en
Feedback
Eshmon Malla

Eshmon Malla

Open in Telegram

Шов-шувлар ўткинчидир, юракдан чиққан гапнинг умри узоқ бўлади.

Show more
396
Subscribers
+124 hours
+17 days
-230 days
Posts Archive
Хайриддин СУЛТОН “Ё, ЖАМШИД!” (Ҳикоя, охири) Эрталаб кўзлари қизарган Ўринбой уйидан судралиб чиқди-да, тўғри кечаги жойга йўл олди. Қор тинган, қуёш йилтирайди. У шахдам бориб таниш эшикни очди. Кечаси билан яна ўйин бўлган шекилли, хона тамаки ва ароқ исига тўлган эди. Тўрда яғриндор бир киши майкачан бўлиб кўк духоба болишга ёнбошлаб ётар, дастурхон ёнида иккита йигит мастава ичиб ўтирар эди. – Ҳорманглар-р! – деди Ўринбой имкони борича ўзини беписанд тутишга уриниб. – Э, келдингизми? – деди майкачан киши шифтдан кўз узмай. Хиёлдан сўнг ёнбошига ағдарилиб, илжайди. – Яхши ётиб турдингизми? – Мана, олиб қўйинг, – деди Ўринбой ва қўйнидан қора рўмолга ўралган тугунчак чиқариб, кўрпачага ташлади. Мастава ичаётган йигитлар унга қараб қолишди. – Э! – деб қўйди майкачан киши ҳамон илжайиб. – Шунақа бўлувдими? – Шунақа бўлувди, – деди Ўринбой ғижиниб. Унинг олдига бир коса мастава суриб қўйишди. Рўпарасида ўтирган холдор йигит пиёлага ароқ тўлдириб узатди. Ўринбой индамай симириб, бир паррак шўр бодринг тишлади. – Шу пулни жудаям олгим келмаяпти-да, – деди майкачан киши яғринини кўтариб. – Менга қаранг, бир иш қилсак-чи: яна бир кўрмайсизми? Омадингиз, “Ол, қулим!” деб юборса, тамом-вассалом. Ҳеч нарса кўрмагандек бўласиз-қўясиз. А? – Ҳаммасигами? – деб сўради холдор йигит. – Бўлмаса-чи! А? Ўринбой бу гапни бема’ни ҳазил деб билган бўлса-да, зада юрагига титроқ тушди. “Йўқ, йўқ, йўқ! Худо сақласин!” ...Қасос, лаззатли қасос туйғуси унинг юрак-бағрини ўртаб борарди. Қани энди, ҳозир, шу лаҳза, шу дақиқа қўлида даста-даста пул бўлсаю тўғри акасининг уйига бостириб борса, қўйнидан даста-даста пул олиб олдига ташласа, бўзрайган юзига даста-даста пул билан бир тушириб: “Пул топилади!” десаю жисми жаҳонини ёндираётган алангаи оташдан қутулса! Қасос, лаззатли қасос!.. Бирдан у ўзини идора қилолмай қолди: қўллари бўйсунмай олға чўзилди, қайноқ қон вижир-вижир тўлқин уриб, томирлари бўйлаб югура кетди. Ошиқни кафтига олиб маҳкам чангаллади, нафасини ичига ютиб, кўзларини чирт юмди: – Ё, Жамшид! 1981 йил

Хайриддин СУЛТОН “Ё, ЖАМШИД!” (Ҳикоя, давоми) – Ҳой, бетавфиқ, миянгни еганмисан? Укангни сўйиб кетай деб турибди-ку, тўйингни гапирасан-а, тошмеҳр! – Саломат яна бобиллаб гапга аралашди. – Қизинг бирон йил сабр қилиб турар, эрсираб кетмас жуда! – Оғзингизга қараб гапиринг, амма! – Исломбой кўзлари олайиб, Саломатга даҳанини чўзди. – Оғзингизга қараб гапиринг! – Ҳа? Оғзимга нима қипти? – Қўй, айланай, тур, уйингга кет, – деди кампир Исломбойнинг енгидан чангаллаб. – Худо хайрингни берсин, уйингга борақол. – Ҳайдаяпсизми? Ҳайдаяпсанларми? – дея ваҳшат солди Исломбой. – Бунақа экан, нега чақириб келувдиларинг?! – Ҳеч ким сени ҳайдаётгани йўқ, ука, – деди Ориф бақироқ жеркиб. – Йўқ, Исломбой хафа бўлма, амманг минг қилсаям, барибир аёл, аёллигига боради, – деди Зариф найза. – Қурбинг етмаса, нима қиламиз, майли, ўзинг биласан. Зоримиз бор-у, зўримиз йўқ. Бу гап сўнгги томчи бўлиб, Исломбойнинг тўлган сабр косасини тошириб юборди. – Амаки! – дея вишиллагандек ғалати овоз чиқарди у. – Нега мени қийнайверасиз, амаки?! Нега мундоқ ҳоли кунимни сўрамасдан, ҳаммангиз ҳар тарафдан талайверасиз? Бирортангиз билмайсиз, кўрган куним итникидан баттар, ахир! Мана, укам бир кечада йигирма минг бой бериб кепти. Йигирма минг! Ёшим қирқ бешга чиқди, лекин шу пайтгача хотинимдан бесўроқ бир сўм сарф қилолмайман, биласизларми шуни?! Шу пайтгача буни инсон зотига айтган эмасман! Мен укамга бугун бир сўм опкелиб берай – эртага уйимда қиёмат! Оғир сукунат чўкди. Аллақайси бўғот тагида мов мушуклар юракни таталагудек ёқимсиз увиллади. – Бу савдо ҳар кимнинг уйида бор, ука, – деди Ориф бақироқ. – Келиннинг бунчалигини... ёпирай, ҳеч сезмаган эдик-ку, – деди Зариф найза. “Хотинингни сотиб бўлса ҳам қутулдинг-а, эҳ, расво!” деб ўйлади Ўринбой. Саломат эса тап тортмай дилидагини тилига чиқарди: – Ҳали шу аҳволда эркакман, деб дўппи кийиб юрибман, дегин? Хотиндан хароб бўлиб юрган экансан, рўмол ўраб қўя қолгин эди биратўласи! – Амма, – деди Исломбой оғриқ зарбидан тишини тишига босиб. – Олтмишга кирдингизми? Дунёга товуқфаҳм билан келиб, товуқфаҳм билан кетар экансиз-да! Ҳадеб менга писқон учиргунча, суюк жиянингизга бир оғиз насиҳат қилсангиз бўлмайдими? Шу хунаса қимор ўйнамаса, бу ғавғолар йўқ эди. Саломат бирдан кўпириб-тошиб шовқин солди: – Ўйнаган бўлса, ажаб қипти! Хўп қипти! Буниям эркак ўйнайди, қани, хотин ўйнаб кўрсин-чи! Исломбой қалтираб ўрнидан туриб кетди, кўз ўнги қоронғилашиб, аммасининг устига бостириб борди. – Амма! – деди хирқираб. – Ё сиз кетинг, ё мен кетаман! Худо ҳаққи, кетинг, кўзимга кўринманг, бир бало қилиб қўймасимдан! – Вой Худойим-эй! – дея қаҳқаҳа урди Саломат. – Сарви чиллаширга кучинг етмаган, менга йўл бўлсин! Исломбой қаттиқ сўкинди, эшикни силтаб очаркан, қарсиллатиб пешонасини уриб олди. – Чиқмаларинг! – деди Саломат унинг орқасидан қўзғалган кампир билан Анзиратга. – Қораси ўчсин! – Бекор қилдинг, – деди Ориф бақироқ секин. – Э, баттар бўлсин! Худо урди-кетди, бир қориндан тушган жигар-а! Майли, ҳеч ташвиш қилма, аканг бўлмаса, мана, мен – амманг бор! Етса – молим, етмаса – жоним! Э, йиғламанг, кеннойи, садқаи кўз ёшингиз-а! Ўлимликсиз қолсам ҳам майли, юрту эл тўрт газ кафан топиб кўмар. Эртага сиз ўлсангиз: “Вой, онам”, дейишгаям ярамас экан бу тошбағир! Ака, қанча етмаётувди?.. Бўпти, эрталаб мен уйдан олиб бераман! Вой, акабўлмай гўрга боргур, тўнғиздан тўқ-а! “Ҳижжа-режа” эрталабгача давом этди. (Давоми бор)

Хайриддин СУЛТОН “Ё, ЖАМШИД!” (Ҳикоя, давоми) – Нега индамайсан? – деди у Ўринбойга ўқрайиб. Ўринбой мунтазир нигоҳларга дош беролмай, яна ерга қаради. – Жон болам, қилмайман, де, ростини айт, – деб ялинди кампир. – Ташладим де. – Майли, ташладим... – деди Ўринбой худди ёш боладек ва баттар хўрлиги келиб, боши ерга теккудек эгилди. Қариндошлар бир-бирларига ма’ноли қараб олишди. – Хўш, бўлмаса, гапиринг, ака, – деди Зариф найза. Ориф бақироқ чакагини қашиб қўйди: – Энди... Мен ҳали уйга бориб Акбар билан ҳам маслаҳат қилай-чи. Нима бор, нима йўқ, ўзим тузук ҳам билмайман. – Майли, ахир, қурбингиз етганча-да, ака, ҳимматингиз. – Хайрли ишга қанча ҳиммат қилсанг ҳам оз-ку, лекин... Ҳай, майли, у ёқ-бу ёқни қоқиштириб, уч минг амаллаб берармиз. Исломбой амакисига қараб анграйди. – Хўп, ака, уч минг... Бу, ҳаммамизникиям қарз, Ўринбой шу фалокатлардан эсон-омон қутулиб олса, еб кетмайди, албатта. Хўш, мен... Ёзда узумнинг пулидан бир ярим минг қолган эди, саксон килоча тоза майизим бор, унинг устидан ҳам битта-яримтадан икки минг кўтариб турсам бўлади. Жума вавақдаям минг сўмим бор, бултур олган, эртага сўраттираман. – Зариф найза ҳисоб-китобини якунлаб, атрофга синовчан қараб қўйди. – Хўш-ш... Саломат, сен нима дейсан? Саломат этагидаги нон ушоқларини кафтига қоқиб олди. – Жаҳлим чиқиб, шундоқ кофирлигим тутувди-ку... Бу шўртумшуқнинг кўз ёшини кўриб, юрагим ўлгур тағин эзилиб кетди. Ҳар бало бўлсаям, ҳовли сотилмасин. Бир этак бола-я! – Ҳовлини қўявер, нақд гапни гапир. – Нақд гап ҳам ўлсин... Энди, очиғи, йўқ эмас, Худога шукр, уч-тўрт тангам бор. Насиба бола кўрса, бешик тўйи қиларман деб тугиб юрувдим. Қолгани ўлимлик бўлар, десам, бу яшшамагур куёв Насибаниям йўлдан урибди, эр-хотин кунора келиб: “Мошина олиб берасиз”, деб ҳиқиллайди. Биттаю битта қиз, тиниб-тинчиб кетишини ўйлаб... Укамнинг бошига мундоқ иш тушиб турганда, мошинага бало борми! Охир-оқибати барибир куёв-да, куёв – ёв, ўғил бўлармиди менга! – Ҳа, яша! – Ориф бақироққа бу гап ғоят хуш ёқди. – Ҳа, жигар – жигар, дигар – дигар! Майли, беш минг сўм мени танимдан, азонда опкелиб бераман! – Худо хайрингизни берсин, амма, имонбойи бўлинг, – деди Анзират ва яна йиғи бошлади. – Ҳўй, ҳўнгилламай тур! – деди Зариф найза уни жеркиб. – Хўш, етти ярим мингу беш минг – ўн икки минг. Хўп! Қани, Исломбой! Исломбойнинг баданига титроқ кирди. – Менга олдин бир нарсани ҳал қилиб беринглар, амаки, – деди у. – Қани, ака-укачилик шунақа бўладими? Мен ака бўлиб буни на тергай олмасам, на насиҳат қилолмасам... Бир оғиз гапирсам, итдан баттар беҳурмат қилиб ташласа... Мен тағин... – Дийдиёнгни қўй, – деди Зариф найза. – Ака-ука кейин суришиб кетаверасанлар. Алам устида ҳар бало бўлади, шунга тиртайиб ўтирибсанми? Қани, қанча бероласан, шундан гапир? Исломбой бор куч-қувватини тўплаб: – Мени тўрт тангаям бероладиган қудратим йўқ, – деди. – Нима? Саломат қўлини пахса қилиб чақчайди: – Худо урди-кетди, уят-э! Шунчалик ўлар жойдамисан! Кимсан уста Исломбой, қадаминг пул-а! Исломбой аммасига қарамасдан минғиллади: – Ҳамма сизга ўхшаб чайқовнинг ўрдагими, амма! – Вой, та’на қилманг, Исломбойвачча! Ғарлик уят, ўғрилик уят, тирикчилик айб эмас! – Ҳой, қақиллайверасанми ҳадеб! – дея можарони кесди Зариф найза. – Хўш, Исломбой, ростдан ҳам қурбинг етмайдими? Йўқ, очиғини айтавер, ахир, бировдан ўтганини биров қаёқдан билади! – Қурбим етмайди, амаки, – деди Исломбой овози ма’юсланиб. – Қурбим етса, наҳот, жигаримдан аясам? Хабарингиз бор, кичкина қизимни фотиҳа қилиб қўйганман. Қудам ҳеч ҳол-жонимга қўймаётибди. “Кўклам чиқсин”, десам ҳам кўнмаётибди. Қиз узатишнинг ўзи бўлмаса... (Давоми бор)

Хайриддин СУЛТОН “Ё, ЖАМШИД!” (Ҳикоя, давоми) – Вой, ҳовлини оғзингга олмаларинг, дедим-ку! – деб бақирди Саломат. – Ота-буваларимнинг арвоҳи... Ҳовлидан умидларингни узларинг, дедим-ку! – Ҳа, хўп, ана ҳовлига савдо кирдиям, дейлик, – деди Зариф найза. – Хўш, чамангда қанчага олади? Саломат акасига олайиб қараган эди, Зариф найза: – Жонинг чиқмай турсин, мисолга айтяпман, – деди. Исломбой ўйлаб-ўйлаб: – Ўн бештага олар, – деди. – Олмайди ўн бештага! – Зариф найза оғир қўзғалиб қўйди. – Ўн иккитага олсаям катта гап. Ўтган жума Тўра чўтирнинг ҳайҳотдек ҳовлиси ўн тўрттага савдо бўлди-ю! Ориф бақироқ ҳам укасининг фикрини ма’қуллади. Амакиларининг бу борада омилкор, пухта кишилар эканини билгани учун Исломбой индамай қолди. – Хўш, ҳовлинг ўн иккитага борсин, – деди Зариф найза энди Ўринбойга қараб. – Қолганини нима қиласан? Ул-булинг борми? Ўринбой, қилмишининг бутун даҳшатини энди тушунгандек, ранги қув ўчиб, амакисига бетлаб қараёлмади, не машаққат билан бош чайқади. – Ҳа, унда... Сен нима дейсан, Саломат? Саломат лабини бурди: – Укам ошиқ отаётганда менга маслаҳат солган эмас! Ўзи пиширган ош, ўзи айланиб-ўргилиб ичаверсин! – Хўп. Шошма, кўп қақшама. Эрта бир гап бўлиб қолса ачинмайсанми? – Қанақа гап? – дея Саломат сийрак киприкларини пирпиратди. – Энди-да... шу пулни вақтида обормаса, жиянинг соғ қолмайди, шуни биласанми? Саломат акасига қараб бақрайди. – Ҳа? Нега кўзингни лўқ қиласан? – Вой, Худо асрасин, нега ачинмайман, жигарим... – Хўш... Исломбойнинг танглайигача музлаб кетди: “Йўғ-э, ўлмас... ўлдирмас...” Анзират ҳўнгиллаб йиғлаганча уйни бошига кўтарди, унга аввал кампир, кейин Саломат қўшилди, ҳамма Ўринбойни гўё охирги марта кўраётгандек, мунғайиб қараб қолди. Шу вақтгача атрофдагиларга ёвқараш қилиб ўтирган Ўринбой, ўйиннинг мудҳиш қонуниятларини эслади шекилли, бирдан кўзига ёш олди. – Ҳўй, азани тўхтатинглар, – деди Зариф найза ҳамон хотиржам оҳангда. – Бемаҳалдаги йиғиям бехосият бўлади. Ака, нима қилсак экан, ўзингиз бир нарса денг. Ориф бақироқ кўк салласини орқага суриб: – Энди... Ўринбой минг ёмон бўлгани билан ўртада акамизнинг арвоҳи бор, – деди. – Эртами-индин, ахир борамиз акамизнинг олдига... Майли энди, ёрилган бош – ёрилган, қийин бўлса ҳам, оғирчиликнинг озроғини оламиз-да бўйнимизга, қолиб кетмас, ахир. Уй жимжит бўлиб қолди. – Одамлар савоб учун мачит солади, етим боқади... – Э, буни секинроқ айтасизми, ака, – дея унинг гапини ма’қуллади Зариф найза. – Кеча намозда домла айтди: умр бўйи боши саждага тегмаган бир йигит бор экан. Шу бир куни кўчадан ўтиб кетаётиб мундоқ ёнига қараса, бир деворнинг тешигида ичкарида зино қилаётган эркак билан аёл кўриниб қолибди. Шартта қўлига битта кесак билан бир чангал лой олиб, тешикни суваб ташлабди. Шу йигит кейин ўлганда жаннати бўлган экан. Сабабки, бировнинг айбини бекитган экан. – Албатта, Худойимнинг даргоҳи кенг. – Лекин зино қилган, бировнинг ҳақини еган, қимор ўйнаган одам дўзахи бўлар экан, – деди Зариф найза писанда билан. – Майли, мана, ахир, кўплашиб... Локин, мен битта гапни очиқ айтаман: Ўринбой шу қилиғини ташлайдиган бўлса, майли, қўлдан келганча қарашиб юборармиз. Илло-билло йўқ, дейдиган бўлса... – Ташлайди, ўзиям тавбасига таянгандир. – Ўғил-қизи бўй етиб қолди, шуларнинг ташвишини қилсин... Исломбойни қора ваҳм босди: “Мен нима дейман?” (Давоми бор)

Хайриддин СУЛТОН “Ё, ЖАМШИД!” (Ҳикоя, давоми) Бир пиёла чой ичилгач, кампир йиғламсираб воқеани баён қилди. Чоллар индамай тинглашаркан, қовоқлари уйилиб борарди. Саломатнинг сурма тортилган кўзлари ола-кула бўлиб кетди. – Вой яшшамагур! – деди сонига шапатилаб. – Бир қоп пул-а, уволи тутмайдими, жувонмарг?! Амакиларнинг кичиги – Зариф найза чўнтагидан носқовоғини олиб нос отди-да, узоқ сукутга чўмди. Тўтибурун Ориф бақироқ эса салмоқлаб сўз бошлади: – Жиян, мендан хоҳ хафа бўл, хоҳ хафа бўлма, лекин, мана, ҳаммангнинг олдингда айтаман, бу ишинг қип-қизил аҳмоқлик! Шу лаънатини ўйнамасанг, хотининг талоқ тушадими, а? Анзират токчадан коса олиб, ташқарига чиқди. – Шунисига куйиб кетаман-да, амаки! – деди Исломбой уҳ тортиб. – Нимасига ўйнайди бу бадбахт! Нима барака топасан шуни ўйнаб, денг! – Ўзинг ўйнамаганингдан кейин қаёқдан биласан, – деди Ўринбой секин. – Фалокатинг ўзингдан бери келмасин-э, нега ўйнар эканман! – деб гувранди Исломбой. Зариф найза наматнинг четини қайириб, оғзидаги носни туфлади. – Энди нима қилмоқчисан? Кампир рўмолининг учи билан кўзини артиб: – Уйни сотар эмиш, – деди-да, ҳўнграб йиғлаб юборди. Саломат бир газ бўйи ирғиб тушди: – Сотиб бўпти! Сотиб бўпти! Бекоргиналарни айтибсан! Ота-бувамиздан қолган бу ҳовли! Сенга қиморга бой бергин деб, бериб қўйганимиз йўқ муни! Қаердан топиб тўласанг тўлайвер, қани, ҳовлига текканингни кўрай-чи! Бир тийинлик ҳаққинг йўқ, ҳовли онангнинг маҳрига тушган! – Ўлигим шу ҳовлидан чиқса, девдим, – деди кампир пиқиллаб, – қандоқ қилай... – Э, акиллайверади-да, кеннойи! – деди Саломат бобиллаб. – Ҳовлига сиз хўжайин. Сизга ҳеч ким хўжайин эмас! – Бунча пулни қаердан олади?.. – Ютқазишни билган эррайим тўлашниям ўйласин, сизга нима? Э, садқаи кўз ёшингиз-а! Ўринбой Саломатга еб қўйгудек ўқрайди: – Амма... – Нима “амма”? Нима “амма”?! Ҳў, амманг ўлиб, аммасиз қол! Ўринбойнинг дами ичига тушиб кетди. – Ростдан ҳам, ҳовли – онангнинг маҳри, – деди Ориф бақироқ. – Отанг раҳматлининг васияти шундоқ бўлган эди. Энди, тағин билмадим... – Вой, нега билмайсиз? – деди Саломат акасини ғадаблаб. – Нега билмайсиз? Ота рози – Оллоҳ розими, ахир? – Бунақа бекорчи гапдан фойда йўқ, – деди Зариф найза. – Ҳар бало бўлгандаям, шу ёмон жиян – жигаримиз. Ҳўкизнинг шохига урсанг, туёғи зирқирайди. Ҳозир буни ҳар қанча сўкиб-сўзлагандан тариқча наф йўқ. Қани, нима қиламиз, шундан гапиринглар. Тўғрими, кеннойи? Ташвиш ва ғам-койишдан эсини йўқотаёзган кампир: – Қандоқ қилай, шу кўргиликлар ҳам бор экан, – деди. Чурқ этмай ўтирган Анзират бирдан тилга кирди: – Худо хайрингларни берсин... Сизлардан бошқа кимимиз бор? Кафангадо бўлиб кўчада қолмайлик, бир нарса қилинглар... – Қирққа кирдинг, ука, қирққа! – деди Ориф бақироқ увишиб қолган оёғини уқалаб. – Ердан қор кетгандан қор тушгунча тупроқ тирнаб дунё орттирсанг-у, наҳот, обориб дарёга оқизсанг! – Э, ака, – деди Зариф найза, – бу гаплардан фойда йўқ дедим-ку. Бўладиган ишни айтинглар. Бу шўрликнинг ҳозир минг жойига пичоқ урсангиз, бир томчи қон чиқмайди-ю, нима қиламиз ҳадеб эзғилайвериб? Нима дейсан, Исломбой? Исломбой печкага қараб, томоқ қирди. – Нима дердим... Менга қолса, ҳовлини сотишига қаршиман. (Давоми бор)

ЭСЛАТМА Каналимизда берилаётган "Ё, Жамшид!" ҳикояси асосида режиссёр Жаҳонгир Қосимов 1989 йили "Чангак" видеофильмини сурат
ЭСЛАТМА Каналимизда берилаётган "Ё, Жамшид!" ҳикояси асосида режиссёр Жаҳонгир Қосимов 1989 йили "Чангак" видеофильмини суратга олган. Ютуб'дан топиб кўрсангиз бўлади. Суратда: Ўзбекистон халқ артисти Карим Мирҳодиев Ўринбой рўлида.

Хайриддин СУЛТОН “Ё, ЖАМШИД!” (Ҳикоя, давоми) Исломбой укасининг қандай қилиб бу бебош йўлга кириб кетгани ҳақида бош қотирарди. Лекин хаёли беихтиёр укасининг бошига тушган бу улкан фалокат, бу улкан фалокатнинг даҳшатли оқибати ва ундан ўзига етадиган зарар-заҳмат тўғрисидаги фикрлардан нари кетмасди. Ўринбой ҳануз ҳайрон эди: аввалига устма-уст қўли келиб турган эди, ошдан олдин ҳам дов урди, кейин нима касофат бўлди-ю... Умрида бундай катта ўйинни кўрмаган эди... Кампирнинг муштдай юзи яна ҳам кичрайиб кетган, чакагини ушлаб мум тишлагандек ўтирар, афт-ангоридан нимани ўйлаётганини билиб бўлмас эди. Анзиратнинг юрагини тағин ваҳима чангаллади. Қаердадир қулоғига чалинган гаплар эсига тушди: агар ютқазган одам пулни тўлаёлмаса, хотинини олиб бориб бераркан. Унинг ич-ичидан титроқ йиғи хуруж қилиб кела бошлади: “Шўрим қуриб...” Исломбой калласидан нохуш ўйларни сидириб ташламоқчидек, жаҳл билан пешанасини сийпалади. – Энди нима қилмоқчисан? – Энди... Ким билади дейсан... Ҳовлини сотсаммикан, деб турибман. – Нима-а?! – Ҳа? Бошқа иложи йўқ. Эрталаб ҳовлига савдо киради. Соат ўнга обормасам, мени ўлди деяверларинг. Келин қайнонага, қайнона келинга ялт этиб қаради ва бир-бирининг кўзидаги қўрқувни кўриб, ҳар иккиси Исломбойга нажот билан мўлтираб, йиғига ҳозирланди. Исломбой кафтларини муштлаганча қизил якандозга таяниб: – Хўш? – дея укасини таъқибга олди. – Нима, “хўш”? – Ўринбойга бу савол ниҳоятда малол келди. – Кейин-чи? – Нима, “кейин”? – Э, бунча талмовсирайсан?! Ё биратўла эс-ҳушингдан ҳам айрилганмисан? Хўп, уйниям сотарсан, кейин нима қиласан, деяпман? Қиш чиллада бир этак чурвақанг билан қаерга сиғасан? Ўринбой акасининг жаҳлидан қолишмайдиган бир ғазаб билан жавоб қилди: – Юрагинг чиқмасин, ҳалиям сеникига бормайман, қўрқма. – Мана шу-да! – Исломбой қарсиллатиб хонтахтага урди. – Ҳам ғарлик, ҳам пешгирлик, дегани шу-да! Қилар ишни қилиб қўйиб, нега яна ўркачлайсан, муттаҳам! – Муттаҳамлик қилиб бировнинг хотинини қўйнига кирганим йўқ, билдингми! Исломбой сезилар-сезилмас қизарди. Бу – унинг фақат укасигина биладиган ёшлик гуноҳига заҳаролуд шама эди. Ўзини ўнглаб бирор нима дегунича бўлмай, айвонда одам шарпаси кўринди, зум ўтмай, эллик беш-олтмиш ёшлардаги семиз аёл эшикдан ҳарсиллаб-гурсиллаб кириб келди. Исломбойнинг сўзи бўғзида қолди. – Уҳ, ўлдим! Намунча жаҳаннам уйларинг! – деб аёл бошидаги тивит рўмолини ечди. – Келинг, амма, – деди Анзират шоша-пиша ўрнидан тураркан. Салом-аликдан сўнг Саломат хонтахта устидаги чойнакни олиб жўмрагидан симирди. – Ҳалқумим қоқ бўлиб кетди-я! – деди сочини тузатиб. – Шу бугун Даламаҳаллага икки марта бориб келибман-а! Анув қоранг ўчгур Тожи гумбазда озгина духобам бор эди, қора терга тушиб борсам, “қуда чақириқ”қа кетиб қолибди, пес! – Ётувдингизми, амма? Безовта бўлиб... – деди Исломбой. – Худо урди-кетди, намозшомдан ётаманми? Эртага бозор-ку, олиб чиқадиган ул-булларимни кўриб ўтирувдим, Самар бориб қолди. Ҳа, тинчликми, ишқилиб? Ҳой, Анзират, қатиғинг бўлса, ярим пиёла олиб кел, кўнглим гумуриб ўлаётибди. Айвонда “қув-қув” йўтал товуши эшитилди. Соқол-мўйлови текис кузалган, бир-бирига ниҳоятда ўхшаган иккита чол эшикдан бошлашиб кирди: – Ассалому алайкум. Юзлари қизариб кетган Самар анчадан кейин кириб, эшикни ёпди. (Давоми бор)

Хайриддин СУЛТОН “Ё, ЖАМШИД!” (Ҳикоя, давоми) – Нега менга ҳокимлик қиласан? Ўйнаган – мен, ютқазган – мен, тўлайдиган – мен, сенга нима кетикуйдилик?! Ака бўлсанг, акалигингда тур! Менга агар сариқ чақанг ўтган бўлса, ҳаммаси ҳисобли, ҳа! – Ҳой, ҳой, қақшамагур, акага шунақа дейдими? – Қўйинг... – деб пичирлади Анзират кўзларини катта очиб. – Майли, гапириб олсин. – Исломбой бор кучини тўплаб, базўр илжайди. – Ичидаги фисқу фасодини тўксин-чи, қани! Майли, биз энди кетикуйди бўлиб қолган бўлсак, сариқ чақа бўлиб қолган бўлсак... майли, Худо бордир, кўриб тургандир, ахир. Эшигимга неча марталаб кўзининг сийдигини оқизиб борганини ўзи билмаса, Худо билар, Худога солдим! “Тўйдирганнинг бўғзига...” деб шуни айтади-да! Худонинг номи ўртага сукунат солди. Чойгум биқирлаб қайнай бошлади. – Бунақа та’на-маломатни қўйларинг, – деди кампир анчадан кейин. – Гапни ковласа, гап чиқади. Қозилашган қариндош бўлмас. Айлантириб келганда иккитасан, бир-бирингдан тонолмайсан, бирингни тепкингни биринг кўтарасан-да, қандоқ қиласан? Анзират ўрнидан туриб, қайнаб-тошаётган чойгумни четга суриб қўйди. – Сен каттасан, шу укангга ота ўрнига отасан, – дея кампир Исломбойга ялинчоқ оҳангда қаради. – Бунинг паст-баланд гапларига хафа бўлма. Сендан бошқа кими бор, ахир? Нима қиламиз энди, бир йўл-йўриқ бер. Эрталабга обормаса бўлмас экан. Исломбой сийрак, қизғиш мўйловининг учини қимтиб, ўйга чўмди: “Кошки яхшиликни билса бу аблаҳ!” – Ойи, жуда қизиқ гапирасиз-да, – деди у норози чимирилиб. – Ахир, кўриб турибсиз-ку, бунингиз пистапўчоқча кўрмаётибди-ку ака жониворни! Бир оғиз гапирсангиз осмонга сапчийди! Кўппакка ўхшаб одамнинг бетидан олади! Бундоқ ётиғи билан арзи ҳол қилса, маслаҳат сўраса эканки, бир йўл-йўриқ айтсангиз. “Қанча?” деб сўрасам, менга қараб ишшаяди, нима, очиб қўйибдими? Кампир Ўринбойнинг ҳурпайиб олганини кўриб, муқаррар даҳанаки жангнинг олдини олишга шошилди: – Майли, болам, сен оғир бўл, жаҳл келганда ақл кетар... – Ҳўй, менга қара, қанча ахир?! – деди Исломбой бўғилиб. Ўринбой акасининг гавдасига синчиклаб разм солди, томоқ қирди ва икки бармоғини кўрсатди. – Қанча бунинг? – Йигирма минг. Исломбойнинг қулоғи шанғиллаб кетди: – Эски пулгами? Укаси кулгисини яширишга уриниб илжайди: – Эски пул қолганми шу замонда? Исломбой Ўринбойдан кўз узолмай қолди. Укасининг нақадар даҳшатли аҳволга тушганини бирдан яққол англади ва унинг ночор, асабий кулгисини кўриб, юрагида шафқат уйғонди, лекин зум ўтмай вужудига қаҳр-ғазаб ёпирилди: “Баттар бўлсин!” Тўрт жуфт кўз Исломбойга қадалган эди. У укасининг заҳил башарасига қулочкашлаб тортиб юбориш истагида ўртанарди, лекин негадир, тўсатдан эзилиб шивирлади: – Шунчалик ҳам бўладими, ука! Жимлик чўкди. Печкада нимадир чирс этди. – Амакиларинг билан аммангни айтиб келсинми? – деди кампир Исломбойга. – Нима каромат қилиб берарди ўшаларингиз? – деди Ўринбой хўмрайиб. Аммо онаси унга э’тибор бермади. – Қайдам, бемаҳалда... – деди Исломбой чайналиб, мойил бир оҳангда. – Тур, Самар, ғизиллаб Саломат амманг билан Ориф амакингни чақириб кел. – Кампир печкага суяниб ўтирган найнов неварасига қараб, кескин оҳангда буюрди: – Йўлдан Зариф бувангни ҳам айт. “Тез бораркансиз”, де. Қўрқмайсанми? Самар қор уриб турган зим-зиё кўчада ёлғиз юришдан қўрқса ҳамки, уйдаги мотамсаро аҳволдан кўра ташқарини афзал билиб, индамай чиқиб кетди. Ҳамма ўй суриб қолди. (Давоми бор)

Хайриддин СУЛТОН “Ё, ЖАМШИД!” (Ҳикоя, давоми) Исломбой бу гапдан ҳам кўра онасининг ваҳимали товушидан қўрқиб кетди, анча вақт миясига жўяли бир фикр келмай, чойгумнинг шиғиллашига қулоқ солиб ўтирди, ниҳоят, укасига қарамай: – Қанча? – деб сўради. Ўринбой хонтахта устидаги нон ушоқларини жимжилоғи билан нари-бери сураркан, беўхшов кулимсирашга уриниб: – Кўп, – деди. Исломбой етмиш икки томири бўйлаб миясига югурган бор ғазаб, бор нафрати тилига келиб тўпланганини сезди, ўзини қандоқ босиб турганига ўзи ҳам ҳайрон қолиб, овози деярли ўзгармай сўради: – “Кўп”нингам бир сон-саноғи бордир, ахир? Ўринбой индамади. Исломбой беш дақиқадан сўнг тоқати тоқ бўлиб: – Гапир, итвачча! – деди. Укаси илкис бошини кўтарди, манглайидаги чизиқлар чуқур тортиб хўмрайди. Анчадан кейин ўзига-ўзи гапиргандек деди: – Кофир бўлма, онанг олдингда ўтирибди, итга рўпара қилгани уял. Кампир бир оқариб, бир қизарди, елкалари қунишди. Исломбойнинг жағи қалтиради: – Кофир бўлмасам, баттар бўлмайманми, сенга нима, даюс! Сенинг бу қилмишларингга одам кофир тугул, чулчит бўлиб кетар! Унинг дағдағасига бурчакда ётган болалардан бири сачраб уйғонди, уйқули кўзларини йириб очганча анқайиб қолди. – Тўнғизнинг териси нимаю сен аблаҳнинг бетинг нима?! Ёзда “Бу б...ни иккинчи оғзимга олсам, йигит ўлай”, деб тавба-тазарру қилганларинг эсингдан чиқдими, қасамхўр! – Исломбой жони жаҳони ўртаб бақираркан, икки чаккасига буров солингандек, бошида оғриқ қўзғалганини сезди. – Бу кунингдан қасам уриб ўлганинг яхши эмасми, хунаса! Анзират қайноғасининг важоҳатини кўриб йиғидан тўхтади, олазарак кўзлари билан гоҳ эрига, гоҳ қайнонасига қарар ва бетўхтов бурнини тортар эди. Ўринбой бошини солинтириб ўтирган кўйи вазиятини ўзгартирмай, секин дўнғиллади: – Кўп ҳам шошма, ўлигимни кўришга жуда орзуманд бўлсанг, эрталаб ниятингга етасан! Исломбой бу гапнинг ма’носини ўйлаб ўтирмай, баттар шовқин солди: – Э, дард-э! Ўламан, деб қўрқитмоқчимисан мени? Ўлмасанг ўмбалоқ ош-а! Э, ўлсанг ҳам куйсам, шунчалик куяман-да, жонимга ўт қўйвординг-ку! Кампир қўрққанидан ўрнидан туриб кетди, рўмоли елкасига сирғалиб тушганини ҳам пайқамай, бошини сарак-сарак қилиб титраб-қақшаб ялинди: – Ҳай, ўзингни бос! Жон болам, ўзингни бос! Қўни-қўшни эшитади-я! Бемаҳалда... Исломбой онасини ғазабга олди: – Э, бутун юрту олам эшитсин-а! Билсин бу касофатингизни! “Биров билмасин, биров билмасин”, деб, “Ўринбойжон-Ўринбойжон” қилиб, мана, оқибати, ҳаммамизни кафангадо қилиб ўтирибди! – Қандоқ қилай... – дея кампир йиғламсиради. – Қандоқ қилай, болам? Кўзимнинг оқу қораси Ўринбой оғамнинг ўрнини босар, деб Ўринбой от қўювдим. Бева бошим билан емай едирдим, киймай кийдирдим, шу иккита норастамни боши эгилмасин, деб ит кўрмаган кунларни кўрдим. Майли, мени ҳар қанча уриб-сўксанг розиман, лекин шу қоқвошни қарғама. Оғамнинг арвоҳи чирқирайди-я! Гирмоннинг ўқига учганми, тирикми, Худо билади. “Ўринбойинг ўлсин”, дейсан, мен бунга қандоқ чидай? Худо ўзи инсоф бермаса, мен қандоқ қилай? Кампир зор-зор йиғлади. Исломбойнинг ўпкаси тўлди, пешанасини қашиган бўлиб, кўз ёшларини артди. Чойгум ҳамон чўзиб ҳуштак чалар эди. Ўринбой бирдан дарғазаб кўзларини акасига қадади... (Давоми бор)

Ўзбек адабиёти дурдоналари Хайриддин СУЛТОН “Ё, ЖАМШИД!” (Ҳикоя) “Раббим!” де, Мария! Валентин Распутин Биринчи бўлиб Исломбой келди. У чироғи чарақлаб турган ойнабанд, сиркор айвонда уст-бошидаги қорни қоқиш баҳонасида тўхтаб, ўртадаги уйга деразадан разм солди: онаси ғишт печка олдида тахмонга тикилиб ўтирибди, Ўринбой устарада ялтиратиб қирилган бошини сийпаганча ёнбошлаб ётибди. Бурчакдаги қаторасига солинган ўринда тўрт боланинг боши кўринади. “Хайрият!” Исломбой негадир енгил тортди. – Вой-бўй, ёмон исиб кетибди-ку, – деди у ичкари кирган заҳоти. Ўринбой шошиб ўрнидан турди, ўнг қўлини кўришишга узатаркан, чап қўли билан хонтахта устидаги дўпписини олиб, бошига қўндирди: – Йўғ-э, уй совуқ-ку. Шилпиқ кўзлари олазарак жавдираган кампир пойгакка тиз чўкиб, пичирлаб фотиҳа ўқиган бўлди. – Хуш кепсан, – деди Ўринбой. У Исломбойдан беш ёш кичик, аммо акасини ёшликдан сенсираб чақирар эди. – Қалай, тинчмисан? – деб қўйди Исломбой ҳам мулозамат тақозосига кўра. – Шукр. – Эсон-омонмисан? – деб сўради кампир. – Ўтаканг ҳам ёрилиб кетгандир, бемаҳалда... – Тинчликми? Энди ётувдим, Самар бориб қолди. Онаси буришиқ бармоқлари билан жигарранг кўйлагининг этагини текислаб ўтираркан, индамади. Даф’атан оғир жимлик чўкди. Ғишт печка устидаги кўк чойгум аста шиғиллай бошлади. Дам ўтмай бу ҳасратли хониш Исломбойнинг ғашига тегди. Эшик очилиб, бошини ияги аралаш шол рўмол билан танғиган Анзират – Ўринбойнинг хотини кўринди. – Келинг, ака, – деди Анзират Исломбойга қараб, бўғиқ товуш билан. Исломбой жойидан хиёл қўзғалди: – Э, келин, тинч-омонмисан? Келини сезилар-сезилмас бош ирғади. Исломбой унинг салқи қовоқлари шишиб, кўзлари қизарганини пайқади. “Э, баттол! Хотини билан яна ит-мушук бўпти шекилли! Бу оғироёқ нарса бўлса... Ҳаҳ, эшак!” – Қалай, яхши ўтирибсанми? Бола-чақа? – деди у келинидан ҳол сўраб. Анзират жавоб қилмай, қора бахмал нимчасининг барини торта-торта қайнонасининг ёнига чўкди, бурнини тортиб ерга тикилди ва уввос солиб йиғлаб юборди. Исломбой шошиб қолди: – Ия, ҳай? Келинидан жавоб бўлмагач, аввал ранг-қути ўчиб, кўзида ёш ғилтиллаган онасига, кейин эса пешанаси тириша бошлаган укасига қаради: – Ҳа? Энди кампир ҳам пиқ-пиқ йиғлашга тушди. Исломбой чидаёлмай бақириб берди: – Э, тилдан қолдингларми, нима бало?! Ўринбой шипга тикилиб ғалати илжайди. Бурнининг учини қайта-қайта чимдиб, йўталга ҳам, кулгига ҳам ўхшамаган бир овоз чиқарди, йиғи босилавермагач, чақчайиб ўшқирди: – Ҳовлиқма, ҳовлиқма, менга аза очишга ҳовлиқмаларинг ҳали! Қайнона-келин бу гапдан кейин баттар ўкраб юборди. – Нима бўлди, ахир?! Анзират кўпчиган юзларини кафтининг орқаси билан артди, йиғи аралаш пиқиллаб: – Укангиз... укангиз... – деди-да, яна бошини буркаб йиғлашга тушди. – Астағфирулло! Мени шу йиғихонликка чақирдингларми, ойи? Кампир дарҳол обидийдани бас қилди, ўғлига ваҳима билан тикилиб, худди шундай ваҳима билан шивирлади: – Уйимиз куйди, болам! Ўринбойинг ютқазиб қўйибди! (Давоми бор)

Ёдингдами ёшлигимиз?.. Тошкент давлат педагогика университети қошидаги академик лицей ўқувчилари. 2003 йил.
Ёдингдами ёшлигимиз?.. Тошкент давлат педагогика университети қошидаги академик лицей ўқувчилари. 2003 йил.

Ассалому алайкум! Кунни ҳикмат билан бошлаймиз Яхшиликдан олдин яхшилик қилиш – ФАЗИЛАТ, яхшиликдан кейин яхшилик қилиш – МУКОФОТ, ёмонликдан кейин яхшилик қилиш – УЛУҒЛИК, ёмонликдан олдин ёмонлик қилиш – ЖАБР-ЗУЛМ (ПАСТКАШЛИК), ёмонликдан кейин ёмонлик қилиш – МАЛОМАТ ва ШУМЛИКдир. Абу Лайс САМАРҚАНДИЙ

УСТА   (Эссе, охири)   Устанинг боғи Ўски — суви шовуллаб оқадиган каналнинг икки соҳилида жойлашгани билан, бир тарафигина обод маскан. Оқ ажримга ёвуқлашган сари, Худонинг қудрати билан Эски анҳор анча сокин оқади. Тепароқда каналга гўё қўрқинчли улкан чоҳга қарагандек қараган одам, Оқ ажрим ёқалаб оқадиган қисмида ҳузур қилиб чўмилиши мумкин. Ўттиз-қирқ қулоч ёйилиб оқаётган каналнинг шу жойидан одамлар экин-тикин учун ариқ очган. Мол-ҳолни ҳам шу ерда бехавотир суворса бўлади. Бироқ уста Тангирнинг уйи жойлашган чап қирғоқ — Татарқишлоқ ери лалими. Бу ерларда деҳқончиликдан кўра чорва қилиш анча ўнғай. Худо баҳорини берса бўлди. Қизиқ, шундай шароитда ҳам боғ қилса бўларкан. Биз борганимизда уста ҳовлисидаги мевали дарахтлар билан ток ҳосилга кирган, зардолини аллақачон туршак қили улгуришган эди, олмаю анорлар ҳам пишай деб қолибди. — Уста бова буларни каналдан плаглаб сув ташиб кўкартган, — дейди ширага энган ҳусайнини томоша қиларкан Зойир тоғам. Мен бўлсам, бир чақирим қуйидан уловга ортилган қирқ литрлик қўш бидонга сатиллаб сув тўлдираётган полвонкелбат устани кўз ўнгимга келтираман. Боғ яратиш осон эмаслигини ўйлайман...   Издош Саксонни қоралаб қолган уста Тангирни Нуробод ва Пастдарғом туманлари қишлоқларига ҳалиям хизматга чақириб туришади. Наҳотки, уста шунча вақт ичида биттаям шогирд тайёрламаган бўлса... — Худога шукур, саккиз ўғил, икки қизимиз бор. Невара-чевара билан қўшилиб юзларга бориб қоламиз-ов, — дейди Тангир Бобоқулов, «шогирдлардан нечта, уста бова?» деган саволимга жавобан. — Бу томондан қисилган ерим йўқ. Аммо шогирд дегани сийрак келди-да, болам... Бу шундай ҳунарки, ўғлим, қўлингиз минг келишиб, қонун-қоидасини билганингиз билан, эътиқод бўлмаса, бари беҳуда. Сиз бир касбни танлайсиз, бироқ у сизни хоҳламаслиги мумкин. Мен шунга ишонаман: ҳар қандай ҳунар ўзининг одамини излаб юради. Кенжа ўғлим Тоҳир болалигидан менга ияриб катта бўлди. Ўзим омин бердим. Қўли енгил шекилли, мен уйда йўқлигимда одамлар уни чақиради...   Йиллар таъсир этмагай Уста Тангир билан етти йилча бурун кўришиб, суҳбатлашган эдим. Бовани яқинда Ўски билан Эшат орасида, йўлда учратиб қолдим. — Ассалому алайкум, уста бова, танидингизми, мен уйингизга борган мухбир боламан. — Эй, сизмисиз, ўғлим, — дея уловидан тушмоқчи бўлган эди, қўймадик. «Келмайсизлар ҳам бир...» деди одатдагича меҳмондўстлик билан уста. — Келамиз, бова, келамиз, сиз қўзиларни семиртираверинг-чи, — дея ҳазиллашди ҳамроҳим Нурали акам. — Ўзингиз дамлигинамисиз ишқилиб? Болалар, невара-чеваралар чопиб юрибдими? — Оллога шукр, ҳаммаси дуруст... Сизларнинг дуои жонларингизни қилиб юрибмиз-да, болам! Хайр-хўшлашиб жўнарканмиз, қайрилиб қарадим: дингқулоқ йўрғанинг устида саксон беш яшар чол эмас, ўрта ёшлардаги бир киши виқор билан кетиб борарди. Хаёлимдан, умрини яхшиликка сарфлаган одам қаримас экан-да, деган фикр ўтди. Элмурод Нишонов 2009 – 2017 йиллар

УСТА   (Эссе, давоми)   Хатна жараёни — Болани ётқизиб чалғитаман. Отини айтиб мақтайман. Дори суртиб қўяй, дейман. Кесмаймиз деган билан бола зоти ишонмайди. Сўғин аста лўкчўпни аъзонинг учидаги эт орасига тиқиб, ғоров билан қистираман. Шундай қилинмаса, ортиқча эт кесилиб кетиши мумкин. Охирги иш пакига қолади...   Бола — бола-да... — Гумбазга — Саттор деганникига айттиришди. Эрталаб бордим. Ҳамма жамулжам. Уйга кириб, энди бир пиёла чой ичиб турувдим, ташқарида чопа-чоп бўлиб қолди. «Тўй бола» йўқолиб қопти. Том устини, ҳамсояларникини қарашди — йўқ. Тушиб-пушиб кетдими деб қудуқниям кўришди — йўқ. Чошгоҳда борган бўлсам, кечга довур ўтирдим. Боланинг дараги чиқмади. Ҳамма ториққан. Хотин-халаж йиғлаб-сиқтаган. Оқшом менга жавоб беришди. Мен ҳам илҳақман, бир палакат бўлмасин-да, деб. Эртаминан келсам, ҳамманинг чиройи очиқ. «Шум бола» топилибди. Лекин қаерга яширинганини айтмасмиш. Кўп йил ўтиб, уни бир тўйда учратдим. Уста бова, тўғриси, шунда жуда қўрқдим, деди. Мотосиклингизнинг товушини эшитганимдан, маккайининг орасига ўзимни урдим. Сиз кетгунча чиқмадим...   Яхшиликнинг эрта-кечи... бор Қуръони каримда айтилишича, Иброҳим алайҳиссалом 80-90 ёшларида Аллоҳнинг иродаси билан ўзини ўзи хатна қилган экан. Бунинг ҳикмати шуки, қачон бўлмасин, мусулмон уммати бу улуғ суннатга амал қилмоғи шартдир. Иброҳим пайғамбар ҳаётидаги қутлуғ воқеа неча минг йил олдинги гап. Бугун шароит ҳам, имконият ҳам бошқа. Аммо эътиборсизлик ёки бошқа сабаб биланми, баъзи мусулмон ўғлонлар хатна қилинмасдан балоғат ёшига яқинлашиб қолганини кўрганмиз. — Фалон ёшгача суннат қилдириш мумкин деб ҳеч қаерда ёзиб қўймаган, — дейди уста Тангир Бобоқулов. — Бир-икки гал ўн бир-ўн икки яшар ўспиринларни суннат қилишимга тўғри келган. Яхшиликнинг эрта-кечи бўлмайди дейишади, лекин мен яхшилик учун шошилиш керак деб ҳисоблайман. Уч яшар боланинг аъзоси ўн яшар ўспиринникига қараганда анча тез тузалиб кетади. Қийналмайди. (Давоми бор)

УСТА   (Эссе, давоми)   Ибтидо — 1956 йили армиядан қайтдим. Ўскига чўнқаймишлик Саидмалла бова раис эди. Бир майлисда қишлоқда устахона (сартарошхона демоқчи. – Э.Н.) очиш масаласи кўрилибди. «Яхши сартарош керак, қай бирингнинг эвинг бор?» сўрабди раис. Катотам — уста Маҳмашукур бова, қишлоқнинг катта устаси шу киши бўлган, қазо қилиб кетган, ундан кейин юрак ютиб биров «мен устаман» деёлмас экан. Кимдир «Бобоқул раҳматлининг ўғли бор, уста Маҳмашукурнинг невараси. Раис бова, шуни бир синаб кўрмайсизми?» дебди. Армияга кетишдан олдин бола-бақранинг сочини қиртишлаб юрардим. Ана у гапдан кейин раис чақирди. — Татарқишлоқда, биласан, битта уста бор. Уям бир бечора мусофир. Борсанг, ёнига олади, нима дейсан, деди. Армиядан энди келган эмасманми, нуқул шаҳарни тусайман. Рости, бир-икки гал хаёл ҳам бузилган, Самарқанд тарафларга бош олиб кетсам, ҳарна йўлимни топардим, деб ўйлаганман. У хаёллар қаёқдаю, ўғлим, манави раис нима дейди?.. Кўп иккиландим. «Қандай бўларкан, раис бова?» дедим очиқчасига “йўқ” дейишга бетим чидамай. Раҳматли сезгир одам эди. Ота-бовамнинг «қўли гул усталар ўтган»ини эслатди. Сенинг қонингда бор, сендан бошқаси эплашига кўзим етмайди, болам, деди. Менинг “хўп” дейишдан бўлак иложим қолмади.   Қайтиб бергани рост бўлсин... 1935 йил... Момоқиз бир этак бола билан бева қолганда суянгани бир Худо бўлди. Беш қизи, бир ўғлини еру кўкка ишонмади. Лекин қанча пўпиламасин[1], ёлғизгинасининг соғлиғи мўртлашиб бораверди. — Куни кўп бўлсин-ку-я, Момоқиз, улинг жуда нимжон, — деди кайвони момолардан бири боланинг киртайган кўзларига боқиб, бошини чайқар экан. — Лекин сен кўп ич-этингни ема. Дардини берган, давосиниям берар. Манави қоракўзларингни ўйла, ўзингни ўйла... Момоқиз ўзини ўйлайдиган аҳволда эмасди. Кунлар тундай қоронғи, тунлар йилдай узун бўлди. — Тангрим, Эгажоним! — ёлворди у узоқ тунларнинг бирида. — Тангиргинамни тиловдим, бердинг. Энди шугинамни ўзинг асра, Худойжоним, ўзинг асра!.. Улоқўйнар шамоли Ўски қирларида ўйноқлаб, «ув» тортиб, ёшу қари юрагига ваҳим солаётган узун кечаларнинг бирида Момоқизнинг кўнглига кун чиқди. — Эна, нимага йиғлаяпсиз? — кўрпанинг тагидан бошини чиқариб жилмайди уч яшар Тангир. — Мен тузалдим, эна! Энди йиғламайсиз-а?..   Ўзим эмас, ота-бобомнинг қўли — Гўдаклигимда кўп касал бўлган эканман. Шунинг асоратими, билмадим, кейин ҳам тез-тез оғриб қоладиган одатим бор эди, — дея давом этади уста. — Худойнинг қудратини қаранг-ай, шу ишни бошлаганимдан сўғин бирон марта ётиб қолганим йўқ. Асли бовам хатна устаси бўлган. У киши мен ўн бир ёшимда оламдан ўтган. Расими шу: ота-бовалар уста ўтган бўлса, улардан қўл олиб қолинади. Ёш эдим, мен отамдан ҳам, бовамдан ҳам қўл олмаганман. Қонда бор экан, нуқул шу ҳунарга кўнгил суст кетаверди. Ниятимни бошқудуқлик уста Эшниёзга билдирдим. У бовамни яхши танирди. «Майли, фақат менга ияриб юрасан, чидайсан» деди. Рози бўлдим. Бир йил устага эргашиб юриб, у нима қилса, битта қолдирмай илиб олишга ҳаракат қилдим. Олтмишинчи йил эди-ёв, уста менга омин берди...   Тадорик — Хатна қилдирмоқчи бўлган уйга бетаҳорат бормайман. Маросимга камида бир кун олдин айтишади. Борадиган куним эрталаб оддий пахтани оловда куйдириб сўхта (тоза пахтани куйдириб тайёрланадиган малҳам) тайёрлайман. У аъзонинг устига суртилади. Яра тезроқ битиши учун. Оддий пахта ёпишмайди, куйдириш керак. Сўнг лўкчўп (мевали дарахт шохчасини йўниб тайёрланадиган бигизсимон асбоб) билан ғоровни (қамишдан ясаладиган қистирғич асбоб) спирт билан юваман. Пакиям шундай ювилади. Ҳаммасини тоза қоғозга ўрайман.   (Давоми эртага, Худо хоҳласа) [1] Пўпиламоқ — авайламоқ. — Шева.

УСТА (Эссе, давоми) — Мен ўзи кўп гап билмайман, улим, — деди уста, менинг мақсад-муддаомни тинглагач. — Қани, савол-павол бе
УСТА   (Эссе, давоми)   — Мен ўзи кўп гап билмайман, улим, — деди уста, менинг мақсад-муддаомни тинглагач. — Қани, савол-павол берсангиз, у-бу нарсани суробларман[1]... ...Биринчи саволдан кейиноқ уста даҳлизда ўтирган момомиз билан келинларига буюрди: — Ай, эшикни ёпинглар-ай! Гурунгимиз сизлар эшитадиган гурунг эмас. Эшик оҳиста ёпилгач, давом этади.   [1] Суробламоқ — эвини қилмоқ, эпламоқ, амалламоқ. — Шева. Суратда: Уста Тангир Бобоқулов, 1960-йиллар.

УСТА   (Эссе)   Муқаддима   Болалигимни эсласам, бир-биридан ардоқли хотиралар ичра, қишлоқ адоғидан уфққа қадар ястаниб ётган кенг янтоқзор дала, унинг бағрини тилиб ўтган энсиз тупроқ йўл кўз олдимга келади. Сабаби, бу йўл мен учун қадрдон гўша – Нуробод туманининг Эшат қишлоғига, Зойир тоғамникига олиб боради. Аммо ўқиётганингиз на менинг болалигим, на қишлоғим, на тоғам ҳақида. Бу битиклар белида белбоғи бор ҳар бир инсоннинг азиз хотираларини уйғотиб, беғубор дамларини ёдига соладиган бир ҳурматли зот тўғрисидадир.   Чақирув Ёзда Зойир тоғам телефон қилиб тўйга айтди. Кенжасининг қўлини ҳалоллаётган экан. Эшитдиму лоп этиб ўскилик уста Тангир[1] ёдимга тушди... Устани уч-тўрт ёшимдан биламан. Ўзи Ўски, Эшат, Бошқудуқ, қизилкарвонлик болалар эсини танишдан аввал шу одамни танийди. Йўқ, уста Тангир телевизорда чиқадиган эртакчи бобо эмас. У шунчаки болаларни «суннат» қилиб қўядиган уста. Ялтироқ паки, қора сурги дори ва кўк «Юпитер» мотосикл. Эсимда қолгани шулар. Аммо барибир уни яхшигина  т а н и й м а н...   Дипломсиз, аммо олий маълумотли… – Кўмирчида сизлар тенги бир йигит: «Уста бова, дўхтирликка қаерда ўқигансиз?» деб сўраб қолди. «Тўртинчи класс саводим бор, ўғлим» дедим. Ишонмади. Ҳазиллашманг-ай, дейди. Ўтрик айтиб нима, чиним шу дейман... Устани охирги марта йигирма йилча олдин қишлоғимизга келганида узоқдан кўрувдим. (Ёнашишга у пайти юрак қани!..). Шунча йил ўтди, кексайиб қолгандир дедим. – Энди саксонга боряпти, қаердан қарийди? – деди уста билан қирқ йиллик қадрдон Зойир тоғам. – Қарри одам бир кунда юз даста янтоқ чопмайди... Пиёда йўлга тушамиз. Тоғам яшайдиган Эшат билан уста Тангирнинг Ўскисини биргина қир ва кўҳна Оқ ажрим мозороти ажратиб туради. Айтишларича, ўтган асрнинг 20-йилларигача карвонликлар ҳам майитни шу мозоротга қўйган. Демак, бобо-момоларимизнинг хок-туроблари шу ерда... – Анави кўприк катотанг билан тенгдош. Катотанг ўтиб кетганига ўн олти йил бўлди. Бу кўприкнинг базўр осилиб турганини қара. Чиндан ҳам Ўскини иккига бўлиб оқадиган Эскианҳор каналидаги кўприкдан юрак ҳовучламай ўтиш қийин. Йўқ, йигирма-ўттиз метрлар чуқурда оқаётган сувнинг шиддати, тик жарликдан кўра, жойидан ярим қулочлар чўккан кўприк кўнгилга ҳадик солади. Омонат кўприкдан ўтгач, эллик-юз қадамча наридаги қўра дарвозаси олдида бир йигитнинг берилиб болға ураётганини кўрдим. Бу «йигит» уста бованинг ўзи экан. – Ассалому алайку-ум, уста бова! Қани, тулпорга нўхта ясаяпсизми? – Ва-алайкум ассалом, – уста қўлидаги анжомларини қўйиб, ўрнидан вазмин қўзғалди ва кулимсираб пешвоз чиқди. – Келингизлар, келингизлар. Бу, Зойирбой, кўринмай кетувдингиз, қайси шамоллар учирди? Бу офтобрўйда мен бўйи нақ 2 метр бўлган тоғамдан ҳам паҳлавонроқ одам бўлмаса керак деб юрардим. Бироқ болалик тасаввуримда дунёдаги энг даҳшатли одам бўлиб муҳрланиб қолган ўша бақувват ва чайир, узун мўйлови оғзининг икки чаккасидан шаршарадай осилиб турган устанинг ҳам тоғамдан қолишмаслигини кўраман. Икки девқомат, икки қадрдон бағир олишади. Салом-аликдан сўнг уйга кирамиз.   (Давоми бор) [1] Уста Тангир Бобоқулов (1932 – 2020 йиллар, Самарқанд вилояти Нуробод тумани Ўски қишлоғи).

Замонавий ўзбек ше'рияти Ҳасан КАРВОНЛИ ОЛАМ СEВГИГА ДОИР, МEН ҲАМ УНГА ДОХИЛМАН Дунёнинг ишларига гоҳи лол, гоҳ қойилман, Битта сирини билсам  минг биридан ғофилман. Бир кун яшар капалак, менинг умрим неча йил, Умр ўтгуси, аммо  мангуликка мойилман. Йўл юради одамлар, мўл юради одамлар, Менинг манзилим бошқа-ю  кимгадир манзилман. Чал рубобингни, машшоқ,  ол ишқ майидан, шоир, Олам севгига доир,  мен ҳам унга дохилман. Бир дилбарга дил берсам  тақдир менга чил берди, Суратимда Карвонли, сийратимда бедилман.  ЙЎҚ ОДАМ Унинг бошқалардан йўқ фарқи, Эл қатори қувончи, ташвиши. Салом-алик ва хайр-хўш. Дарвоқе, Тилладан ойнагининг гардиши. Виқор билан индамай юрар, Савлати тақозо қилгандай. Гоҳида сиз учун куюнар Ичингиздагини билгандай. Бировга тушмайди оғири, Кўксингизга отмайди ўқ. Фақат… оғир кунда Суянай деб қарасангиз – йўқ.

КАСБГА, ИШ ЖОЙИГА САДОҚАТ Мадриднинг Реал жамоаси бош мураббийи Жозе Моуринио кучли нотиқ. Сўз танлашни билади. "Мен барчага
КАСБГА, ИШ ЖОЙИГА САДОҚАТ Мадриднинг Реал жамоаси бош мураббийи Жозе Моуринио кучли нотиқ. Сўз танлашни билади. "Мен барчага – футболчиларга ҳам, ходимларга ҳам яхшироқ бўлишига ёрдам бериш учун келдим, – деди у яқинда. – Биз меҳнат, мас'улият ва улкан мақсадлар маданиятини яратишимиз керак. Бу шунчаки "Реал"да ишлаш эмас, балки "Реал" учун ишлаш дегани". "Реал"да ишлаш эмас," "Реал" учун ишлаш" ибораси э'тиборни тортади. Мана, ўз иш жойингга бўлган муносабат, садоқат. Дарвоқе, сиз шунчаки ўз жамоангизда ишлайсизми ёки жамоангиз учун ишлайсизми?

Бир ҳовуч дур БЕРНАРД ШОУ ҲИКМАТЛАРИ Одам боласи бамисоли ғишт – куйган сайин пишиб, тобланиб боради. *** Қаерда нимани гапиришни ўргандингизми – демак, улғайибсиз; қаерда сукут сақлашни билиб олдингизми – демак, ақлингиз кирибди. Ўрис тилидан Шоҳсанам Рўзимат қизи таржимаси Манба: "Тафаккур" журнали, 2026 йил, 2-сон https://t.me/Eshmonmalla