Madina Zarif
Open in Telegram
Ёзиш мен учун ишқ; Сўз мен учун севги; Жумла мен учун муҳаббат. Каналда келтирилган текст ва расмлар @MadinaZarif томонидан ёзилган ва суратга олинган.
Show more249
Subscribers
-124 hours
-37 days
-3030 days
Posts Archive
249
ҚАЙНОТА ШАРТИ
Кўпчиликнинг қалбидан жой топган немис қўшним ҳақида яна бир воқеани айтиб бермасам бўлмас энди.
Аммо турмуш ўртоғимнинг айтишича: бу ҳеччам эркакка ярашган одат эмасмуш.
Ўзи ҳаммасига мухлисларим айбдор, чунки укаси бормикин, деб сўраппуйганлар кўп бўлди.
Замонавий услубни қўллаб қўшним ҳақида маълумотларни интернетдан қидирдим.
Хуллас, бу бизни қўшни, ўзи адвокат деб айтиб ўтган эдим. Ўйланмоқчи бўлиб, ўша ёш хотинига совчи жўнатганда (немисларда қанақа совчи жўнатилади, ҳали билмайман), қизни дадаси нима деб шарт қўйибди денг?
⠀
Бўлажак қайнота:
- Менга куёв бўлмоқчи бўлсанг, аввал ўқийсан, дебди. Кимсан, молиявий ишлар бўйича адвокатга, яна ўқийсан, дебди.
Қўрқмаганини қаранг. Эртага қизинг эрсиз қолиб кетсачи? Бизники каби: яхши жой чиққанда юзи кўзи демай берворавер, деган қўшнилари, маҳалладошлари бўлмаганда!
⠀
Бирор Камбреж ёки Олмониянинг Весментрда ўқишни айтгандурда, десангиз, адашасиз. Лакатакатумтум!
- Кафельчиликка ўқийсиз энди болам, дебди қайнота. Кимсан, оппоқ кўйлакли, қоп қора галстукли, судларда савлат тўкиб турган адвокат бола лою-цементга ўралашиб нақ 3 йил кафельчиликка ўқибди.
⠀
- Вай номард! Битта қизни деб-а? Нима дунёда қиз қуриганми? Бошқасига ўйланворовур, дейдиган бизни шоввозлардек улфатлари бўлмаган чоғида.
Ҳа, асосий маълумот ҳар доимгидек эсдан чиқибди. Укаси бор йўқлигини ҳали аниқлолмадим. Ҳозирча лоллигим ўтиб кетмади. Шокдаман, ўртоқлар.
Бу одат бизни ота боболаримиздан қолган Шарқ одати эмасмиди, мабодо?
249
ЯХШИ АЁЛ
Яхши аёл ҳар доим аъло кайфиятда, кулиб туради. Тилидан бол томади. Эр чойхонадан кеч келдими? Яхши аёл жилмайиб тураверади. Кимдир уришдими, урдими, ҳақорат қилдими, нафсониятига тегдими? Яхши аёл худди балиқдек: унинг хотираси 3 сония, кейин у барчасини унутади. Унда нафсоният ҳам йўқ, чунки у жуда Художўй. Барча кўнгилбузарликларни марҳамат билан кечириб юбораверади.
⠀
Яхши аёл доим чиройли, озода, саришта, тартибли. Унинг уйи тозаликдан ярқирайди. Ўзи ҳам доим парзод андозли, дид билан кийинган. Яхши аёл ҳеч қачон чарчамайди. У қачон уйини тозалаб, ўзига қараб улгуради, ҳеч ким кўрмайди ва сезмайди. Асосийси яхши аёл ўзига қараш учун на пул сўрайди, на ортиқча харажат қилади. Унинг устига эр олиб келган озгинани ҳам кўпайтириб кўрсатишга устаси фаранг.
⠀
Ҳа, яхши аёлнинг болаларининг ҳеч қачон бурни оқмайди, қорни оғримайди, йиқилмайди, йиғламайди, инжиқлик қилмайди. Унинг устига яхши аёлнинг болалари жуда тартибли ва одобли. Доим қўли кўксида: Хўп бўлади, мендан бошқалар, деб туради. Қайсарлик ва ўсмирлик каби "тантиликлар" яхши аёлнинг болаларига умуман ёт.
⠀
Яхши аёл ҳеч кимни ёмон кўрмайди. Барчанинг кўнглидан бирдай олишни қотиради. Қайнонасининг аччиқ гапини, эрнинг янги ўйнаши қўнғироқларини ҳам "спокооойно" қабул қилади. Эри кеча башарасини "бизип" қўйган бўлсада, у эрига жозибали бўлиш дардида юради.
⠀
Айтганча, у ҳомиладорликдан семирмайди, озмайди, юзига доғ тушмайди, қомати бузилмайди. Доим дуркун ва навқирон қиздек тураверади. Нечта деса шунча туғиб ташлайди. Чунки яхши хотинда охи!
⠀
Яхши аёл эрининг ҳар бир ишида қўллаб қувватлаб, елка бериб туради. Янги иш очишми, янги хотин олишми, ҳаммасида эри билан бирдек жон куйдиради. Ҳа, яна у эрининг фикр, мотивация ва куч Париси. Агар эрини пайтаваси оқармаган бўлса, демакки, яхши хотин буни ўз айби деб қабул қилади. Демак, яхши илҳом париси бўла олмаган.
⠀
Ҳа, айтганча, яхши аёл қаерда қанақа гап гапиришни ҳам "чётки" билади. Гап келганда қизиқарли, қизғин суҳбат олиб боради. Керак жойда ҳамсуҳбатларини лол қилиб "ўчириб" қўяди. Аммо бу маҳоратини оиласида асло ишлатмайди.
⠀
Шундай қилиб бугунги эртагимиз ўз якунига етди. Кейинги сафар уч оғайни ботирлар ҳақида эртак ўқиймиз, "ёмон хотинлар".
Мадина ЗАРИФ
249
САБР
Дин борасида ёзгим келмайди. Чунки бу шахсий мавзу. Мен учун бу ўта шахсий мавзу. Лекин мана шу мавзуда ёзгим келди. Ўқувчиларимдан энг кўп олган тилак: Аллоҳ сизга сабр берсин.
Ҳар доим мана шундай тилакни олганда албатта уни туғирлайман.
Аллоҳ менга енгиллик берсин. Аллоҳ менга чиқиш йўли кўрсатсин.
Чунки ҳаёт тажрибамнинг кўрсатгани: сабр сўраганимда доим орқасидан бирор мушкулот, бирор муаммо, бирор қийинчилик, яъни ўша сабрни синовчи бир синов келади.
Шунинг учун одатим: ўзимга ёки бошқаларга ҳам сабр эмас, енгиллик, осонлик сўраш.
Бундай бир неча йиллар аввал, ҳаётимнинг энг қийин пайтида бир маъруза эшитдим.
Маърузачи: Нимага ўзингга жаннатнинг энг пастки қаватидан жой сўрайсан. Сўрасангчи, Фирдавс сўра ўзингга, ахир сен Оламлар Роббисидан сўраяпсан, осонку Унга, деди куйиб пишиб.
Ўша пайт миямга тақ этди. Ҳақиқатан...нимага қийинчилигим учун сабр сўрай? Ечим, осонлик сўрасам биров мени уришадими?
Ўзига осон, қийинчилигимни фароғатга, мушкулотимни ютуғимга айлантириб қўйиши ҳеч гап эмас...
Мен ўзим учун енгиллик ва фароғат сўрайман. Чунки қийинчилик ва сабрда яшашни истамаслик ҳаққини Худо менга берган экан, нега ундан фойдаланмайки?..
249
ЧИГИТ
- Нимамунча шу томи қийшиқ уйингга шошасан, - гуррос кулади қизлар. Мен эса уйга шошиламан. Фартугимда бир ҳовуч оппоқ пахта. Побор пайти бунақа оппоқ пахта топиш қийину, аммо бугун амалладим. Кун эрта қораяди, ҳаволар ҳам анча совуб улгурган. Аммо ичим бир иссиқ.
Уйга кела солиб пахтани олиб батарея бўшлиғига тиқиштираман. Қўруқ пахтани чигитини чиқариш осон, бармоқларингни учи ачишмайди.
- Келадими, ая?
- Келадими эмас, келадиларми?
- Келадиларми?
- Неча марта сўраш мумкин а бу ҳақда. Ҳа, дедимку, койийди онам.
- Қачон? - юрак ютиб онамга қарайман умид билан.
- Эртага, обедга олиб келади тоғанг.
Бироз афсусланаман. Тоғам келганини кўрмас эканманда, дарров кетиб қолади, биламан. Фақат ишим кўп дейди. Эртага мактабга бормасаммикин ёки... бўлмайдида... мактабга борсам тез кун ўтиб кетади. Уйда қолсам...тез ўтмайдида...
- Молларни соғдингми? - онамни гаплари ҳаёлларимни туздириб юборади.
Бир кун қолди. Битта ухлайман, битта тураман, мактабдан келганимда уйда бўлади.
- Хаёлинг жойидами сен қизнинг? - гапираётган онамга қарайман. Сатилни олиб молхонага югураман. Бугун ҳаммани яхши кўраман, оёғини боғламасам тепиб юборадиган сариқ говмушни ҳам, ҳали хонасига қувишим керак бўлган товуқларни ҳам. Ишларимни қилиб бўлиб, иситгич орасидаги пахталарни титаман. Яхшироқ исийдиган жойини топиб яна орасига тиқиштираман. Эртагачан то маромига етиб қолади. Ичимга бир ҳузур киради.
Эрталаб кўзларимни очганимда илк ҳиссим бахтиёрлик.
- Нима бўлиши керак бугун? Нимага хурсандман?
Хурсандлигим сабаби кейин хотирамга келади. Сигирни соғаман, апил тапил кийиниб мактабга шошиламан. Келганимда уйда бўлади...бўладилар.
Доим сувдек тез оқадиган вақт бугун мактабда ҳам имиллайди. 6 соатлик дарсни зўрбазўр битириб уйга югураман.
Келганми, келмаганми? - ҳаяжони билан дарвозахонадан кираман. - Эй, Художоним, келган бўлсин.
Тераскадаги хонтахта олдида у ўтиради. Бошида доимгидек оппоқ, четлари сиёҳранг шойи рўмол.
- Амма, қачон кетасиз? - Ич ичимга сиғмайман. Онам оёғимдан чимчилайди. Уят сўзини лабларидан ўқийман.
- Дарров кетиб қолмайсиз а? Қоласиз а бизникида?
- Ҳа, болам, қоламан. 5 кун Дилбаримникида бўламан деб келдим уйдагиларга.
Қувонч билан бирга ичимга бир хавотир киради. Нотўғри гап айтиб қўймасин, аммам хафа бўлиб эртароқ кетиб қолмасин, деган бу хавотир билан кечқурун ишдан келган дадамни, тўполон қилаётган укаларимни ҳар бирини диққат билан кузатаман. Аммам нима истаса, муҳайё қилиш учун атрофида айланаман. Оппоқ сочлари, момиқдек қўллари: онажоним мени, деб эркалашлари...ичимга шунақа ҳузур берадики...кетишини истамайман. Ярим йилда, бир йилда бир келадиган бу момо аслида менинг аммам эмас. Бобомнинг опаси, онам амма деганидан биз ҳам шундай чақирамиз.
Кеч тушади, овқатлар еб бўлинган, идишлар ювиб жой жойига жойлангач, оқшомнинг энг файзли вақти бошланади.
- Мадина. Об ке!
Югуриб бориб иситгичдан пахталарни оламан. Аммам ёнига оқ сурп рўмол соламан, устига оппоқ пахталарни тўкаман. Хона чироғи липиллаб хира ёниб туради. Радиодан қандайдир куй янграйди. Аммам... ҳикояларини бошлайди. Рамазон ёзда бўлган пайтдан, опоқдодамдан, фаришталардан, ривоятлардан, тоғаларим, холаларим...барчасидан сўзлайди. Олти қўл пахта чигитлайди. Яна тўрт кун бор...дея ҳисоблайман кўзларимни уйқу элитаркан.
Жойиз жаннатда бўлсин, Саломат амма...
249
АСАББУЗАР НЕМИС ҚЎШНИМ
Қўшним бор. Охирги кунларда Германияда уйлар нархи осмон бўлиб кетаётганини эътиборга олсак, қўшнимни бемалол миллиардер, дейиш мумкин.
⠀
У молиявий ишлар бўйича адвокат ва биз яшаётган уйнинг ҳам эгаси. Эшиги олдида турган турли туман раритет машиналар эса, чўнтагининг оғирлигини кўрсатади.
Бошқани пулини санаш одатим йўғу, лекин шу бола мени асабимни ўйнатаверади.
4 боланинг отаси ҳовлисидаги кўм кўк сузиш ҳовузини ўзи тозалайди. Обрў деган нарса йўғ-а? У мундай кўрсатмайсанми, тозаловчи чақириб пулинг борлигини, дегим келди.
Ҳа, айтганча, эр ҳовуз тозалаб, газонларни кесаркан, хотини ўтиради. Ялпайволиииб, десам уят бўладида. Эрини ишлашини кузатиб ўтиради.
⠀
- Трэй, ол эрни қўлидан анави газонкесадиганни ёки ҳовуз тозалайдиганни, қўй мана бу ерга битта хонтахта, чой дамла, танқис гўштлироқ овқат обке. Ёнбошлаволииб чой ҳўпласин, эр топиш ҳозирги даврда осонми? Қимматбаҳо матоҳку! "Тем более" пул топадиган эр!
Сан хотинсан, жонинг 40 та бўлса, тозала ҳовузни, кес газонларни! Бизда ҳамма эри бор хотинлар шунақа қилади! Бир тийин топмасаям... Камига эрлик қилаётгани учун раҳмат ҳам айтади.
Асабларим чидамай кетди. Кейин:
- Майли, балки ҳовуз тозалашни ёқтирар, дедим.
⠀
Аммо анави куни ҳовлисига қарасам бир болача ахлат қопларини ташиб юрибди. Синчиклаб қарадим: ахлат қопларни аши миллионерни ўзи ахлат машинага олиб чиқяпти.
Эҳ, салобат деган нарсанг борми эй, девордим. Бизда масалан эркаклар бир чақа топмаса ҳам ўзига эп кўрмайди ахлат қопи ёки челаги кўтариб юришни!
Буни қилиғини қара!
Охиргиси ўтиб тушди, локин. Немисларда туғилган кунида дарвозасига рақам илиб қўйиш одати бор экан. Бир кун қарасам қўшним дарвозасига: 40 рақами илинган. Туғилган кун эрникими хотининикими, билолмадик. Ўртача бир совға олиб эшик тақиллатдик. Суҳбат давомида: кимнинг туғилган куни ўзи, биз билолмадик", десак...нима дейди денг. Бунисига чидай олмадим.
- Менинг хотиним ҳали ёш, мен эса 40 га кирдим, дейди!
⠀
Хотини "всего лишь" 2 ёшга кичик экан. Ёшмуш. Бизникилар ана, хотини 7-10 ёш кичик бўлсада, 4 бола туққан бўлса, қариб қолди, янгисини олишим керак, одам зерикди, дейди.
Бу шунча пули билан 2 ёш хотинини ёш деб ўтирибди.
⠀
Хуллас, мен қойил қолмадим бу болага. Анави куни телефонини кўрсам: Айфон 13 промакс эмас. Бизда уйинг бўлмасаям, про максинг бўлиши шарт вай!
Умуман кўнглим қолиб кетди. Шунақаям бой бўладими а?
© Киноя
@MadinaZarif
249
АЛДОВ
- Мен ҳамма немислар ёмон деб ўйлардим, - дедим немис тили ўқитувчим Мартинга қараб.
- Нимага унақа деб ўйлардинг?
- Чунки биз 2 Жаҳон ҳақидаги фильмларни кўриб катта бўлганмиз.
1 ойдан бери "Германияда ҳаёт" (Leben in Deutschland) программаси асосида дарс ўтаяпмиз. Уни ҳар бир интеграцион курсда ўқийдиган чет эллик ўрганади. Ватандошлик олишда ҳам бу мавзудан имтиҳонга кирилади.
Бу дарсда бизга Германиянинг ахлат ташлаш тизимидан тортиб, тарихи, экономика, энергетика, қадриятлари, шаҳар тарихлари, сайлов ва ҳуқуқ тизими ўргатилади.
Мен эса... ҳар гал қаршимдан Ўзбекистон ҳақида бирор янгилик чиқса, ўша дарсимни эслайвераман.
- Нимага ўтин етмайди?
- Нимага электр ўчади?
- Нимага аҳоли қашшоқ яшайди? Нимага, нимага...
Аввалига ўзимни Ўзбекистон Германиядан кичик мамлакат деб алдадим.
Ўзбекистон ҳудуди - 447 400 кв км.
Германия ҳудуди - 357 021 кв км.
Ўзбекистон Германиядан 1.25 баробар катта.
Кейин Ўзбекистонда аҳоли кўп дедим.
Ўзбекистон аҳолиси - 34 61 мл.
Германия аҳолиси - 83,15 мл.
Германиядаги аҳоли сони Ўзбекистондан 2.4 баробар кўп.
Яқиндаги қум бўрони ҳар биримизнинг ёдимизда.
Германиянинг 33 фоизи ўрмонлардан иборат.
Бу 90 миллиарддан ортиқ дарахт бор дегани.
Унинг устига немисни на свети на гази ўчади. Лекин у газни тежаш учун баъзан ўтин ёқади.
Ва ўша ўтинни топиш ва сотиб олиш, муаммо эмас.
Ўзбекистон эса 10 фоиз қисмидагина ўрмон бор.
Қишлоғимда ғўзапоядан бошқа ўтин топа олмаслигимиз ёдимга келди.
Синфдошларимдан сўрасам, ҳали ҳам ўша аҳвол, ўтин топа олмаймиз, дейди.
- Бизда чорвачилик, экинчилик қилинадида, дедим сўнгра.
Германия қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича дунёда 3 ўринда турар экан.
Биз эса...Россияга камаз камаз мева сабзавот жўнатилиб божхонада йўқ қилинганини кўп ўқиймиз.
Болаларимиз эса хўл мевани тўйиб емайди.
Тўғри, биз тўй қиламиз, халққа ош берамиз, уни бешик тўйига улаймиз, иморат кўтарамиз. Аслини олганда меҳнаткаш халқмиз.
Аммо ўртача немисни оладиган бўлсак, меҳнаткашлик ва ҳаракатда биздан ҳеч қолишмайди.
Йўлларга, йўловчи йўлакчасида тўхтаб менинг ўтишимни кутаётган машиналарга, дўкондаги хил хил меваларга, ўчмайдиган светга, ёниб турган газга...олган ойлигимга ва умуман комфорт яшашимга қарайману...
Ичим оғрийдида шу... оғрийвуради. Нега менинг ҳудуди катта, табиий бойлиги кўп, меҳнаткашларга тўла Ватанимда бунақа эмас, деб.
Қачон қарама суриш керак, деган постларни кўраман.
Хуллас, суриш етарли эмас!
P\S: Пост ҳеч кимни ёмонлагани ёзилмади.
@MadinaZarif
249
МОМОҚАЙМОҚ
Сутини ичдию, дарвоза томон шошди.
- Узоққа кетма, деган овози келди бувисининг.
Узоққа кетмасди. Ҳовлининг ёнидаги кичик далачада соатлаб қолиб кетиш унинг одати. Каттагина чинор соя солиб турган далада бирор бир бола ўйнайдиган ўйинчоқ йўғу, аммо у мана шу ерни яхши кўради.
Чинор тагидаги ям яшил ўт ўландан тушалган гиламда турли туман, ранг баранг гулчаларни териш жону дили. Сиёҳ ранг митти гулчаларни олиб узоқ тикилади. Дунёнинг энг чиройли, энг рангли мана шу миттилар эканига ишонади. Чинор шохлари шамолда қимирлайди. Қуёш у билан яширинмачоқ ўйнамоқчи бўлгандек гоҳ кўриниб кўзини қамаштиради, гоҳ беркиниб ўзини излаттиради.
Қуёш нурлироқ чарақлаган кунлари унинг далачасини сариқ момоқаймоқлар босиб кетади. Бундай кунларда вақти момоқаймоқ териш билан ўтади. Олтин сочларида сап сариқ гулчамбарни тасаввур қилади. Аммо жажжи қўллари хаёлидаги гулчамбарни ясай олмайди.
Унга қизиқиб узоқдан қараб турган қушни қиз охийри ёнига келиб ўтиради.
- Қара, мен сенга бир нарса кўрсатаман.
Қиз бир дона сап сариқ момоқаймоқни қўлига оладию, узилган сопини 4 бўлакка ажратади. Кейин эса оғзига солиб тутиб туради.
Бир неча сониялар ўтгач чиқаради. Момоқаймоқнинг сопи 4 тарафга бўкилиб, чиройли ўрама ҳосил қилганини кўриб ҳайратланади.
Дарров ўзи ҳам бир момақаймоқни олиб сопини 3 га ажратади ва оғзига солади.
Оғзида ҳис қилган тахир ачимси мазадан афти буришиб кетади. Аммо қизиқиш, аччиқ таъмдан устун келиб бир неча сония оғзида тутади.
Олгач, сеҳрли нарса кўргандек қувонади. Ҳайратланади. Яна ва яна синаб кўради. Тахир таъм ҳам унутилади.
- Пешин бўлди, уйга кир, - эшитади бувисининг овозини. Қўлидаги гулларни олиб бувисининг ёнига югуради. Шошиб пишиб кашф қилган сеҳрини кўрсатади, гапириб беради.
- Қанақа қилиб унақа ўрама бўлиб қолади, буви?
Шу пайт тоғаси уйга кириб келади. Қўлидаги гули ва унинг муъжизаси ҳақида тоғасига тўлиб тошиб гапиради.
- Бор, акаларинг билан бироз ўйнаб тур.
Айвондан тушаётиб тоғасининг гапини эшитади.
- Манави уйни ҳам бузиб бошқатдан қураман.
Қизчанинг ичи сидирилиб кетади. Акаларини ҳам унутиб, уй деворларига қарайди. Силаб сийпайди.
-Агар сени бузишса...мен сени унутмайман. Биласанми, нима қиламан? Сени бузишса ҳам, мен албатта сендан бир бўлак олиб, уйимниг энг тепа жойига, чиройли идишлар турган шкаф ичига қўяман. Доим сени кўрганимда эслайман!
Ўрта ёшли аёл дарвоза ёнида қад кўтарган катта иморатга бошдан оёқ қарайди. Мийиғида кулади. Ўшанда...уй бузилганда у девордан парча олиб қўймади. Фақат бўлакланган парчаларни силаб йиғлади. Деворлар қулаганда… улар бирдан ҳайбат ва салобатини йўқотдию, маъносиз бўлакларга айланганини ҳозир англади.
Дарвозахонанинг ён тарафига ўтди, ўша салобатини йўқотмаган чинорга қаради.
Момосининг орқадан: узоққа кетма, деганини эшитгандек бўлди. Бувисининг ўлимига ҳам ...30 йил бўлибди.
Арра тутган киши чинорга яқинлашди. Аёл бир дона момоқаймоқ юлди. Сопини 4 бўлдию, оғзига солди.
Ям яшил ўт ўлан тушалган ерга эса кетмон тортилди.
- Кетдик, самолётга кечга қоламиз.
Мадина Зариф
249
АСРДАН КЕЛГАН ҲУРМАТ
Истанбул жуда бошқача шаҳар. Унинг ўз кайфияти, ўз характери бор. Менимча Истанбулни кўриб уни севиб қолмаган кишининг ўзи бўлмаса керак. Бу шаҳарда замонавийлик билан бирга тарих уфуриб туради.
Истанбулнинг Оврупа томонида трамвай йўли бор. Трамвайга ҳар гал ўтирганимда экрандаги ёзув мени ҳайрон қолдирарди. Унда Чемберлитош бекатининг трамвай йўли янгидан тушалгани ва ер титрашини камайтирувчи мослама қўйилгани ҳақида ёзув чиқади.
Бунинг сабаби эса Абдулҳамид Хон (II) Ҳижоз темир йўллари қурилишида Пайғамбаримиз с.а.в. нинг қабрларига қилган ҳурматини эканлиги айтилади. Ва айни бу ҳурматни бизга ҳам Султонимизга кўрсатдик, дейилади ёзувда.
Абдулҳамид Хон қандай ҳурмат кўрсатган экан, деб қизиқдим.
1900 йилда 2 Султон Абдулҳамид Хоннинг бўйруғи билан Шомдан то Мадинагача темир йўллари қуриш бошланади. Бу лойиҳанинг сабаблари кўп, улардан бири эса ҳажга отланганларнинг узоғини яқин қилиш эди.
Султон Абдулҳамид Хон - Мадинаи Мунавварага 20 км яқин қолганда Пайғамбаримиз с.а.в. нинг қабрларига ҳурмат кўрсатган ҳолда Расулимизнинг безовта бўлмасин, дея Мадинанинг марказига қадар темир йўл тагига жунли мато (войлок) тушаттиради. (Пайғамбаримиз с.а.в.нинг қабрлари Мадинада) Ва шу билан поезд юрганда чиқадиган тақиртуқир овозини ва ер титрашини камайишини таъминлайди.
Абдулҳамид Хон қурдирган темир йўл 1908 йил тўла ишга тушади. Олдин ҳаж сафари 50 кун бўлган бўлса, темир йўл билан ҳожилар 5 кунда Мадинага етиб борадиган бўлади.
2018 йилда Туркия Темир Йўллари Вазирлиги айни назокатни Абдулҳамид Хонга кўрсатади. Яъни, Султоннинг қабри жойлашган Чемберлитошдан ўтувчи трамвай йўлларини ер титрашини камайтирувчи мослама билан янгилайди.
Бу ҳақда трамвайга жойланган экранларда ёзиб қўйишни ҳам унутмади. Тарихни унутмаслик ва аждодларини ёш наслга таништиришнинг бир йўли бу ҳам.
Трамвайдаги ёзув эса мана шундай гўзал бир тарихий воқеани ўрганишимга сабаб бўлди.
Пайғамбаримиз с.а.в. га ҳурмат кўрсатган Абдулҳамид Хондан Аллоҳ рози бўлсин.
Кўпчилик Абдулҳамид Хонни ‘Payitaht Abdülhamid’ сериали орқали яхши танийди.
249
(ҚАЙН)ОТА ШАВҚАТИ...
Кеча столни синдириб бир хотира ёдимга келди.
Қайнотам раҳматлик роса қўллари гул одам эди.
Янги келинчакман. Уй ишлари, тозалаш, пишир куйдир, билан овораман.
⠀
Бир кун балконда нималардир қилиб, кейин мени ёнларига чақирди. Бордим.
Янги хонтахта турибди. Хонтахтани кўрсатиб:
- Кўтариб кўр, деди.
⠀
Ҳайрон бўлдим, хонтахтани кўтардим.
- Енгилми? Кўтара оласанми? - деб сўради.
- Ҳа, енгилгинаку, - дедим яна ҳайратланиб.
- Ростан енгил а? - деб сўради жиддийлик билан.
⠀
Хонтахта ҳақиқатан енгил ва осонликча ўрнидан турғазиларди. Устидаги тахтаси, каркаси тахтадан аммо қалин бўлмаганидан ясалганди.
- Ҳа, унда яхши, деди.
- Адажон, нимага буни менга кўтартирдиз?
- Анави куни хонтахтани кўтариб пастга тушириб балкон тозалаётганингни кўрдим. У оғирроқ эди, шунга енгил, кўтарсанг белинг оғримайдиганини ясадим. Шунга кўтариб кўрчи, оғирлик қилмасмикин, деб текширдим.
⠀
Кўм кўк кўзлари бор эди. Оқ сариқ сочлари ва кулганда кулгичлари ярашибди турарди. Кўринишидан жаҳлдор кўринсада, пахтадек қалби бор эди. Мен отасиз ўсганман.
⠀
Қайнотам отангман, демаган, оиламизда келинларга сен, дея мурожаат қилинарди. Кимгадир қўпол эшитилсада, мен у ерда ўзимни отамнинг онамнинг уйидагидек ҳис қилардим. Ҳатто баъзан онам оғриниб: кам келасан, қизим, дерди.
Қайнона ёки қайнотам изн бермаганидан эмас, уйимни шу қадар яхши кўрардимки, бирор жойга боргим келмасди. Ҳатто онам уйига ҳам.
⠀
Пул ҳам ўтади, мансаб ҳам, куч ҳам… ортимиздан фақат кимгадир қилган яхшилигимиз, бир оғиз ширин сўзимиз...қилган табассумимиз хотиралари қолади. Ширин ёки аччиқ. Танлов бизники.
⠀
Адажоним ўзимни, ётган жойингиз жаннат бўлсин. Менга кўрсатган шафқатингизни Аллоҳ сизга кўрсатсин.
249
ЎЗБЕК ТИЛИ
Айни кунларда немис тили курсида ўқияпман. Курсимизда Латвия, Эрон, Хитой, Туркия, Румыния, Россия, Украина, Мароккодан талабалар бор.
Рус билан русча, турк билан туркча, қолганлари билан амал тақал немисча гапириб юргандим.
Бугун билсам бир афғонистонлик талаба қиз ўзбекчани биларкан. У билан ўзбекча гаплашиб турсам, Латвиялик амаки аввал гапларимизни тинглади, кўзлари катта катта бўлиб кетди, кейин қаршимга келиб ўтириб суҳбатимизни диққат билан тинглай бошлади. У амаки билан русча гаплашамиз. Бунақа эътиборига ҳайрон қолиб:
- Нима бўлди? - дедим.
- Гапир, гапиравергин, - деди.
- Нимага? - десам.
- Ўзбек тили жуда чиройли тил экан...
249
АРМОНЛИ МАЙ
Бу йил май келганини сезмай қолибман.
32 ёшни қаршилардинг бу май.
19 ёшингда сўнгги бор учрашдик сен билан.
Ёш ва навқирон эдинг. Ҳаётга тўла кўзларинг ва табассуминг бор. Эди...
Илк бор сени кўрганимда оппоқ тўшакда ётардинг. Сочларинг қоп қора, ўзинг эса оппоқ. Жуда чиройли йигит эдинг. Болалигинг, шўхликларинг, сочларинг орасидаги иккита ўраманг… қиқирлаб кулишинг. Бу бизнинг болалигимиз эди.
Катта ҳаётимда йўқсан. Менга тиргак бўлишингни у қадар истардимки...сенга шу қадар эҳтиёжим борки, ёнимга бўлишингни, “опа, бугун менга пирог пиширгингиз келганини сездим ва мана буларни олиб келдим”, дея қўлимга ун ва қийма тутқазишингни истардим. Чунки доим шунақа қилардинг.
Мен ортиқ пирог пиширмайман. Сени эслатаверади, қорилган хамир, тайёрланган қийма.
Ҳаёт қийинчиликлари сени эрта ўлғайтирди. Аламзада эмас, донишманд қилди. Ақлли эдинг.
Ўғлимнинг исмини Маҳмуд қўйдим. Сен Маҳмуд бўлганинг учун истадим буни. Сени соғинганимда ўғлимни қучаман. Сенинг азангни уни қучоғимга олиб тутаман. 12 йилдир тутаман бу азани. Узоқ 12 йил… Ҳаёт оқади...давом этади ҳиёнаткорона. Бу майда 32 ёшни қаршилардинг.
Ва кутавераман...балки...дея кутавераман. Ҳали ҳамон дунёнинг бошқа мамлакатида яшаб ҳам, атрофимдаги одамлардан сенинг сиймойингни излайман. Хаёлларим: балки шу ердадир, дея ҳали ҳамон сени қидиради. Ҳамма жойдан. Ҳар бир одамдан. Бу дунёда йўқлигингни қабул қилгим келмайди. Агар бўлсанг эди бу дунёларда… келардинг, дарагингни берардинг. Шунча ғирром, ўғри, ёлғончига қуним берган дунё, сенга келганда торлик қилди… Худо яхшиларни аввал олармиш…
Мен баъзан сўзларни ёмон кўраман. Улар ҳисларни англатишга шунчалар ожизлик қилади…
Унинг исми: Маҳмуд. Маҳмуд Дилбар ўғли. У Мадина Зарифнинг укаси. Унинг ҳаққига дуо истайман сиздан шу муқаддас ойда:
У қаерда бўлса ҳам Роббим унга марҳамати ва раҳмати билан муомала қилсин.
249
CАРГУЗАШТ
6 ё 7 синфда ўқийман. Ёз таътили бошланган. Мен эса ҳатто дарс кам бўладиган шанбани, дарс бўлмайдиган якшанбани ёмон кўраман. Ёз таътили эса мен учун қийнов даври.
Мактабимизнинг ёнгинасида кутубхона жойлашган. Уйимдан бир километр узоқликда бу сеҳр кулбаси. Ёз кунларида у кўзимга жуда бошқача кўринади. Краскалари кўчган дераза ромига оқ тюль илинган. Ойналари кичик дераза эса очиқ. Ундан дам шабода, дам эса қуёш китоб жавонларига мўралайди. Парда хона ичидаги сирлардан ташқи дунёни ошкор қилмоқчидек секин кўтарилиб тушади.
⠀
Кулранг ва жигарранг аралаш темир жавонларда турли китоблар саф тортади. Хона салқин, бурунга зах ва китоб ҳиди урилади. Мен бу ерда ишлайдиган кутубхоначи опага ҳавас қиламан. У сеҳрли ўлкада ишлайди.
Ёз таътили яқинлашган сари кутубхонадан кўпроқ китоб олиб кетишга ҳаракат қиламан. Кўпроқ китобни кутубхоначи бермайди.
- Аввал олдингиларини олиб кел.
⠀
Ҳафсалам пир бўлади. Кўп китоб олиб кета олмасам, демак катта ва қалин китоб олишим керак, дея режа тузаман. Кўзимга энг қалин ва катта кўринган 3 китобни оламан.
Аммо ёз таътили бошланганига 2 ҳафта бўлар бўлмай китобларни ўқиб тугатаман. Энди нимадир ўйлаб топишим керак. Онам ҳам ёз таътилида. Қанийди онамни ишхонага чақириб қолишса, дея орзу қиламан. Худодан дуо қилиб ҳам сўрайман. Аммо...онамни ҳеч қаерга чақириб қолишмайди.
⠀
Қишлоқда ёз иссиғи жазирама бўлади. Соат 2 дан сўнгра, то кун иссиғи бироз тушгунга қадар қишлоқ аҳли дам олади. Бунинг учун бир хона махсус салқинлатилади. Пардалари туширилиб, қоронғу қилинади. Имкони бўлса эрталаб поллар ҳам артиб олинса хона янада салқин туради.
⠀
Онам ухлагани кириб кетганда кутубхонага бориб келишни режалаштираман. Аммо пиёда бориб келиб улгурмайман. Қўшнидан велосипед олишга қарор қиламан. Онам ухлагани киради.
- Мадина, кир, ухла!
- Хўўўп.
Дейман деразадан мўралаган ҳолда. Онамни ухлаб қолишини пойлайман. Бироз муддат сўнгра югуриб қўшнига чиқаман. Шошилиб велигини олиб чиқаман. Аммо велосипед бўйимдан катта, унга ўтира олмайман. Деворга тираб ўтираману, аммо оёғим педалга етмайди.
- Боришим керак!
⠀
Оёғимни велосипеднинг орасидан ўтқазаман. Баъзан бўйи етмаганлар велосипедни шундай ҳайдашади. Ҳа, айтганча бу менинг илк бор велосипед ҳайдашим. Бир икки йиқиламану, аммо амаллайман. Яхшиямки, бу иссиқда кўчада зоғ ҳам йўқ. Йўл ҳам бўм бўш. Велосипед ғилдираклари иссиқдан эриган асфальтга ботади. Йўл четига ўтиб имкони борича тезлик билан педални айлантираман. Кутубхонага бориб, китобларни янгисини олиб яна ўша тезликда уйга йўл оламан. Уйнинг яқинига келганимда қаршимдан машина келаётганини кўраман. Қўрқувга тушаман. Худдики машинани тагига кириб кетаман. Велосипедимнинг рулини ариқ томон бураман. Ва…
Ариққа тушаман. Машина ичидаги ҳайдовчи ариқ ичида шалаббо бўлиб турган менга ҳайрат билан қараб ўтиб кетади.
Ичимда йўқ хурсандман.
⠀
Бугун мен иккита нарсани эпладим:
1. Велосипед ҳайдашни ўргандим.
2. Кутубхонадан китоб олиб келдим.
Уйга кирганимда онам ҳали ўйқудан ўйғонмаганди.
249
ФОЛБИНМАН(ми?)
Дарвоза тақиллайди.
- Ким бооор? - дейди нотаниш бир овоз. Онам дарвозани очади. Қизиқсиниб бурчакдан мўралайман.
- Шифо излаб келгандик, янга.
Онам ҳайрон бўлади.
- Қизингиз қўл олибди экан. Одамлари бор экан, яхши фол кўраркан, - деган гапларни эшитган онам мен турган бурчакка қарайди. Кўзларида ҳайратни кўриш мумкин. Менинг ҳайронлигимни-ку айтмаса ҳам бўлади.
- Қизим фол очмайди. Фол кўриш гуноҳ, - дейди онам.
- Унда бир силаб қўйсин, - бўш келмайди мижоз хола.
- Силашни ҳам билмайди.
- Унда нимага рўмол ўраган? - ҳайратланади аёл.
Чекка шаҳарчамиз ва қишлоғимиз учун бу жуда ғаройиб ҳодиса. Рўмолни бутун қишлоқдаги аёлларнинг деярли барчаси ўрарди. Фақат орқадан қилиб. Уни мен олдиндан қилиб ҳижоб шаклида ўрадиму, атрофда фолбин қиз, деб ном чиқардим. Орқамдан тарқаган миш-мишларни айтмайсизми 😂
⠀
Ҳижоб шаклида ўша пайт шаҳар имомининг хотини ва мушкулкушод ўқийдиган 1-2 та опоқи ўрарди. Кўчада юриб кетаверсам, ҳамма менга қайрилиб ва ҳатто кетаётган йўлидан тўхтаб қарайди. Чунки рўмолдаман ва ёшим 14 га яқинда кирган. Бу ёшдаги қиздан ўз истаги билан рўмол ўраб, ўз танлови билан “кампир” ҳаётини танлаши ақлга сиғмасди.
⠀
Ўз тенгиқурларимдан қайсидирлари:
"Битлаб кетдингми?
Сочингни олиб ташладингми?
Ёмон иш қилиб қўйдингми", дея ўзимдан сўраса, қай бири қўни-қўшнидан қизиқиб кўрарди.
⠀
94-95 йилларнинг воқеаси бу. Ҳозир кўп нарса ўзгариб кетгандир а?
249
ҲИДОЯТ
Тонг.
Ҳар тонгги каби сепараторни тайёрлайман. Онам соғиб келган сутни сепараторга секин солиб айлантира бошлайман.
- Ким бор?
⠀
Девор қўшнимиз Абдураззоқ аканинг овози. У Тошкентда ўқийди. Онамнинг ёрдами билан тоғамни уйида ижарада яшайди.
⠀
Шу сабабли, ҳар таътилга келганида уйимизга ҳам тоғамдан салом келтиради, ҳам ҳол хотир сўрайди. Қишлоқнинг тўполончи йигитларидан бўлган Абдураззоқ ака бу сафар бошқача.
⠀
Бошида оппоқ дўппи, устида оқ яктак, кўзларини ердан узмайди. Ундаги бу ўзгариш эътиборимни тортади. Ҳаво анча исиб қолгани учун ҳовлида чорпояда нонушта тайёрлайди онам.
- Келинг, келинг.
- Икром акам салом айтдилар. Мана буларни бериб юбордилар.
Ёшим 13. Сепараторни айлантиришда давом этаман.
⠀
Аям билан Абдураззоқ ака суҳбатларини давом эттиришади. Мен кўзларимни сепаратордан оқаётган қаймоқдан айирмайман. Бугунгачан эшитмаган сўзлардан гапиради қўшни йигит. Бир гапи эътиборимни тортади.
⠀
- Аллоҳ ҳар бир қийинчиликдан сўнгра икки яхшилик беради. Буни Қуръонда билдирган.
⠀
Онам баъзан ўқийдиган, аммо ичидаги маънолари менга нотаниш бўлган китобдан гапиради у. Бошқа гапларини тушунмайман, тўғрироғи қулоғимга кирмайди.
⠀
“Аллоҳ ҳар бир қийинчиликдан сўнгра икки яхшилик беради”... айланади хаёлимда.
⠀
Бир онда маъносиз ҳаётимга маъно киради. Бир неча ой аввал омбордан ун оларкан, ичимга кирган оғир сиқилишнинг ечимини топгандек бўламан.
⠀
“Эртага ўлиб кетсак ҳаммамиз, бу ҳаётнинг, бу яшашнинг нима маъноси бор? Нимага сабр ҳақида гапиради ҳамма? Нимани эвазига сабр қилиши керак одам?” деган уйдан сўнгра туғилган қора уйлар бир онда ўз жавобини топади унинг гаплари билан.
⠀
Қуёш чарақлайди. Сепараторни айлантираман, сут кўпикланиб айланади, 12 дона ўрамадан чиққан қаймоқ косага томчилайди.
⠀
"Бас, албатта, қийинчилик билан осончилик бордир.
Албатта қийинчилик билан осончилик бордир" (Шарҳ сураси, 5-6 оят)
249
МЕНЯ ТЕБЯ НЕ ПОНИМАТ
Ёки рус тили ўрганиш бўйича қўлланма
Ўзбек мактабда ўқиганман, қишлоқда ўсганман. Рус тилидан баҳоларим ёмон эмасди, ташқим ўхшасада, тилим жа қойиллатиб русча гапирмасди.
⠀
Турмушга чиққан оиламда асосан русча гаплашиларди. Ҳатто турмуш ўртоғим ўзбекчани яхши билмас, гапирганда, хатолардан ўтириб йиғлаш мумкин эди. Русча эса менга деярли бегона. Қандай бир бирингларни тушунардинглар, деб сўраманг, чунки... ўзим ҳам қанақа тушунардик бир биримизни, дейман ҳалигачан.
⠀
Бир куни кишим дўконга чиқиб кетаётганда, мева шарбати олиб келинг, дедим.
- Қанақасидан олиб келай?
- Шафтоли бўлса олинг, бўлмаса қанақа бўлсаям олинг, фақат ўрикли олманг.
⠀
Сал туриб дўкондан қайтган кишим, ўрик шарбатини кўтариб кирди. Йиғлаб юбордим.
- Ўзиз айттизку, персикли олманг, абрикосли олинг, деб.
Бунақаси кетмайди, бир биримизни тушунишимиз керакку, дедим.
- Мен сизга русчани, сиз эса менга ўзбекчани ўргатасиз!
⠀
Иккимиз ҳам китоб ўқишни ёқтирганимиздан, китоб ўқиш орқали ўрганишни бошладик. Русча ўзбекча луғат топдик.
Кишим дўконга бориб икки ёки уч пакет китоб сотиб олиб келди. Kичик ҳикоялардан бошладик.
⠀
Ҳикояларни ўқиётганда тушунмаган сўзларимни тагига бир чизиқ тортардим, кейин уни луғатдан излаб топиб, ҳикояни янгидан ўқирдим. Луғатдан сўзнинг маъносини тополмасам, сўз тагига икки чизиқ тортардим. Кишим ишдан келгач бу сўзларнинг маъносини тушунтирарди.
⠀
Бир неча китобларни шундай қилиб ўқиб тугатдим. Кишим бу сафар каттароқ китоб кўрсатди.
- Бўлди, мен русчани "чуткий" биламан. Ўқимайман буни, дедим.
- Шунақами?
- Ҳаа, дедим мақтаниб.
⠀
Кишим кўрсатган китобини ўзи ўқиди.
- Зўр китоб экан.
- Вооой, айтиб беринг.
Кишим бир бошлади ҳикояни, маҳлиё бўлдим қолдим. Фақат охирги кульминация нуқтасига келганда жим бўлди қолди.
- Кейинчи? Кейин нима бўлди?
Секин олдимга бояги китобни сурди. Тушунмадим, кишимга қарадим.
- Кейинини мана бу ердан ўқиб оласиз...
Бу конторудар эди. Ялинсамам, дўқ пўписа қилсамам фойда бермади. Мажбур ўтириб ўша кааааттта китобни луғат билан ўқидим, охири нима бўлганини билиш учун.
Эндиги навбат янги тилда гапиришни ўрганиш. Бунга ҳам кишим янги услуб ўйлаб топди.
Ўзбек тилида ўқитувчилик вазифасини мен қилардим, аммо ўқувчим жуда иштиёқли бўлгани учун ҳийлаю найрангларга ҳожат қолмаган.
⠀
Кўп ўтмай ўқиш борасида анча тажрибамиз ортди.
Эндиги навбат янги тилда гапиришни ўрганишга келди. Бунга ҳам кишим янги услуб ўйлаб топди. Кунларни русча ва ўзбекча гапириш кунларига бўлдик.
⠀
Русча гаплашиш кунида тўла русча гаплашиш керак.
Адашиб ўзбекча гапириб қўйган ва бу қоидани 3 марта бузган иштирокчи ўша куни идиш товоқларни ювади.
Ёки аксинча ўзбекча кунларида уч маротаба русча гапириб қўйган одамни идиш товоқлар билан суҳбатга кузатардик.
Бу машғулот анча мунча мароқли ва шу билан бирга ошхонамиз ҳар кун тоза турарди. :)
⠀
Бу услубни фарзандларингиз, оилангиз билан ҳам қўллаб кўришингиз мумкин. Тил ўрганиш ва айниқса гапиришни ривожлантиришда анча самарали!
⠀
Яна тил ўрганишда, дарсларни доимий равишда қилиш, фильм ва хабарлар эшитиш керак.
Талаффузни тўғирлаш учун китоб ўқиганда, овозингизни чиқариб ўқишни тавсия қилардим.
Кўп ўтмай иккимиз ҳам булбул каби ўзбекча ва русча гапиришни ўрганганмиз. Ва бошқа шарбат масаласида тушунмовчиликлар бўлмаган ;)
⠀
Сиз қандай услубларни қўллайсиз тил ўрганиш ва айниқса гапириш маҳоратини ўстиришда?
⠀
Ҳа, айтганча! Шу орада сизга эртанги мавзуимизни ҳам ташлаб кетай.
⠀
Биз қайнона ва қайнотам билан биргаликда яшардик. Кунора идиш ювиб турган ўғилларини кўрган қайнонам ва қайнотам...нинг реакциялари қанақа бўлганини бииир тасаввур қилингчи!?
249
ГЕРМАНИЯДАГИ ИЛК ИШ ТАЖРИБАМ
Бир кун турдиму, бўлди, ишлайман, дедим ва иш излашни немис тили курсидан бошладим. “Мен иш излаяпман, ёрдам беринглар” дея ёздим ватсап гуруҳимизда. Эртаси куни ўқитувчим қўлимга визитка берди. “Дўстимнинг фирмаси бор, мурожаат қил”, деди. Ҳамон фирмага бордим: Менга зудлик билан иш керак, ҳар қанақа ишга ҳам тайёрман, дедиму, қоғозларни тўлдирдим.
⠀
Немисчам деярли йўқ, тил курсини бошлаганимга 1 ой бўлган. Бир ҳафталардан сўнгра: иш топдик, ишлайсанми, дея қўнғироқ қилишди. Нима ишлигини сўраб ҳам ўтирмай, хўп, дедим. Ҳужжатларга имзо отдим, берилган оёқ кийимни олдим. Душанбадан ишга тушишим кераклигини ўйлаганим сари қувондим. Қанақа иш экан, деганларга эса: Билмайман, дердим.
⠀
- Нима ишлигини нега сўрамадинг? деганларга: немисчада қандай қилиб сўрашни билмадим. Ҳам одам қиладиган ишдир, дея ҳам уларни ҳам ўзимни овутардим.
Иш тонги соат 7.00 да бошланар экан. Тонгда туриб, чой, овқат, берилган оёқ кийимни олиб, нақ соат 6.00 да велосипедимга ўтириб йўлга тушдим. Ишхона уйдан 5.5 км узоқ. Ҳаво совуқ, ёмғирли, йўллар эса ҳали қоп қоронғу. Велосипедда кетяпман, қўлларим титрайди, ҳам хавотир, ҳам ҳаяжон.
⠀
Соат 7 бўлмай ишхонага етиб бордим, велосипед қўйгани жой топа олмай бошим қотди. Бир соатга, бир великка қарайман. Бор-эй деб эшик ёнига қўйдим.
- Кутиб туринг, ҳозир бригадир келади, иш жойингизни кўрсатади, дейишди. Овқат ейиш хонасида кута бошладим. Кимдир овқат ейди, кимдир чой ичади, ва ҳаммаси менга қизиқиш билан қарайди.
Хонада ҳаммаси эркаклар ва мен. Рўмолда.
⠀
- Кеттик, деди эшикдан кирган немис амаки. Даҳлизлардан ўтиб катта ва баланд складга кирдик. Шарақ шуруқ овозлардан қулоқ қоматга келарди. Бетиним юк ортилган машиначалар уёқдан буёққа ўтади.
Ишчиларнинг қизиқиш билан қараган нигоҳини кўраман. Улар менга, мен уларга ҳайрат билан қарайман. Чунки ишчиларнинг барчаси эркаклар.
Тарақ туруқ овозлардан бошимга оғриқ киради. Барибир кайфиятимни туширгим келмайди. Қалашиб кетган яшикларни жойлаш учун бир ишчи ёрдамга келади. Хижолат бўламан.
⠀
Сув...қаерда сув бор? Чой ўрнига сув олсам бўларкан. Атрофга аланглаганча, ишчиларнинг биридан сув сўрайман. У мени эшитмайди. Бақираман. Барибир эшитмайди. Туртганимдан кейин қулоғидаги “затычка”ни чиқаради.
- Вассер, их браухе вассер.
- Сейчас я тебе принесу, дейди амаки тоза русчада.
Қадрдонимни топгандек қувониб кетдим.
Яшикларим! Яна қалашиб кетади. Шоша пиша яна ишга киришаман.
- Мадина, уйга боришингни ўйла, дам оласан, дея ўзимга далда беравераман, беравераман.
⠀
Тушлик вақтини билмаганимдан, тушликка ҳам чиқмайман. Тиним билмай мосламадан келаётган яшиклар. Тарақлаган овозлар ҳам муҳим эмас, асосийси яшиклар қалашиб кетмаса бўлгани. Яшикларни қўяркан қўлларим, бармоқларим улар орасида сиқишади, жоним оғрийди.
⠀
Яшиклар, яшиклар, тинимсиз келаётган яшил яшиклар, турли ҳажмда, оғирликда. Уч метр, уч метр. Аввалига енгил туйилган бу қутиларнинг оғирлигини энди ҳис қиламан. Секин аста нимага бу ерда фақат эркаклар ишлашини тушуниб етаман.
⠀
Шу пайт ишчилар сменаси алмашади. Кимдир келиб менга иш вақти тугади, дейди. Кошки...кошки тугасаю, мен ҳам улар каби уйга кетсам...аммо менинг иш вақтим 8 соат: 10 евро 50 центдан, 80 евро. 15 евроси берилган оёқ кийим учун олиб қолинса 65 евро. Бу ҳисоб менга бироз куч беради. Соат 3 гача чидашим керак. Кетаётган ишчиларга ҳавас билан қарайман..
⠀
Ва ниҳоят соат 3 бўлади. Хаёлимда учиб, жисмонан эса судралиб чиқаман у ердан.
Велосипедни олиб, унга ўтириб ҳайдашга ҳам мажолим қолмаганини тушунаман. 5.5. Км шунақа узоқ йўлдек туюладики...великни судраб, ёмғир остида уйга қайтаман. Ўтаётган автобуслар, ундаги йўловчиларга ҳавас билан қарайман.
⠀
Бошқа у ишга бормадим. Ўша куниёқ ишдан бўшадим.
Ва бир ҳафта мушак оғриқларидан додлаб юрдим.
Ўтган ҳафта 1 кунлик ишимнинг пулини олдим: нақ 46 евро. Кўзларимга суртиииб-суртииб ишлатаман :)
Айтганча, яна ишга кирдим.
Бу эса янги ҳикоя.
Айтиб берайми?
249
ЎҒИЛ ЭКОЛМАГАН ЭРКАК
(КИНОЯ ЎХШАТМА)
Эр хотинини катта гулдаста ва тилла тақинчоқ билан кутиб олди. Аммо жуда қўрқарди.
Меҳмонлар кетиб ёлғиз қолишгач, аёл эрига заҳарини сочди.
- Яна қиз, яна! 9 ой қийналиб кўтариб, туғай. Сиз эса битта ўғил экишни эплолманг.
- Худони берганида энди, хотин...
- Ҳаммадан уяламан. Ўртоқларимни ҳаммасини ўғли бор. Мен битта тилим қисиқ, эрим ўғил эколмаган.
Хотини ўғилни орзу қиларди. Эр эса…
Бу гал қаттиқ тайёрланди. Докторларга борди, ўғил сўраб барча дуоларни ўқиди, ҳар эҳтимолга қарши хитой календари бўйича ўғил бўлиши мумкин бўлган кунларни ҳам ҳисоблаттирди. Бу гал ҳам ўғил бўлмаса, қайнотасини олдида, маҳалла куй, хотини олдида обрўйи бир тийин бўлади.
Хотинининг ҳомиладорлиги маълум бўлгач, кечалари туриб Худодан йиғлаб ўғил сўради.
Аммо...бу гал ҳам эплолмаганди. Хотини яна қиз кўрди…
Ҳеч ким бу эркакни тушунмасди. Худдики ўғил уруғларини қизғанчилик қилиб экмаётгандек... бутун айб ундадек... айбсиз жиноятчидек... ҳамма қўлини бигиз қиларди. "Ўғил туғдира олмаган эркак"
Битта ўғил бола экиш шунча қийинми? Тошмат туғдирди, Эшматнинг тўртталаб ўғли бор.
Тушкун кайфиятда масжидга борди. Имом тақдир, туғилажак фарзанднинг қиз ёки ўғиллиги эр ёки хотинга боғлиқ эмаслигини гапирди.
Кейин Пайғамбаримиз с.а.в.нинг ҳам ўғиллари бўлмаганини айтди. Сўнгра уч қиз тарбия қилганларга жаннат муждаси берилганини сўзлади.
Эрнинг ичида бир умид уйғонди. Балки хотини бу сафар тушунар… Аммо хотин тушунмади, яна уни ўғил эка олмаганини юзига солди. Эркак ортиқ чидай олмасди...
Эр бошини олдию, ўзини поезд йўллари томон отди.
@MadinaZarif
249
☕️40 САНАЛИК ХОТИР
☕️Қаҳвани турклар каби ичган халқ ҳали учратмадим. Шакарсиз, ўрта шакарли, шакарли, тузли ва ҳатто қалампиру, мурч қўшилган ва яна менга номаълум қаҳва турларини турклар ичади.
⠀
🇹🇷Истанбулда Миср чаршиси деган бозорга кирсангиз, бурнингизга янчилган қаҳва ҳиди урилади. Ҳиднинг орқасида эса узун тизилган навбат кўрасиз… Меҳмет Ефенди қаҳваси. Ходимларнинг қўли қўлига тегмай янги янчилган, топ тоза қаҳваларни қоғоз пакетга солиб харидорларга узатади.
Бу ерда қаҳва - завқ, дийдор, суҳбат ва албатта қаҳва фоли.
⠀
Турклар меҳмон чақирганда нимага чақираётганини айтади.
- Кел, чой ичамиз.
- Кел, бир қаҳва кайфи қилайлик.
Қаҳва иштиёқида қўшнига ёки меҳмонга чиқасиз.
- Қаҳванг қандай бўлсин? Шакарлими шакарсиз?
- Ўрта шакарли.
⠀
Қаҳва дамлаш айри бир санъат. Унинг кўпиги қанча кўп бўлса, бу маҳоратингиз.
⠀
Кичик қаҳва финжонига сув тўлдирилади, уни турка (қаҳва қайнатгич)га қўйилади. Бир финжон сувга 2 чой қошиқ қаҳва, 1 ч.қ шакар солинади. Паст оловга қўйилади. Қаҳва нозланиб, секин сувга чўкади, чўкадию, сув устини секин аста кўпик қоплайди, тошади. Кўпикни олиб қаҳва финжонга қошиқ билан солинади. Сўнгра турка яна қайнашга қўйилади. Қайнаб кўтарилганда қаҳва тайёр, уни кўпикли финжонга секин авайлаб қўйилади.
⠀
Қаҳва икром қилиш ҳам маҳорат истар. Чиройли патнисга лукум, шоколад, хурмо қўйилади. Қаҳва ёнида совуқ сув ҳам қўйилади.
⠀
Совуқ сувнинг ҳикояси - назокат: Усмонлилар даврида келган меҳмонга қаҳва ва сув тортилган. Меҳмон аввал сувни ичса, қорни очлигига ишора бўлиб, унга дарров дастурхон тузалган. Шу билан мезбон қорнинг очми, деб сўрашдан, меҳмон эса: йўўў, унчаликмас, дея уялишидан халос бўлган.
⠀
Кўпириб, мени ич деб турган қаҳвалар ёнингизга келади ва... бошланади суҳбат.
- Oҳ, оҳ, қўлларингга соғлиқ, дея ташаккур билан бошланади қаҳва кайфи.
⠀
Қаҳвани тили бўлсами, сиёсий сўзлашувлар, сўнгги мишмишлар, ғийбатлар... нималарни сўзлардию, аммо ичганларни сайратадида бу қаҳва.
⠀
Сиз бу қаҳва финжонларининг кичиклигига қараманг, ичида бир энергияси борки...асти қўяверасиз.
⠀
Турк қаҳвасини ёқтирасизми?
Кимлар билан қаҳвахўрлик қиласиз?
⠀
Қолгани эса кейинги постимизда.
249
Сизни бу ерда хам кутиб коламан.
😊😊😊
https://www.instagram.com/p/CLUH0mopzBR/?igshid=12pi8dscwqrxe
