Prof. Sherzod
Open in Telegram
Оддий инглиз университетида дарс бераман. Олий таълим, саёҳат, адабиёт, Япония, Англия, университетлар, футбол ва ҳоказо мавзуларда кундалик ёзувлар. PhD (Cantab).
Show more4 999
Subscribers
-424 hours
-307 days
+830 days
Posts Archive
4 999
"Алма материм" Кембрижнинг репутациясига охирги ойларда кўп путур етди.
Университет ўтган ойда Жейсон Ардей можароси сабаб диққат марказига тушган бўлса, энди яна бир профессори一Жеймс Орр一медиа гирдоби марказида қолди.
Орр Британиянинг ўта ўнгчи партияси бўлмиш Реформнинг сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчиси эди. Айни пайтда, Кембриж университетининг диншунослик факултетида профессорлик ҳам қиларди.
Жейсон Ардейдан фарқли, Жеймсни танийман, бундан 10 йилдан кўпроқ олдин кўп маротаба мулоқот қилганман. Кейинроқ бу ҳақда батафсилроқ ёзаман.
Бугун эса яна Кембрижни айланишга кетяпман.
#Университетлар #Кембриж
@profsherzod
4 999
#КаналгаСаволлар
Европа японшунослик жамияти (EAJS) конференцияси ҳақидаги юқоридаги ёзувимга ўқувчиларимдан бири савол берибди. Савол мазмуни шундаки, японшунос бўлсангиз, шу ва шу каби нуфузли халқаро конференцияларда кузатувчи сифатида қатнашишингиз мумкинми?
Ўзларига канал чатида жавоб бердим, аммо жавобим бошқаларга ҳам фойдали бўлиши мумкин, деб ўйлаб, алоҳида ёзув шаклида ҳам чиқаришга қарор қилдим.
Демак, халқаро конференцияларда маърузачи ёки кузатувчи (маъруза қилмасдан, шунчаки бошқаларнинг маърузаларини тингловчи) сифатида қатнашиш мумкинми?
Жавоб: албатта. Айниқса конференция соҳаси бўйича тадқиқот қилсангиз (қайси тилда тадқиқот қилишингиз муҳим эмас) ва инглиз тилида мулоқот қила олсангиз. Ҳар конференция ҳар хил (баъзилари маълум бир гуруҳ учун, яъни ёпиқ бўлади), аммо айнан EAJS конференциясида қатнашиш учун маъруза билан чиқишингиз шарт эмас.
Шу орада бир нарсани айтиб ўтиш керак: бу конференцияларда иштирок учун тўловлар бор. Яъни, маъруза қилмаслигингиз мумкин, аммо тўловни амалга оширмасдан қатнашиб бўлмайди. Баъзи ривожланаётган минтақаларни ўрганадиган ва шуларга қаратилган илмий жамиятларнинг конференциялари шу минтақалардан (масалан, Осиё ё Африка) келадиган ёш олимларга анжуманда қатнашиш учун стипендиялар таклиф қилиши мумкин, аммо шундай бўлган тақдирда ҳам, буларнинг сони жуда чекланган бўлади.
Қисқа қилиб айтганда, пул керак. Ҳар доимгидек, пул керак.
Қандай тўловлар, дейсизми? Биринчидан, тадқиқот жамиятига аъзо бўлиш учун тўланадиган бадал. Буни тўламасдан конференцияда қатнаша олмайсиз. Стажингизга қараб, бу тўлов 100 евродан 250 еврогача бўлиши мумкин (айнан шу конференцияда; баъзи Шимолий Америка конференцияларида бунданда баланд бўлади). Шахсан ўзим лавозимимдан келиб чиқиб 250 евро тўладим. Бундан ташқари, конференциянинг ўзида қатнашиш бадали ҳам бор, мен учун 295 евро бўлди, аммо бунга охирги банкет учун тўланган 30 евро ҳам киради (ҳамма тўлаши шарт эмас).
Албатта, бу тўловлар йўл ва яшаш ҳаражатларидан ташқари. Мен Лондондан учганим учун, лоукостер Райанэйр билан арзонгинага Познанга етволдим, аммо бизнинг сессиямизда қатнашиши керак бўлган австралиялик ё АҚШлик олимларнинг кўпи келолмади (халқаро билетлар нархларини 2 баравар оширишга қўшган салмоқли ҳиссалари учун АҚШ президентига алоҳида ташаккур айтиб қоламиз).
Познандек унча катта бўлмаган шаҳарга бир вақтда 2,000 конференция иштирокчиси келганида меҳмонхоналар нархлари ҳам бирданига ошиб кетиши кузатилиши турган гап.
Ботаётган Британия бўлсада, менга ўхшаган илмий ходимлар уердан-буердан қилиб, шу ҳаражатларни қоплаш йўлларини топади. Одатда ташқи грант олади, ёки университетлари қоплаб беради (бир неча юз евро ҳатто қийналиб турган Европа университетлари учун арзимаган пул).
Аммо бундай ҳаражатлар ривожланаётган давлатларда ишлайдиган, аммо шундай нуфузли конференцияларда қатнашишни истайдиган ёш тадқиқотчилар учун катта тўсиқ бўлишини яхши тушунаман.
Ёш олимларимизни халқаро анжуманларда қатнашишга ундаб қоламан ва бу йўлда ўз маслаҳатларимни аямайман. Аммо бундай олимларни қўллаб-қувватлайдиган фондлар ва саҳоватпеша гратнларнинг кўпайишини ҳам тилайман. Илмни қўлламасдан тараққиётга етишиб бўлмайди.
#Конференциялар
@profsherzod
4 999
Мустақиллигимизнинг ўттиз беш йили муборак бўлсин!
Мустақиллигимиз абадий бўлсин!
🇺🇿🇺🇿🇺🇿
@profsherzod
4 999
+4
Кеча Полшанинг Познан шаҳрига келдим. Бу ерда Европа японшунослик жамиятининг (European Association for Japanese Studies) конференциясида қатнашаман. Эртага ва индин икки сессияда маъруза қиламан.
EAJS конференциялари ҳар уч йилда Европа шаҳарларидан бирида ўтади. 2023 йилда Белгиянинг Гент шаҳрида бўлиб ўтган.
Асосан Европадаги японшуносларни бир жойга йиғадиган анжуман бўлсада, бошқа қитъалардан ва Япониянинг ўзидан ҳам қатнашчилар кўп келади. Кеча аэропортнинг ўзидаёқ таниш чеҳраларни кўрдим, мен турган Эски Шаҳар маҳалласидаги меҳмонхоналарда ҳам. Қанчалик глобаллашган бўлмасин, японшунослик нисбатан тор дунё ва йиллар давомида конференцияларга бораверсангиз, кўпчиликни ё кўрган бўласиз, ёхуд нима иш қилишини биласиз.
Познаннинг ўзи эса ажойиб жой экан, ҳақиқий европача шаҳар. Трамвайиларини кўриб, кўзим қувнади, видеога олдим. Трамвайлар ҳақида алоҳида видеода кўрасизлар, насиб.
Конференция тугагач, туманли Албионга, янги семестр учун тайёргарликка қайтаман.
#Конференциялар #Европа
@profsherzod
4 999
Май ойи охирида Японияга кетиш олдидан, "Уч ой Японияда бўламан, шунча нарсага улгураман, қанчадан-қанча архивларни титиб чиқаман, олдин қилмаган ишларимни қиламан!" деган ҳаёл бор эди. Уч ой ростан узун даврдек кўринганди.
Ўтган ҳафта Японияни тарк этиш олдидан, ана шу уч ой қанчалик тез ўтиб кетганини ўйладим. Одатда шундай бўлади, нисбийлик назариясига мисол ҳам қилиб кўрсатиладику: келажакка қараганда маълум бир муддат узун туюлса, ўша муддат ўтиб кетгач ортга қараб кўрилса, тез ўтгандек туюлади.
Япониядан кетишдан олдинги бир неча кунда улгурмаган ишларимни, кўрмаган нарсаларимни, ўқий олмаган тарихий манбаларимни ўйлаб, қанақадир маҳзунлик сездим.
Ўзимча ўйладим: ўлим тўшагида ётган инсон ҳам шунга ўхшаш туйғуни ҳис қилса керак: шунча вақтим бор деб ўйлагандим, аслида мен ўйлаганимчалик кўп эмас экан, шунча қилинмаган иш, ёзилмаган сатрлар, олинмаган суратлар, сўралмаган узр қолиб кетди, деб...
Ҳар бир кичик видолашув бизни энг олий, якуний видолашувга тайёрлайди.
#Мулоҳазалар
@profsherzod
4 999
Жейсон Ардей ҳақида
14 август куни уйидан жасади топилган Жейсон Ардей (Jason Arday) ҳақида эшитгандирсиз; эшитмаган бўлсангиз, бу ёзувни ўқинг.
Ёзувда нафақат бу инсон ҳақида, балки унинг ўлимига етаклаган воқеалар нима учун Британия университетлари жар ёқасида экани ҳақида ҳам фикрларимни ёзмоқчиман.
Ўтган ой охирларида Кембриж университетининг "энг ёш қора танли профессори" деб улуғланган Жейсон Ардейнинг аслида ўз иш ўрнига лойиқ эмаслиги ҳақида турли фикрлар инглиз медиасида тарқала борди.
Асосий танқидлар унинг илмий иши, яъни докторлик диссертацияси, муаммоли экани ҳақида эди. Бир неча манба бу диссертациядан плагиат аломатларини топганлиги ёзилди (плагиат: бировнинг ёзганларини, ёки умумий ғояларини ўзиники қилиб кўрсатиш).
Шундан сўнг Ардей ҳақида бошқа маълумотлар юзага чиқа бошлади. Танқидлар шунчаки унинг илмий фаолияти билан чекланиб қолмади. Айтишларича, Ардей нафақат илмий фаолиятини ёлғонлар устига қурган, балки шахсий ютуқлари ҳақида ҳам ҳақгўй бўлмаган. Нима сабабдан, билмаймиз, аммо у ўз резюмесига кўп уйдирма "ютуқларни" қўшгани айтилади. Масалан, 35 кунда 30 марта марафон югургани (бир марафон 42.2 километр узунликда бўлади), вҳк.
Бир неча кун давомида, Британиянинг деярли бутун медиаси бир кишини муҳокама қилди. Булар орасида Ардей ҳақиқатда Кембрижда ишлашга нолойиқ бўлган, шунчаки қора танли бўлгани учун ишга олинган, дейдиган ирқчи ёки ўнгчи овозлар энг баланд чиқди.
Кембриж университетини қоралаган овозлар ҳам кўп бўлди. Асрлар давомида оқ танли мустамлакачиларни ва юқори табақа вакилларини ўқитиб келган бу даргоҳ ўз номини оқлаш учун ҳам кўп текшириб ўтирмасдан Ардейни шунчаки қора танли бўлгани учун, "хилма-хилликни қўллаб қувватлаймиз" деган позицияни билдириш учун ишга олган, дейдиганлар кўп бўлди.
Бу кучли босим остида 9 август куни Ардей истеъфосини эълон қилди, орадан беш кун ўтиб эса, ҳаётдан кўз юмди. Уни ўлимидан олдин кўрган дўстлари Ардейнинг жуда озиб қолганини ва "бу вазиятдан чиқиш имконсиз" деганини эслашди.
Шахсан мен учун бу ҳикояда Ардей 100% жабрдийда ҳам эмас, аммо ўнгчилар айтганидек, айбдор ҳам эмас. Кембриж университетига ишга таклиф қилиниб, уни қабул қилгани учун Ардейни айблаб бўлмайди. Бундай вазиятда Кембрижга йўқ дейдиган одам жуда кўп эмас.
Кембриж университетида масъулият кўпроқ, чунки ишга олиш жараёнини хом амалга ошириб, улар ўз ишини тўғри бажаришмаган. Бир неча университетга ишга топшириб кўрган одам сифатида, Кембрижга ишга ўтиш қанчалик қийинлигини биламан. Шахсан ўзим у ерларни орзу ҳам қилмайман, десам, муболаға бўлмайди.
Балки шу сабабдан, Ардейнинг шундай юксак жойга олингани унга ва у тимсоли бўлган озчиликларни ёмон кўрадиган, иложи борича уларга қарши ҳаракат қиладиган кучларнинг тилини узун қилди.
Аслида, бу фожиада университетлар атрофидаги вазият айбдор, деб ўйлайман. Шахсан менинг фикримча, университетлар ҳудди тиббиёт ё электр таъминот тизими каби, умумхалқ (public) қарамоғида бўлиши керак. Университетларни хусусийлаштириб, ўзини бозорга солишга мажбурлайдиган, ходимларини эса "хизмат кўрсатувчи" сифатида кўрадиган тизимда бундай фожиалар бўлиши шубҳасиз.
Британия университетлари эса йилдан-йилга олий таълимнинг "маҳсулотлашуви" шароитида чўкаётган одамлардек саросимада юришмоқда. Яқин келажакда улардан бир нечтаси бутунлай йўқ бўлиб кетса, ҳайрон қолмайман.
Кейинги Ютуб видеоларимнинг бирини алоҳида шу мавзуга бағишлайман.
#Университетлар
@profsherzod
4 999
Мадина Зарифнинг юқоридаги ҳар доимгидек ажойиб ҳикоясини ўқиб, ота-оналаримиз ҳақида ўйладим. Яъни биз, 90-йиллар болаларининг ота-оналарини.
Бизнинг авлод вакиллари орасида "биз йўқотилган авлодмиз" деган гапни эшитиб тураман. Аммо аслида икки давр орасида йўқолиб қолган авлод ота-оналаримиз авлоди, 1950 йиллар ўрталаридан 1960-йиллар бошларигача туғилганлардир.
Буларнинг кўпчилиги Брежнев даврида улғайиб, ўқиган. Балки шу сабабдан, ҳозир етмишларга кирган авлод орасида бу даврга меҳр бўлакча. Тарихда "турғунлик" даври сифатида кўрилсада, урушдан кейинги совет тарихида иқтисодий жиҳатдан барқарорроқ ўнйиллик бўлган. Ундан олдинги 1960-йиллар Хрушчевнинг авантюралари, ундан кейинги 1980-йиллар эса кетма-кет ўлган қария раҳбарлар ва Горбачёвнинг перестройкаси билан ажралиб турган. Шу сабабдан, ота-оналаримиз авлоди қайсидир маънода 70-йилларни, ўз талабалик олтин даврини, ёшлигини қўмсашини тушуниш мумкин.
Аммо бу олтин давр учун улар кейинчалик улкан бож тўлашган. 1990-йилларнинг бошида уларнинг кўпчилиги ўттиз билан қирқ орасида, яъни одам ҳаётда ўз ўрнини топиб, касбий ва иқтисодий барқарорликка эришадиган даврга киришган. Шундай пайтда, инглизча ибора билан айтганда, ҳудди кимдир уларнинг оёқлари остидаги гиламни тортиб олгандек бўлган. Бутун умр ишониб келган нарсаларини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлишган. Кўпчилик олдин қилган ишини ташлаб, бозорга чиққан. Кета олган четга кетган (бизда бундайлар анча кам бўлган).
Ҳозир бизга узоқ туюладиган 90-йиллар кўпчилик учун улкан синов йиллари бўлган.
@profsherzod
4 999
Repost from Madina Zarif
GOFRET
90 йиллар кўпчилик оилалар учун оғир келган эди.
Энди мустақилликка эришган даврларимиз, озиқ овқат танқислигидан зиёда ойлик тушиши қийин. 70 йил Москвага қарам бўлган ўлка ва корхоналар янги даврда ҳали ўз йўлини топиб кетмаган.
Ва айнан ўша пайтда чет элдан - асосан Туркиядан турли сақич, ширинлик ва бананлар кириб кела бошлаган. Қишлоқ болалари ва нафақат бу ширинликларни қадоғини сақлаб қўйишни ва бир бирига азза базза мақтанишни ҳам канда қилмайди. Бу бир мағрурлик сабаби.
Онам ўқитувчи бўлиб ишлайди. Колхозда тракторчи бўлиб ишлаган ўгай отам эса ишсиз. 3 бола нимадир еб ичиши ва нималардир кийиши керак.
Уйга ширинлик нари турсин, оқ ун кирса ўзимизни бойдек ҳис қиламиз.
- Ёғ ва ун бўлса оч қолмаймиз, деган ёзилмаган қонун бор. Уйга гўшт кирмай қўйганига анча бўлган. Бундай ширинликларнинг қадоғини ўртоқларимнинг китоблари орқасида кўраман ва бир тамшаниб қўяман.
Онамнинг сумкаси
У доим мени ўзига тортган.
- Сумкамни ковлама, деб неча марта айтай сенга, деган койишни минг маротаба эшитган бўлсамда, ҳар гал онамнинг сирли ифор таратган сумкаси мени ўзига чорлайверарди.
- Қараб кўр, бугун балки бир нарса олгандир аянг, дерди у доим. – Кел, доим титкилайсанку, аянг сезмайди, менда бир нарсалар яшириб қўйилган.
Ва мен яна бу алдовга енгилиб сумкани титкилашга тушардим.
Ўқувчилар дафтарлари, кўзойнак, ручка, қалам. Ўқитувчи қуроллари.
Ҳар гал ҳафсалам пир бўлсада, эртаси куни яна айни ишни такрорлардим. Ва буни нафақат мен балки укаларим ҳам бир биримиздан яширган куйи қилардик. 😊
Бир кун кечки овқатни биргаликда еб бўлгач, ҳеч кутилмаганда онам:
- Сумкамни олиб кел, - деб қолди.
Ҳали сумкани титиб улгурмаганим боис югуриб бориб сумкани олиб келдим. Онам ичидан шоколадли вафли чиқарди. Қизил, устига сариқ, қизил ёзувлар билан ülker
Çikolatali gofret деб ёзилган. 1 дона.
Секин очди ва унинг ҳиди худди дунёни тутиб кетгандек бўлди. Пичоқ билан 4 бўлакка бўлди. Ўзига жуда кичик парча қолдирди. Бу шундай катта бахт эдики, дунёга сиғмасдим. Бир томондан нафсим қитиқлар, бошқа томондан кейинги ойгачан пулимиз етмай қолишидан хавотир ичимни эзарди.
- Ая, қанча экан? – дедим ҳамон ютқиниб.
- 5 сўм.
5 сўм биттагина шоколадли вафли учун қиммат эди. Бир дона тандир нон 8 сўм эди ўшанда.
- Ўйлама сен уни, эртага Худо пошшо, деди онам.
3 бола вафли қоғозини топ тоза қилиб ялтиратиб яладигу, кейин ким бу қадоқни китоби орқасига қўйиб синфдошлари олдида мақтанишини талашдик. Ва бу имконият яна аразчи укамга берилди.
Ора-сира онам бу вафлидан 1 дона олиб келадиган ва тўртовимиз бўлиб ейдиган бўлдик.
Ҳар гал, ҳеч истисносиз ҳар гал бу шоколадли вафли мени айнан ўша қишлоқ уйимизга, пичоқ билан 4 бўлакка бўлинган ва 1 бўлаги бошқаларидан кичикроқ бўлган дастурхон бошига, ҳали ёш онам, ҳали кичик укаларим ёнига олиб кетади.
Ўша пайтлар бир куни пулимиз кўўп бўлиб ҳар биримизга биттадан шоколадли вафли ола олишимизни орзу қилганларимизни ёдга солади.
Бугун бу шоколаддан 6 дона олдим.
Ва ўтирдиму, ўша кичик қиз Мадина бўлиб бир бутун шоколадни паққос туширдим.
Мен буни ҳар сафар бу вафлини кўрганимда қиламану, аммо ичимдаги армон кетмайди.
Чунки ортиқ 4 киши бўлиб бир дастурхон бошида тўпланолмаймиз ва ўша пайтлар орзу қилганимиздек, ҳар биримиз биттадан шоколад олиб ея олмаймиз.
Муаллиф: MadinaZarif
4 999
Давоми...
Аммо икки ҳайдовчи бизнинг соқолли шоввозни эплай олишмади. Шунда можарога ногирон ва қариялар ўриндиғида ўтирган отахон аралашди. Бу ёшдаги нуроний отахондан шахсан мен кутмайдиган муомала кўрсатиб, соқолли дўстимизга "омаэ" деб мурожаат қилди. Япончада ҳатто "сен" сўзининг бир нечта варианти бўлиб, вазият ва танишлик даражасига қараб белгиланади. Яъни, танимаган одамга "омаэ" деб одатда фақат якузалар мурожаат қилади.
Буни эшитган соқол телефонини қарияга йўналтириб, бир нималар дея кетди. Мен бироз ҳавотир билан у ҳозир қарияни дўппослай бошлайди, деб кута бошладим, ҳайдовчилар полиция чақиргандир, деб умид қилдим. Соқолли фуқаро қарияни дўппослай бошласа, ҳайдовчилар аралашар, деган умид ҳам уйғонди.
Бутун автобус бу можарони ҳайрат билан кузатар эди. Шу пайтда орқадаги автобуснинг ҳайдовчиси йўловчиларни ўз автобусига ўтказди. Мен ва бир нечта ёш яланг иккиланиб қолдик: орқадаги автобусда кетсакми, ё воқеалар якунини кузатсакми. Мен кўп ўтмай уйга қайтишга қарор қилдим, ёшлар эса қолди.
Автобусимиз ўрнидан қўзғалгач, қолган автобусдаги воқеаларга сўнгги назарни солдим. Соқолли кепкали шоввоз бир қўлида телефон, иккинчи қўлининг бармоғини бигиз қилишда давом этар эди...
#МенБилганЯпония #Токио
@profsherzod
4 999
Катта Японияда ҳам кичик кўнгилсизликлар бўлиб туради
Охирги икки кунда ғалати, олдинлари Японияда кузатмаганим воқеалар юз берди.
Биринчиси: якшанба куни бир ёши катта профессор билан учрашиш учун машинада Йокоҳамадан Кунитачи томон чиқдик. Йўл жуда тирбанд эди, аммо буни якшанбалигига йўйдим. Ҳамма денгиз бўйига отлангандир, маъносида. Аммо тирбандликда ярим соат тошбақа тезлигида судралиб юргач, унинг сабабини тушундик: йўл ўртасида уч машина иштирокида авария юз берган экан.
Шу пайтгача мен Японияда авариялар камдан-кам бўлади, деган тушунчага эга эдим. Аслида ҳам шундай. 125 миллион аҳоли яшайдиган, йўлларида салкам 80 миллион машина юрадиган бу давлатда бир йилда йўл-транспорт ҳодисаларида 3,000 дан кам одам нобуд бўлади. Масалан, 2025 йил давомида бор йўғи 2,547 одамгина йўлларда ҳалок бўлган, бу эса рекорд паст кўрсаткич.
"Бор йўғи 2,547" киши деган статистика сизларга эриш туюлар, аммо бу ростанам жуда жуда паст рақам. Масалан, аҳолиси ва машиналари сони Японияникидан анча кам Францияда йилда ўртача 3,000 дан кўп одам ўлади, АҚШда эса йилда бу статистика одатда 35,000-40,000 га тўғри келади.
Шундай бўлсада, бундай одатда жуда тинч давлатда ҳам авариялар бўлиб туриши аниқ. Кеча кўзим билан кўрдим.
Бугун кечқурун эса ўзим яхши кўрадиган Такаданобаба маҳалласида китоб дўконини айланиб, овқатланиб, қайтиш учун Уэно паркига борадиган ва менинг ётоғим олдидан ўтадиган 69-автобусга чиқдим. Бир неча бекатдан сўнг ёнимдаги ўриндиққа спорт кийимини кийиб, кеч бўлишига қарамай қора кўзойнак таққан, узун оқ соқолли бир инсон келиб ўтирди. Шу пайт айдовчи микрофонга "Чемодан эгаси, илтимос уни ёнингизга олинг" деб эълон қилди. Қора кўзойнакли "чол" бутун автобус эшитадиган қилиб "Чемоданнинг ғилдиракларига тормоз қўйганман!" деди. Ҳайдовчи ўзиникида турволди. Соқолтой ҳам эгардан тушмади. Ҳайдовчи автобусни ўчириб қўйди. Соқоллик эса унга кўча тилида "Нима қипти, чемоданим билан нима ишинг бор, автобусингни ҳайдамайсанми?" деган гап қила бошлади.
Яъни, автобусдаги ўртача ҳарорат тўсатдан кўтарила бошлади. Тошкентда бундай вазиятларни кўп кузатганман, йўловчи билан муштлашиб кетган трамвай кондукторини ҳам кўрганман, аммо Токио учун бу ажойиб тарзда янги вазият эди. Қизиқиш билан воқеалар ривожини кузатишда давом этдим.
Улар эса қисқа муддат ниҳоятда қизиқ ривожланди. Ўдағайлаб турган қора кўзойнакли соқолтой шаҳд билан ҳайдовчи кабинасига яқинлашиб, чўнтагидан телефонини чиқариб, "Автобусдан тушиб кетинг!" деб талаб қилаётган ҳайдовчини видеога ола бошлади.
Қизиғи, камерасини ёққач, кўзойнакли соқолли инсоннинг муомаласи жуда юмшади, мулойимлашди. Ўзини видеотасвирда ниҳоятда тарбияли инсон, жамиятнинг виждонли аъзоси сифатида кўрсатгиси келди, чоғи 😅
Баҳс яна бир неча дақиқа шу тарзда давом этди. Жуда қаттиқ графикка кўра ишлайдиган Токио автобуси бўлгани учун, соқолли йўловчи сабаб автобусимиз шубҳасиз графикдан чиқиб кетди. Буни биз кўп ўтмай орқамизга келиб тўхтаган яна бир 69-автобус ҳайдовчисининг бизнинг автобусга кириб келганидан билдик.
@profsherzod
4 999
Токиодан қандай видеолар олай? Сизларга қандай видеоларни кўриш қизиқ бўлади?
Токиога келган кунларим ёза бошлаган видеомни энди таҳрир қилиб, Ютубга жойладим.
Видеода Токиодаги ҳозирги ётоқхонамда қаҳва ичиб ўтириб, бу гал нима сабаб Японияга келганим, бу ерда қандай тадқиқот қилишим ва энг муҳими—қандай видеолар олишни режалаштираётганим ҳақида гапирдим.
Видео ўзи 4 дақиқагина, тез осонгина кўрилади. Мана бу ҳаволадан кўришингиз мумкин.
Аммо сиздан илтимос шунчаки видеони кўриш эмас, балки менга Токиодан қандай видеолар кўришни хоҳлашингиз ҳақида комментарийларда ёзиб қолдиринг. Бу видеоларнинг барчасини бу ердалигимда жойлай олмаслигим аниқ, аммо SD-карталаримнинг барини тасвирга тўлдириб кетиб, Англияда аста-секин, сабр билан бирма-бир тайёрлаб жойлайвераман.
Фикр-мулоҳазаларингиз менга жуда қизиқ ва муҳим! 😊🙏
#YouTube
@profsherzod
4 999
Ҳеч қачон ўқувчи сони ортидан қувмаганман. Кўпроқ ўқувчи ўқисин деб, оммабоп мавзуларда ёзишга ҳам ҳаракат қилмаганман. Каналимнинг ўртача аудиторияга эга канал бўлиб қолишига шубҳа қилмайман. Мен ёзадиган мавзулар сенсацион эмас, турли видео блогерлар каби одамларнинг диққатини тортадиган нарсалар ҳақида на ёзув, на видео тайёрлайман. Тайёрлайдиган видеоларим бари жамиятнинг жуда кичик қатламига ёқади. Вҳк вҳк.
Аммо каналим аудиториясини кузатиб, бир нарсага аҳамият бердим. Каналга ёзилганлар сони беш минг атрофида, аммо ҳар бир ёзувни минг киши, нари борса икки минг киши ўқийди. Яъни, бу агар бирон бир ёзувимни аудиторияси меникидан бир неча карра катта канал ўз ўқувчилари орасида тарқатмаса.
Катта эҳттмол билан бу ҳозирги даврдаги информацион тўйиниш оқибати бўлса керак. Маълумот шунчалик кўпки, одамлар меникидек ҳафтада бир ёзадиган каналга ёзилиб ҳам, камдан-кам ҳолларда ёзувларини кузатиб боради.
Кейинам, ихтисослашиш деган нарса ҳатто Телеграмдаги каналлар учун ҳам муҳим. Яъни, меникига ўхшаб "бир тоғдан, бир боғдан" келадиган, бир куни китоблар ҳақида, эртаси куни Токио метроси ҳақида ёзадиган тутуруқсиз каналлар муқим бир аудитория қозониши ҳам амри маҳол.
Умуман олганда, шундай бўлгани ҳам яхши. Катта аудитория энг муҳими эмас. Ёзувларимни ўқийдиган минг эмас, юз кишининг борлиги ҳам ажойиб шарафдир. Бу ердаги фикрлар эса шунчаки мени ўқиётган (ва ўқимаётган) одамларни тушунишга бир уриниш эди холос 😅
@profsherzod
4 999
Глобал тарих ва бошқарув мавзусида тадқиқот қиладиган қалби қайноқ ёшлар—топширинглар!
Ўтган йили мана шу пайт, июлнинг охирида, Неаполга илк марта боргандим. Бу шаҳарни бир кўришда севиб қолдим, дея олмайман, аммо бир неча кун туриб, нақадар ажойиб жой эканини кўрдим. Мана шу ниҳоятда бетартиб ва ниҳоятда гўзал жойда тўрт йил яшаш имконияти учун ҳам мана шу PhD дастурига ҳужжат топширишга тайёрман 😅
Аммо нафақат шаҳар учун, балки дастур ва университет учун ҳам топширса арзийди. Қизиқиб кўринг, четда PhD қилишни истаб юрган ёш тарихчи олим бўлсангиз, топширинг.
Батафсил маълумотлар мана бу ерда.
#Стипендиялар
@profsherzod
4 999
Ингланд 1-2 Аргентина
Яхши ўйин бўлди, а? 😅
Ингланд яхши ўйнади. Тактик сабабларга кўра ютқазди.
Креатив ўйинчилари кўп жамоага қарши 60-дақиқадан ҳимояга бутун жамоа бўлиб ётволиш камдан-кам ҳолларда яхшилик билан тугайди.
Жуда соддалаштириб юборсамда, футболда ғалаба эришиш омилларини муҳимлик даражасини мана бундай тизиш мумкин:
1. Тўғри танланган тактика
2. Жамоа бу тактикани тушуниши ва астойдил амалга ошириши
3. Ўйинчиларнинг индивидуал маҳорати
Яна бир жуда содда гап бўлсада, масалан, Ўзбекистоннинг ЖЧдаги ўйини ва урган голларини асосан муҳимлик даражаси бўйича учинчи омил, ўйинчиларнинг индивидуал маҳорати билан тушунтириш мумкин. Бу дегани терма жамоамизда тактика йўқ эди, дегани эмас, аммо у кўпинча нотўғри танланди ёки амалга оширилишда хатолар бўлди (ўйинчиларимиз босим остида кўпинча кўрсатмаларни унутиб қўйишди).
Ҳозир тугаган ўйинда Ингланд айнан биринчи омил сабаб ютқазди. Туҳелнинг калласида нима юз берганини билмайман, аммо биринчи таймдаги тактика иккинчи тайм бошида мева бергандан кейин, у Аргентинанинг ўйин даражаси биринчи таймдагидан кўп юқори бўлмайди, ҳимояни ушлашимиз керак, деган тактикага ўтди. Энг катта ҳатосиям шу бўлди.
Хўш, нима қилиши керак эди, дерсиз? Ҳимояга ўтмасдан, иккинчи гол уришга уринавериш керак эди.
#футбол #ЖЧ
@profsherzod
4 999
Токиодаги ўқувчиларим диққатига!
Кейинги жума куни, 24 июлда, кечки соат 5 да Кейо университетининг Мита кампусида каминангизнинг маърузаси бўлади.
Маъруза ташкилотчилари: Кейо университетининг Шарқий Осиё тадқиқотлари институти.
Маъруза мавзуси: Япония империяси даврида Сахалинга ишчи кучи сифатида жалб қилинган, аммо 1945 йилда советлар Сахалин оролини эгаллаб олишганидан кейин у ердан ватанига қайтолмай, қолиб кетган корейслар ҳақида.
Билганингиздек, Корея тарихи бўйича мутахассис эмасман, аммо бундан бир неча йил олдин, қиш кунларининг бирида Россия Давлат архивида ишлаб ўтирганимда, кутилмаганда қўлимга тушган архив манбаларига асосланиб, бу кичик тадқиқотга қўл урганман. Шуни тақдим қилмоқчиман.
Келолсангиз, бир оғиз комментарийларда ёзиб қўйинг.
Манзил локацияси
#Эълон
@profsherzod
4 999
#ОйКитоби (июл 2026). Кен Лёу, "Қоғоздан ясалган ҳайвонот боғи"
Анчадан бери китоблар ҳақида ёзишга вақт тополмаяпман (иш ва сафар билан, уларни ўқишга ҳам вақт кўп эмас). Аммо қолиб кетган ойларни аста-секин тўлдириб бораман.
Кен Лёуни асосан "Уч тана масаласи" (三体) асарини инглизчага таржима қилган одам сифатида билишади, аммо унинг ўзи ажойиб фантастдир. Мен бу ҳикоялар тўпламини анчадан бери ўқимоқчи бўлиб юриб, Токиода ниҳоят қўлим етди.
Лёунинг тасаввурига, у 15 ҳикояда яратган оламларнинг хилма-хиллигига тасанно айтмай иложим йўқ. Биргина китобни ўқиб, бу қадар хилма-хил таассуротлар оламан деб ўйламагандим. Ҳикоя жанрини бекорга шунча йилдан бери четлаб ўтиб юрган эканман, деб, яна бир ажойиб ҳикоянавис Тед Чиангнинг тўпламларини ҳам олдим.
Ҳикоялар тарих билан келажак, фан ва адабиёт, шартли "Шарқ ва Ғарб" орасидаги чегараларни осонлик билан кесиб ўтади. Ўқувчини ҳайрон қолдиради, қўрқитади, қувонтиради. Мўъжизаларга ишонтиради. Хуллас, ажойиб тўплам, тавсия қиламан.
@profsherzod
4 999
+1
Японияда ҳақиқий ёз энди бошланяпти. Ёмғирлар мавсумининг булутли кунлари тугаб, ҳарорат ҳар куни 30 дан ошяпти.
Япониядаги 30ни Ўзбекистондаги 40қа тенглаштирса бўлади, менимча. Унинг устига, намлик жуда юқори бўлгани учун, Япония ёзи ҳамиша дим бўлади.
Токио ёзи шунчалик димки, кечки 10 да ҳам салқинламайди. Кеча, масалан, югурмоқчи бўлдим. Аммо соат 9 да ҳам ҳарорт 26 даража эди. Шу сабаб ўша 5 километрни юриб қўя қолдим 😅
Бу ерда юравериб, ҳавосига ўргансангиз, Европа ёзи совуқ туюлиши тайин, бу йилги ёзни ҳисобга олмаганда, албатта. Чунки Англия ва бошқа Европа давлатларида кун қанчалик иссиқ бўлмасин, қуёш ботгач ҳарорат пастга ташлайди.
Ёз келганини яна кечқурунлари пахтадан қилинган анъанавий кийимларни (юката) кийиб, музқаймоқ ялаб юрган ёшларнинг кўплигидан ҳам билиш мумкин 😊
#Токио #Ёз
@profsherzod
4 999
Трампнинг Эрон урушлари ғалати оқибатларга олиб келаркан.
Икки ойча олдин, Японияга келишимдан олдин, картошкадан қилинадиган чипс ишлаб чиқарадиган Калби концерни Эрон уруши сабаб Японияга чипс қадоқларини бўяшда ишлатиладиган бўёқлар етиб келмагани учун чипсларни оқ-қора қадоқда чиқаряпти, деган хабарни ўқиб, мийиғимда кулиб қўйганим эсимда.
Эсимдан ҳам чиқиб кетган экан, аммо боягина меҳмонхона олдидаги дўконга кирсам, сотувда турган экан. Жуда чипс егим келган бўлмасада, сизларга кўрсатиш учун битта олдим 😅
@profsherzod
4 999
Кеча (якшанба куни), София университетида бўлиб ўтган Осиё тадқиқотлари конференциясидан чиқиб, бирдан метрога тушмадим. София университети (японча номи Жочи 上智 - худди юнонча номидагидек "юксак донолик" деган маънони билдиради) Йоцуя туманида жойлашган, у эса мен йиллар давомида келиб кетадиган ҳудудга киради. Шу сабаб, ёшликни эслаб, Ичигая-Иидабаши-Кагуразака томон пиёда юрдим.
Кагуразака маҳалласи менга бошқача ёқади. Тепаликда жойлашган ("сака" ёки сўз охирида келганда "зака" япончада тепалик дегани), жуда "кетворган" маҳалла, деса бўлади. Кўчанинг икки тарафи ажойиб ва қизиқ дўкончалар ва ресторанларга тўла, кўчада яхши кийинган, ҳаётидан рози, топганларини lowkey кўз-кўз қилишдан ҳам уялмайдигани "яппилар" (YUPpie - young urban professional) ва шунга ўхшаш янги авлод вакилларига тўла. Бундай маҳаллалар Токиода ҳозирда кўпайган, улар бир-бири билан рақобатлашадигандек.
Хуллас, Кагуразаканинг тепалигига кўтарилаётганимда бир манзарага кўзим тушди. Бош-оёқ кийинган ва рисоладагидек бўянган гейша такси кутиб турибди. Ҳа, гейша. Бу касб вакиллари (улар ҳақида олдинроқ ёзган ёзувимда батафсилроқ ўқишингиз мумкин) ҳануз мавжуд, Токиода ҳануз уларни турли тадбирларга таклиф қилишади, улар келиб одатда соатбай хизмат қилиб кетишади.
Кўчада мендан ва ундан бошқа ҳеч ким йўқ эди. У йўлнинг четида ийманибгина такси буриб олишини кутиб турди. Юзидаги оппоқ бўёғи Японияни билмайдиган инсонга бироз ғалати кўринарди балки, аммо бу жамиятда асрлар давомида турли касб ва шахсиятлар уйғун яшаб келганини билсангиз, ҳайрон қолмайсиз. Ва энг муҳими - чўнтагингиздан телефон чиқариб, уни суратга ола бошламайсиз. Ҳурмат сақлайсиз. (Киотонинг машҳур гейшалар маҳалласи Гионда туристлар учун инглиз тилида "Илтимос гейшаларни рухсатсиз суратга олманг" деган ёзувларгача илиб қўйишган).
Такси ҳайдовчиси машинасини тезда буриб олди, гейша ярим таъзим ҳолатида лип этиб машинага ўтирди, такси ўрнидан қўзғалди. Бу манзарани мендан бошқа ҳеч ким кўрмади ҳисоб. Бир неча юз метр нарида, Кагуразакада эса гавжум ҳаёт давом этаверди...
#МенБилганЯпония #Токио
@profsherzod
4 999
Ўзбек тилида чоп қилинаётган, ёки ўзбекчага таржима қилинаётган китоблар орасида “self-help”, яъни “шахсий ривожланиш” жанри асарлари кўплиги ҳақида кўп гапирилади. Менинг ўзим ҳам бу ҳақда снобларча бирнималар деганман 😅
Аммо бу жанрдаги янги нашрлар ўқувчиларнинг диққатини тортиши, кўп сотилиши сабабларини тушуниш қийин эмас. Фойдаси қанчалик, билмадим, аммо бу каби асарлар ўқувчиларга нафақат муваффақият ё порлоқ келажак, балки ўзларининг янги, яхшироқ версиясини яратишда “ёрдам” ваъда қилади.
Юқоридаги суратда Япониянинг машҳур Цутая китоб ва бошқа медиа дўконидаги кўп сотиладиган китоблар ранкинги акс этган. У ерда суратга олиш мумкин бўлмасада, ўғринча тушириб олгандим 😅 Биринчи уч асар классик self-help китоблари: яхши одатлар, талабалик давримда шунча пул тўпладим, “пул топиш” университети. Рўйхатдан маълум бўладики, шахсий ривожланиш жанри асарлари машҳурлиги нафақат Ўзбекистон китоб бозоридек нисбатан янги бозорлар, балки Япониядагидек анча тўйинган бозорларда ҳам авжида.
#Китоблар
@profsherzod
