Овсинлар...
-Яна ҳамма ишни Сизга ташлаб кетишяптими қизим? Болани менга бера қолинг-Ирода бир ярим ёшлик Дамирни қайнонасига бераркан жилмайиб қўйдию ҳеч нарса демади. Шу жилмайгани ҳам сумкасидан нимадир қидираётган овсинига эриш туюлдими, қайнонасининг айтган гапидан ранжидими қошлари бир чимирилиб, кўзлари худди девор айбдордек деворга ўқрайиб қаради. Дарвозахона томондан чиқ дегандай эри машина сигналини устма уст икки марта босганидан сўнг зўрма зўраки яхши ўтиринглар деб минғиллаб тарс турс юриб чиқиб кетди.
Ирода дастурхонни йиғиштириб идишларни ювди. Ошхонани супуриб, полларини артиб чиққач хамирга уннади. Хамири ошгунча супра ёйилганидан фойдаланиб дарҳол мантига ош хамир олиб, ошқовоқни тозалаб қирғичда қириб қўйди. Пиёз тозала, гўшт тўғра, болага қара, ҳовли ўртасидаги кафтдеккина ерга экилган сабзи пиёзни ўта билан хамир ҳам ошиб қолди. Нон ёпиб пешинга озгина нон палов қилиб қайнонаси билан еб олишди. Сўнг боласини ухлатиб манти тугишди. Қайнонаси бироз қарашди. Манти пишгунча боласининг кийимчаларини дарҳолгина ювиб олди. Унгача ҳамма иш, ўқишдан қайтиб ҳам бўлди. Ошқовоққа гўшт ва думба қўшиб пиширилган мантини мақтаб мақтаб ейишди. Овсини идишларни тўплаб, дастурхонни йиғиштирган бўлдию, лекин идиш товоқ ювишни Иродага ташлаб секин уйига кириб кетди. То идишларни ювиб, ошхонани тозалагунча соат ҳам кечки ўнга яқинлашиб қолди.Ҳар куни шундай ўтади Ироданинг.
Замира катта овсин. Олий маълумотли, олий тоифали аёллар ҳакими. Ирода эса Педагогика Олийгоҳини тугатиш арафасида болалик бўлди. Ҳали ишлаб улгурганича йўқ.
Қайнонаси боласига қараб турса, Иродага иш писандмасди. Жами саккиз киши, кичкинтой Дамиржон билан тўққиз кишидан иборат рўзғорнинг пишир тушир, кир чири, супур сидирини бир ўзи эплар, ҳатто дам олиш кунлари ҳам овсини кеч уйғониб ош-овқатга қарамаса ҳам асло ранжимас, эҳтимол ичида бироз койинса ҳам ташига чиқармасди. Тарбияси шунақа.Шаҳарнинг энг обрўли оилаларидан бирининг фарзанди бўлмиш Иродани онаси шунақа тарбиялаганди.Йўқ,Замира овсинига миннатдорчилигини изҳор қилар эди.Ора орада
-Яхшиям Сиз борсизееей келинмулло.Хотиржам ишлаб келаман-деб овсинини мақтаб қўярди. Замира эрталаб эри ва ўзи ишга, ўн тўрт ёшли қизи Хандона ва ўн ёшли ўғли Мирхон мактабга кетишгач Ирода уйда қайнонаси билан қолади. Рўзғорнинг бор юмуши унинг зиммасига тушиб қолган. Ирода келгунча Замира биппа-бинойидек ош овқатни қилиб юрган эди. Отни кўрган пиёда юргиси келмас дегандек чаққонгина, пазандагина ва камсуқумгина овсини рўзғор ишларини бўйнига олгач Замира аста секин бу ишлардан узоқлашди. Қулайликка инсон тез кўникар экан ҳақиқатда. Худди ҳамма иш ёлғиз Ироданинг вазифаси қилиб тайинлангандай нафақат Замира, бутун оила аъзолари кўниккандай эди бунга. Аввалига овсинига миннатдорчилик билдириб юрган Замира кейинчалик қайнонаси уни чарчагани, болани ухлатиб дам олишини уқтираётганини,ёхуд Ироданинг пазандалигию чаққонлигини мақтаётганини эшитиб қолса кинояли кўз сузиб бир қошини тепага кўтариб қўядиган бўлса охирги пайтлар очиқдан очиқ бу мақтовлар унга ёқмаётганини билдириб қовоқ тумшуғини солиб оларди. Ирода болалик бўлганда қайнонаси қирқ кун уни авайлади. Авайлаб ҳам бир кирини ювмади овсинини. Қолган ҳамма иш ҳар доимгидек унинг вазифаси бўлиб қолаверди. Балким Ирода ҳам чарчар эди, балким ора сирада у ҳам бор эээ деб ҳамма нарсага қўл силтагиси келар эди, лекин.. Лекин онасининг насиҳатлари, қулоғига қуйган ўгитларини эслаб яна худди олдингидай елиб югуриб бутун уй аъзоларининг хизматини қилаверарди.
-Шаҳар жойда нима иш ҳам бор қизим? Бир пишириб еб, тозалаб тартибга солиш. Ҳар ким ҳурмат қилса ҳурмат топади болажоним. Ҳозир замон яхши. Кирни мошина ювади. Иссиқ совуқ сув уйларингни ичида. Биз ўчоқда сув иситиб қўлда кир ювардик. Овқатни ҳам ўчоқда қилардик. Олти овсин опа сингил бўлиб бир марта ҳам айтишмаганмиз. Сен ҳам овсининг билан айтишиб, тортишиб мани гап сўзга қолдирма қудаларим олдида қизжоним. Меҳнатдан ҳали ҳеч ким ўлган эмас-деганди онаси у кунгиналар уйга борганида.
Давоми 11:30 да