламайман.
Лекин мен бу ишни уз вактимга караб киламан, чунки бу оддий хобби. Энди эса 500 одамни олдида маъсулиятим бор албатта, аммо ишларимни тартибга солмагунимча хар куни хикоялар билан сизларни хурсанд кила олмаяпман.
Тугри тушанасиз деган умиддаман. Сизларни кадрлаб колувчи Админингиз.
537
“Асрни ўқидингми?”
- Асрни ўқидингми?
- Йўқ.
- Шомничи?
- Ўқимадим.
- Нима учун?
- Ишдан чарчаб келгандим. Шунга бироз ётиб, дам олдим.
- Тушунарли. Хуфтонга азон айтилмасидан туриб тезда аср ва шомни ўқиб ол.
Эртаси куни эр хизмат сафарига жўнади. Одатда манзилига етиб боргач, аёлига қўнғироқ қилиб қўярди. Аммо бугун қўнғироқ қилмади ёки “Етиб келдим” деб смс ёзмади. Аёл ўзи эрига қўнғироқ қилди. Эри эса телефонни кўтармади. Қайта-қайта қўнғироқ қилдию барибир тушолмади. Безовта бўла бошлади. Эрининг бундай одати йўқ эди. Бу сафар эса ўзи қўнғироқ қилмагани етмагандек, аёлининг қўнғироғига ҳам жавоб бермаяпти. Орадан бир неча соат ўтгач, эри телефон қилди. Аёл шошганча телефонни кўтариб, гапира кетди:
- Эсон-омон етиб бордингизми?
- Ҳа, етиб келдим. Алҳамдулиллаҳ.
- Қачон етиб бордингиз?
- Тўрт соатча бўлди.
Аёл ғазабланди, овози ўзгарган оҳангда деди:
- Тўрт соат бўлди? Нега хабар бермадингиз?
- Йўлдан чарчаб келгандим, ётиб бироз дам олдим.
- Мен билан бир неча дақиқа гаплашсангиз нима бўларди? Телефон овозини эшитмадингизми?
- Эшитдим.
- Эшитдингиз-у, аммо жавоб бермадингиз. Нега? Мени ўйламадингизми?
- Ўйладим. Лекин сен ҳам кеча намозга азон айтилганида Аллоҳнинг ибодатига шошилишни ўйламадинг. Бир неча дақиқада намозингни ўқиб олсанг нима бўларди?
Аёл бироз сукутдан сўнг “Ҳа, тўғри. Сиз ҳақсиз. Мен хато қилдим. Бу ишимдан пушаймонман” деб хўнграб йиғлаб юборди.
Эри аёлининг ўзидан узр сўрагандек бўлганини сезиб, бундай деди:
- Сен кечиримни мендан эмас, Аллоҳ таолодан сўра! Бошқа ҳеч қачон намозингни қазо қилма! Биласанми, менинг энг катта орзуларимдан бири – сен билан жаннатда ҳам бирга бўлишдир.
Эрининг бу насиҳатидан сўнг аёл намозларига янада эътиборлироқ бўлиб, уларни ўз вақтида адо этадиган бўлди.
@konspektor
537
Қалб жароҳати
Савдо-сотиқ гуллаб-яшнаган шаҳарда бир амалдор яшаганди. Кунларнинг бирида у бозор майдонидан ўтиб бораётганида, қандайдир нотаниш жулдур кийимли киши ёнига яқинлашиб, ҳақоратли сўзларни айтиб бақира бошлади ва юзига тупургач, қаёққадир чопиб кетди. Бу шармандаликни кўтара олмаган амалдор хасталаниб ётиб қолди.
Аҳвол шу тарзда давом этса, у ўлиб қолиши ҳам мумкин эди. Аммо дўстлари уни қалб жароҳатларини ҳам даволай олиш маҳорати билан танилган табиб ҳузурига боришга кўндиришди. Амалдор боргач, табиб унга бешта дори берди ва ҳар кеча аниқ бир вақтда уйғониб, улардан бирини ичишни буюрди.
Қоронғи тушди. Амалдор тунда уйғониб биринчи дорини ичди. Уйқуга ётгач, у тушида ўша бозор ва қаршисига келиб юзига тупурган жулдур кийимли кишини кўрди. Чидаб бўлмас даражадаги бу таҳқирлаш ва уятдан бемор ғоят қаттиқ инграб юборди ҳамда уйғониб кетди.
Кейинги тунда у иккинчи дорини қабул қилди ва айнан ўша тушни кўрди. Бироқ бу сафар унинг қалби шармандалик ўрнига юракни музлатиб юборувчи қўрқувни ҳис қилди. Учинчи кечада ҳам бемор худди ўша тушни кўрди, аммо энди уялиш ва қўрқувни эмас, балки чуқур қайғуни ҳис этди. Амалдор бу ҳолатдан ажабланди, аммо табиб кўрсатмаларини охиригача бажаришга қарор қилди ва кейинги тунда тўртинчи дорини ичди. Албатта у яна ўша тушни кўрди, бироқ бу туш олдинги тунлардагидек оғриқли бўлмади, амалдор фақат енгил ҳайратнигина ҳис этди. Бешинчи тунда эса амалдор кутилмаганда қалбида қувонч пайдо бўлганини сезди. Нима деб ўйлашни ҳам билмаган бемор, дарҳол ўрнидан туриб, маслаҳат сўраш ва янги дори олиш учун табиб ҳузурига йўл олди.
– Дориларимни қабул қилгач, нимани ҳис этдингиз? – сўради табиб.
– Ҳар кеча бир хил – ўша нотаниш киши юзимга тупурганини тушимда кўрдим, – деди амалдор. – Аммо ҳар бир тушим менда янги туйғулар уйғонди. Мен гоҳ шармандаликни, гоҳ қўрқувни, гоҳ ғам-қайғу, гоҳида эса ҳайратни бошимдан кечирдим. Бироқ охирги кечада қалбимда қувонч уйғонди ва бу туйғу мени ҳали ҳам тарк этгани йўқ. Ҳозир эса мен довдираб қолдим – аслида ўша вазиятда нимани ҳис қилишим кераклигини ҳам била олмаяпман…
Амалдорнинг бу гапини эшитиб, табиб кулди ва изоҳ берди:
– Нима юз беришидан қатъи назар, бу воқеага ўзингиз қандай қараш керак деб ҳисобласангиз, шундай муносабатда бўлинг. Ахир ҳар қандай ҳолатда ҳам қайғуга ботишингиз ёки хурсанд бўлишингиз ўз танловингизга боғлиқ. Юзингизга тупурганларига келсак, ўзини ақлли деб билган одам бу нарсага шунчаки эътибор бермай қўя қоларди. Айниқса, сизни хафа қилган киши ақлдан озган бир тентак бўлса… унинг тупуги бирдан кўтарилиб, кўзингизга чанг тўлдирган шамолнинг таҳқирлашидан ортиқ эмас…
Русчадан таржима.
@konspektor
537
Агар бир ой умрингиз қолса…
Бир киши хотини билан ҳеч яхши чиқишолмайди. Уйда ҳар куни оддий нарсалар туфайли тортишув бўларди. Киши бу тортишувлардан безор бўлиб ажрашишни истади. Буларнинг муноқашалари туфайли икки тараф оилаларнинг ҳам орасига совуқчилик тушади. Киши бир кун паришон ҳолда, маслаҳат сўраш учун кўпни кўрган, одамларнинг ҳурматини қозонган бир аҳли илм зотнинг олдига бориб, аҳволини айтади. У зот:
— Энди ажрашсанг ҳам ҳеч бир ўзгариш бўлмайди. Бир ой умринг қолибди, нима қилсанг қил, дейди.
Бу гапни эшитган киши даҳшатга тушиб, ранги оқарган ҳолда чиқиб кетади. Йўлда учраган танишларидан рози ризолик сўрай бошлайди. Уйига қайтиб, «хотин кел, шунча пайт сени хафа қилдим, яхши эр бўлолмадим, ҳаққинга риоя қилолмадим, мени кечир, мендан рози бўл, дейди.
Хотини, «тавба, бу одамга нима бўлди, бундай гаплар гапиряпти», деб унга раҳми келиб:
— Бей, аслида сиз рози бўлинг, мен доим беодоблик қилдим, сизни кўп ранжитдим, дейди. Икковининг ҳам қалби юмшаб кўзлари ёшланади…
Кейин эр, хафалашган қайнотасиникига боради. Улардан ҳам йиғлаб розилик сўрайди. Хотини ҳам, қайнонасидан кечирим сўрайди. Энди уйда ҳар кун жаннатий ҳаётда яшардилар ва бир-бирларини ҳеч ранжитмасдилар…
Лекин у киши, хотинига, муҳтарам зот айтгани ҳақида ҳеч гапирмайди. Бир ой тўлишини санай бошлайди. Кунлар яқинлашгунча яхшиликлари ортар, кечалари ибодат қиларди.
Унинг яхши ишлари кўпайгани сари хотинини ҳам, икки оиланинг ҳам муносабатлари илиқлашиб, яхшиликлари ортиб борарди.
Бир ой ўтади. Ҳа бугун ўлади, эртага эса… Лекин ўлмайди. Аниқ бир ой демади, бир ой атрофида, деди. Балки бир неча кун ҳали бордир, деб ўйлайди.
Бир неча кун кутди, яна ўлмади. Кейин у зотнинг олдига бориб сўрайди:
— Афандим, мен ўлмадим.
— Ўлиш нимаси? — дейди у зот.
— Афандим, сиз бир ойча умринг қолди, дегандингиз, бир ой бўлди. Бироқ мен ўлмадим.
У зот эса:
— Биродар, мен сени қачон ўлишингни билмайман, лекин шуни биламанки, ўлим ҳақ, бир кун албатта ўласан. Ўладиган одам жанжал, низо билан ҳаётини заҳарламайди. Ҳозирги ҳаётингиздан хурсандмисан? — дейди.
— Ҳа, ҳеч тортишмаяпмиз.
— Қани, энди шундай давом этинглар, — дейди у зот.
У оилада икки фарзанд дунëга келади ва улар гулдай яшнаб улғаядилар.
Ҳаётимиздаги кўп муаммолар ўлимнинг ҳақ эканини унутишимиз туфайлидир!
Туркчадан таржима
@konspektor
537
Тилда ва дилда
Уч мусулмон Рум урушига бориб, тез орада душманга асир тушиб қолибдилар. Рум қайсари вакиллари орқали уларга шарт қўйибди: “Агар ислом динидан юз ўгириб, масиҳийликка ўтсангиз, омон қоласизлар, акс ҳолда сизларни қатл этамиз”, дебди.
Асир жангчилар бу таклиф ва фармонни эшитиб, ўзларича ўйга толибдилар. Асир тушган жангчилардан бири аввал фақиҳ бўлиб, шариат қонунларини (аҳкомларини) яхши билар экан. У ўйлаб кўриб, “Мен дилимда эмас, тилимда ўз динимдан кечсам, омон қоламан, бу гуноҳ бўлмас”, деган хулосага келибди.
Иккинчи жангчи ҳазрат Али авлодига мансуб саййидлардан экан. У ўйлабди: “Мен вазият тақозоси билан, тилимда динимдан воз кечсам, маҳшар куни буюк аждодларим менга шафоат қилар”.
Учинчи жангчи ўз умрида кўп гуноҳ ишлар қилган безори одам экан. У сафдошларининг фикрини эшитиб, ўйга толибди ва дебди:
— Менга ҳеч ким шариат аҳкомларини ўргатмаган, ҳеч бир қариндошим мени ҳимоя қилмайди. Шу сабабли мен динимдан воз кечмайман ва ўлимимга розиман. Охиратда ҳеч бўлмаса шу ишим — динимдан қайтмагач ўлиб кетганим учун менга раҳм қилишса керак. Минг-минг гуноҳ билан яшаганимдан кўра, битта савобли амал билан яхши ном чиқариб ўлганим яхши!
Абдул-Мажид ибн Одам Саноийнинг “Ҳақиқат боғлари” асаридан
@konspektor
