билан бир ерга бориб келишинг керак.
– Вой, қаёққа?! – сергакланди Розия. – Ярим кечаси-я?!
Ғани чайналганча тўнғиллади.
– Сен… сен агар чин хотиним бўлсанг, мени қутқаришинг керак.
Эрининг афтодаҳол, эзилиб туриши раҳмини келтирган Розия шоша-пиша сочларини йиға бошлади
– Қўлимдан келса жоним билан, Ғани ака.
– Сени… мен… – деди эр йиғлоқи бир товушда. – Қиморга ютқазиб қўйдим. Кечир мени, Розия.
– А! Нима?! – беихтиёр қичқириб юборди аёл худди бошига тўқмоқ теккандай.
Ғани туйқус тиз чўкиб, Розиянинг оёқларини қучди.
– Жоним, мени кечир, мени тушун, – деди ютоқиб ғудранаркан. – Розия, пул топиб сени яна қайтиб оламан. Ишон, жоним, ишон. Лекин сен ҳозир мен билан боришинг керак. Ишон, сени албатта қайтиб оламан. Бу воқеани ҳеч юзингга солмайман. Ҳамишагидай яшайверамиз. Розия, ишон менга. Ит теккан билан дарё ҳаром бўлмайди. Сени севиб яшайман, севиб. Бир марта мени қутқар. Қулинг бўлай, умрбод вафодоринг бўлай.
Розия тошдай қотиб турарди. Аввалига ҳаммаси ҳазил, мени қўрқитиш учун шундай қиляпти деб ўйлади. Сўнг туш кўряпман, туш, ҳозир уйғониб кетаман, деган хаёлга борди, кўзларини бир-икки очиб юмди. Йўқ, ҳаммаси ҳақиқат, аччиқ ва бешафқат ҳақиқат!
Розия ўпкаси тўлиб орқага тисарилди. Худди нажот излагандай теваракка аланглади. Шундагина эшик ёнида қўққайиб турган икки барзангига кўзи тушди. Кўзи тушдию, баралла ҳўнграб юборди.
Шаҳар қоп-қора тун куйиндисига қоришиб ётарди. Ўтиб-қайтаётган машиналар фарасидан таралган ёғду кўзларга тиғдек-тиғдек қадалади.
Улар зум ўтмай Кўкгумбазга етишди. Пастқам ҳужралардан ўтиб, қиморхонага киришди. Ичкарида тер ва тамаки иси анқийди. Йўлакда оёқ кийимлар остин-устун бўлиб ётибди. Хона чироғи худди ҳоригандай хира нур таратади.
– Хў-ўш, – деди ҳужра тўрида ўтирган Абрай лочин.
Наби орқасига имо қилди.
– Келишди, хўжайин.
Абрай лочин тавозеъ билан турган Ғанига нафрат ила юзланиб, ичкаридаги хонага имо қилди.
– Қани, Ғанишер, бошлаб киринг ютуғимизни. Ичкарига киргизиб, ўз қўлингиз билан ечинтиринг.
– Кейин ўзингиз қўл-оёғини ушлаб турасиз, – деб луқма ташлади кимдир.
Ғани бош эккан кўйи Розияни бошлаб кирди. Бутун давра уларни жим кузатиб турарди. Ғани хотинини қиморбозлар олдида бир зум кўз-кўз қилгач, ичкари хонага олиб кирди. Ўтирганлар жим, бир-бири билан маъноли-маъноли кўз уриштиришади. Ичкаридан Розиянинг ҳиқ-ҳиқ йиғиси, Ғанининг алланималар деб уни юпатиб, ечинишга ундаётгани эшитилади.
– Тайёр, Абрай ака, – деб ғудранди бир оздан сўнг қайтиб чиққан Ғани.
Даврага яна ваҳимали жимлик чўкди. Абрай лочин қош-қовоқ уйиб ўрнидан турди. Томоқ қирди. Сўнг туйқус Ғанининг юз-кўзи аралаш мушт туширди. Ғани бўсағага гурсиллаб қуларкан, инграб юборди.
– Мени ким деб ўйлаяпсан, даюс! – деб қичқирди Абрай лочин, унинг устига бостириб келаркан, сўнг ўтирганларга юзланди. – Олиб чиқинглар буни! Умрбод эсидан чиқмайдиган қилиб қўйинглар.
Наби, Рустам ва бошқалар Ғанига ташланишди. Кимдир тепди, кимдир биқинига мушт туширди. Сўнг ҳовлига олиб чиқиб янада кучлироқ дўппослашди. Ғанининг оҳ-нолалари тун бағрини тилиб ўтарди. Охири беҳол чўзилиб қолди. Қиморбозлар унинг уст-бошига сийишди.
Розия яна қайта кийиниб олгач, ёнига Абрай лочин кирди.
– Йиғлама, синглим, – деди у мўйловларини силаб. – Биздан ўтган бўлса кечир. Анови ифлосни бу даражага боради, деб ўйламагандим. Кечир, бизнинг ҳам опа-сингил, қизларимиз бор.
– Сизлар мени кечиринглар, – деди Розия аранг пичирлаб.
Шу пайт бўсағада Наби пайдо бўлди.
– Синглимизни яна уйига олиб бориб қўйинглар, – деди Абрай лочин.
Розия қиморбозга миннатдорона кўз ташлади.
– Раҳмат, ака. Яхшилигингизни унутмайман, – деди пичирлаб.
– Лекин, билиб қўй, – деди Абрай лочин, – барибир эрингнинг қарзидан воз кечмаймиз. Қимор ҳаёти шунақа. Фоизлари билан бўйнига илиб қўямиз. Секин-секин тўлаб юради. Йўқса ит кунини бошига соламиз. Ҳа, айтганча, унга тайинлайман, сендан эмаклаб кечирим сўрайди. Оёқларингни ўпади.
Дарҳақиқат шундай бўлди.
Эртаси куни эрталаб Розия ётоқхонада мағрур ва жиддий қиёфада тик турарди. Тунги калтак зарблари юз-кўзида акс этган Ғани ерга тиззалаганча хотинининг оёқларини қучмоқчи бўлади.
– Менга қўл те