Prof. Sherzod
Open in Telegram
Оддий инглиз университетида дарс бераман. Олий таълим, саёҳат, адабиёт, Япония, Англия, университетлар, футбол ва ҳоказо мавзуларда кундалик ёзувлар. PhD (Cantab).
Show more4 997
Subscribers
+424 hours
-187 days
+1930 days
Posts Archive
4 997
Кеча (якшанба куни), София университетида бўлиб ўтган Осиё тадқиқотлари конференциясидан чиқиб, бирдан метрога тушмадим. София университети (японча номи Жочи 上智 - худди юнонча номидагидек "юксак донолик" деган маънони билдиради) Йоцуя туманида жойлашган, у эса мен йиллар давомида келиб кетадиган ҳудудга киради. Шу сабаб, ёшликни эслаб, Ичигая-Иидабаши-Кагуразака томон пиёда юрдим.
Кагуразака маҳалласи менга бошқача ёқади. Тепаликда жойлашган ("сака" ёки сўз охирида келганда "зака" япончада тепалик дегани), жуда "кетворган" маҳалла, деса бўлади. Кўчанинг икки тарафи ажойиб ва қизиқ дўкончалар ва ресторанларга тўла, кўчада яхши кийинган, ҳаётидан рози, топганларини lowkey кўз-кўз қилишдан ҳам уялмайдигани "яппилар" (YUPpie - young urban professional) ва шунга ўхшаш янги авлод вакилларига тўла. Бундай маҳаллалар Токиода ҳозирда кўпайган, улар бир-бири билан рақобатлашадигандек.
Хуллас, Кагуразаканинг тепалигига кўтарилаётганимда бир манзарага кўзим тушди. Бош-оёқ кийинган ва рисоладагидек бўянган гейша такси кутиб турибди. Ҳа, гейша. Бу касб вакиллари (улар ҳақида олдинроқ ёзган ёзувимда батафсилроқ ўқишингиз мумкин) ҳануз мавжуд, Токиода ҳануз уларни турли тадбирларга таклиф қилишади, улар келиб одатда соатбай хизмат қилиб кетишади.
Кўчада мендан ва ундан бошқа ҳеч ким йўқ эди. У йўлнинг четида ийманибгина такси буриб олишини кутиб турди. Юзидаги оппоқ бўёғи Японияни билмайдиган инсонга бироз ғалати кўринарди балки, аммо бу жамиятда асрлар давомида турли касб ва шахсиятлар уйғун яшаб келганини билсангиз, ҳайрон қолмайсиз. Ва энг муҳими - чўнтагингиздан телефон чиқариб, уни суратга ола бошламайсиз. Ҳурмат сақлайсиз. (Киотонинг машҳур гейшалар маҳалласи Гионда туристлар учун инглиз тилида "Илтимос гейшаларни рухсатсиз суратга олманг" деган ёзувларгача илиб қўйишган).
Такси ҳайдовчиси машинасини тезда буриб олди, гейша ярим таъзим ҳолатида лип этиб машинага ўтирди, такси ўрнидан қўзғалди. Бу манзарани мендан бошқа ҳеч ким кўрмади ҳисоб. Бир неча юз метр нарида, Кагуразакада эса гавжум ҳаёт давом этаверди...
#МенБилганЯпония #Токио
@profsherzod
4 997
Ўзбек тилида чоп қилинаётган, ёки ўзбекчага таржима қилинаётган китоблар орасида “self-help”, яъни “шахсий ривожланиш” жанри асарлари кўплиги ҳақида кўп гапирилади. Менинг ўзим ҳам бу ҳақда снобларча бирнималар деганман 😅
Аммо бу жанрдаги янги нашрлар ўқувчиларнинг диққатини тортиши, кўп сотилиши сабабларини тушуниш қийин эмас. Фойдаси қанчалик, билмадим, аммо бу каби асарлар ўқувчиларга нафақат муваффақият ё порлоқ келажак, балки ўзларининг янги, яхшироқ версиясини яратишда “ёрдам” ваъда қилади.
Юқоридаги суратда Япониянинг машҳур Цутая китоб ва бошқа медиа дўконидаги кўп сотиладиган китоблар ранкинги акс этган. У ерда суратга олиш мумкин бўлмасада, ўғринча тушириб олгандим 😅 Биринчи уч асар классик self-help китоблари: яхши одатлар, талабалик давримда шунча пул тўпладим, “пул топиш” университети. Рўйхатдан маълум бўладики, шахсий ривожланиш жанри асарлари машҳурлиги нафақат Ўзбекистон китоб бозоридек нисбатан янги бозорлар, балки Япониядагидек анча тўйинган бозорларда ҳам авжида.
#Китоблар
@profsherzod
4 997
Бугун Твиттерда бир мулоқотга кўзим тушиб қолди. Келиб чиқиши турк бўлган, ҳозирда менимча Европада яшайдиган бир фойдаланувчи ўзбекистонлик бошқа бир фойдаланувчининг "биз ўзбек халқимиз" деган гапига "ўзбек дегани турк дегани" деб жавоб бергани диққатимни тортди. Бу вазиятга кўп дуч келганим учун, шу ерда фикрларимни ёзгим келди.
"Турк" билан "туркий" айри тушунча эканини, иккинчиси биринчисидан кенгроқ эканини биламиз. Ана, тилимизда булар фарқли бўлгани учун ҳам айнан икки сўз билан ифодаланади. Бу фарқ инглиз (Turkish/Turkic) ва рус (турецкий/тюркский) тилларида ҳам мавжуд бўлиб, икки алоҳида сўз борлигида кўрилади.
Шунга қарамай, қардошларимиздан баъзилари ўз тилларида бу тушунчаларни бирлаштириб, иккаласига нисбатан ҳам бир сўз: "турк" сўзини ишлатишади. Такрорлаб айтаман: баъзилари, барчаси эмас.
Турк тилида булар икки сўзми ё бир сўзми, рости, билмайман. Турк тили билгим у қадар кучли эмасдир. Аммо бу вазиятга жуда кўп гувоҳ бўлганман. "Қаерликсан?" деб сўраган турк қардошларга "Ўзбекман/Ўзбекистонликман" деб жавоб берсанг, жуда кўп вазиятларда "Сен ҳам турксан" дейишади.
Олдинлари бу ёндашувга енгил қарардим. Ўзига яқин оляпти қардошларим, фарқларимизга эмас, умумийликларимизга урғу беряпти, бунинг нимаси ёмон, дердим. Балки буларнинг тилида булар бир сўздир, балки булар билмасликдан иккаласини бирлаштириб юбораётгандир, деб яхши гумонга ҳам борардим.
Аммо охирги пайтларда бу гумонга шубҳа ҳам аралашмоқда. Бундай "бирлаштириш" шунчаки ўзига яқин олиш, ё лингвистик чалкашлик эмас, онгли ёндашув бўлсачи? Марказий Осиё тилларини ҳануз "қозоқ туркчаси," "ўзбек туркчаси" деб атайдиган пантуркистлар йўқ эмаску. Албатта, бундай ёндашув барчада эмас. Яна бир бор такрорлаб айтиш керак, барча турклар бундай фикрламайди. Аммо бу ёндашувдан бизга таниш империявийлик ҳиди келишини ҳам таъкидлаб ўтиш керак.
Шу сабаб, менга "Сен ҳам турксан," дейишса, "Мен турк эмас, туркийман," дейман. Миллатчилик қилиш мақсадида эмас, аниқлик киритиш мақсадида айтаман.
Икки йилча олдин Истанбулдаги японшунослик конференциясида бир турк японшунос домла билан бу мавзуда узоқ гаплашгандим. Баҳслашгандим, дея олмайман, аммо суҳбатимиз қизғин тусга киргани эсимда. Дўстона, аммо қизғин. Туркчам мукаммал бўлмагани учун, унга ўз фикримни етказиб бера олмаяпман, деган шубҳа сабаб, инглизчага ўтганим эсимда.
Баъзан ўйлаб қоламан, бундай ёндашув биз собиқ империяларнинг ҳозирги вакилларига ўша империя тилларида гапирганимиз учунмикин, деб? Туркларга турк тилида гапиришга уринамиз, яқинлигимизни кўрсатиб, русларга русча. Балки барчага бир хил инглиз тилида гапирилса, ёндашув ҳам ўзгарар?
Шу орада "бирлаштирувчи" империялар тарихидан бир мисол қистириб кетсам: Корея ярим оролини 1905 йилдан бошлаб мустамлакасига айлантирган Япония империясида ўтган аср бошларида "найсен иттай" (内鮮一体), яъни "Япония ва Корея一бир бутун" деган мафкура агрессив шаклда олдинга сурилган, айниқса мустамлака Корея халқи орасида. Яъни, аслида биз бирмиз, маъносида. Бу гапим билан асло Туркия туркий давлатлар орасида шундай қилмоқчи, демоқчи эмасман. Шунчаки, бирликка урғу бериш ҳамиша ҳам самимий ва биродарлик туйғулари билан қилинмайди.
Бошқалар учун улар кимлигини ҳал қилиш империявийликнинг бир кўринишидир, гарчи буни қилаётган одам онгли равишда шундай қилмаётган бўлсада. Бу ишни асрлар давомида империялар бажариб келган.
Империяларга келсак, улардан бирини йиллар давомида ўрганган одам сифатида шунга аминманки, биз ҳануз империялар қурган дунёда, уларнинг қолдиқлари устида яшашда давом этяпмиз. Мустамлакачилик даврининг қолдиқлари эса ҳамма жойда бизни қуршаб туради. Бу ҳақда ҳали алоҳида ёзарман.
#ТилгаЭътибор #ТарихчиКундалиги #Мулоҳазалар
@profsherzod
4 997
Ёпилишига оз қолган супермаркетда саккизоёқ арзон бўлибди 🐙
Ўзи супермаркетлар кунлик сотилиши лозим бўлган тайёр ё ярим тайёр овқатларни кеч тушгач арзонлаштиради.
Кечки 9дан кейин ишдан қайтаётган, уйида балки тайёр егулиги йўқ хизматчилар кўпинча шундай нарсаларни олишаётганини кўраман.
#Токио #МенБилганЯпония #ОнаТабиат
@profsherzod
4 997
Кеча Токионинг машҳур хусусий университетларидан бири Кейо университетида семинарда бўлдим. (Кейо тарихи антиқа, вақт топиб бу ҳақда видео қилиш ниятим бор).
Одатда бундай семинарларга бир гуруҳ домла ва магистр/докторантлар келади, битта-яримта ўқишни яхши кўрадиган бакалавр ҳам келиши мумкин. Семинар тугагач, ҳамма кечқурунги овқатга боради. Охиридаги тўлов ҳам демократик: талабаларга одатда тўлатишмайди, тўловнинг асосий қисми домлаларга қолади.
Ана шундай овқатда ёнимда Хитойдан келган бир бакалавр ўтириб қолганди, бироз суҳбатлашдик. Инглизчада яхши гапиролмайман, япончада гаплашайлик деди. Йўқ, инглизчада гапир дедим. Қийналиб бўлсада, гапирди, унчалик ёмон эмас экан инглизчаси (япончаси жуда зўр эди).
Бироздан кейин қайси йўналишда ўқийсан, десам, тарих деди. Бир китоб тавсия қилдим, шуни ўқи вақт топиб деб. Бугун эрталаб ана шундай ташаккурнома юборибди 😊
Ўқишни яхши кўрадиган ва интилувчан талабалар бор бўлсин!
#Университетлар #талабалар #Токио
@profsherzod
4 997
Repost from Эффект Макаренко
🇫🇷 Шенгенская виза, Франция и произвол с колониальным запахом
В 2023 году я поднимал проблему, с которой сталкивались многие тысячи наших соотечественников. Это невозможность попасть в очередь на получение Шенгенской визы. В визовых центрах царила открытая коррупция: места в очереди спокойно продавали на Olx.uz, по Телеграму и в других местах. После этого несколько посольств поменяли свои визовые центры, и стало лучше. Но ненадолго.
Недавно мы узнали, что бывший посол Италии в Узбекистане Пьергабриеле Пападиа де Боттини и его помощница Татьяна Тараканова задержаны в Риме по делу о незаконной выдаче шенгенских виз через посольство Италии в Ташкенте. Так вот, когда господин де Боттини был в должности в Ташкенте, такса за место в очереди в посольстве Италии составляла 200$. Брали эти деньги местные сотрудники, и это знали все.
На днях мне пришлось столкнуться с работой визового центра TLS Contact, услугами которого пользуется с марта этого года посольство Франции в Республике Узбекистан. К слову сказать, получить место в очереди, чтобы подать визу - обычному человеку совершенно невозможно. Слотов нет никогда, их можно ловить месяцами и не поймать.
Некоторые люди прибегают к услугам "программистов". Это люди, которые настраивают специальные программы-парсеры, и занимают слоты автоматически. Это обходится в 150-200$. Лично мне предлагали несколько раз купить место напрямую у сотрудников TLS Contact - за 500$. Говорят, что сейчас можно купить хоть на завтра. TLS Contact - это обыкновенная ООО. Директором там указана некая Ирина Васильева.
Очень интересно, знают ли об этом в посольстве Франции? Возможно и знают, но боюсь, что им все равно. Одно дело учить отсталую страну третьего мира, как бороться с коррупцией. Другое дело - бороться с коррупцией в своей системе. Окей, это еще не всё:
На днях мне удалось попасть на подачу документов в TLS Contact в качестве участника деловой делегации. Но я столкнулся с тем, что эта организация, осуществляющая деятельность в качестве коммерческого юридического лица на территории Узбекистана, и под юрисдикцией Узбекистана - прямо нарушает права наших граждан. Как будто издевательства с очередью недостаточно. Сотрудники охраны требуют не пользоваться мобильными телефонами: причем речь не о фото или видео, а просто об использовании Интернета и звонках.
Сотрудники TLS Contact сообщили мне, что таков приказ Франции. Но Франция не имеет юрисдикции над территорией Узбекистана, и ее приказы не могут противоречить законодательству Узбекистана. А они противоречат. Согласно статье 21 "Закона о правах потребителей", условия договора, ущемляющие права потребителя и противоречащие законодательству, признаются недействительными. Запрещается включение в договор условий, ущемляющих права потребителей, предусмотренных законодательством. Согласно статье 13 Закона РУз "О конкуренции", хозяйствующим субъектам занимающим доминирующее положение, строго запрещено совершать действия, которые приводят к ущемлению прав и законных интересов других лиц (потребителей). А в данном случае TLS Contact является не только доминирующим, но и монопольным провайдером услуг.
Я ответил на один телефонный звонок, и не стал демонстрировать охраннику свой телефон, как он того просил. Потому что это мое законное право. Из-за этого визу я получил со штрафными санкциями. Которую Республика Франция может у меня легко забрать, пожалуйста. Она мне не нужна. Приезжайте лучше к нам, мы ждем вас в Узбекистане, и отношение будет совсем другим. У нас для вас - visa free. А у вас для нас - коррупция, очереди и нарушение наших прав.
Очень хотелось бы, чтобы Комитет по развитию конкуренции провел всестороннюю проверку деятельности TLS Contact и соответствия их правил законодательству Узбекистана. Ну и организации, которые борются у нас с коррупцией - пожалуйста сделайте контрольную закупку в TLS Contact, многое прояснится.
@makarenko_channel
4 997
Конференциялар ҳақидаги видеонинг "шорт" вариантини каналга жойладим.
Шорт видеоларнинг нақадар фойдали эканини тушунаман, кўпчилик телефонини қўлда тутиб ё бир жойга тираб қўйиб (яъни, тик ҳолатда) видео кўришини ҳам биламан. Аммо шахсан мен учун узун форматли, горизонтал кўринишдаги видеолар ёқади, Ютубда шортлар оммавийлашиши, ростини айтсам, менга унча ёқмайди.
Нимаям дердик, замонанинг зайлида энди буям. Шу сабаб, мен ҳам шорт жойлайман каналимга.
Сиздан фақат кўриб, фикр билдириш 🙏😊
#YouTube
@profsherzod
4 997
⬆️ Анди Бёрнам катта фарқ билан ютибди.
Яқин келажакда Стармер ўрнига бош вазир бўлиши эҳтимоли катта.
Аммо унинг Манчестер мэрлигидан кетгани яна бир навбатдан ташқари сайлов (by-election) бўлади, дегани. Манчестер мэрлиги учун. У ерда ҳам Лейборнинг энг катта рақиби Реформчилар бўлади.
@profsherzod
4 997
Буни ёзаётган пайтимда Манчестер шимолидаги Уиган шаҳарчасида сайлов қоғозлари саналмоқда. Яна бир соатларда охирги бир неча йилдаги энг муҳим муддатдан ташқари сайлов (by-election) натижаси аниқ бўлади.
Йигирма йил олдин Манчестерда ўқиганимда, Уиганга футбол стадионда ишлашга борардик, кўпинча кеч тушганда. Шунча марта бориб, тузук кўрмаган эканман у жойни. Чет жойлиги аниқ, аммо асосан бизни микроавтобусда олиб бориб, олиб қайтишарди, шу сабаб санғиб юриш имкони бўлмасди...
ОК, носталгиядан сайлов мавзусига қайтай, саволларингизга жавоб берай. By-election нима дегани? Бутун парламент сайланмасдан, жойини турли сабабга кўра бўшатган депутат ўрнига, фақат ўша ўрин учун бўлиб ўтадиган сайловдир.
Уиган яқинидаги Мейкерфилд сайлови нима учун муҳим? Умумхалқ сайловлари орасида бундай кичик сайловлар ўнлаб бўлиши мумкинку. Тўғри, аммо буниси ҳақиқатда муҳим. Балки эшитгандирсиз, май ойида бўлган сайловларда ҳозирги Лейборчилар қийин аҳволда қолиб кетишди. Айниқса уларнинг раҳбари Киэр Стармерга нисбатан лейборчилардан кучли босим ўтказилиб, партия бошқарувини бошқага беришга чақириқлар кучайди. Бунга сабаб Лейбор 2024 йилдаги умумхалқ сайловда катта тантана билан ҳукумат тепасига келганидан бери, сайловчилар ишончини оқламади. Стармернинг ўзи сиёсатчи сифатида анча нўноқ эканлиги билиниб қолди.
Бундан ҳозирги популист-фашистлар (Reform ва Restore партиялари) яхши фойдаланяпти, миллиардерлар томонидан молиялаштириладиган медиа ҳам Лейборнинг раҳбарини обориб-опкеляпти.
Уиганга бунинг нима алоқаси бор, дерсиз? Гап шундаки, Стармер ўрнини боса олиши мумкин бўлган сиёсатчи Лейбор сафларида ҳозирча битта, у ҳам бўлса собиқ Манчестер мэри Анди Бёрнам. Аммо Стармерга қарши раҳбарлик мусобақасини очиши учун, Бёрнам биринчи навбатда депутат бўлиши керак. Депутатлик курсисини олиб, Стармердан бош вазирликни тортиб олиши учун эса, у олдин Мейкерфилдда Реформчи Кенйон устидан ғалаба қозониши керак.
Одатда Кенйонга ўхшаган номзодлар тажрибали сиёсатчилар учун "енгил вазн" ҳисобланган бўларди. У мизогинист ва ирқчи, жуда кўп медиада ноқулай вазиятларда ушланган, яқиндаги чиқишларида ҳам фикрларини тўлиқ етказиб бера олмади. Аммо ҳозирги вазиятда "Лейборчи бўлмаса бўлди, овоз берамиз" дейдиганлар кўп, шу сабаб бир нима дейиш қийин.
Мана шунинг учун ҳам бу сайлов нафақат Лейбор учун, балки бутун Британия учун ўта муҳим.
#сиёсат
@profsherzod
4 997
+3
Худди мана шу жойни ва яна бир нечта манзарани энди фотоаппаратда суратга олиб келдим 😊 Қайси бири чиройлироқ чиқибди? 😅
Кўпчилик айфонда олингани яхши, деса, ажабланмайман. Чунки айфон расмга биратўла сайқал бериб, кўришга ва юборишга "тайёр" қилиб чиқариб беради. Фотоаппаратга олинган суратларга эса умуман сайқал бермадим, камерада қандай бўлса, шундайлигича жойладим.
Иккинчи суратда Япония парламенти биноси, учинчи ва тўртинчида Учибори проспектининг қарама-қарши томонлари. Тўртинчи суратда Токио Тауэр (Токио минораси) икки бино орасидан мўралаб турибди 😊
Хўш, тунги #Токио қалай экан?
#Фотосурат
@profsherzod
4 997
Узоқ танаффусдан кейин Ютубдаги каналимга янги видео жойладим 😊 Мавзу: Халқаро конференциялар
Видеони мана бу ҳавола орқали кўринг.
Илм билан шуғуллансангиз ҳам, илмдан йироқ бўлсангиз ҳам, бу видео сизга қизиқ бўлади, деган умиддаман.
Видео ҳақидаги фикр мулоҳазаларингизни, айниқса видеонинг ўзи ҳақида, ёки келажакда кўришни истайдиганингиз видеолар ҳақидаги таклифларингизни илтимос Ютубда, видео тагидаги комментарийларда қолдиринг 🙏
Эътиборингиз учун катта раҳмат!
@profsherzod
4 997
Тарихда мутлақ кучли одам бўлмаган. Ўқийвериб, шу хулосага келаман ҳар гал.
"Буюклар"га асосланган тарихга қанчалик қарши бўлмайлик, тарихга қизиқишимизга ўзи кўпинча шулар сабабчи бўлади.
Булар орасида ҳақиқатда буюкларни олайлик. Цезар. Рим республикасига якун ясаб, империяга кўприк бўлиб хизмат қилган буюк Цезар. Сиёсатчи сифатида ҳам, саркарда сифатида ҳам, зиёли раҳбар сифатида ҳам тенги бўлмаганлардан. Аммо унинг ҳам кучсиз тарафини топиб, суиқасд қилишган.
Унинг издоши, жияни, биринчи император ва империяни мустаҳкамлаган Августни олайлик. У ҳам ҳар томонлама буюк бўлган (гарчи, менинг назаримда Цезарга тенглаша олмасада). Цезарни ўлдирганларни бирма бир йўқ қилганининг ўзи тарихни ўқий бошлаш учун арзигулик ҳикоя. Аммо унинг кучсизлиги—муносиб меросхўр топа олмаганида.
Беш "яхши императорни" бу ёзувда тилга олмайман, чунки уларнинг "яхшилиги" айнан куч ишлатмаслигида ҳам эди.
Қиссадан ҳисса шундаки, қанчалик буюк бўлма, қанчалик оламшумул ишларни қилишга уринма (Наполеонни эсланг), сени чегараловчи омиллар тарихда ҳамиша топилади. Булар ё рақибларинг, ё тақдир (муносиб вориснинг йўқлиги) ёки, ҳозирги замонда, кучингни турли чеклаб турувчи институтлар бўлиши мумкин.
@profsherzod
4 997
Мемлар ҳақида диссертация ёзишни билмадимку, аммо дарс ўтаётганда улар баъзан қўл келади. Масалан, совет тарихи бўйича дарс ўтадиган бир ҳамкасбим космос пойгаси (1950-1960 йилларда СССР ва АҚШ ўртасида космосга учиш бўйича бўлган кимўзар ўйини) ҳақидаги маърузасида мана шу мемни талабаларга намойиш қилганди.
Албатта, камдан-кам талабаларимиз русчани билишади, шу сабаб уни таржима қилиб, энг муҳими унинг моҳияти ва тарихий контекстини тушунтириб беришга тўғри келган.
Аммо менимча аввал сурат ё бошқа визуал сигнал бериб, талабаларда қизиқиш уйғотиб (гоҳида уларнинг ўзларини ҳам уйғотиб 😅), сўнгра тушунтириб берилса, бу тушунтириш талабанинг хотирасида узоқ қолади.
Худди шундай, латифалар ҳам. Совет тарихи дарсларида масалан мен кўп совет латифаларини айтиб бераман, инглизчага яхши таржима қилинадиганларини 😊
@profsherzod
4 997
Носталгия ҳақида
Ўтган куни Иидабаши метро бекатидан ўтдим. Юрмаганимга йиллар бўлган бўлсада, қайси бурилишдан кейин нима борлигини ҳис қилиб турдим. Инсон хотираси ажойиб ишлайди—баъзан кечагина қилган ишинг эсда турмайди, баъзида эса ўн икки йил олдинги манзаралар кутилмаганда, бир лаҳзада кўз олдингда гавдаланади.
Ўн икки йил олдин ҳар куни эрталаб ва кечқурун ана шу бекат орқали университетга келиб-кетардим. Ўша пайтда Кембриж университетида докторант (PhD кандидати) эдим. Японшунослик соҳасида PhD қилсангиз, тадқиқотингиз давомида Япония фонди (Japan Foundation, 国際交流基金) грантига топшириш имконингиз бўлади. Ютсангиз, Японияга келиб, 6 ойдан 14 ойгача тадқиқот қилишингиз мумкин бўлади. Японшунослик билан шуғулланадиган аксарият докторантлар бу грантга топширади, чунки бу архивда ишлаш ёки суҳбатлар уюштириш учун қадрли имкониятдир. Мен ҳам 2013 йил сентябридан 2014 ноябригача ана шу грант билан Токионинг Иидабаши бекатига яқин жойлашган Хосэй университетида тадқиқотчи бўлганман. Кейинчалик китобга айланган диссертациямнинг асосий бобларини шу ерда ёзганман.
У даврларда Токионинг четроғида жойлашган Кодайра маҳалласида, бошқа ўзбек талабалари кўп яшайдиган жойда турардик. Грант оилани олиб келиш имконини берар, Япония фондига илтимос қилинса, оила аъзолари визалари учун керакли ҳужжатларни тайёрлаб беришарди. Токиога келган пайтида катта ўғлим 3 ёшда, кичиги эса 2.5 ойлик эди. Ҳозир биронта сўз эсида бўлмасада, ўша пайтда катта ўғлим япон боғчасига борар, япончада яхшигина гаплашарди. Университетдан чиқиб, кечқурун уйга келганимда, хурсандчилик билан кутиб олишарди. Салкам бир йил Токиода турганлари учун, кичик ўғлим биринчи қадамларини айнан Токиода ташлаган. Кеч тушганда уйга кириб келсам, ўрмалаб келиб, кулиб кутволарди.
Кеча Иидабашидан ўтаётганимда, бекат ер ости йўлагидаги "баумкюхен" кексларини сотадиган дўкончалар, оёқ кийимларни таъмирлаб, бўяб берадиган будка, комбини ва қаҳва сотадиган кичик расталар шунча йилда деярли ўзгармаганини кўрдим. Аммо ғалати нарсани ҳис қилдим—худди тўсатдан 5 туйғум бирданига кучайгандек, онгим негадир атрофни тўлиғича кузатиб, барча сигналларни алоҳида диққат билан қабул қила бошлагандек туюлди. Кейин ўйлаб қарасам, носталгия тўлқини мени кўмаётган экан.
Ўн икки йил олдин, худди шу соатларда (кечки 8 лар), шу расталар ва дўкончалар ёнидан ўтиб, шу ҳидлар ва овозларни туйиб, поездга тушиб Такаданобабагача, у ердан Сейбу йўлидан Кодайрагача кетардим. Тиғиз пайтлари 45 дақиқа поездда тик туриб кетиш ёқмасада, бу йўл мен учун қадрли бўлиб қолганди. Қайсидир лаҳзада яна ўша йўналишда кетадиган поездга ўтириб, Кодайрага бориб, бекатдан 10 дақиқача юриб, ўрта мактаб қаршисидаги қизил ғиштли иморатнинг учинчи қаватидаги эшигини тақиллатсам, катта ўғлим "Дадам келди!" дейдигандек, унинг ортидан эса укаси мен томон эмаклаб, тиши йўқ оғзи билан кутиб оладигандек туюлди...
#Хотиралар #Токио #МенБилганЯпония
@profsherzod
4 997
Бу—менинг "Токио" номли югуриш оёқ кийимим.
Нега "Токио"? Чунки Найк уни Токио 2020 олимпиадаси олдидан ишлаб чиққан. Пегасус чизиғи таркибида, 38-модел дизайнига ана шу "Токио" дизайниниям қўшган (чизиқ нима, дизайн нима, бош қотирманг. Югурувчилар Peg 38 нималигини билади 😅)
Мен уни 2021 йилда олганман. Ниятим, бир кун Токиода кийиб югуриш эди. Ўша пайтда бориш режам аниқ эди. Аммо коронавирус бошланиб, Токио тугул Лондонга бориш муаммо бўлиб қолди.
Кутилмаганда, 2022 йилда Японияга, Сендайга борадиган бўлдим. Оёқ кийимни кийиб, Сендайда югурдим. Токиога келганимнинг эртаси эса, коронавирус юқтирдим. Шу билан "Токио" Англияга қайтиб кетди.
Уни кийиб кўп югурдим, жами 1400 кмдан кўп (югуриш оёқ киймини 1000 кмдан кейин ташлаш керак). Бу йил Токиога келишим аниқ бўлгач, олиб келмасам бўлмасди. Боғлари узилган, ички қатлами йўқолган бўлсада.
Кеча "Токиони" кийиб, Токио кўчаларида югурдим. Энди кетгунимча яна бир неча марта югуриб, бу оёқ кийимни Токиода қолдириб кетаман.
#югуриш #Токио
@profsherzod
4 997
Repost from Головнин из Токио
Вчера по Тихому океану вдоль побережья Японии пролетел тайфун «Чанми» («Роза» по-корейски) – им вовсю запугивали, обещали ужасы, обвалы и наводнения. Но, в сущности, ничего не случилось, кроме рухнувших где-то в глубинке прогнивших священных ворот «тории» перед провинциальным синтоистским храмом. Ну и под два десятка человек получили в основном ушибы – упали, поскользнулись на мокрой плитке и т. д. Однако сегодня небо над Токио по-прежнему затянуто низкими серыми тучами – приближается сезон дождей, а потом и лето с его жарой и сумасшедшей влагой. Местные красавицы в это время любят наряжаться вечерами в легкие кимоно, которые им невероятно идут. Шалостями занимаются и местные лисы-оборотни – они не прочь обернуться очаровательной девицей и заморочить голову одинокому прохожему.
4 997
Токиода ўзи нима қиляпсиз, деб сўрасангиз, жавоб берай: меҳмон тадқиқотчиман. Япониянинг (ва қайсидир нуқтада бутун Осиёнинг) энг зўр университети ҳисобланадиган Токио университетининг илғор тадқиқот марказларидан биридаман.
Бугун ана шу буюк университетнинг ажойиб бино ва дарахтларга тўла кампусида юрганимда, юрагим меҳмон тадқиқотчиларини қучоқ очиб кутиб оладиган, улар учун шароит яратадиган, керак бўлса маблағ ажратиб, қўллаб-қувватлайдиган университет, жамғарма ва домлаларга миннатдорчилик билан тўлди.
Тўғри, ҳозирги Токио сафаримни бу университет молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаётгани йўқ. Инқирозга яқин турган Англия ва умуман Европа университетларида (Оксбриж ва бошқа "илита" жойлар бундан мустасно, албатта) домлалар ҳозирги кунда асосан "ўзинг учун ўл етим" тамойилига кўра иш тутади. Яъни, четга чиқиб тадқиқот қилмоқчимисан, маблағни ўзинг топасан.
Ўтган йили Japan Forum журналига бош муҳаррирлигимда менга ажратилган бироз тадқиқот маблағи устига, Япониянинг яна бир жамғармасидан яна бир кичик грант ютиб, келганман. Ҳар уч йилда бизга бир семестр "саббатикал", яъни дарс ўтмаслик ҳуқуқи берилади. Ҳозирги семестрим шундай бўлгани сабаб, Токио сафарини айнан шу пайтга тўғирладим.
Токиодаги Осиё тадқиқотлари институти эса менга фақат маъмурий ёрдам бермоқда. Менга меҳмон тадқиқотчилар хонасидан иш ўрни, университет кутубхоналарига ва институт биносига кириш ҳуқуқини берувчи карточка, вақтинча бўлсада, университет домлалари фойдаланадиган бошқа имтиёзлар.
Аммо ана шу ёрдам, аслида, энг муҳими. Олдин ҳам ёзганимдек, саёҳатлар одамларни кундалик ташвишлардан узоқлаштиргани билан ёқимли. Илмий саёҳатлар ҳам шундай: мен ҳозир университетдаги мингбир вазифаларимдан узоқда, дарс ўтмасдан, талабаларнинг ёзма ишларини текширмасдан, кунига 20 талаб имейл ёзмасдан, йиғилишларда қатнашмасдан, бошқа bullshit jobs'ларга оид сабабсиз ва мазмунсиз мингта вазифаларга чалғимасдан, эрталабдан фақат ва фақат илмий ишим билан шуғулланиш, Кал Нюпорт таъбири билан айтганда "чуқур ишлаш" имкониятига эгаман.
Келганимнинг учинчи куни бўлишига қарамай, Англияда бир ҳафтада ҳам қилиб тугатолмайдиган ишларимни қилиб улгурдим, дея оламан. Эрталаб туриб, ўзимга нонушта тайёрлайман, кийиниб, университетгача 20 дақиқа пиёда юраман. Комбинидан ё кампусдаги Старбаксдан битта қоп-қора қаҳвани олиб, менга ажратилган иш ўрнига йўл оламан. (Кеча ёмғир сабаб бир ўзим ўтирган бўлсам, бугун мендан ташқари яна икки тадқиқотчи бор экан, ҳали танишиб ололганимча йўқ.) Ва обедгача ишлайман, обедда яна комбинидан енгилроқ бирон нима, ёки кампус ошхонасидан талабалар ейдиган овқат, ё шу атрофдаги ресторанлардан бирига бораман, қайтишда яна бир қаҳва оволаман (қаҳва муаммосини креатив ҳал қилмасам, ҳамма пулим шунга кетиб қоладиганга ўхшайди 😅).
Хуллас, меҳмон тадқиқотчиларга шароит яратиб, ёрдам берадиганларнинг отасига раҳмат!
#Токио #Университетлар #Саёҳатлар #ТарихчиКундалиги
@profsherzod
4 997
Токио тайфун билан кутиб олди
Кеча эрталаб Токио университетининг меҳмон тадқиқотчилар учун ётоқхонасига жойлашдим, 3 ой давомида ишлайдиганим Токио университетининг Осиё илғор тадқиқотлари институти ходимларига бориб ўзимни таништирдим, кутубхона билетини, менга ажратилган хонанинг калитини олдим. Энди ёз ойларида жавлон уриб меҳнат қилиш қолди, холос 😊
Ётоқхона университетдаги иш ўрнимдан 20 дақиқалик йўлда жойлашган. Яъни, поезд ё бошқа транспортга ўтирмасдан, бемалол пиёда бориб келса бўлади. Умримда Токио марказида яшаб кўрмаганим учун, мен учун бу жуда ғалати туюляпти, чунки шу пайтгача албатта университетга транспортда боришга тўғри келарди.
Ёмғирга эса ўрганганмиз (менга "Ёмғирни Англиядан сен олиб келдинг," деб ҳазил қилишяпти), аммо унга умуман тайёр эмасдим. Ўша 20 дақиқалик йўлда шалаббо бўлдим 😅 Ҳарҳолда, инглиз ёмғиридек совуқ эмас, илиққина ёмғир бу.
#Токио #МенБилганЯпония
@profsherzod
