қиб кетди. Бу хабар Райҳонбибини эсанкиратиб қўйди. Хаёлига лоп этиб тушида Тоштурдининг айтган гапи келди. “Энди сенга эр қайда! Қолиб кетади ўша ёқларда!”
– Бўлажон кетманг, сиз кетсангиз биз икки ожиза қийналиб қоламиз.
Шу одам атайлаб қиляпти. Нияти ёмон унинг. Жуда одамга ёмон қарайди, ғаркўз. Рўзғоримизни бузмаса, деб қўрқаман.
– Қўрқма. Нурали чўпон итим кўпайиб кетган, бирортасини обкет, деятувди. Битта бўрибосарини олиб келаман. Ҳовлига қўйвориб қўясизлар.
Турсунбой ўқишга кетгач, раис хабар олиш баҳонасида бир-икки келди. Аммо Турсунбойнинг бўрибосари дарвозадан ичкари ўтказмади. Унинг мажлисларда мақтайвериши Райҳонбибини безиллатиб қўйди. Қайнона ҳам ўғлининг ўқишга жўнатилиши бежиз эмаслигини фаҳмлай бошлади…
Райҳонбиби тандир бошидаги нон ёпаётган қайнонасига хамир ясаб берар экан, хола, қишлоқ чеккасида изғиб юрган итларнинг баъзилари қутурган эмиш, бўрилар ҳам пайдо бўлганга ўхшайди. Шу кеча увиллашини эшитдим, деди ва бироз ӯӣланиб тургач, қӯшиб қӯйди:
--Хола, ўғлингиз ўқишдан тезроқ қайтсайди, анави раис бованинг кўзи ёмон, гоҳида яқин келиб ҳеч кимга эшиттирмай уят гаплар ҳам айтади”,-деди.
– Қарғаб ташламайсанми, ҳамманинг олдида шарманда қилиб?!
– Эшитмаганга олиб кетавераман, ўғлингизга бирор ёмонлик қилмасин деб қўрқаман. Тошбуви хола ҳам, “қизим эҳтиёт бўл, бу одам яхши одам эмас. Жуда кўп одамнинг рўзғорини бузган. Сенга ҳам ёмон кўз билан қараб юрибди. Яна бир балони бошламасин”,- деди.
– Э болам, қишлоқда шунча бўй йигитлар туриб Турсунбойимни ўқишга юборганида билувдим. Бу Худодан топкурнинг нияти яхши эмаслигини! Қизим, сен чўнтагингга бир ҳовуч туз солиб юр. Худо сақласин-у, итми, бўрими учраса, бирдан кўзига сепсанг, жони оғриб турган ҳайвон қувламайдиям, ташланмайдиям.
Кӯнгли недир хавотирга тӯлган қайнона келини тайёрлаган хамирларни тап-тап этиб тандирга ёпа бошлади.
– Тузга қалампир аралаштириб, халтачага солиб оламан, киссамдан тўкилади, хола, – деди Райҳонбиби.
– Тўкилса, ҳар куни тўлғаз. Халтачани олиб очгунча вақт кетади, ҳайвон ташланса улгурмайсан…
…Райҳонбиби бир боғлам ўтни бошига қўйиб жўякдан энди чиқаётган эди, Тошбуви хола гап қотди.
– Ҳа, кетяпсанми қизим?
– Борай холажон. Уйда ҳам бир талай юмуш бор. Холам ҳам кексайиб қолган. Далада ишлаяпман, деб қўл солишмасам чарчаб қолади.
– Илоё барака топ, қизим, яхши бор.
Райҳонбиби пахтазордан узоқлашиб, тутзор оралаб ўтиладиган сўқмоққа қайрилди. Жой бир қадар хилват бўлгани учун тез-тез юриб кетди. Шу тобда сўқмоқ йўл бошига раиснинг "виллис"и келиб тўхтади. Уловдан тушган раис аёл бурилган томонга юрди.
– Ҳув, жонидан, тўхта!
У тез-тез одимлаётган жувон томон югура бошлади.
– Одамни қон қилиб юбординг-ку! Санам одамсан-ку, эркакни соғингандирсан, ахир? Тўхта деяпман!
Райҳонбиби бошидаги ўт-ўлан боғламини ерга ташлаб, қоча бошлади.
Раис қутуриб кетди.
– Тўхта деяпман, қанжиқ, мен сенга шунча мукофотни бекорга бердиряпманми, сендай меҳнат қилаётган мингта, ким мукофот об ётибди?!
У аёлга етиб олиб сочи аралаш рўмолига чанг солди. Райҳонбиби шарт бурилиб чангалидаги қалампир аралаштирилган тузни раиснинг юз-кўзига ишқалаб юборди. Бирдан тутзорда эркак кишининг бўкирган овози янгради.
Райҳонбиби жон ҳолатда қочди. Қишлоқ кўчалари оралаб, уйи томон бурилар экан, кўзларидан дув-дув ёш оқарди.
Ичкарига кирди-ю, ўчоқ бошида куймаланиб юрган Жумагул холани қучоқлаб, йиғлаб юборди.
– Нима бўлди, болам, айтсанг-чи, нима бўлди?
– Ит, холажон, ит! Қутурган ит қувлади. Кўзига туз тиқдим.
Шундан кейин Райҳонбиби далага ишга чиқмай қўйди. Ишга чиқсин деб суриштириб келган бригада бошлиғига Жумагул хола “келинимнинг мазаси йӯқ, туролмай ётибди”, деб жўнатиб юборди.
Эрта тонг. Қийналибгина супа супураётган келин бирдан қорнида қаттиқ оғриқ ҳис қилди. Яна ерга бир-икки супурги ургач, қаддини ростлади.
– Вой, эна, энажон!
Жумагул хола уйдан югуриб чиқди.
– Қўрқма, қизим, сени тӯлғоқ тутяпти, юр ичкарига! Қайнона келинини суяб уйга олиб кирди, қават-қават кўрпача тӯшаб, устига ётқизди. Югуриб ташқарига чиқиб, хокандозда исириқ тутатиб келди. Хона исириқ тутунига тўлиб кетди. Райҳонбиби оғриққа чидай олмай, яна қичқириб юборди.
– Кучан, уялма болам,